2010-01-18

Худовандга манзур бўлган қурбонлик

«Бир муддатдан кейин Қобил (ибронийча Қайин) ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди. Ҳобил ҳам қўйларининг каттасидан (ибронийчада: тўнғичини) қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Ҳобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрди. Аммо Қобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Қобил қаттиқ ранжиб, қовоғини солди». (Ибтидо 4:3-5)

Мана шу биринчи ака-ука, яъни Қобил (ибронийчасида Қайин) ва Ҳобил ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ эди, бироқ уларнинг қурбонликлари ўртасида ер билан осмон каби фарқ бор эди. Уларнинг иккаласи чириган дарахтнинг эгри шохлари эди, иккаласи ҳам Адан боғидан ташқарида туғилган, иккаласи ҳам айбдор, иккаласи ҳам гуноҳкор бўлиб, ораларида ҳеч қандай маънавий фарқ йўқ эди ва иккаласи ҳам ўлимга маҳкум эди.
Худо Ўзининг олдига одамлар қандай яқинлашишини бизга кўрсатади ва бу йўл “ишонч орқали” сўзлари билан ифодаланади (Ибронийларга 11:4). Ҳобил мана шу йўлни қабул қилган эди, Қобил эса ундан воз кечган эди.
Ҳобилнинг қурбонгоҳи бизга тавба қилиш, имон ва Худонинг беғубор Қўзиси бўлган Масиҳнинг қадрли қони ҳақида хитоб қилади. Қобилнинг қурбонгоҳи эса мағрурлик, ишончсизлик ва инсоний солиҳликни кўрсатади. Ҳобилнинг қурбонгоҳи Худо назарида чиройли бўлиб, одамлар назарига хунук бўлиб кўринади; Қобилнинг қурбонгоҳи эса инсон назарида чиройли бўлиб, Худо унга ҳатто қарагиси келмайди.
Бугунги кунда ҳам мана шу иккита қурбонгоҳлар мавжуд. Уларнинг бири атрофида, яъни Масиҳ ва Унинг нажоткорлик иши атрофида кам одам йиғилган; иккинчиси атрофида эса кўплар йиғилган. Худо қурбон бўлган қўзини қабул қилади ва ҳадя қилинган меваларни рад этади; ҳадя ёки қурбонлик рад этилгани учун, қурбонликни келтирган инсон ҳам рад этилиши лозим бўлади.
Биз шуни доим эсда сақлашимиз керакки, Худо ҳеч қачон гуноҳкорга қарамайди, чунки бундан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Худо аллақачон гуноҳкор киши нима эканлигини билади. Аксинча Худо қурбонликка қарайди, У қабул қиладиган ягона Қурбонлик эса Исо Масиҳнинг Қурбонлигидир! Ҳар қандай бошқа қурбонлик ва ҳадя ўша захотиёқ рад этилади!
Худога олиб борадиган ягона йўл Исо Масиҳдир (Юҳанно 14:6).
Исо Масиҳга олиб борадиган ягона йўл хочдир (Луқо 9:23).
Хочга олиб борадиган ягона йўл эса инсон ўзидан воз кечишидир (Луқо 9:23).

2010-01-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:11-12)

11-оят
“Бутрус Aнтиоxия шaҳригa келгaндa, унинг хaтолигини юзигa айтиб фош қилдим.”

