2009-12-25

Ерда тинчлик ва одамларга марҳамат

Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Халоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир. Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, охурда ётган чақалоқни топасизлар. Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: «Самодаги Худога ҳурмату иззат, Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!» (Луқо 2:11-14).

Исо туғилганида бир нечта ажойиб нарсалар бўлган эди. Шуларнинг айримларини кўриб чиқайлик:

1. Исо туғилган вақтидан бошлаб тахминан 33 йил ичида Римдаги Йанус дейилган уруш дарвозаси ёпиқ бўлган эди, яъни ўша вақт ичида Рим империясида ҳеч қандай урушлар бўлмаганди. Бундай тинчлик даври фақат шу пайтда бўлганди.

Римликлар бундай ҳодисани турли хил сабаблар билан тушутирган бўлсалар керак, бироқ бунинг чин сабаби бу дунёга чақалоқ шаклида Тинчлик Шаҳзодаси келгани эди. У ердалигида уруш тўхтаб қолган эди. Чиндан ҳам фаришта “Ерда тинчлик ва одамларга марҳамат” деган эдику ва шундай ҳам бўлди.

Исо зайтун тепалигида шогирдларига воизлик қилганида Исроил халқи Тинчлик Шаҳзодаси бўлган Исони рад этганлари учун, ер юзида доим урушлар бўлади, бир халқ бошқа халққа қарши уруш қилаверади, деган эди (Матто 24:6-8). ҳозирги кунларгача шундай вазият бўлиб келяпти.

Замонавий технологияларнинг ривожланишига қарамасдан, дунё тинчликда яшашни ўргангани йўқ. Аксинча йигирманчи асрда олдинги асрларга қараганда кўпроқ одамлар урушларда ўлди. Исо бу ерга яна қайтиб келганида бу вазият ўзгаради, Исо эса албатта бу ерга яқинда қайтиб келади.

2. Исо кичкина меҳмонхона (мусофирхона) ичида туғилган эди, у ер шунчалик одамларга тўла эди, ҳамма Унинг туғилганига гувоҳ бўлиши мумкин эди, яъни Исонинг туғилиши яширинча бўлмади. Бундай ажойиб туғилиш хали ҳеч қачон бўлмаган эди, зеро Худо инсон танасида намоён бўлган эди (Ишаъё 9:1-7).

3. Август исмли Қайсар (Цезар) аҳолини рўйхатдан ўтказишни буюрганди (бу билан у одамлардан солиқ олмоқчи эди), шу билан у Муқаддас Каломдаги пайғамбарлар башоратини амалга оширяпганлигини умуман тушунмаган эди. Ўша пайтда ҳеч ким (ҳатто Юсуф билан Марям ҳам) бу рўйхатдан ўтишни Худонинг Ўзи буюрганлигини тушунишмаган эди. Шу орқали Ибтидонинг 49 бобида ёзилган башорат, ҳамда Михей 5:2 оятдаги пайғамбарчилик рўйёбга чиққан эди. Айнан шу рўйхатдан ўтиш сабабли Муқаддас Чақалоқ Байтлаҳм шахрида туғилган эди. Шу билан Худо Ўз донолигини намоён қилди.

Ахир Юсуф билан Марям Байтлаҳмда яшашмас эди, рўйхатдан ўтиш учун улар у ерга боришлари шарт эди, чунки солиқ йиғиш шуни талаб қилар эди ва чунки улар Яҳудо қабиласидан эдилар. Шу орқали Миҳей айтган башорат, яъни Исо Байтлаҳм шахрида туғилади, деган сўзлар амалга ошади.

4. Гуноҳсиз фаришталар ва гуноҳкор одамлар Исонинг ерга келганига мадҳиялар айтдилар, фаришталар эса кечиримга муҳтож эмаслар.

5. Худо инсон танасида бу ерга келганида У учун бу ерда жой топилмади. Шу билан Худонинг севгиси қанчалик улуғ эканлигини кўрсак бўлади, шу муҳаббат Исони ерга олиб келди. Исонинг ердаги ҳаёти охурда бошланди, хочда тугади ва хизмат қилган йўлида Унга бошини қўядиган жой ҳам йўқ эди!

6. Унинг туғилиши ҳақидаги хабар карнай-сурнайлар билан руҳонийлар ва шаҳзодаларга шоҳона усулда етказилмади, балки биринчи бўлиб оддий чўпонларга хабар берилди, чўпонлар эса ўша даврда жамиятнинг энг пастки табақасида жойлашган эди.

7. Исо Шоҳ ва Нажоткор бўлиб қолиши керак эмас эди, чунки У аллақачон ҳам Шоҳ, ҳам Нажоткор эди. У Нажоткор эди, У Масиҳ эди, У Йехова Худо эди.

8. Худо ҳамма нарсаларни яратди ва шу билан улуғланди, Ўзини одамларга намоён қилиб У яна шуҳратли бўлди, одамларга нажот йўлини очиш орқали Унинг шуҳрати янада улуғ бўлди. Худонинг қудрати Яратилишда кўринди, Унинг солиҳлиги Қонун орқали кўринди, бироқ Унинг энг юксак сифати – севгиси Нажотда намоён бўлди (Луқо 2:14).

9. Унинг исми “Исо” (ибронийча Йешуа), деб аталди. Бу исм Нажоткор деган маънони англатади. У Ўзига яна бошқа улуғроқ исм танлаши мумкин эди, зеро ҳамма улуғ исмлар ва унвонлар Уникидир; бироқ У шуларнинг ҳаммасини четда қўйиб, адашган дунёни қутқаришини билдирадиган исмни Ўзи учун танлади.

10. Исо Қонун остида хотиндан туғилди (Галатияликларга 4:4). Унинг қонун остида яшагани Унинг хатна бўлишидан ҳам кўриниб турибди. Луқонинг 2чи бобида қонун сўзи беш марта қайтарилган, шу китобнинг бошқа бобларига қараганда бу ерда шу сўз энг кўп марта ёзилган; бу ҳам Галатияликларга ёзилган оятни тасдиқлайди. Қонун остида адолат билан ўлимга ҳукм қилинган одамларни қутқариш учун Масиҳ ҳам қонун остида туғилиши шарт эди.

11. Марям исмли бокира қиз гуноҳсиз эмас эди. Буни биз Левийлар 12:1-6 оятларга боғлиқ ҳолда Луқо 2:21-23 оятлардан кўрсак бўлади.

12. Юсуф билан Марям камбағал эди, бу уларнинг чақалоқ Исони маъбадда тақдим этганларида қурбонлик учун иккита каптар келтирганликларидан кўрсак бўлади. Қонун бўйича бундай ҳолларда исроилликлар қўзини қурбонлик қилишлари керак эди, бироқ агар уларда бундай қилиш учун пул етарли бўлмаса, улар иккита каптар келтиришлари ҳам мумкин эди (Левийлар 12:8).

13. Исо туғилганида шарқдан доно одамлар келиб, ўша пайт У чақалоқ бўлсада Унга сажда қилишган эди. Шу билан бирга улар Исога совғалар олиб келишган эди. Бу доно кишилар келган жой ҳозирги кундаги Ироқ мамлакати бўлса керак.

14. Исо 25 декабрда туғилмаганлиги аниқ. Ўша пайтдаги Исроилда апрел ойидан бошлаб октябр ойигача чўпонлар қўйларни далаларда боқишар эди. Айрим олимлар гапига қараганда Исо тахминан октябр ойида туғилган бўлса керак. Шунда ҳам Исонинг қайси куни туғилганининг аҳамияти йўқ, энг муҳими Исо чиндан ҳам туғилган эди. Агар Худованд Исонинг қайчи кунида туғилганини биз билишимизни истаганда эди, У бу ҳақда Муқаддас Каломда ёзиб қолдирган бўлар эди.

Яна бир бор фаришталар сўзларини қатарайлик:

«Самодаги Худога ҳурмату иззат, Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!» (Луқо 2:14).

2009-09-28

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:7-8)

7-оят
“Aксинчa, улaр Xушхaбaр Бутрусгa aҳли суннaт учун берилгaнини билиб, мен энди шу мaқсaддa суннaтсизлaр олдигa юборилгaнимни тaн олдилaр.”
Бу ерда “аҳли суннат” деганда яҳудийлар назарда тутилади, “суннатсизлар” деганда эса мажусийлар, яъни барча қолган яҳудий бўлмаган одамлар назарда тутилади. Бу ерда “суннат” сўзи эмас, “хатна” сўзи ишлатилганда мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди, шунинг учун мен айнан хатна деган сўзни ишлатаман.
Хатнасизларга ва аҳли хатнага ҳам бир хил хушхабар айтилган, бу ерда Қуддусдаги ҳаворийлар яҳудийларга, Павлус ва унинг ёрдамчилари эса мажусийларга хушхабарни айтишини келишиб олишади. Яъни уларнинг хабарида фарқ йўқ эди, чунки хушхабар ҳамма одамлар учун бир хилдир, фақат улар турли хил одамларга воизлик қилишларини тан олишади. Бу оятда асл мантда “хатнасизлар хушхабари” дейилган, бу мажусийлар учун берилган хушхабар дегани. Яъни Худо Павлусга гапириб, мажусийларга Инжил хушхабарини ётказишини айтган эди (Ҳаворийлар 9:15-16, Эфесликларга 3:6-12). Худо айнан Павлусга иноят ва Исонинг хочда қилган иши орқали Руҳда яшаш ҳақидаги хабарни берган эди. Павлус мажусийлар ҳаврийси бўлсада, у яҳудийларга ҳам воизлик қилар эди. Бироқ унинг асосий эътибори мажусийларга хушхабарни воизлик қилиш эди.
Аҳли хатна инжили – яҳудийлар учну қаратилга хушхабардир. Бу икки хил хушхабар эмас, балки юқоридаг айганимиздек, бу иккита ҳаворийлар бир хушхабарни турли хил одамлар гуруҳига воизлик қилишлари эди.

