2008-10-18

Масиҳ инояти

“Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида бошқа Инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ Хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар.” (Галатияликларга 1:6-7).

Худо одамзодга Ўз муҳаббати билан Хушхабарни берди ва одам жумбоғига шу орқали ечим берди. Шайтон эса бунга қарама-қарши равишда, одамнинг гуноҳкор табиати ва мағрурлигига Хушхабарни мослаштириб, уни бузади; ҳамда одам фосиқлигига тўғрилаб Хушхабарни динга айлантиради.
Исо Масиҳ Хушхабари инсонни ўлимга маҳкум қилади ва шундай қилиб одамни ва унинг динларини тугатади, шундан кейин эса инсоний табиатдан эмас, балки руҳдан туғилган “янги одамни” бунёд қилади. Инсоннинг Худога хизмат қилолмаслиги, манзур бўлолмаслиги ва итоат қилолмаслиги Қонун остида намоён бўлди. Шунинг учун ҳозирги иноят кунида шайтоннинг мақсади инсон дини билан Руҳ динини бирлаштиришдир. Бироқ бундай бирлашма содир бўла олмаслиги ва унинг нақадар нопоклиги Галатияликларга ёзилган мактубда очиқ-ойдин ёзилган.
Масиҳ бу дунёдан Унга тегишли одамларни олиш учун Ўзини гуноҳ учун қурбонлик сифатида топширди (Галатияликларга 1:4). Исонинг хочида одамнинг ўзи, унинг дини ва бу дунё тизими маҳкум бўлган. Шунинг учун, табиий туғилиш орқали дунёга келган инсоннинг Худога дин орқали манзур бўлиши учун қилган ҳар қандай ҳаракати исёндир; бу эса одамнинг энг катта гуноҳидир. Аслида, одамнинг қилган ҳаракатлари мана шу “ёвуз дунёнинг” кучи, энергиясидир, Масиҳ эса бизни айнан шундай дунёдан қутқариб чиқади.
Павлус Галатиядаги масиҳийлар жамоатларининг асосчиси эди; бироқ Раббимиз уни бошқа жойларга хизмат қилиш учун олиб кетганидан кейин, айрим соҳта ўқитувчилар шу жамоатларга суқулиб кириб, ҳаворий Павлуснинг таълимоти ва шахсига қарши гаплар гапира бошлашади. Бунинг учун бу соҳта ўқитувчилар “ишлар” хушхабарини тарқата бошладилар.
Галатияликларга ёзган мактубида Павлус хат бошида уларга яхши ва мақтов сўзларини ёзмаган, лекин бошқаларга ёзган мактубларда одатда Павлус шундай мақтов сўзларини ёзар эди. Бу мактуб бошида эса у қаттиқ ҳайрон қолганини айтади. Раббимизни қабул қилган, Павлус орқали имонга келган бу одамлар қандай қилиб жуда тез орада бузуқ хушхабарга берилиб кетган бўлса? Шуни айтиш керакки, Хушхабарни рад этиш шайтоннинг мақсадига кирмайди, чунки у бундай қила олмайди, шунинг учун у Хушхабарни бузишга ҳаракат қилади.
Исонинг хочда қилган ишини тан олмайдиган ҳар қандай хабар, очиқ ва ойдин қилиб айтганда, “бошқа хушхабардир”; аниқроқ қилиб айтсак “бошқа хушхабар” йўқ, чунки бундай бузуқ хушхабар ҳеч кимга ёрдам бера олмайди. Исо Масиҳ ва Унинг хочда қилган иши ҳақидаги Хушхабардан ташқари ҳамма бошқа хабарлар “Масиҳ Хушхабарининг” бузулган шаклидир. Шуни аниқлиқ билан айтамизки, бундай “бузуқ хушхабар” ҳеч кимни қутқармайди, шифо бермайди, озод қилмайди ва ҳеч қандай ижобий натижаларни бермайди. Аслида, бундай хушхабар инсонни қулликка ва ёлғонга янада чуқурроқ ботиради. Бузуқ хушхабарда қутқарилиш йўқ; бузуқ хушхабарда куч-қудрат йўқ; бузуқ хушхабарда нажот олиш йўқдир! Бузуқ хушхабарда бор бўлган бирдан-бир нарса кулфатдир, шунинг учун ҳаворий “Фақат баъзилар сизларни чалғитмоқчи,” дейди. Бундай чалғитиш чиндан ҳам катта кулфатга етаклайди.