Мана шу оятда Павлус хушхабарни ҳимоя қилганини кўрамиз. Бутрус Исо билан бирга юрган, биринчи бўлиб Исо Худонинг Ўғли эканлигини ваҳий орқали билиб айтган эди ва у Павлусдан каттароқ эди. Шу билан бирга Қуддус шахрида Бутрус жамоат устуни, деб ҳисобланар эди. Бу ерда эса Павлус унинг юзига қараб, у хато қилганини айтади. Павлус буни бошқа одамлар олдида қилади. Бу билан у Бутрусга қарши чиққан десак ҳам бўлади. Бунинг сабаби нима эди? Сабаби Бутрус айбли иш қилган эди, яъни у Худо иноятини тарк этиб, энди қонун бўйича яшай бошлаган эди. У айнан нима қилганини кейинги оятда кўрамиз.
Биринчи назардан у қилган иш бунчалик ёмон эмасдай кўриниши мумкин, бироқ Худо инояти нималигини билган масиҳий, аслида масала қанчалик жиддий эканлигини билади.
Бундан олдин Қуддусда Павлус Бутрус олдида у билан тенг ҳаворий сифатида турган эди, Бутрус уни ва унинг хабарини қабул қилади. Энди эса бу Антиохия шаҳрида Павлус Бутрусни тўғри йўлга соляпти, чунки у тўғри йўл бўлмиш Худо иноятидан оғиб кетяпган эди. Бундай дадиллик ва қудратни фақат Худонинг Ўзи беради, Муқаддас Руҳда яшаяпган масиҳий шундай ишларни қилиши мумкин. Башарий танада яшаяпган одам эса ҳеч бундай иш қилмаган бўларди. Башарий танада яшаяпган одам жим туриш керак бўлганда югуриб кетади, югуриш керак бўлганда жим туради, яъни турли вазиятларда нима қилиш кераклигини билмайди. Муқаддас Руҳда яшаяпган киши эса Руҳ беряпган истаклар ва турткилар асосида айни вазиятда айни нима қилиш керак бўлса, ўшани қилади ва доим Худога манзур бўлиб яшайди. Башарий танада одам эса ҳеч қачон Худога манзур бўла олмайди. Мана Павлус мисолида инсон обрўсига ва исмига қарамасдан Худо иродасини бажариш ва хушхабарни сақлашни кўрсак бўлади.


12-оят
“Чунки Қуддусдaн, Ёқубнинг ёнидaн бaъзи одaмлaр келишидaн aввaл Бутрус мaжусийлaр билaн биргa еб-ичиб юргaн эди. Aммо у одaмлaр келгaч, суннaтчилaрдaн xaвотирлaниб, ўзини четгa олди вa мaжусийлaр билaн aлоқaни узди.”

Мана бу оятда нима бўлганини кўрамиз. Демак Бутрус Антиохия шаҳрида яшаб юрган ва у ердаги жамоатда мажусийлар кўп бўлган. У Худо инояти нимадан иборатлигини биларди, чунки Худо унга мажусийлар ҳам Исо орқали нажот олиши мумкинлигини ваҳий орқали кўрсатган эди (Ҳаворийлар 10чи боб ва 11:1-18). Шунинг учун Бутрус бемалол мажусийлар билан овқатланиб юрар эди. Бироқ кейинчалик Қуддус шаҳридан, Ёқуб жамоатидан айрим яҳудийлар келади, улар Исони қабул қилган, фақат хали ҳам қонунни бажариш шарт, деб юрадиганлардан эди. Улар албатта Бутрус билан бирга юришади ва улардан қўрқиб Бутрус мажусийлар билан бирга ўтирмайдиган бўлиб, улар билан алоқани узади. Бутрус бундай қилишидан асосий сабаб инсондан қўрқиш эди.
Шу билан Бутрус Исо хочини тарк этяпган эди ва қонун асосида яшамоқчи бўляпган эди (чунки яҳудийлар қонунига асосан яҳудийлар мажусийлар билан яқин муносабатларда бўлмайди, улар бирга овқатланмайди, дўст тутинмайди ва ҳакозо). Мана шунинг ўзи Худога қарши қилинган энг катта гуноҳ ва жиноятдир. Чунки иноятдан юз ўгириб, қонунга қараяпган имонли киши, Исонинг хочда қилган иши етарли эмас, мен ўз кучим ва қилган ишларим билан Худо олдида оқланаман, деган бўлади. Бу албатта нотўғри фикр, ҳеч ким қилган ишлари билан Худо олдида оқлана олмайди. Биз фақат Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониш орқали Худо олдида оқланамиз, нажот оламиз ва муқаддасланамиз.
Бу оятдаги “суннатчилар” деган сўз аслида хатналик деб ёзилган, илгари айтганимиздек бу сўз билан Павлус яҳудийлар, яъни қонунга ёпишиб олганларини назарда тутади.
Шундай қилиб, биз ҳам бошқа одам қилган иши ва гапирган гапига қарамасдан, фақатгина Худо Каломи асосида яшашимиз керак. Бу ерда Бутрус яҳудийлардан қўрди, кейинга оят бўйича эса яна бошқа яҳудий имонлилар Бутрусга қараб унинг иккиюзламачилигига қўшиладилар. Кимдир келиб, мен ҳаворийман, ёки яна нимадир айтиб, Каломга тескари нарсаларин айтса ва қилса, биз унинг гапига эмас, балки Худо Каломига эътибор бершимиз керак. Албатта агар биз Худо иноятини билсак ва Руҳда яшаяпган бўлсак, биз дарров кимдир соҳта нарсаларни гапирганини сезамиз. Бунда бизган Худо Каломини билишимиз ва Муқаддас Руҳга сезгир бўлишимиз ёрдам беради. Яъни Муқаддас Калом ва Муқаддас Руҳ бизни ҳар қандай ёлғондан ва нотўғри йўлдан сақлайди. Биз фақат шу иноят хабарини яхшилаб билишимиз ва ҳаётимизда татбиқ этишимиз керак. Шу хабарни ўзимиз билиб олгандан кейин, албатта бошқаларга ҳам уни айтишимиз керак. Агар бошқаларга тушунтиришга қийналсангиз, уларга шу саҳифа манзилини беринг ва улар ўзлари ўқиб ўрганиб олишлари мумкин бўлади.