8-оят
“Axир, Xудо aҳли суннaтгa ҳaворийлик қилaётгaн Бутрусдa ҳaм, мaжусийлaргa ҳaворийлик қилaётгaн мендa ҳaм aмaл қилиб келмоқдa.”
Бу ерда шуни кўрамизки, Муқаддас Руҳ Павлус орқали фаолият қилиб, кўпроқ мажусийларни имонга олиб келарди, Бутрус орқали ҳам фаолият кўрсатиб, кўпроқ яҳудийларни имонга олиб келарди.
Ҳаворийликни одам бермайди, тайинламайди ва сайламайди, Худонинг Ўзи Муқаддас Руҳ орқали Ўзи ҳаворийларни танлайди, даъват қилади ва кейин уларнинг хизматида қудратини намоён қилади ва шу орқали уларнинг ҳаворийлигини тасдиқлайди. Худонинг қилган мўъжизалари ва фаолиятини Муқаддас Каломда ўқисак бўлади; ҳаворийлар ўзлари шу мўъжизаларни амалга оширмайди, балки Муқаддас Руҳ улар орқали амалга оширади. Шу билан бирга ҳар бир масиҳий ҳаётида ҳам турли мўъжизалар бўлади, масиҳий бўлишнинг ўзи Худонинг буюк мўъжизаларидан биридир, чунки биз Худонинг қудрати ва Исонинг хочда қилган иши орқалигина нажот топамиз ва қутқарилган ҳолатда сақланиб қоламиз. Бунинг учун биз доим ишончимизни Исога ва Унинг хочда қилган ишига қаратишимиз керак.

2009-07-22

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:6)

6-оят
“Кимлaр томонидaндир эътиборли ҳисоблaнгaн одaмлaргa келгaндa (улaр бир вaқтлaр қaндaй бўлгaн бўлсaлaр, менгa бaри бир, Xудо инсонгa юз-xотир қилмaйди), шуни aйтaй, ўшa эътиқодлилaр менинг зиммaмгa бошқa ҳеч нaрсa юклaмaдилaр.”
Бу оятда Павлус Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно ҳақида гапиряпти. Юнонча “бир нарса деб қадрланганлар эса...” дейилган, яъни бу учта инсонни кўпгина одамлар ҳаворийларнинг энг буюклари, деб ҳисоблашган эди. Бироқ Павлус учун бунинг аҳамияти йўқ эди, нимагалигини у шу оятда айтади: Худо инсонга юз-хотир қилмайди, яъни Худо бир инсонга яхши муносабатда бўлиб, бошқаларга эса унча яхши муносабатда бўлмайди; аксинча Худо ҳаммага бир хил муносабатда бўлади. Яна аниқроқ қилиб айтсак, Худо ҳаммага Исо орқали бир хил муносабатда бўлади: яъни агар инсон Исони қабул қилган бўлса, унда у Павлус ёки Бутрус қилган ишларни қилиши мумкин, бунда у фақат Павлус ва Бутрус ёки бошқа ҳаворий каби, ишончини доим Исога қаратиши ва хочда қилган ишига таяниш керак бўлади. Демак, киши шундай қилса, унда Худо шундай киши орқали кучли қудрати билан фаолият қилиши ва мўъжизалар қилиши мумкин – зеро Худо инсонга юз-хотирлик қилмайди.
Павлус бу оятда юқорида айтилган одамларга беҳурмат бўлмаяпти, балки Муқаддас Руҳда яшайдиган киши бошқа одамга ҳаддан ташқари юқори ҳурмат бермаслигини кўрсатяпти. Биз ҳам Худо каби ҳамма одамларга бир хи муносабатда бўлишимиз керак: керак бўлганда севги кўрсатиш ва керак бўлганда қаттиққўллик кўрсатиш керак – бунда энг асосийси доим Руҳ етаклигида бўлиш ва Худо иродаси бўйича ҳаракат қилишдир.
Бу ерда ўша эътиборли одамлар Павлуснинг хабарига ҳеч нарса қўшмаганлиги айтилган, яъни бошқа ҳаворийларнинг обрўлилари ҳам унинг хабарини нотўғри дейишмади, ҳатто ҳеч нарса қўшишмади. Аслида Худо айнан Павлусга хоч ҳақидаги ва иноят ҳақидаги хабарни берган эди, ва бошқа ҳаворийлар Павлус орқали кўпроқ нарсаларни билиб олган эди. Буни илгари ҳам айтиб ўтгандик, яъни Бутрус ўз мактубида Павлуснинг мактубларига ва хабарига катта эътибор бериш кераклигини айтган эди.
Демак, Павлуснинг хабари бўйича мажусийлар (яҳудий бўлмаганлар) Мусо қонуни бажаришлари шарт эмас, керак эмас эди ва Бутрус бошчилигида бошқа ҳаворийлар ҳам бу хабарга қарши чиқмадилар ва унга ҳеч нарса қўшмадилар. Агар эътибор берсангиз, соҳта таълимот воизхонлари иноят хабарига ниманидир қўшишни истайдилар, агар Худо хабарига инсон ниманидир қўшса, унда бу хабар ҳақиқий бўлмайди, балки соҳта таълимотга айланади. Бу мактубда Павлус асосан хатна қилиш ҳақида гапиради, бироқ бу ибора билан Павлус қонунни бажаришни назарда тутади. Бу ҳақда кейинги оятларда гаплашамиз.

2009-06-06

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:3-5)

3-оят
“Улaр эсa ҳaтто ҳaмроҳим Титусни, юнон бўлишигa қaрaмaй, хaтнa бўлишгa мaжбур этишмaди.”
Улар Павлус билан бўлган мажусий Титусни ҳам қабул қилишди ва Мусо қонуни асосида уни хатна қилинишига мажбур қилишмади. Шу орқали ҳаворийлар Павлуснинг иноят хабарини қабул қилишганини кўрсатишди. Худонинг инояти қонунга қарама-қарши қилиб қўйилади; тўғрироғи, иноят қонундан юксакроқ туради ва биз энди қонун асосида эмас, балки иноят асосида Худо билан муносабатга эга бўламиз. Хатна қилишнинг ўзи ёмон демаяпман, балки ўша пайтдаги яҳудийлар қонунни бажараши орқали Худо олдида зўларини о қлашмоқчи бўлдилар ва хатна қилиш қонун бажарашнинг бир қисми эди. Ўша даврларда бошқа халқдан эркак киши яҳудий бўлишни истаса, у албатта хатна қилиниши шарт эди, бу яҳудий бўлишнинг бир қисми эди.
Бу оятдаги “юнон” сўзи Янги Аҳдда ҳамма мажусийлар, яъни яҳудий бўлмаган одамларга нисбатан ишлатилади. Эски Аҳдда яҳудийлар Худонинг ягона халқи эди, ва мажусий сўзи ҳамма яҳудий бўлмаганларга тегишли эди. Бироқ энди Янги Аҳдга асосан Исо Масиҳнинг қайта тирилганига ишонадиган ва Уни Раббий, деб қабул қилган киши Худонинг ягона халқи бўлиб, қолган ҳамма одамлар мажусийлар, деб қаралади. Чунки Худо билан муносабатга етаклайдиган ягона эшик – Исо Масиҳдир ва У орқали кирган кишигина Худонинг фарзанди бўла олади, қолганлар эса бундай имтиёздан маҳрум бўлади; албатта, улар ҳам худди шундай Исога ишониб, Уни қабул қилишса, улар ҳам шундай имтиёзга эришади.