Менинг фикримча, реформация давридан то ҳозирги кунгача бўлган вақтда масиҳийлар жамоатининг руҳий аҳволи анча ачинарлидир. Албатта, айрим жамоатлар илгаригиларига қараганда жуда бой ва бадавлат бўлиши мумкин, ҳамда улар қаторида кўпроқ одамлар бор бўлиши мумкин; бироқ Исо айтганидек: “Сен: „Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ”, – дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан!” (Ваҳий 3:17).
Агар қандайдир хабар ўзини Инжил Хушхабари деб айтсаю, лекин унинг асосида фақатгина Исо хочи таълимоти ётмаса, унда бундай хабар “бузуқ хушхабардир”. Дунёда эса бундай “хушхабарлар” жуда кўпайиб кетган.
Йигирманчи асрнинг охирларида “охирги ёмғир” деб аталадиган Муқаддас Руҳнинг ёғиши бошланган эди. “Илк ёмғир” эса илк масиҳийлар жамоати даврида содир бўлган эди, бу ҳақда Ҳаворийлар фаолияти китобида ёзилган. Бу иккала ёмғир ҳақида Йўэл пайғамбар каромат қилган эди (Йўэл 2:23). Деярли ҳамма масиҳий мазҳаблари бу охирги ёмғирни тан олмайди. Бунинг натижасида, уларнинг айримлари Муқаддас Руҳсиз Исо хочи таълимотини ўқитишга ҳаракат қилдилар, бироқ бу билан улар “бузуқ хушхабарни” эълон қиляпган эдилар, Раббимиз эса буни ҳеч қачон қабул қилмайди. Натижада улар эндиликда, хочни ҳам Муқаддас Руҳни ҳам тарғиб қилмайдилар.
Мана шу охирги ёмғир натижасида пайдо бўлган “тўлиқ Хушхабар” жамоатлари эса хочни эълон қилмасдан, фақат Муқаддас Руҳ ҳақида ваъз қилишга ҳаракат қилдилар. Бундан олдинга усул етарли бўлмаганлиги каби, бу усул ҳам етарли эмас эди. Эндиликда эса, кўпчилик тўлиқ Хушхабар жамоатлари хочни ҳам, Муқаддас Руҳни ҳам ваъз қилмаяптилар. Исо Масиҳ хочи хабари ва Муқаддас Руҳ шунчалик бир-бири билан бирлашиб кетганки, улар иккаласини ажратишнинг иложи умуман йўқ (Ваҳий 5:6; Юҳанно 7:37-39).
Юқорида айтилган вазиятнинг ёмон томони шуки, айрим истисноларни эътиборга олмаса, деярли барча жамоатлардаги айтилган хабарлар “бузуқ хушхабар”ни ташкил қилади. Исо бу ҳақда башорат қилган эди: “Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон топармикин?” (Луқо 18:8). Юнон тилидаги матнда “имон” сўзи олдида аниқ артикл бор бўлиб, бу нажот берувчи ягона имон ёки ишончга ишора қилади. Исо бу ерда айтган имон, ҳаворий Павлус 2-Коринфликларга 13:5-оятда ёзган имон билан бир хилдир. Бу ишонч хоч хабари билан чамбарчас боғлиқдир.
Ҳамма одам ўзига шундай савол бериши керак:
Мен ўша “имон”даманми ёки мен “бошқа хушхабарни” қабул қилдимми?

