2007-08-29

Исо Масиҳ ягона Нажоткор!

Галатияликларга мактубдан парча

Иноят хабари

1-Коринфликларга 1:17-18 “Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин. Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир.”

Масиҳийлар учун иноят сўзи Худо Ўзининг эзгулиги билан инсонга нажот топиш ва муқаддас бўлишда кўрсатган ёрдамини билдиради. Яъни биз бу ерда Худонинг инояти ҳақида гапиряпмиз. Муқаддас Каломда ёзилишича инсон нажот топиши ва муқаддас бўлиши учун Исо Масиҳга, У гуноҳ учун хочда ўлиб, кўмилиб, қайта тирилганига ишониши керак.

Юҳанно 1:12 “Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди.”

Ана шунда Муқаддас Руҳ шу кишини поклайди, гуноҳларидан тозалайди, унга солиҳлик беради ва Исо Масиҳ танаси бўлмиш масиҳийлар жамоатига қўшиб қўяди. Бундан ташқари шу кишининг нажот топишида яна бошқа жараёнлар содир бўлади; буларнинг ҳаммаси ҳақида ҳозир сўзлашмаймиз. Кейин Муқаддас Руҳ шу янги имонли ҳаётида Ўз куч-қудрати билан ҳаракат қила бошлайди. Мана шу ерда биз қичқача иноят билан яшаш нималигини сизга кўрсатдик. Киши иноят билан яшашни бошлаши ва давом қилиши учун у Исо Масиҳга ишониши керак.

Лекин бу ишонч оддий ишонч эмас, юқорида айтганимиздек, инсон Исо Масиҳ хочда унинг гуноҳлари учун қурбонлик сифатида ўлгани, қабрга кўмилгани, учинчи куни қайта тирилгани ва осмонга кўтарилиб кетганиги ишониши керак. Чунки айни хочда Исо шайтон, гуноҳ ва ўлим устидан ғалаба қозонган эди. Биз эса шунга ишониш орқали Масиҳ билан бир бўламиз ва У билан шайтон ва гуноҳ устидан ғалабага эришамиз.

Айнан мана шу йўсинда Павлус шундай ёзади – 1-Коринфликларга 1:1-3 “Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлишга чорланган мен, Павлус ила биродаримиз Состендан Коринф шаҳридаги Худонинг жамоатига салом! Исо Масиҳ орқали муқаддас қилинган ва муқаддас бўлишга чорланган сизларга, шунингдек, ҳаммамизнинг Раббимиз бўлган Исо Масиҳнинг исмини ҳар ерда тилга олувчиларнинг ҳаммасига Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.”

Иноятдан қандай манфаат келади? Худодан имонли кишига бериладиган ҳар қандай яхши нарса имон орқали берилади. Инжил хушхабарининг мағзи ҳам шундан иборат, яъни Худо биз учун тайёрлаб қўйган нарсага ишонсак, ўшанда Худо бизга ўша нарсаларни инояти билан беради. Мана шу иноят фойдаси ёки манфаати ҳақида Павлус шундай деб ёзади:

1-Коринфликларга 1:4-9 “Исо Масиҳ орқали сизларга берилган Худо инояти учун сиз ҳақингизда Худойимга тинмай шукроналар айтаман. Масиҳнинг пайғоми орангизда кенг ўрин олмоқда. У туфайли сизлар ҳар қандай каломда моҳир, билимда бой бўлдингизлар. Раббимиз Исо Масиҳнинг кўкдан намоён бўлишини кутар экансизлар, Муқаддас Руҳнинг инъомидан ҳеч бир кам-кўстингиз йўқ. Раббимиз Исо Масиҳ қайтадиган кунида қусурсиз бўлмоғингиз учун, У сизларни охиригача қўллаб-қувватлайди. Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқотга чақирган Худо садоқатлидир.”