4-оят
“Фaқaт бaъзи соxтa биродaрлaр лип этиб орaмизгa суқилиб киришгaн эди. Улaр бизгa Исо Мaсиҳ aто этгaн озодликни кўролмaй, бизни янa қул қилмоқчи эдилaр.”
Сохта биродарларни ўзларини масиҳий деб атаб, аслида эса Исога ишонмасдан, одамлар тузган қонун асосида яшайдиган килишлар эди. Улар яширинчи услубда жамоатга суқилиб киришган эди, яъни соҳта биродарлар “мен соҳта биродрман” деб келмайди; аксинча бундайлар юзиаки қарашда ўта диндор ва ухдожўй бўлиб кўринади, лекин фарзийлар каби уларнинг ичи зулматга ва золимликка тўла бўлади.
Бундай одамлар аввал чиндан ҳам масиҳий бўлган бўлиши мумкин, фақат эндиликда улар қонунни бажариш шарт, деб таъкидлаб, шунга ишониб Худо иноятидан узоқлашган эди. Бундай одамлар илгари нажот топган бўлсаларда, кейинчалик ўзларини қонун бажариш билан оқламоқчи бўлиб, нажотдан узоқлашиб, охир оқибатда мажусийлардек бўлиб қоладилар. Чунки қонунни бажариш шарт, дейиш орқали улар Исо Масиҳдан ва Унинг хочдаги қилган ишидан воз кечган бўлиб, Худо иноятини рад этга бўладилар. Бундай ҳолатда Муқаддас Руҳ бундай одамлар ичида фаолиятини тўхтатади ва улар секин-секин зулматга ботиб кетадилар. Бундай вазиятдан қутулишнинг ягона йўли – нажот топиш билан бир хилдир, яъни инсон доимий равишда Исо Масиҳнинг қайта тирилганига ишониши, Уни Раббий деб қабул қилиши ва хочда қилган ишига ишончини қаратиши шарт, шундай қилган одам доим нурда яшайди.
Улар жамоатга келиб масиҳийлар эркинлигини кўришади ва секин-секин шу эркинлик ўрнига одамларни қулликка олиб киришга ҳаракат қиладилар. Масалан, улар “мажусийлар Исога ишониб, нажот топганлирадина кейин Мусо қонунин бажарашлари керак” деб ўқитишар эди. Бу билан эса одамлар қонунга қул бўлиб қоладилар ва иноятда эмас, балки башарий тана амри билан яшашни бошлашади. Павлус шунга қарши чиқяпти. Масиий эркинлиги Исо Масиҳдадир, яъни доим ишончимиз Исо Масиҳга қаратилган бўлса, биз доим шу эркинликда яшаймиз; бироқ биз ишончимизни ўзимизга ёки яна бошқа нарсаларга қаратсак, эркинликдан маҳрум бўлиб, қуллик остида бўлиб қоламиз.
Бу ерда эътибор берсангиз, масиҳийлар Исо Масиҳда эркинликка эга эканлигини ёзилган. Яъни сиз, масиҳий, эркинликка ҳозирнинг ўзида эгасиз, бунинг учун сиз ҳеч нарса қилишингиз керак эмас. Сиз эркинликка эришиш учун ҳеч қандай иш қилишингиз керак эмас, ҳеч нарса айтишингиз керак эмас, ҳеч нарса ўқишингиз керак эмас. Худо сизга эркинликни нажот топганингизда берган ва энди сизнинг вазифангиз шу эркинликда туришдир (Галатияликларга 5:1).
Бу эркинликни йўқотиш учун инсон Исо Масиҳдан воз кечиши керак, яъни ишончини Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган ишига қаратмаган киши, шу эркинликдан маҳрум бўлади ва қонун остида яшаб, гуноҳкор табиатга қул бўлиб қолади. Табиийки ҳеч қандай имонли киши бундай аҳволга тушишни истамайди, бироқ ҳамма ҳам қандай қилиб шу эркинликда туришни ва уни қўлдан чиқармасликни билмайди. Агар сиз шу сатрларни ўқияпган экансиз, сиз буни аллақачон биласиз. Буни кўпроқ тушинишингизга Худонинг Ўзи ёрдам берсин!

5-оят
“Биз эсa Xушхaбaрнинг ҳaқиқaти сизлaр билaн aбaдий бўлсин деб, бир дaм ҳaм улaргa ён бермaдик.”

Хушхабарнинг ҳақиқатини қисқача қилиб ифодалайдиган бўлсак, уни “ишонч билан оқланиш” деб айтсак бўлади. Бу ҳақда қанча гапирсак ҳам кам, шунинг учун яна қайтарайлик. Ишонч билан оқланиш деганда, инсон Худо олдида оқланиши учун Худонинг нажотлик режасига ишониши керак. Фақатгина Худо борлигига ишонишнинг ўзи етарли эмас, чунки ёвуз руҳлар ҳам Худо борлигига ишонишади ва қўрқувдан титрашади, чунки бундай билим ва ишончнинг ўзи нажот топиш учун етарли эмас. Инсон албатта Худо Ўзи белгилаган, берган, кўрсатган, айтган ва Китобида ёзиб қолдирган нажотлик режага ишониши шарт.
Бу режани эса қичқача қилиб “Исо Масиҳ ва Унинг хочда михлангани” деб ифодаласак бўлади. Яъни Худонинг нажотлик режасига биноан Худонинг Ўғли Исо Масиҳ бу ерга инсон танасида келади, биринчи Одам Ато қилолмаган ишни бажарди, яъни бутун ҳаёти давомида Худога итоатда бўлиб, битта ҳам гуноҳ қилмасдан яшади. У гуноҳ қилмагани ва гуноҳсиз комил бўлиб туғилгани учун ҳам Исо ўлимга лойиқ эмас эди, бироқ биз, яъни бошқа гуноҳкорлар, ўз гуноҳлари туфайли ўлимга маҳкум бўлган одамлар учун хочда ўлди. Бу ўлим орқали Исо инсоннинг қарзини тўлади ва шу билан инсонни қутқарди. Мана шу нажотлик режадир, шунга ишонган одам нажот топади.
Демак, Павлуснинг мақсади айнан мана шу Хушхабар ҳақиқати сақлаб қолиш эди ва Галатиядаги масиҳийлар шу ҳақиқатни қаттиқ ушлашларини истарди. Шунинг учун айрим жойларда Павлус жудда қаттиқ гапиради, акс ҳолда имонлилар алданиб, нажотни йўқотишлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам у соҳта биродарларга йўл бермади ва уларга қарши чиқди. Яъни бу ерда Павлус уларга бўйсунмади ва уларга ёқмоқчи бўлиб, хабарни ўзгартирмади. Биз ҳам худди шундай тарзда Инжил Хушхабарини ўзгартирмасдан, уни воизлик қилишимиз керак, фақат шундай воизлик натижасида одамлар нажот топиши мумкин.