2008-10-04

Худо Каломини бузганлар ҳолига вой!

“Эй уламою фарзийлар, мунофиқлар! Осмон Шоҳлигини инсонларга бекитиб қўйганингиз учун ҳолингизга вой! Ўзларингиз ҳам унга кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларга ҳам йўл қўймаяпсизлар. Ҳой илонлар, заҳарли илон зотлари-ей! Жаҳаннам жазосидан қандай қилиб қутуларкансизлар?” (Матто 23:13, 33).

Бу бобда биз кўраяпган Исо хозирги кун жамоатларида айтилган ёки замона зайлида айтилган Исо эмас. Чунки бу бобдаги Исо ўша кундаги ваъзхонларга қаратиб саккиз марта “ҳолингизга вой” деб айтади. Жуда даҳшатли сўзлар билан уларни жаҳаннамга маҳкум қилди.
Биринчи ўн иккита оятларда Исо Ўз шогирдлари ва халойиққа қараб гапиради; қолган оятларда эса У уламолар ва фарзийларга қаратиб гапиради, қайсиким Исроилнинг ўша даврдаги диний раҳбарлар эди.
Улар “Мусо минбарида ўтирибдилар” дегани, улар Муқаддас Китобнинг расмий қўриқчилари ва ўқитувчилари дегани эди. Лекин бунинг ўрнига улар Худо Шоҳлигини ёпиб қўйиб, унинг калитини, яъни Муқаддас Китобни олиб қўйган эдилар, ҳолбуки улар оддий халққа Муқаддас Китобни бермасдан, ўз урф-одатлари билан уни бекор қилишган эди.
Ҳозирги кунда Муқаддас Китоб ҳужум остида, илгариги бунчалик қаттиқ ҳужум бўлмаган. Энди (айниқса ғарбий мамлакатларда) Китобни устидан кулибгина қолмай, балки одамлар уни бузишга ҳаракат қилишяпти. Кўплаб таржима деб аталмиш китоблар чоп этиляпти, бироқ улар аслида Каломни Худо атгандай эмас, балки матнни истаганларича ифодалаб, ўз фикрлари билан ёзяптилар. Бунинг натижасида кўпгина имонлилар (агар уларни умуман имонли, деб айтолсак) Худо Каломида аслида нима ёзилганини деярли билишмайди.
Худо Каломини бузяпган одамларга қаратиб “илонлар”, “мунофиқлар ёки икки-юзламачилар” ва “қора илон” дейиш мос бўлармикан?
Шу бобнинг ўттиз еттинчи оятида ёзилган сўзлар қанчалик ҳисс-туйғулидир! Исроил Худоси Ўз маъбадида турибди. У бирданига мана шу кўр ва нопок мунофиқлардан юзини ўгиради. Унинг юзи ва кўзларида ёниб турган гуноҳсиз ғазаб бирданига ҳасрат ва шафқатга айланади. Шунда У қўлларини ёнга чўзиб, Унинг тўғрисида чўзилиб ётган шаҳарга қарайди ва “О, Қуддус, Қуддус! .. Мен ҳам сенинг болаларингни неча бор шундай тўпламоқчи бўлдим,” деб хитоб қилади.
Кейин яна бир бор фарзийларга қаратиб, “Мана, сизнинг уй-жойингиз ҳувиллаб қолади” дейди-ю, шу билан маъбаддан чиқиб кетади.
Одамлар маъбаддан оддий бир одам чиқиб кетганини кўрдилар, лекин фаришталар шуҳратли Худони ва Худо шуҳратини маъабаддан чиқиб кетганини кўрдилар. Худо шуҳрати Сулаймон маъбади ичида бўлар эди; лекин иккинчи маъабдда шуҳратли Худонинг Ўзи маъбадда яшар эди, бу ҳақда Ҳаггай пайғамбар башорат қилган эди!

Сиз-чи, сиз нимани танлайсиз? Худо Каломини бузасизми ёки уни Худо айтганидай қабул қилиб, ўқийсизми?
Ўзингиз қарор қилинг, лекин мен Худо берган Муқаддас Китобга ишонаман ва у ерда ёзилган нарсалар асосида яшайман, бунда Худо менга қувват беряпти, шунинг учун Худога ҳамду-санолар бўлсин!