2008-12-30

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:6)

1:6-оят
“Ҳaйронмaн, сизлaр қaнчaлик тез Мaсиҳнинг иноятли дaъвaтидaн юз ўгириб, бошқa бир “Инжил”гa сaждa қилдингизлaр!”
Шу оятнинг аниқроқ таржимаси: “Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳ иноятига даъват қилган Зотдан юз ўгириб, бошқа бир “Инжил”га эътибор беряпсиз ёки қараяпсиз.”
Исо Масиҳ инояти
Павлус мана шу масиҳийлар қилган ишини кўриб, жуда ҳайрон бўляпти. Чунки уларни Масиҳ иноятига Худо чақирган (даъват қилган) эди ва қутқарган эди. Энди эса улар Масиҳ иноятини ташлаб (кейинги оятлардан буни кўриб чиқамиз), бошқа хабарга эътибор қарата бошлашди.
Масиҳ иноятининг мағзи шундан иборатки, инсон ўзи ўзини қутқара олмагани учун, унинг ўрнига буни Худо амалга оширди ва энди инсон фақат шу хушхабарга ишониб, бошқа ҳеч нарса қилмай нажот топади. Лекин бу масиҳийлар шундай иноят орқали қутқарилганларидан кейин, Худога манзур бўлиш учун Эски Аҳддаги қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак деган нотўғри хулосага келишади. Бундай хулосага келишда уларга айрим яхудийлар “ёрдам” берган бўлади; уларнинг гапига қараганда мажусийлар (яъни яҳудий бўлмаган одамлар) Исо Масиҳни қабул қилиб нажот топганларидан кейин, энди Мусо қонунини бажаришлари керак экан (Ҳаворийлар 15:1). Лекин бу фикр Худо иноятининг мағзига ёки илдизига болта солар эди.
Мана бу оятларда Масиҳ инояти нима эканлиги тушунтирилган – Эфесликларга 2:8-9; Римликларга 3:20, 27; 4:4-5; 11:6. Ўша оятлардан хулоса чиқарсак, агар киши Худога манзур бўлиш учун қандайдир иш қилишим керак, деб ўйласа, демак у иноят эмас, балки ишлар асосида оқланмоқчи бўлади ва ўз ишлари учун тўлов олмоқчи бўлади. Аммо бунинг иложи йўқ, акс олда Исо бу ерга келиб, бизнинг гуноҳимиз учун ўлмаган бўлар эди. Шундай қилиб, ким қилган ишига ишона бошласа ва шу билан иноятдан юз ўгирса, шу билан у “Исо Масиҳ хочда бекорга ўлди”, деган бўлади, ёки “Исо хочда қилган иши етарли эмас”, деган бўлади. Бу жуда ҳам хавфли фикр ва бу йўналишда юрган киши охири нажотидан жудо бўлади ва дўзаҳий бўлиб қолади. Айнан мана шу сабабларга кўра Павлус шундай тарзда мактуб ёзган.
Галаталик имонлилар жуда тез иноят хабаридан юз ўгиришган эди, шу Павлусни ажаблантирар эди. Улар “бошқа” хушхабарга ишона бошлашди; агар хабарда Исо ва унинг хочда қилган иши йўқ бўлса, бу хабар “бошқа хушхабарга” айланади. Ҳақиқий хушхабар билан бошқа хушхабар ўртасида худди тирик асалари билан қоғозга чизилган асалари ўртасидагидек фарқ бор. Тирик асалари учади, гулдан асал теради ва ҳаказо; чизилган асалари эса ҳеч нарса қилмайди, фақат асаларига ташқаридан ўхшайди холос. Худди шундай равишда ҳақиқий хушхабар одамларга нажот беради, уларни ўзгартиради ва Худога олиб боради; соҳта, бошқа хушхабар эса одамга нажот бермайди, уни ўзгартирмайди ва аксинча одамни Худодан ўзоқлаштиради.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:5)

1:5-оят
Унгa aбaдулaбaд шон-шaрaфлaр бўлсин! Омин.
Биринчи оятларни ҳисобга олиб, Павлус Худога шон-шарафлар айтяпти. Фақат Худо улуғлашга муносибдир. Биз аввал Худо биз учун қилган нарсалар (нажот йўли, муқаддасланиш режаси ва келажакад қайта тирилишимиз) учун ҳамда ҳаётимиздаги мўъжизалар, ғаройиб ва оддий ҳодисалар учун доим Худога шон-шараф айтишимиз лойиқ.
Омин сўзи “шундай (бўлсин)” деган маънони билдиради.

Галатияликларга 1:1-5 оятлар ушбу мактубнинг сўзбоши эди; Павлус шу ерда яна айрим нарсаларни айтиши мумкин эди; масалан Римликларга, Коринфликларга ва Филимонга ёзган мактубларида у одамларни ёки жамоатларни маъқуллайди, бошқаларга ўрнак қилиб қўяди. Лекин бу мактубда Павлус сўзбоши қисмини қисқа қилиб, дарров асосий масалага ўтди; кейинги оятларда у уларни уришиб, ўзининг қанчалар ҳайрон бўлганини билдиради. Нега у шунчалик қаттиқ, дағал ва қўполга ўхшаб кўринади? Чунки бу масиҳийлар Инжил хушхабарининг асосидан секин оғиб кетишни бошлаган эди;бунинг натижаси жуда хавфли бўлиб, улар ҳатто қутқарилган ҳолатдан яна эски дўзаҳий ҳолатга ўтиб кетиш имконияти бор эди. Шундай қилиб, бу масиҳийларнинг абадиятда қаерда бўлишлари шубҳа остида бўлиб қолган эди, шунинг учун Павлус шунчалик қаттиқ сўзларни шу мактубида ёзади.
Шу билан кейинги оятларга ўтамиз.