Коринф ўша даврда Грециянинг катта шаҳри бўлиб, у ерда савдо-сотиқ жуда ривожланган эди. Шу билан бирга бу шаҳарда ҳашаматли бинолар, бутхоналар, қасрлар, театрлар бор эди; яна юнон афсоналаридаги турли худоларга ҳайкаллар солинган эди – масалан Венера, қуёш, Нептун, Юпитер ва бошқалар. Бу ердаги бутхоналарда фоҳишалар бўлиб, кўп одамларни ўзларига жалб қилар эдилар, бу эса ўз навбатида шаҳарга кўп пул келтирар эди. Одамлар шу каби ишлар орқали бойиб кетиб, бузуқ бўлиб қолган эдилар. Коринф шаҳри ўша даврларда қандайлигини билишимиз шу мактубни тўғри тушунишимизга ёрдам беради.

Коринф шундай ёмонликка тўла шаҳар бўлишига қарамасдан Павлус у ерга бориб, Инжил хушхабарини ваъз қилади ва шунинг натижасида масиҳийлар жамоатига асос солади. Павлус уларга Исо Масиҳга ва У қилган ишга ишониш орқали нажот топиш ва муқаддас бўлиш ҳақида сўзлайди; улар эса шу хабарга ишониб имонга келадилар. Павлус бу шаҳарда икки йил атрофида хизмат қилади ва кейин бошқа жойларга кетади. Шу пайтда бошқа сохта ваъзхонлар келиб, уларни йўлдан оздира бошлайдилар ва коринфдаги имонлилар уларнинг гапига қулоқ солиб имондан оғиб кета бошлайдилар. Шунинг учун Павлус шу мактубни ёзади.

1-Коринфликларга 1:10-ятда Павлус шундай дейди: “Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизлардан ёлвориб сўрайманки, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-хаёлда тамомила якдил бўлинглар.”

Аслида юнон матнида “ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар” дейилган жойида ҳаммангиз битта нарсани гапиринг дейилган. Яъни ҳаммангиз битта хабарга ишонинг ва шу хабар хақида гапиринг, уни ваъз қилинг дегани. Якдил дегани шудир – битта хабар, яъни иноят ёки хоч хабарига ишониш ва ҳамма шу хабарни тарғиб қилишидир. Лекин бу жамоатда якдиллик йўқ эди, бунинг ўрнига уларда низолар ва жанжаллар содир бўлар эди.

Одам нажот топиши учун Масиҳ хочига келиши керак (яъни Исо Масиҳ шу хочда қилган ишига ишониши керак), имонга келгандан кейин ҳам инсон ишончи шу хочга қаратилган бўлиши керак. Чунки шу хоч орқали Худо бизга ҳамма нарсани беради; хоч хабари орқали Худо инояти бизга берилади. Бироқ киши ишончини хочдан бошқа нарса ёки кимсаларга қаратадиган бўлса, иноят оқими тўхтаб қолади ва киши мағлубиятга учрайди.

Павлус бу ҳақда шундай дейди: Зеро, биродарларим, сизларнинг орангизда жанжал борлигини Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди. Мен шуни назарда тутяпманки, орангизда: «Мен Павлус умматиман», «Мен Аполлос умматиман», «Мен Кифа умматиман», «Мен Масиҳ умматиман», деган гаплар юрар экан.” 1-Коринфликларга 1:11-12

Айримлар қандайдир шахсга ёки нарсага ишонадилар, масалан инсонга (ваъзхон, жамоат чўпони), жамоатга. Лекин инсон ёки жамоат Худонинг ва хоч хабарининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳар бир киши кўзи ва ишончи хочда бўлиши учун ўзи курашиши керак. Коринфликлар эса хоч хабарини ташлаб кетдилар, бунинг далили яққол уларнинг гапларида кўриниб турибди: мен Аполлосга тегишлиман, мен эса Павлусга тегишлиман, деган гаплар.