2009-04-13

Иброҳим оқлангани ҳақида

Муқаддас Китобда “Иброҳим Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди” деган оятни кўпчилик эшитган бўлса керак. Мен ҳам илгари шу оятни кўп эшитганман, бироқ охиригача бу оятнинг маъносини тушунмагандим ва у ерда аниқ нима ҳақида гап кетяпганлигини билмаган эдим. Бугун шу ҳақида гапирмоқчиман. Бунда Худо Ўз Муқаддас Руҳи билан мен орқали гапиришини Худодан илтижо қилиб, сизга Худо шуни тушунишга ваҳий беришини сўрайман.
Келинг аввал Иброҳим ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган айрим оятларни кўриб чиқайлик. Худо Иброҳимни “Менга эргашишгин” деб чақирган эди. Мана шу ҳодисадан аввал унинг исми Ибром эди. Ибромнинг ота-онаси бутпараст эди (Наби Ясу 24:2), шунда ҳам Ибром Худога ишонарди ва Худо айтган ишни қилишга тайёр эди. Худо Иброҳимни танлаб, унинг уруғи орқали Исо Масиҳни бу дунёга олиб келишни режа қилган эди.
Ибтидо 12чи бобида мана шундай сўзлар ёзилган:
"Худованд Ибромга хитоб қилиб деди: “Ўз ерингдан, она юртингдан, отанг уйидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет. Сендан буюк халқ вужудга келтираман. Сени табаррук қилиб, номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топадилар”. Ибром, Худованд буюрганидек, Ҳорондан чиқиб кетди. Лут эса унга йўлдош бўлди. Ибром Ҳорондан чиққанида етмиш беш ёшда эди”. (Ибтидо 12:1-4).
Худованд Ибромга зоҳир бўлиб: “Мен бу ерни сенинг зурриётингга (аслида “уруғингга” дейилган) бераман”, – деди. Ибром эса ўша ерда ўзига зоҳир бўлган Худованд шаънига қурбонгоҳ қурди”. (Ибтидо 12:7).
Бу оятларда Худо Ибромга ваъда беряпти ва шу ваъдасида Ибромдан буюк халқни вужудга келтиришини ва унинг уруғи орқали барча халқлар баракали бўлишини айтади. Бу ерда шуни айтиш керакки, Муқаддас Китобга биноан мана шу оятдаги “Ибромнинг уруғи” деган сўзи унинг ўғли Исҳоқ ва Исроил халқи ҳақида эди, бироқ бу сўз руҳан маънода Исҳоқ ва Исроилдан ҳам юксакроқ бўлган Зот, яъни Иброҳим уруғи бўлмиш Раббимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳга тегишлидир, буни мана бу оятдан кўрсак бўлади:
"Худонинг Иброҳим ва унинг зотига берган улуғ ваъдалари бундан кам эмас. Худо Иброҳимга: “Сенинг зотларингга бераман” деб, кўпчилик ҳақида гапирмади, аксинча: “Сенинг зотингга бераман” деб, битта кишини, яъни Масиҳни кўзда тутди”. (Галатияликларга мактуб 3:16).
Демак, Исо ерда туғилишидан анча йилллар илгари Худо Исонинг келишини башорат орқали айтган ва айнан Исо орқали барча халқлар баракали бўлишини билдирган экан.
Бу “уруғ” ҳақида биринчи башорат Одам Ато гуноҳ қилишидан кейин берилган эди:
"Шунда Худованди Карим илонга айтди: «Бу қилган ишинг учун сен ҳамма чорва туёқлари ва ҳамма дашт ҳайвонларидан кўра лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан юриб, тупроқ ейсан. Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. (Ибтидо 3:14-15).
Бу оятда “хотин зоти” ёки “хотин уруғи” ҳақида гап кетяпти, зеро матннинг иброний тилида айнан шундай сўзлар (хотин уруғи) ишлатилган. Табиатан хотин кишида уруғ бўлмайди, аксинча фақат эркак кишида уруғ бўлади. Лекин шундай сўзлар ишлатиш орқали Худо қачондир Исо Масиҳ бу дунёга табиий отасиз, бокира Марямдан туғилиши ҳақида башорат қилган эди. Чунки Исо Масиҳ мўъжизавий равишда бокира Марямга берилган ва кейинчалик туғилган эди. Шу билан “хотин уруғи” сўзи ҳам Исо Масиҳга тегишли экан. Яъни Худо шайтонга қаратиб, “қачондир ота алоқасисиз, фақат хотиндан туғилган Зот сенинг бошингни эзиб ташлайди” деб айтяпти. Бу эса албатта Исо Масиҳ эди, айнан Исо шайтоннинг бошини эзиб, унинг устидан ғалаба қозонди – Унга шон-шарафлар бўлсин! Шайтон хотин уруғининг товонини чақиши – Исонинг хочда ўлиши ҳақида бўлиб, айнан хочда ўлиши орқали Исо шайтон устидан ғалаба қозонди, энди эса Исога ишонган ҳар бир киши шу ғалабага эга бўлади!
Шундай қилиб, ҳозирги кунда Исо Масиҳ қайта тирилганига ишонган ва Уни Раббий (ёки Эгам) деб қабул қилган киши нажот топади ва Худо баракасига эга бўлади. Юқоридаги оятлардаги ваъда Иброҳимнинг уруғига тегишли дедик, шу билан бирга бу ваъда моҳияти “имон билан оқланиш” эди. Зеро Иброҳим ҳам Худонинг мана ўша ваъдасига ишониш орқали Худо олдида оқланган эди. Буни биз Ибтидо 15чи бобдаги оятларда ўқиймиз:
"Бу ҳодисалардан кейин Худованд Ибромга ваҳий орқали каломини юбориб: – Эй Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман. Сен учун мукофот ғоят катта бўлади, – деди. Ибром бунга жавобан: – Ё Худоё Худовандо! Сен менга нима берасан? Мана, мен фарзандсиз кетаётирман. Рўзғоримни эса менга ўғиллик қиладиган дамашқлик Илъазар бошқаради. Сен менга авлод бермаганингдан сўнг, энди хонадонимда ўғиллик қиладиган мана шу қулбошим менинг ворисим бўлади, – деди. Шунда Худованд Ибромга каломини юбориб: – Йўқ, бу сенинг ворисинг бўлмайди, балки ўз уруғингдан ҳосил бўлажак ўғлинг сенинг ворисинг бўлади, – деди. Сўнг Ибромни ташқарига чиқариб: – Осмонга қараб юлдузларни санай олсанг, сана, – деди. Ва қўшиб: – Мана сенинг авлодинг ҳам шунчалик кўп бўлади, – деди. Ибром эса Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди”. (Ибтидо 15:1-6).
Яъни, бу оятларда Иброҳим Худонинг келажакда одамзод учун берадиган Нажоткорига ишониши орқали оқланди. Бундай оқланиш “имон ёки ишонч билан оқланиш” дейилади.
Эски Аҳдда ҳам, Янги Аҳдда ҳам Худо олдида оқланиш учун инсон Худонинг нажотбахш режасига ёки йўлига ишониши шарт ва фақат шу йўл орқали у оқланади.
"Иброҳим пайғамбардан ибрат олайлик: У Худога ишонди ва шунинг учун оқланди. Шундан билингларки, ким имонга эга бўлса, у Иброҳимнинг ўғли саналади. Худо Иброҳимга: «Бутун халқлар сендан барака топажаклар» деб, унга даставвал Хушхабар келтирган эди. Тавротнинг ана шу ояти аниқ кўрсатадики, Худо инсонни миллатига қарамай, имони туфайли оқлайди. Имон соҳиби Иброҳим пайғамбарга шундай эргашган ҳамма аҳли имон худди Иброҳимдай Худо раҳматига эришади”. (Галатияликларга мактуб 3:6-9).

Янги Аҳдда “имон” ёки “ишонч” деган сўзлар ишлатилганда, ҳар доим Исо Масиҳга ишониш ва Унинг хочда қилган ишини қабул қилиш назарда тутилади.
"Энди эса, Қонунга алоқасиз равишда Худо талаб қилган солиҳликка эришиш йўли аниқ-равшан кўринмоқда, бунга Таврот ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадилар: Худо талаб қилган солиҳлик – Исо Масиҳга ишонишдан иборатдир. Шу имонга эга бўлган ҳаммани Худо оқлайди”. (Римликларга мактуб 3:21-22).

Исо Масиҳ туғилиб, хочда ўлиб, қайта тирилишидан олдин яшаганлар ҳақида нима деймиз? Улар нимага ишонган эди? Ҳозирги кунда биз ўтмишга қараб, Исонинг хочда қилган ишига ишонсак, улар ўзлари яшаган даврда келажакка қараб, келажак Нажоткорга ва У қиладиган ишга ишонишган ва шу орқали улар ҳам Худо олдида оқланишган. Яъни улар ҳам Худонинг нажотбахш режасига ишонишган, бу режа анча йиллардан кейин амалга оширилган бўлсада, Худо уларни ҳам худди ана ўша қоида, яъни “имон билан оқланиш” қоидаси билан оқлаганди ва уларга нажот берган эди. Албатта, Исо қайта тирилганидан кейин Унга ишонган кишилар жуда кўп имтиёзлар ва кўпроқ баракага эга бўлади, чунки бу ҳақда Исонинг Ўзи ҳам “(Мени) Кўрмай ишонганлар қандай бахтлидирлар!” (Юҳанно 20:29) деган. Яна, “Сизларга чинини айтайин: аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳё пайғамбардан буюги чиққан эмас. Шунга қарамай, Осмон Шоҳлигида ҳатто энг кичик ҳисобланган ҳам ундан каттадир” (Матто хушхабари 11:11) ҳам деган.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Иброҳим Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди” деган оятнинг маъноси мана шу экан: яъни Иброҳим фақатгина Худо борлигига ишонди деган гап эмас, балки у Худонинг юборадиган Нажоткорига ишонди ва Худонинг шу нажотбахш хабарига ишониш орқали Худо олдида оқланди. Бундан менга қандай наф бор, дейсизми? Агар сиз ҳам, худди Иброҳим сингари Худо юборган Нажоткорга, Исо Масиҳга ишонсангиз, сиз ҳам Худо олдида оқланасиз ва Худонинг баракасига эга бўласиз. Мана шуни биз “имон билан оқланиш” деб атаймиз.

2009-03-30

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:1-2)

2-боб
1-оят
“Кейинроқ, ўн тўрт йил ўтгaндaн сўнг, Бaрнaбо билaн биргa янa Қуддусгa бордим, Титусни ҳaм ёнимгa олдим.”

Павлус 14 йилдан кейин Қуддусга Барнабо билан борганини айтади; шу сафарда у мажусий бўлган Титусни ҳам ўзи билан олиб борган эди. Бу ҳақда Ҳаворийлар 15:1-4 оятларда ёзилган.

2-оят
“У ергa вaҳий орқaли бордим. Мен кўрсaтгaн жaҳду жaдaлим пучгa чиқмaсин, деб қўрқиб, улaрнинг aлоҳидa эътиборли одaмлaри билaн кўришдим, мaжусийлaр орaсидa ўзим тaрғиб қилaётгaн Xушхaбaрнинг моҳиятини улaргa бaён этдим.”