2010-01-02

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:9-10)

9-оят

"Шундaй қилиб, имонлилaр жaмоaтининг устунлaри ҳисоблaнгaн Ёқуб, Кифa вa Юҳaнно Xудо менгa бу иш учун aлоҳидa иноят бергaнигa ишонч ҳосил қилдилaр. Улaр биз мaжусийлaрнинг олдигa кетaйлик, қолгaнлaр эсa aҳли суннaтнинг олдигa кетсин, деб келишдилaр вa мен билaн Бaрнaбогa бирдaмлик қўлини бердилaр".


Бу оятдаги Ёқуб – Исо Масиҳнинг укаси, яъни Марям ва Юсуфнинг ўғли бўлиб, у илгари Исога ишонмас эди, лекин Исонинг қайта тирилишидан кейин ишониб, эндиликда у Қуддусдаги жамоат чўпони эди. Демак шу Ёқуб билан Кифа (яъни Бутрус) ва Юҳанно Қуддус жамоатининг устунлари, яъни кўчма манода устун – жамоатни кўтариб турадиган одамлар, деган маънони билдирарди. Яна аниқроқ қилиб айтсак, ўша пайтдаги масиҳийлар шу учта одамни жамоат устуни, деб билишар ва айтишар эди.

Шу уччаласи жамоат устини деб ҳисобланар эди. Улар Павлусга берилган иноятни (яъни иноят хабарини) кўришди ва Павлус билан Барнабога бирдамлик ўнг қўлларини бердилар. Яъни шу билан улар иноят хабарини қабул қилиб, уни тўғри деб тан олдилар ва энди Павлус ва Барнабо билан муносабатда бўлишга рози бўлдилар.

Юнон тилидаги матнда “бу иш учун алоҳида” деган сўзлар йўқ, у ерда “менга берилган иноятни кўрганларида” дейилган. Яъни Худо айнан Павлусга иноят хабарини берганди, шунга эътибор беришимиз керак. Чунки Павлусга қадар Худо хали ҳеч кимга иноят хабарини (Янги Аҳд мағзини) очмаган эди. Павлус бу хабарни барча мактубларида ёзган, буларни ўқиб, Руҳдан донолик сўраган масиҳийлар уни тушуниб оладилар ва ўз ҳаётларида татбиқ этадилар.

Энди Павлус ва Барнабо мажусийларга (яҳудий бўлмаган одамларга) шу хабарни айтишсин; Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно эса яҳудийларга хушхабарни айтишади, деб сўзлашиб олишади. Матнда ўзбекчага “aҳли суннaт” деб таржима қилинган сўзлар юнончада кўчма маънода “хатналикларга” деб ёзилган. Аслида бу ерда яҳудийларнинг қонун буйича хатна қилишлари ҳақида гап кетади, Павлус шу “хатналик” сўзи билан яҳудийларни назарда тутяпти. Суннат қилиш ёки суннат бўлиш деган фикр эса ислом динида бор, унинг маъноси киши Муҳаммад қилган ишлар ва одатларга эргашиши дегандир, бироқ биз масиҳийлар бундай маънода хатна қилиш ва хатналикни тушунмаслигимиз керак. Биз кўп ҳолларда бир хил сўзлар ва ибораларни ишлатсакда, бошқа одамлар тушунгандай ёки тушунтиргандай эмас, балки ўша сўзлар Муқаддас Калом бўйича қандай маънодга эга эканлигини аниқ билиб олишимиз керак ва ўшанда Каломдаги оятлар қандай маънода ёзилганлигини аниқроқ бўлади. Албатта бунда бизга Муқаддас Руҳ кўмаги керак бўлади.