Имонли киши тўғри хабарга ишониши орқали хоч ва иноятдан фойдалана олади. Айрим кишилардан нимага масиҳийлар жамоатига борасиз деб сўрасангиз, улар мен баптистман ёки харизматман, деб жавоб беришади. Лекин бу жавоб нотўғри. Тўғри жавоб бундай: мен Исо Масиҳга ишонганим учун ва масиҳий бўлганим учун жамоатга бораман деб айтиш ва ўйлаш керак.

Шу имон оддийлигини сақлаб қолиш учун курашиш керак. Сиз кучингиз қаерда асосланганини гапирганингизда имонингиз хоч хабарида ёки бошқа нарсаларда эканлигини билдириб қўясиз.

Худо сизнинг қилган ишингиз учун ҳақ тўламайди; шундай қилсам Худо менга ҳақ тўлайди, деган нарса дин дейилади. Биз эса тирик ва ҳақ Худо билан муносабатда бўлиш ҳақида гапиряпмиз. Сиз Исо Масиҳ номида сувда чўмдирилганингизда Унинг қудрати ва ҳукмдорлиги остида бўлиб қолдингиз. Имонга келган одамларни қандай қилиб сувда чўмдириш кераклиги Матто ёзган хушхабарда келтирилган:

Матто 28:18-20 “Исо уларга яқинлашиб, шундай деди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир. Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан».”

Киши Исо Масиҳга ишониб имонга келганидан кейин, кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, тез орада уни сувда чўмдириш мумкин. Чунки сувда чўмдириш аллақачон руҳий дунёда содир бўлган нарсаларнинг (яъни Исо билан ўлиб, кўмилиш ва қайта тирилиш) рамзидир холос. Инсон Масиҳни қабул қилганида у Исо билан бирга ўлади, кўмилади ва қайта тирилади, шу билан киши Масиҳга чўмдирилади.

Қутлуғ кеча ҳам рамзий маросим бўлиб, унда биз Исо нима учун ўлганини эслаймиз. Одамларни фақат Худованд қутқариши ва гуноҳдан озод қилиши мумкин, бизнинг вазифамиз эса уларга таълим беришдир. Инсон имонга келганида ва ундан кейин нималар содир бўлганини Муқаддас Каломдан таълим бериб ўргатишимиз керак. Биз нажот берадиган иноят хабарини бошқаларга айтишимиз керак холос.

Исо нима қилишимиз кераклигини кўрсатиб кетган. Юҳанно 11-бобда Исонинг дўсти Лазар ўлиб қолади, лекин бир-неча кундан кейин келган Исо уни ўлимдан қайта тирилтиради. Ўшанда шундай ҳодиса рўй беради:

Юҳанно 11:43-44 “Шундай деди-ю, [Исо] баланд овоз билан хитоб қилди: – Лазар, ташқарига чиқ! Шу пайт қўлу оёқлари дока билан боғланган, юзи рўмол билан ўралган жасад чиқиб келди. – Уни ечинтириб, қўйинглар, кетаверсин, – деди Исо одамларга.”

Яъни Исо Масиҳ ўз гуноҳларида ўлган одамларни янги ҳаёт учун қайта тирилтиради, лекин улар Лазарга ўхшаб қўллари ва оёқлари бойланган ҳамда бетлари ёпилган бўладилар, шунинг учун биз уларни бўшатишимиз керак. Бошқача қилиб айтганда биз имонга келган одамларга Исо Масиҳдаги озодлик ҳақида таълим беришимиз керак. Худованд имонга келганларга янги ҳаёт беради, биз эса шуни ваъз қилишимиз керак.

Мен кўп одамларни сувда чўмдирмаганман, дейди Павлус. Чунки Масиҳ уни сувда чўмдириш учун юбормаган эди. Инжил хушхабари, иноят хабарини ваъз қилиш энг муҳим вазифадир, чунки ваъз қилиш орқали Худо одамларни нажотга олиб келади.