Бу ерда Павлус Худодан олган ваҳий асосида Қуддусга борганини айтади. Яъни Худо унга Қуддусга боришни ваҳий орқали айтади. Ваҳий сўзининг маъноси – турли хил йўллар орқали Худо очиб берган аҳборотдир, яъни Худо каломи ва иродасидир. Бунда киши бир нарса (сурат, тасвир) кўриши мумкин, ёки Худо қандайдир ахборотни Каломи орқали унга гапириши мумкин, шу билан бир қаторда фаришта ёки бошқа одам орқали ҳам инсон ваҳий олиши мумкин. Энг асосийси шуки, ваҳий ҳақийий Худодан бўлганда унинг муаллифи ва манбаи Худо бўлади ва бу ваҳий Муқаддас Китобда аллақачон ёзилган Худо каломига зид бўлмайди. Агар ваҳий Худо каломига зид бўлса, бу ваҳийни Худо бермаган бўлади, балки уни ёвуз руҳлар ва шайтон беряпган бўлади, бундай ваҳийдан воз кечиб, уни қабул қилиш керак эмас.
Бу сафардан мақсад Қуддусдаги ҳаворийларга Худо очиб берган иноят хабарини айтиш ва Худо Павлус орқали қилган ишлар ҳақида гувоҳлик бериш эди. “Алоҳида эътиборли одамлар” – ўша пайтда Қуддусда бўлган ҳаворийлар эди. Худо Инжил хабарининг мағзини Павлусга очиб берган эди ва мана шу ерда у Қуддусдаги ҳаворийларга ҳам шу хабар мағзини айтяпти. (Инжил мағзи: инсон гуноҳкор бўлгани учун, у ўзини қутқара олмайди, шунинг учун Худонинг Ўзи одамни қутқаради, бу эса Исога ва Унинг хочда бажарган ишига ишониш орқали амалга ошади; бунда киши Худо берган қонун ва инсонлар тузган қоидалардан воз кечиб, қонун эмас, иноят асосида нажот топади ва муқаддасланади).
Павлус асосан Худо инояти ҳақида гапиришга келган эди; у ўзи “кўрсатган жаҳду жадали пучга чиқмасин, деб қўрқиб” ҳаворийлар билан шахсий суҳбатда шуларни айтади. Бунда Павлус “мен адашганим йўқмикин” деб ўз инжил хабарини айтмади, йўқ, балки агар Қуддусдаги ҳаворийлар у айтган хабарни рад этганларида эди, унда масиҳийлар жамоатида жуда катта бўлиниш юзага келган бўлар эди ва Павлус айнан шундан қўрққан эди. Яъни, ўша пайтнинг ўзида ҳам айрим масиҳийлар “мен Апполос шогирдиман”, ёки “мен Павлус шогирдиман” дейишар эди, агар шундай бўлиниш юзага келганда эди, бу Худо хабарининг тарқалишига катта тўсқинлик қилган бўлар эди. Шунинг учун Павлус “бекорга ҳаракат қилган бўлмай” деяпти, чунки Павлуснинг ҳаракатлари асосан Инжил хабарини тарқатишга қаратилган эди.
Павлус бу ерда ҳам шу инжил хабарини мажусийларга айтишини айтяпти. Шуни эътиборга олиш керакки, Худонинг Инжил хабари яҳудийлар учун ҳам, мажусийлар учун ҳам бир хилдир. Худо Павлусга берган иноят хабарини кўп масиҳийлар ўша пайтда ҳам тушунишмасди ва айримлари қабул қилишмасди. Бу вазиятни Павлус ёзган мактубларидан ва масиҳийлар жамоати тарихидан кўрса бўлади. Биз эса охирги кунларда яшаяпмиз ва бизга Худо шу иноят хабарини очиб беряпти, шунинг учун шу хабарни қаттиқ ушлаб, Раббимиз Исо Масиҳ биз учун қайтиб келишини кутайлик. Ўшанда биз Исони кўрамиз ва Унинг шуҳратида шерик бўламиз.
Ўша кун тезроқ келсин, Раббимиз биз сени интизорлик билан кутяпмиз, тезроқ келгин!

2009-03-17

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:20-24)

1:20-оят
“Мен сизлaргa нимa ёзaётгaн бўлсaм, Xудо шоҳид, ёлғон эмaс.”

Мен бу ёзган сўзларимда сизларни алдамадим ва бунга Худо гувоҳ ёки шоҳид, деяпти Павлус. Исо “Мен ҳақиқатман” деди, Исога ишониб, Унга эргашувчиларнинг ҳаётида ёлғон бўлиши керак эмас. Бунда бизга Муқаддас Руҳ ёрдам беради, яъни бизнинг гуноҳкор табиатимизни кучсиз қилади ва янги ижод бўлган, ичимиздаги янги табиатни кучли қилади. Шунинг учун бизда гуноҳга нисбатан нафрат пайдо бўлади ва доим Худога итоат қилиш истаги ичимизда бўлади.

1:21-оят
“Ундaн сўнг Сурия вa Киликия мaмлaкaтлaригa бордим.”

Шундан кейин Павлус Сурия ва Киликия ўлкаларига жўнайди. Яъни унга Худо нимани буюрган бўлса, ўшани бажаради.

1:22-24-оятлар
“Яҳудия ўлкaсидaги Мaсиҳ жaмоaтлaри эсa мени шaxсaн тaнимaс эдилaр. Улaр фaқaт: у бир вaқтлaр бизлaргa жaбр-зулм қилиб юргaн киши эди, энди илгaри илдизи билaн қуритмоқчи бўлгaн имонни ўзи тaрғиб қилмоқдa, дегaн гaплaрни эшитaр, мен учун Xудони улуғлaр эдилaр.”

Павлус бошқа ўлкаларда бўлиб, у ерда хизмат қилгани туфайли Яҳудиядаги масиҳийлар уни кўрмаганди ва танимасди.
Яҳудиядаги масиҳийлар “илгари бизларни қувғин қилган одам, энди шу имон ҳақидаги хабарни ваъз қиляпти деган гапларни эшитишарди. Шу ерда ҳам, илгари Павлус масиҳийларни ва имонни бузиб ташлашни истагани ёзилган. Кейин эса Худо уни ўзгартириб, ундан Масиҳни тарғиб қиладиган одам қилди. Худога шон-шарафлар бўлсин!
Имон (ишонч) – Муқаддас Китобда бу сўз Раббимиз Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишига ишонишни билдиради. Исо хочда бизнинг ўрнимизга ўлди ва ўша ерда ўрин алмашиш содир бўлди, яъни Исо бизга тегишли нарсаларни олди ва бизга Ўзига тегишли нарсаларни берди; бизнинг гуноҳимиз жазосини Исо тортди, биз эса Исо эга бўлган нарсаларга эга бўлдик, буларнинг айримлари: севги, тинчлик, солиҳлик ва Худо билан муносабатдир.
Шу Яҳудиялик масиҳийлар Павлус ҳақида эшитиб, Худони улуғлашди. Эсингизда бўлсин: фақат Исога ишониш орқали биз ҳамма нарсага эришамиз. Бунда биз бошқа нарсаларга ёки кимсаларга ишонмасдан, фақат ягона Исога ишонишни назарда тутамиз.

2009-03-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:17-19)

1:17-оят

ўзимдaн илғор ҳaворийлaрни кўргaни Қуддусгa бормaдим. Бaлки Aрaбистонгa кетиб, кейин янa Дaмaшққa қaйтдим”.

Павлус Қуддусга бориб, ундан илгари бўлган ҳаворий билан ҳам суҳбатлашмади. Яъни улардан рухсат олмади, тўғрими, деб сўрамади, уларнинг фикрини сўрамади, чунки Худо берган нарсани инсон тасдиқлаши мумкин эмас. Лекин Павлус Арабистонда бўлганида Исо унга янада кўпроқ нарсаларни ўрганганга ўхшайди; шу билан бирга у мажусийларга Инжил хушхабарини айтишни бошлаган кўринади.


1:18-оят

Сўнгрa уч йилдaн кейин, Бутрус билaн тaнишмоқ учун Қуддусгa бордим вa унинг ёнидa ўн беш кун бўлдим”.

Уч йилдан кейин Павлус Қуддусга бориб Бутрус билан учрашади ва уникида 15 кун қолади. Бу билан Павлус нима демоқчи? Бутрус ҳаворийлар ичида обрўли ҳисобланарди, бироқ Павлус у билан учрашганда ундан Инжилни ўрганмади, чунки аллақачон уч йил давомида Павлус хушхабарни айтиб юрган эди ва у Бутрус билан фақат 15 кун турган эди. Яъни Худо Павлусга берган хабарни Бутрус тасдиқламаган эди. Шунда ҳам Павлус унга ўзи қилган ишларни (аниқроғи Худо у орқали қилган ишларни) ва Худо унга берган хабарни айтади, бу хабар Бутрус айтяпган хабар билан бир хил эди, чунки иккаласига ҳам Худонинг Ўзи Инжилни берган эди. Бутрус ўз мактубида Павлус ҳақида шундай дейди: “Севикли биродаримиз Павлус ҳам ўзига берилган донолик билан сизларга қандай ёзган бўлса, худди шу каби Раббимизнинг сабр-тоқатини қутулиш фурсати деб ҳисобланглар. Павлус ҳамма мактубларида бу мавзулар ҳақида гапиради-ку. Уларда тушуниш қийин бўлган баъзи мавзулар борки, жоҳил ва саботсиз кишилар бошқа муқаддас ёзувларни бузганларидек, уларни ҳам бузиб талқин қиладилар. Бу эса уларни ҳалокатга йўлиқтиради.” (2 Бутрус 3:15-16). Эътибор берсангиз Павлус ёзган айрим нарсалар Бутрусга ҳам тушунишга қийин бўлган экан. Чунки руҳий ҳақиқатлар фақат Муқаддас Руҳ ваҳийси ва кўмаги орқали тушунилади. Муқаддас Руҳга эга бўлмаган ва Муқаддас Руҳга эргашмайдиган киши бундай ҳақиқатларни била олмайди (1 Коринфликларга 2:11-16).