Бирдамлик ўнг қўлини бердилар: яъни улар Павлус билан Барнабони ҳам ўзлари каби Худо ҳаворийлари, деб тан олишади, ҳамда улар Павлус воизлик қилган иноят хабарини Худодан деб тан олишди. Шу билан Павлусга ва унинг хабарига қарши чиққанлар овози ёпилди. Чунки ўша пайтда айрим одамлар Мусо қонунини бажариш шарт, деб айтишар эди, яна айримлари эса Павлус воиз қилган иноят хабарига қарши чиқиб, уни чин ҳаворий эмас, дердилар. Бироқ Қуддусда шундай воқеа бўлганидан кейин, бошқа ҳаворийлар Павлусни ҳаворий деб қабул қилишди, ҳамда унинг иноят хабарини ҳам тан олишди, шу билан бошқаларни алдамоқчи бўлган одамлар фош бўлди.


10-оят

"Улaр фaқaт биз кaмбaғaллaрни эсдaн чиқaрмaслигимизни илтимос қилдилaр, буни шaxсaн мен бaжо келтиришгa жон куйдирдим".

Камбағалларни эсдан чиқармаслик – бу ерда асосан Қуддусдаги камбағал масиҳийлар назарда тутилган бўлиши керак, чунки Павлуснинг мактубларидан шуни кўрамизки у ҳамма одамларга яхшилик қилинг, бироқ биринчи бўлиб имонлиларга ёки масиҳийларга ёрдам беринг, дейди (Галатияликларга 6:10). Яна Павлус айнан Қуддусдаги масиҳийлар учун ёрдам сўраб, бошқа шаҳарлардаги жамоатлардан маблағ йиғади (Римликларга 15:25-33; 2 Коринфликларга 9:1-15).

Шу билан Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно Павлуснинг хабарини тан олишди, чунки улар иноят хабарига ҳеч нарса қўшмадилар, ҳеч нарса ундан олиб ташламадилар ва уни ўзгартирмадилар. Камбағаллар ҳақида айтилган масала эса, таълимотга тегишли эмас, балки ёрдам сўраш сифатида тушунилиши керак.

Павлус эса аллақачон шундай ҳам қилиб келаётган эди, яъни у Худо эзгулигини таътиган ва иноятда яшаётган одам сифатида Худо иродасини билиб, ён-атрофидаги одамларга ҳам руҳий, ҳам моддий тарафдан ёрдам бериб келяпган эди. Шу сўзлардан кейин ҳам Павлус юқорида кўрсатганимиздек Қуддусдаги камбағал масиҳийларга ёрдам бера бошлайди.

Биз ҳам Худо инояти ҳақидаги хабарни ҳеч қачон ва ҳеч қандай тарзда ўзгартирмаслигимиз керак. Биз доим Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратиб яшашимиз лозим. Бу ягона йўл, Исодан ва Унинг хочидан назарни олиб қочиш натижасида инсон иноятдан йиқилади ва имони чўка бошлайди.

Фақат яна ишончни Исога ва Унинг хочига қаратиш орқали, бундай инсон иноята қайтиб келиши мумкин ва яна Муқаддас Руҳда яшай бошлаши мумкин.

Шундай қилиб, Галатияликларга 1:17-2:10 оятларда Павлус қандай қилиб Худо унга иноят хабарини берганлигини, бу хабарга айримлар қаршилик қилгани, бироқ Қуддусдаги ҳаворийлар бу хабарни тўлиқлигича қабул қилганлари ҳақида гапиради. Шу билан Худо чиндан ҳам унга шу хабарни берганлиги ва Худога эргашган одам бу хабар Худодан эканлигини билишини кўрсатади.

Худо айнан Павлусга Янги Аҳд мағзини (иноят хабари, хоч хабарини) берганлигини ва у шу хабарни ҳимоя қилиши кераклигини мана бу оятлардан кўрамиз: Галатияликларга 1:11-12, 15-16; Филиппиликларга 1:7, 17. Кейинги оятларда эса Павлус шу хабарни ҳимоя қилганлигини кўрамиз.