1-Коринфликларга 17-18 “Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин. Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир.”

Инжил хушхабарини тарғиб қилиш, яъни иноят хабарини ваъз қилиш – Худонинг қудратидир. Биз ваъз қилганимизда Худо Ўз куч-қудрати билан одамларни Ўзига жалб қила бошлайди ва уларга қутқарилишни таклиф этади ва ниҳоят Уни қабул қилганларга нажот беради. Шунинг учун ваъз қилишни тўхтатманг, бу ишни қилишда давом этинг.

Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти, Отамиз Худонинг севгиси ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳаммангизга ёр бўлсин! Омин.

Хоч ҳақида хабар

Худога шукур бўлсин, энди видео чиқаришимиз мумкин экан.
Мана биринчиси кўриб чиқинг, сизга ёқади деган умиддамиз.

2007-08-25

Иноят нима?

Худо инояти нолойиқ имонли киши учун кўрсатилган Худонинг эзгулиги, яхшилигидир. Бу шунчалар осон. Лекин бундан ташқари биз иноят ҳақида яна бошқа айрим нарсаларни билиб олишимиз керак.

  1. Ҳозирги кунда биз Иноят даврида яшаяпмиз, бироқ бу энди иноят автоматик равишда ҳаммага тегишли дегани эмас. Чиндан ҳам иноят автоматик ёки оммабоп эмас; бу ҳақда Галатияликларга 2:21; 5:2, 4-оятларда ўқисак бўлади.
  2. Ҳозирги кунда ҳам бир неча минг йил илгари каби Худо бир хил иноятлидир. Бироқ, ҳозир хочда содир бўлган иш орқали У инсонларга нисбатан кўпроқ иноят бера олади (Колосаликларга 2:14-15).
  3. Шундай қилиб хоч (у ердаги иш каромати билан) воситаси билан имонли одамларга иноят берилади, тарқатилади (Римликларга 6:3-5; 1-Коринфликларга 1:17-18, 23; 2:2)
  4. Худонинг инояти имонли кишига тўхтамасдан келиб туриши учун имонли ишончини фақатгина Масиҳга ва У хочда биз учун қилган ишига қаратиши керак. Агар ишончимиз бўлиниб, бошқа нарсаларга қаратиладиган бўлса, бунинг натижасида иноят четга ташланган, инкор этилган бўлади, ҳамда оқибати ижобий эмас, балки доим салбий бўлади.

Формула

Қонун ва иноят ўртасида фарқни қуйидаги формула орқали яхшироқ тушунсак бўлади. Катта эътибор билан кўриб чиқинг.

  • ФОКУС: Раббимиз Исо Масиҳ (Юҳанно 14:6).
  • ИШОНЧ НИМАГА ҚАРАТИЛГАН: Исо Масиҳ хочи (Римликларга 6:3-5).
  • КУЧ-ҚУДРАТ МАНБАЪИ: Муқаддас Руҳ (Римликларга 8:1-2, 11).
  • НАТИЖАСИ: Ғалаба (Римликларга 6:14).

Энди эса худди шу формуланинг аксига эътибор беринг.

  • ФОКУС: ишлар (Эфесликларга 2:8-9).
  • ИШОНЧ НИМАГА ҚАРАТИЛГАН: ижро, бажариш (Римликларга 7:9).
  • КУЧ-ҚУДРАТ МАНБАЪИ: шахснинг ўзи (Луқо 9:23).
  • НАТИЖАСИ: мағлубият (Галаталикларга 5:4).

2007-08-12

Исонинг келиши

Исо Масиҳнинг келиши қандай бўлади? Ўшанда ҳеч кимда У Раббий эканлигига шубҳа умуман бўлмайди.

2007-08-10

Қонунга алоқасиз солиҳлик

Римликларга 3:21 “Энди эса, Қонунга алоқасиз равишда Худо талаб қилган солиҳликка эришиш йўли аниқ-равшан кўринмоқда, бунга Таврот ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадилар.”