1:19-оят

Лекин Рaббимиз Исонинг укaси Ёқубдaн бошқa ҳaворийлaрнинг ҳеч бирини кўрмaдим”.

Павлус бошқа ҳаворийларни учратмадим, фақат Раббимиз укаси Ёқубни учратганини айтяпти. Ёқуб Қуддусдаги масиҳийлар жамоати чўпони эди, шундай қилиб Павлус Қуддусда бўлганида уни кўрган бўлиши керак. Бошқа ҳаворийлар эса ўша вақтга келиб, турли жойларга тарқалиб, ўша ерларда хушхабарни воизлик қилиб юрган бўлиши керак.

2009-02-22

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:12-16)

1:12-оят
“Чунки мен уни инсондaн қaбул қилмaгaнмaн вa ҳеч кимдaн тaълим олмaгaнмaн; бaлки Исо Мaсиҳдaн вaҳий олгaнмaн.”

Мен хушхабарни одамдан қабул қилмадим, ҳеч ким уни менга ўргатмади, дейди Павлус. Шу орқали хушхабар манбаи ёки келиб чиқиш жойи инсон эмас, балки Худо эканлигини айтяпти. Худо эса бу хушхабарни, яъни Исо Масиҳни одамга ваҳий қилиб кўрсатади ва фақат шундагина инсон Исони ва Унинг хушхабарини қабул қилолади. Демак хушхабар Худога тегишли бўлгани учун, фақат Худо уни одамга кўрсата ва ўргата олади. Муҳими шуки, бу бебаҳо хабарни тан олиш учун Исо Масиҳ кимлигини ва У қилган ишини билишимиз керак ва шундан сўнг Уни қабул қилишимиз керак. Исо Ўзи айтганидек, Худога элтувчи эшик – Исонинг Ўзидир.
Бу билан биз хушхабарни айтиш ёки ўргатишимиз керак эмас, демаяпмиз, чунки фақат хушхабарни воизлик қилиш орқали одамлар Исо ҳақида эшитади ва ўшанда Худо уларга таъсир қилади, натижада одамлар хабарни қабул қилиб нажот топиш имкониятига эга бўладилар.
Бунда, биз ўз томонимиздан хушхабарни воизлик қиламиз, Худо эса Муқаддас Руҳи орқали одамларнинг гуноҳларини фош қилиб, шу орқали уларга Исони қабул қилиш учун имконият беради. Инсон эса шуни қабул қилиш ёки қилмасликка қарор қилади. Худо одамни шу қарорни қабул қилишда мажбурламайди, биз ҳам одамларни мажбурлашимиз керак эмас.


1:13-оят
“Менинг яҳудий динидa кечгaн илгaриги ҳaётим ҳaқидa эшитгaнсизлaр; Xудонинг уммaтигa ҳaддaн тaшқaри жaбр-зулм қилиб, уни вaйрон қилaр эдим”.

Бу оятда Павлус илгари қандай одам бўлганлиги ҳақида айтади. Биринчидан у “илгариги” деяпти, яъни у нима ва ким бўлган бўлса ҳам, бу ўтмишда эди, энди у Исо Масиҳ орқали янги одам, янги ижод бўлиб қолди. Кейин у яҳудий динида яшаганини айтади (иудаизм), лекин энди у ўша дин асосида эмас, балки Исо Масиҳ қонуни бўйича яшашини айтади. У илгари Худога хизмат қиляпман, деб ўйлаб, аслида Худога ва Унинг жамоатига қарши иш тутяпган эди, яъни у Худо жамоатини қувғин қиларди. Бу ҳақда Ҳаворийлар фаолияти 9:1-2 ва 22:1-5 оятларда ёзилган. Ўша оятлар бўйича Павлус қанчалик интилиш ва ғайрат билан ўз динида хизмат қилганини кўрсак бўлади. Унинг мақсади Худо жамоатини йўқ қилиш эди. Бу эса шайтоннинг ҳам мақсади, зеро Юҳанно 10:10 оятда ёзилишича шайтон вайрон қилиш ва ўлдиришни истайди. Шундай қилиб кимки тирик Худо белгилаган йўлдан четга чиқиб, инсон дини бўйича яшаса, у Худога манзур бўла олмайди, аксинча шайтон истагини ва башарий тана гуноҳли ишларини қилиб юради.


1:14-оят
“Қaвмимдaн бўлгaн кўп тенгдошлaримгa қaрaгaндa, яҳудийликдa xийлa мувaффaқият қозонгaн эдим, отa-боболaрим урф-одaтлaригa ўтa жонкуяр эдим”.

Павлус ўша даврнинг энг йирик яҳудий дин арбоби бўлиши керак эди, у шунга интилар, шунинг учун кўп ўқиган эди. У Гамалиэл исмли киши қўлостида собоқ олган бўлиб (Ҳаворийлар 22:3), айтишларича унинг ўрнини босиши керак эди. Демак Павлус яҳудийликда катта олим эди, бу ҳозирги даврдаги профессор ёки академик сингари илмий даражага тенг эди. Бошқа яҳудийлар орасида унга тенг келадиган киши йўқ эди. Шу оятдаги “хийла муваффақият қозонган эдим” деганда, хийла сўзи жуда деган маънони билдиради; ҳийла сўзи эса маккорликни билдиради.
Шу ерда у ўзининг асосий мақсади – ота-боболари урф-одатларини ҳимоя қилиб, уларни сақлаб қолиш эди, деб ёзяпти. Мана шундай мақсад кўпгина одамлар йўлида тўғоноқ бўлади, зеро инсон кўпинча боболар ёки эскидагилар шундай деган ва қилган, деб айрим урф-одатларни сақлаб келишади. Бироқ биз Худога яқинлашмоқчи бўлсак, Худо истаган нарсани қилишимиз керак, яъни Худо белгилаган йўл бўйича юришимиз шарт. Акс ҳолда Павлус илгари қандай Худога хизмат қиляпманку, деб, аслида Унга қаршилик қилишимиз ва ҳатто оғир гуноҳларни содир қлишимиз мумкин.


1:15-оят
“Aммо Xудо муруввaт қилиб, онaм қорнидaёқ мени тaнлaгaн, Ўз инояти билaн мени дaъвaт этгaн эди”.

“Аммо Худо...” - шу ибора билан Павлуснинг ҳаётидаги янги давр бошланди. Яхшиямки Худо ҳаётимизга кириб келиб, бизга нажот, янги ҳаёт ва абадийликни ҳадя қилган экан. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай “аммо Худо...” деб бошланадиган вазиятлар жуда кўп бўлган.
Нажот топган киши ҳам худди шундай сўзларни айтади, яъни гувоҳлик берганда кўпчилик таҳминан шундай сўзлар айтади: “мен илгари шунақанги одам эдим ва мана шундай йўл билан кетяпган эдим, аммо Худо... ҳаётимга кириб келди ва мени ўзгартирди”. Бу қанчалик ажойиб фикр: биз Худога душман бўлсак ҳам, У бизни ташлаб қўймади, аксинча бизга турли йўллар билан хушхабарни етқазиб, охири нажот топишимизга сабабчи бўлди; бу сатрларни ўқияпган одамларнинг кўпчилиги, йўқ, ҳаммаси шундай дея олади, деб умид қиламан. Худога шукрлар ва шарафлар бўлсин, фақат У шундай қилишга қодир ва мақтовларга фақат У сазовордир!
Худо Павлусни туғилмасдан олдин танлаган экан. Бу дегани Худо айримларни туғилишидан олдин танлаб нажот беради, айримларни эса танламайди дегани эмас, чунки “Исога ишонган ҳар бир киши нажот топади” дейилган (Юҳанно 3:15-16). Павлус туғилмасдан олдин Худо уни Ўз инояти билан чақирган ва кейин ҳаёти давомида Павлусни қутқарилиш томон ишора қилган. Худо ҳар бир одамга шундай имконият беради, лекин инсон ўзи ўз охиратини танлайди, яъни одам истаса, Исога ишониш орқали нажот топади, агар Исога ишонмаса ҳалок бўлади. Худо Павлусни инояти билан чақирди ёки даъват қилди. Агар Худонинг инояти бўлмаганда эди, инсоният аллақачон ер юзидан йўқ бўлиб кетган бўлар эди. Лекин Худо ҳеч ким ҳалок бўлишини истамайди, балки иноятли бўлгани учун ҳамма нажот топишини истайди.

1:16-оят
“Мен дунё xaлқлaри орaсидa Xудо Ўғлининг Xушxaбaрини тaрғиб қилишим учун, Xудо Ўз вaқтидa Ўғлини менгa зоҳир қилди. Шундa мен дaрҳол одaмзод билaн мaслaҳaтлaшмaдим,”

Менинг ичимда бўлган Исо моҳиятини Худо менга тушунтирди, зоҳир қилди, деяпти Павлус. Яъни Янги Аҳд маъносини Худованд айнан Павлусга очиб берган эди. Шунинг учун Инжилда бошқа ҳаворийларга нисбатан Павлуснинг макктублари кўпчиликни ташкил қилади. Худо унга жуда катта нарсаларни ваҳий қилиб берган ва бундан мақсад мажусийлар (дунё халқлари) орасида Исо Масиҳни ваъз қилиш эди.
Бундай янгиликни ва ваҳийни Павлус қабул қилганидан кейин, у одамзод (асл матнда “тана ва қон”) билан маслаҳатлашмадим, деяпти. Чунки Худонинг Ўзи унга яққол қилиб кўрсатган нарсалар бўйича, у бошқа инсонлар билан “бу тўғримикин, нима деб ўйлайсиз” деб суҳбатлашмаган эди. Бунга муҳтожлик йўқ эди.
Мажусий дегани иброний (еврей) бўлмаган халқлар демакдир, Эски Аҳдда Худо фақат Исроил халқига намоён бўлган эди, бироқ энди Исо Масиҳ орқали ҳамма халқлар, яъни иброний ҳамда мажусийлар Худога яқинлашиши мумкин. Энди илгаридек ажратиш йўқ, истаган киши, қандай халқдан бўлишидан қатъий назар, Исо Масиҳга ишониш ва Уни Раббий, деб тан олиш орқали Худога яқинлашиши ва Худо билан муносабатда бўлшиши мумкин.

2009-02-02

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:10-11)

1:10-оят
“Энди мен инсонлaрдaн мaқтов излaяпмaнми, ёки Xудодaнми? Нaҳотки инсонлaргa ёқмоқчи бўлсaм? Aгaр мен ҳaли ҳaм инсонлaргa ёқмоқчи бўлгaнимдa эди, Мaсиҳнинг қули бўлолмaс эдим!”

Павлус бу оятда одамларга ёқмоқчи ёки манзур бўлишни изламаяпман дейди, чунки акс ҳолда у Масиҳга қул бўла олмас эди.
Инсон, ўз табиатига асосан, бошқа одамларга манзур бўлишни ва уни бошқалар ёқтиришини истайди; кўпчилик буни табиий ёки оддий ҳол, деб баҳолашган бўлар эди. Бироқ Инжил Хушхабарига келганда бу ҳол ўзгариши керак, чунки Исо хушхабари, ўз номига биноан “хуш” ёки “яхши” хабар бўлса ҳам, гуноҳкор одамни маҳкум қилади, шунинг учун гуноҳкор учун нохуш хабар бўлиб туюлади. Бу инсоннинг гуноҳкор табитатига ёқмайди, шунинг учун одам ўзини ноқулай ҳис қилади ва шу хушхабарни рад этиб, ундан қочади, баъзилар унга қарши чиқадилар; ёки у хушхабарни қабул қилади ва нажот топади; ана шунда бундай одам учун Инжил чиндан ҳам хушхабар бўлади.
Табиий одам Худога манзур бўлишни истамайди (манзур бўлолмайди ҳам), балки бунинг ўрнига ўзи ёки бошқа одамлар тузган қонун-қоидалар орқали Худога яқинлашмоқчи бўлади. Аниқроғи, Худо инсонга Худога манзур бўлиш истагини беради, лекин бунга эришиш учун башарий табиатли одам Худо танлаган йўл эмас, балки инсоний йўл орқали юради. Бунга Ҳобил ва Қобил (ёки Каин ва Авел) мисол бўла олади. Худога яқинлашиш учун Худонинг йўли билан юриш керак; буни эса биз Худо берган Муқаддас Китобдан билиб оламиз. Кўпинча одамлар айнан Муқаддас Китобдаги айрим оятларни ўзлари учун қонун қилиб оладилар, бу ҳам Худо иноятидан узоқлашишга олиб келади.
Шундай қилиб, Худога манзур бўлиш учун инсон фақат Исо Масиҳга ишониши ва Унга эргашиши керак, яъни Масиҳнинг қули бўлиши керак. Албатта Худога манзур бўламан деган одамга шайтон ҳам, башарий одамлар ҳам қаршилик қиладилар, аммо Худонинг Ўзи унинг ёнини олади, уни қўриқлайди ва етаклайди ҳамда унга илоҳий қонунларни бажариш учун куч беради, шунинг ўзи етарли.
Демак, биз ҳам Павлусдан ўрнак олиб, одамларга хушхабарни айтганимизда уларга ёқишга ҳаракат қилмасдан; инжил хабарини бузмасдан, қандай ёзилган бўлса, шундай равишда айтишимиз керак. Фақат шунда хушхабар орқали Худо одамларга таъсир қилади ва ишонганларга нажот беради.



1:11-оят
“Эй биродaрлaр, сизлaргa эълон қилмоқдaмaн: мен тaрғиб этaётгaн Инжил инсон ижоди эмaс”.

Галатиялик масиҳийлар тўғри йўлдан оғишни бошлашган бўлсада, Павлус уларга “биродарлар” деб мурожаат қиляпти. Чунки нажот топган киши Худонинг фарзанди бўлади ва шу билан бирга бошқа Худо болалари учун “биродар” ёки “опа” бўлиб ҳисобланади. Масиҳий гуноҳ қилсада, нажотини йўқотмайди; фақат галатияликларга ўхшаб ёлғон таълимотга ишониш орқали у нажот йўлидан оғиб кетиши мумкин, яъни тўғри йўлдан орқага сирпаниб кетади. Бу эса жуда хавфли аҳвол бўлиб, инсон тўғри йўлга қайтиб келмаса, охири Исодан воз кечиб, илгаридек дўзаҳий бўлиб қолади.
Шу оятдан бошлаб Павлус ниманидир Галатияликларга билдирмоқчи эканлигини айтади. Биз руҳий ҳаётимизда аввал айрим нарсаларни билишимиз керак, кейин шу билим асосида биз ишонамиз ва Худо ҳаётимизда Ўз ишини бажаради. Демак қуйидагиларни билишимиз керак:
Павлус тарғиб қилган инжил одамлар томонидан яратилмаган, инсон фикри ижоди эмас. Яъни бу Худонинг инжил хабарига инсон ҳеч нарса қўшмаган эди. Балки дунё яратилишидан аввал Худо режа тузган бўлиб, унга асосан Исо гуноҳ учун хочда ўлиши шарт эди (1-Бутрус 1:19-20), кейинчалик Худо шу режасини аста-секин ошкора қилиб борди ва тахминан 2000 йил олдин нихоят Исо шу режани амалга оширди. Шу режа ва Исо қилган иш ҳақидаги хабар Инжил хушхабари дейлади.
Инжил сўзи юнонча “евангелион” сўзидан олинган бўлиб, оддий қилиб айтганда “хуш хабар” деган маънони англатади. Албатта ўзбекчадаги инжил сўзи евангелион сўзининг бузилиб айтилган шакли, лекин шундай бўлсада, кўп одамлар шу сўзга ўрганиб қолгани учун, биз ҳам шу сўзни ишлатамиз. Шу билан бирга бу сўзнинг тарихи ва маъносини билганимиз яхши. Бундан ташқари яна кўпгина бошқа сўзлар шундай равишда бузилиб таллафуз қилинади, бироқ юқорида айтганимиздек, кўп одамлар фақат шундай талафуз қилгани учун, биз ҳам шу сўзларни ишлатишга мажбурмиз.

2009-01-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:8-9)

1:8-оят
“Бордию биз ёки ҳaтто осмондaн бирор фaриштa келиб, ўзимиз сизлaргa ўргaтгaн Инжилдaн бошқa бир “xушxaбaр” келтирсa, лaънaти бўлсин”.