Ҳар бир масиҳий имонли Исо Масиҳ билан чуқур муносабатларни бошидан кечирмоқчи бўлса, у авваламбор қонунга алоқасиз бўлган солиҳлик нималигини тушиниб билиши керак. Юқорида келтирилган оятни Павлуснинг Римдаги жамоатга ёзган мактубида топса бўлади. Ушбу мактубда масиҳий одам ҳаёти ва кечинмалари тўлиқлигича кўрсатилган. Албатта Павлус Муқаддас Руҳ илҳоми билан шу сўзларни ёзган, шунинг учун шу сўзларнинг маъносини тушунишимиз шарт. Бу гап оддий туюлиши мумкин, лекин бу тушунчанинг маъносини тўлиқ англаб етиш жуда қийин. Қийин бўлгани учун ҳозирда кўпгина имонлилар бу гапнинг маъносини тушунмайдилар. Нима, энди Худованд Ўзининг маънавий қонунидан воз кечмоқчими? Нима, Худо энди имонли кишини солиҳ ва муқаддас ҳаёт кечириш масъулиятидан озод қилдими? Юқоридаги гап шундай маънони билдирадими? Бунинг жавоби: Павлус Римликларга 6-бобда айтганидек “Асло!” Қонунга алоқасиз солиҳлик деган ибора, имонли солиҳлик ва муқаддаслик даражасига етиши учун Худо ўрнатган жараённи билдиради; бу ибора шундай даражага етиш кераклигидан тониш эмас.

Хўш, киши қандай қилиб қонунга алоқасиз равишда солиҳ бўла олар экан? Келинг, бу саволга жавобни топиш учун учун Муқаддас Каломдаги оятга муражаат қилайлик.

Қонун нажот бера олмайди ва муқаддас қила олмайди ҳам

Биринчи навбатда имонли киши қонун нима мақсадда берилганлигини тушуниши керак. Худо маънавий (аҳлоқий) қонунининг аксарияти Тавротда, яъни Муқаддас Каломнинг дастлабки бешта китобида ёзилган. Худо маънавий қонунининг энг асосийлари албатта Ўнта Амр эди. Қонуннинг энг асосий мақсадларидан бири инсонга унинг гуноҳкорлигини ва у қонунни бажаришга ожиз эканлигини кўрсатиш эди. Бу дегани инсон қонунни назар-писанд қилмаслиги мумкин дегани эмас; аксинча қонун орқали инсон қонунни бажара олмаслигини билиб олди. Мана шу сабабга кўра Эски Аҳднинг Левийлар китобида ёзилган қурбонликлар тизими ҳам берилган эди. Булар ҳаммасининг маъноси – Худованд инсондан у бажара олмайдиган нарсаларни талаб қилиши эди. Худо ҳақ ва одил бўлгани учун инсон ожизлигини тузатиш чорасини, яъни қурбонликни берди. Демак, қонун нажот бериш учун берилмаган эди, аксинча у ҳақда Павел Галаталикларга 3:24-оятда шундай деб ёзади: “Қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз бўлган”. Эски замонда инсонлар қурбонликларни имон (ишонч) билан қабул қилганларидек, ҳозирги кунда ҳам Масиҳнинг қурбонлиги ишонч билан қабул қилиниши керак. “Зотан Қонун амрларини бажо қилиш билан ҳеч кимса Худо олдида ўзини оқлай олмайди” (Римликларга 3:20).
Демак, Худо талаб қилаётган солиҳликка биз қандайдир қонун ёки қонунларни бажариш билан ҳеч қачон эриша олмаслигимиз аён бўлди. Шунинг учун солиҳликка эришишнинг мутлақ бошқа йўли ўрнатилиши ва очиб берилиши керак бўлиб қолди. Мана шу сабаб билан Худованд юрагимизда солиҳликни ўрнатиш учун имон (ишонч) йўлини танлади; яъни ишонч орқали Худо талаб қилган солоиҳлик юрагимизда ҳуқуқий ва амалий маънода ўрнатилади.