Мана бу оятда Масиҳ хушхабарини бузиб гапирадиганларга нима бўлиши ёзилган. Демак кимки бошқа, яъни соҳта инжилни ваъз қилса - у лаънати бўлар экан.
Шуни тушунтирайлик: бу ерда Павлус, агар “биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб” деяпти, масалан қандайдир машҳур ёки таниқли воизхон бизга гапирган гапларига осонликча ишонишимиз керак эмас; биз ҳар қандай гапни Муқаддас Китоб билан таққослашимиз керак; агар бу хабар Муқаддас Китобга (яъни Худо инояти хабарига мос келса, бу хабар эса асосан “Исо Масиҳ хочда михланган”деганидир) мос бўлса, демак биз уни қабул қилсак бўлади, лекин у мос бўлмаса демак бу хабар ва одам Худодан эмас, уни қабул қилмаслигимиз керак. Худди шу қоидани биз доим ишлатсак бўлади, масалан агар қандайдир ваҳий ва фариштани кўрсак, ҳамда у бизга бошқа хушхабарни айтса, бунга ишонишимиз керак эмас. Бундай хабар ва шахс лаънатидир, яъни Худодан йироқда бўлади; шунинг учун бизга у фойда келтирмайди, фақат зиён.
Яна эътибор берсангиз Павлус “биз ўргатган Инжил” яъни хушхабар деяпти; у бу хабарни Худонинг Ўзидан ваҳий орқали олгани учун шунчалик ишонч ва аниқлик билан сўзляпти. Худо Павлусни шу хушхабарни сақлашга чақирган эди, шунинг учун Павлуснинг деярли барча мактубларида у хушхабарни тушунтиради ва унинг бузилмасликдан сақлайди.
Киши аввал хушхабарга ишониб, уни қабул қилиши мумкин, лекин кейинчалик Худодан узоқлашиши ҳам мумкин, яъни ҳар бир киши доим ишончини Исога қаратиши керак, акс ҳолда у тўғри йўлдан адашиб кетади. Мисоллар кўп, шунга мисол қилиб Билли Грэмни олсак бўлади. У Инжил Хушхабарини ваъз қилишда илгари жуда фаол қатнашган эди; у ваъз қилганда минглаб одамлар стадионларда йиғилишар ва жуда кўп одамлар Исони қабул қилишар эди, чунки у “фақат Исога ишониш орқали инсон нажот топади”, деб ваъз қиларди ва одамларни тавба қилишга таклиф қиларди. Лекин ўтган йили у “Исони билмаган киши ҳам жаннатга тушади”, деб таъкидлай бошлади. Бунга сабаб унинг қарриб қолгани ва касал бўлгани бўлиши мумкин, лекин нима бўлганда ҳам, энди у кишининг гапларига эътибор бериш керак эмас, чунки у инжил хушхабарини тарғиб этмаяпти.
Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Бундайлар тўғри йўлда юришни бошлайдилар, анча йил ҳақиқатни ваъз қиладилар, лекин нимадир содир бўлади-ю, улар тўғри йўлдан озиб кетадилар ва Масиҳ хушхабарининг мағзини бузиб гапира бошлайдилар. Демак, биз шунинг учун жуда эҳтиёт бўлишимиз керак ва ҳар қандай ахборотни, хабарни ва одамни (ўзимизни ҳам) шу хушхабар асосида текширишимиз керак ва шу асосида ҳукм қилишимиз керак (ҳукм қилиш ҳақида оятлар: ).
Шу билан бирга биз ҳам эҳтиётлик билан яшашимиз керак, токи ҳеч қачон Худо иноятидан узоқлашмайлик; доим ишончимизни ўзимиз ёки қонун-қоидаларга эмас, балки фақат Исога қаратайлик, шунда Худо қудрати билан бизни тўғри йўлда сақлайди. Буни амалга оширишга қудратли бўлган ягона Худойимизга шон-шарафлар бўлсин, фақат У шуҳратга сазовордир!

1:9-оят
“Биз олдин ҳaм aйтгaн эдик, ҳозир янa aйтяпмaн: aгaр кимки сизлaр қaбул қилгaн Инжилгa зид бўлгaн xaбaрни тaрғиб этсa, лaънaти бўлсин!”
Бу оятнинг 8-оятга ўхшайдиган томони ҳам бор, ўхшамайдиган томони ҳам бор. Ўхшайдиган томони - Масиҳ хушхабарига тескари бўлган хабарни айтган киши лаънати бўлади.
Ўхшамаган томони - бу оятда Павлус “сизлар қабул қилган Инжил” яъни хушхабар дейди, яъни агар киши ҳақиқий хушхабарни эшитиб, унга ишонса (қабул қилса) у нажот топади; шу ва бошқа аломатларга қараб инсон хушхабар ҳақиқийлигини билиб олади. Шундай қилиб, Павлус гапига асосан, шу нажотбахш хушхабарни эшитган бўлсангиз, унда соҳта хушхабарни танишингиз керак, албатта Худонинг Ўзи сизга бунда ёрдам беради.
Исо Масиҳ битта ва Унинг хушхаари ҳам битта, Исога ўхшамаган Исони ким тарғиб қилса, у “бошқа” ёки соҳта Исони тарғиб қилган бўлади. Худди шу фикрни хушхабар ҳақида ҳам айтса бўлади: агар кимдир Исо хушхабарига тескари хабарни айтса, демак у бошқа, яъни соҳта ва ёлғон хушхабарни айтяпган бўлади. Шуни эсда тутиш керакки айрим одамлар “биз ҳам ўша Исога ишонамиз” дейиши мумкин, бироқ улар Муқаддас Китобдаги Исога ва У қилган ишларига ва айтган гапларига ишонмасалар, улар бошқа Исога ишонаяпган бўладилар; бу бошқа Исони шайтон ва Дажжол руҳи тарғиб қиладилар, чунки шайтоннинг иши Худога тескари нарсаларни қилиш ва тарғиб қилишдан иборат.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:7)

1:7-оят
“Aслидa бошқa Инжил йўқ. Фaқaт бaъзилaр сизлaрни чaлғитиб, Мaсиҳ Xушxaбaрини бузиб кўрсaтишни xоҳлaйдилaр”.
Аввал Павлус, кимки ўз хабарида Исони хочда ўлганини айтмаса, у Инжил хушхабарини айтмаяпган бўлади, дейди; ва бу хушхабарни “бошқа хушхабар” дейди; яъни Исонинг Инжил хушхабаридан бошқа демоқчи. Кейин 7-оятда у “аслида бошқа Инжил (ёки хушхабар) йўқ” дейди, яъни агар Исонинг хочда қилган иши айтилмаса, ундай хушхабар нохуш хабар бўлиб қолади. Чунки агар хабар инсонни Худога етакловчи йўлдан узоқлаштирса, бундай хабар - хушхабар эмас, балки ёмон хабар бўлиб қолади. Мана шуни назарда тутиб, Павлус аслида бошқа хушхабар йўқ депти.
Энди эса бу нохуш хабар манбаи ва у ўзи нималигини бизга кўрсатяпти. Унинг манбаи - одамлар эди, улар галатияликларни чалғитиб, тўғри йўлдан оздирмоқчи эдилар. Уларнинг ўзлари адашган бўлиб, бироқ ўзларини тўғри йўлдамиз, деб ўйлашарди, шунинг учун бошқаларни ҳам ўзларига қўшилишларини ундардилар. Юқорида айтганимиздек, булар асосан яхудийлар эди, улар мажусийликдан масиҳий бўлган одамларга, “сиз энди Мусо Қонунини бажаришингиз керак” дердилар.
Бу нохуш хабар мақсади Масиҳ хушхабарини ўзгартиришдан иборат эди. Албатта бунинг ортида шайтон туради; у хушхабарни инкор қила олмасдан, уни бузишга ҳаракат қилади. Бунга мисол қилиб қалбаки пулларни олсак бўлади: қаллоблар қалбаки пул қилганда аввал ҳақиқий пулларни яхшилаб ўрганиб чиқади ва кейин ҳақиқийга ўхшайдиган пулларни ясашга киришади. Бунда масалан АҚШ долларини қалбакилаштирмоқчи бўлсалар, улар 1, 5, 10, 20, 50 ва 100 долларлик пулларни ясайдилар; улар 3 ёки 60 долларлик қоғоз пул қилмайдилар, чунки аслида бундай пулнинг ўзи йўқ, бундай қилсалар улар қалбакилиги дарров билиниб қолади. Худди шундай йўсинда айрим одамлар шайтон бошчилигида Инжил хушхабарин бузмоқчи бўладилар. Бунда улар асосан Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишга ҳужум қиладилар. Зеро фақат Исо Масиҳга ишониш ва У хочда биз учун қилган ишига ишониш орқали инсон нажот топади ва кейинчалик муқаддасланади. Агар шу асосий нарсани хушхабардан олиб ташласангиз, унда хушхабардан ҳеч ҳам фойда қолмайди. Кўпгина жамоатларнинг тўғри йўлдан озиши ҳам мана шундай бўлган. Улар пайдо бўлишидан бошлаб, Исо Масиҳни хочда қилган ишини тарғиб қиладилар, бироқ кейинчалик бошқа нарсаларга эътибор бера бошлашади ва бошқа хабарни ваъз қила бошлайдилар. Ана шундай вазиятда Муқаддас Руҳ бундай жамоатлар ва одамларда ҳаракат қила олмайди ва улар Муқаддас Руҳ ёрдами ва қувватисиз қоладилар, бу эса охрида руҳий ўлимга олиб келади. Шунинг учун масиҳийнинг энг олий мақсади инжил хушхабарини ўзгартирмас сақлаш ва бошқаларга шундай ҳолда ваъз қилишдир.