Имон қонуни

Худонинг солиҳликка бошлайдиган йўли ишонч йўлидир. Ишонган гуноҳкор киши ўзининг ишончини Худонинг Қутқариш режасига қаратади, Раббимиз бунинг натижасида шу кишини солиҳ деб ҳисоблайди. Фақат Исо Масиҳ туғилишидан то ўлимига қадар Худо қонунини тўлиқлигича бажара олди. Ишонган гуноҳкор киши Масиҳга чиндан ҳам имон қўйгандан кейин кечирилади ва ўша заҳотиёқ Масиҳга чўмдирилади (руҳий бирлашмага қўшилади). Энди Масиҳнинг комил ҳаёти шу имонлининг ҳаёти бўлиб қолади. Мана шу қонунга алоқасиз равишда солиҳликнинг биринчи босқичидир. Биз битта ҳам қонун амрини бажармасак ҳамда кўпгина амрларни бузган бўлсак ҳам, Масиҳ билан бирлашганимиз натижасида Худованд бизга солиҳликни беради.
Иккинчидан, шу солиҳлик иккинчи томондан ҳаракат қила бошлайди. Яъни солиҳлик ҳаётимизда ўз ишини амалга ошира бошлайди ва бу бизнинг хатти-ҳаракатларимиз, фикрларимиз ва ишларимизда намоён бўла бошлайди. Яна қайтариб айтамизки, бундай амалий солиҳликка ўсиш жараёни фақат ишонч орқали содир бўлади. Имонли киши доимий равишда Масиҳнинг битирган ишига ишонса, яъни шу иш орқали Муқаддас Руҳ қудрати ва таъсири имонли кишида намоён бўлишига ишонса, Худо доимий равишда имонлининг ҳаётида солиҳликни ривожлантира боради. Буларнинг ҳаммаси Исо Масиҳга, ҳатто Унинг хочга михланганига ишониш орқали амалга ошади!

Бу янги режа эмас

Қонунга алоқасиз солиҳлик доим Худонинг режасида эди. Шунинг учун ҳам Павлус бу режага “Таврот ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадилар” деб таъкидлайди. Агар биз Муқаддас Каломни синчиклаб ўқисак, Худонинг йўли асосида солиҳликка эришиш учун яхши ишлар эмас, балки ишонч кераклигини кўрамиз. Бу режани Худо дунё бино бўлишидан илгари ўйлаб топган эди; кейин Эски Аҳдда уни озгина-озгинадан намоён қила бошлади, Ўз Ўғли Исо Масиҳнинг ҳаёти ва қурбонлиги орқали уни очиқ кўрсатди ва мана энди шу инъомни ишонч билан қабул қилишга тайёр бўлган ҳар бир кишига Худо солиҳликни ҳадя қилмоқда.

Сиз бунга нима дейсиз? Худога ишонасизми? Унинг олдига ўз солиҳлигингиз билан яқинлашмоқчимисиз ёки Исога ишониб Унинг солиҳлиги билан яқинлашасизми? Сизга ҳозир Худо мана шу сўзлар оқали мурожаат қиляпти – олдингизда ҳаёт ва ўлим турибди, қайси бирини танлайсиз. Яхшиси ҳаётни танланг ва абадий ҳаётга, Исо Масиҳга ишониш орқали эришинг.
Шу саҳифа, мақола борасида саволларингиз бўлса, илтимос изоҳ (comment) сўзини босиб – ўз фикрларингизни ёзиб қолдиринг. Умуман бошқа саволлар бўлса ҳам худди шундай қилиб бизга ёзиб юборсангиз бўлади. Худо сизга ёр бўлсин ва баракатласин!