2008-12-21

Исо Масиҳ туғилиши ҳақида оятлар

Луқо баён этгна хушхабар
2-боб, 1-20 оятлар

Ўша кунларда Қайсар Август бутун Рим дунёсидаги аҳоли рўйxатга олинсин дeган фармон чиқарди.
Шундай қилиб, Сурияда Квириний ҳокимлик қилганда илк бор рўйxатга олиш содир бўлди.
Ҳар ким рўйxатдан ўтиш учун ўз шаҳрига борди.
Шунингдeк, Юсуф ҳам Жалиланинг Носира шаҳридан Яҳудияга, Довудлар шаҳри Байтлаҳмга борди. Чунки у Довуд насаби ва xонадонидан эди.
У ўзига унаштирилган қиз, ҳомиладор Марям билан бирга рўйxатдан ўтмоқчи бўлди.
Улар ўша ерда бўлганларида эса Марямнинг ой-куни тўлди.
У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, оxурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирxонада уларга жой йўқ эди.
Ўша юртда чўпонлар бор эди. Улар тунда сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар.
Тўсатдан Xудонинг фариштаси уларнинг олдида пайдо бўлди ва илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирди. Бу даҳшат чўпонларни ваҳимага солди.
Қўрқманглар! – деди уларга фаришта. – Мeн сизларга эл-xалқни чeксиз қувонтиражак Xушxабарни келтирдим.
Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Xалоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир.
Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, оxурда ётган чақалоқни топасизлар.
Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Xудога ҳамд-сано айтишарди:
“Самодаги Xудога ҳурмату иззат, ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!”
Фаришталар улар олдидан осмонга кўтарилган замон, чўпонлар ўзаро сўз қотдилар: Қани келинглар, Байтлаҳмга бориб, Xудованд бизга билдирган бу воқeани кўрайлик!
Улар югура боришиб, Марям, Юсуф ва оxурда ётган чақалоқни топдилар.
Кўришибоқ, чақалоқ ҳақида ўзларига айтилган башоратдан сўзладилар.
Ҳамма эшитганлар чўпонларнинг гапига жуда ҳайрон бўлишди.
Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Оxири чўпонлар:
Биз ҳамма нарсани айни айтилганидeк топдик, - дeб, эшитиб кўрганлари учун Xудога ҳамду сано ўқиб, қайтдилар.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:4)

1:4-оят
Исо Мaсиҳ бизни ҳозирги ёвуз aсрдaн қутқaрмоқчи бўлиб, гуноҳлaримиз учун Ўзини фидо қилди, шу йўсин Отaмиз Xудонинг иродaсини aдо этди.

Бу оятда Исонинг хочда қилган қурбонлиги ва унинг мақсади ҳақида гапирилади. Исо хочда бизнинг гуноҳларимиз жазосини тортди; Эски Аҳдда киши ўзи қилган гуноҳи учун бегуноҳ қўзини қурбонлик қилганидек, Исо ҳам бизнинг ўрнимизни эгаллаб, ҳақиқий Қурбонлик Қўзиси сифатида гуноҳимиз оқибатини (жазосини), яъни ўлимни Ўз устига олди. Бундан мақсад бизни мана шу ёвуз дунё тизимидан (ёвуз асрдан) қутқариш эди. Бу дунё шайтон ҳукмронлиги остида ётибди; Исони Раббий деб қабул қилмаган ҳар бир киши шайтон ҳукмронлиги остида бўлади ва шунинг учун шайтон қули ҳисобланади; яъни улар шайтонга қарам бўлади. Фақатгина Исо қилган ишга ишонган киши шу ёвуз дунёдан қутқарилади, нафақат дунёдан, балки шайтон ва башарий тана ҳукмронлигидан ҳам озод бўлади (башарий тана ҳақида кейинги мақолларда хабар берамиз).
Исонинг хочда бизнинг гуноҳларимиз учун ўлиши Худонинг иродаси эди. Бу режа ер яратилишидан илгари Худо томонидан тузилган эди (Ваҳий 13:8), охиратда ҳам Исо қурбон бўлган қўзи сифатида бизга кўринади; шулардан ҳам Исонинг хочдаги ўлими ва қайта тирилиши қанчалик буюк аҳамиятга эга эканлигини кўрса бўлади.
Одамлар (яхудийлар ва римликлар) Исони жонини олиб, ўз иродалари билан ўлдирмадилар, балки Исонинг Ўзи шунга рози бўлди ва шу орқали Худо Ота иродасини амалга оширган эди. Албатта яҳудийлар ва римликларга Уни ўлдирганлари учун жавобгардир, лекин Исо айтганидек, У жонини биз учун Ўз хоҳиши билан фидо қилди (Юҳанно 10:17-18).
Эски Аҳддаги қурбонликлар ва турли хил маросимлар айнан Исонинг хочда ўлишига ишора қилувчи белгилар эди; шунинг учун Қонун фақатгина соя эди ва келажакдаги борлиқ ҳақида (яъни Исо қилган ишга) гувоҳлик берарди.
Исо қилган ишнинг самараси ёки фойдасига эга бўлиш инсон Исонинг хочда ўлганига ишониши ва Исони Раббий, деб қабул қилиши керак. Демак, инсон нажот топиш учун ҳам ишончини Исога қаратиши керак, нажот топгандан кейин муқаддасланиш учун ҳам ишончини Исога ҳар куни қаратиши керак. Ишончимиз кимга қаратилгани жуда катта аҳамиятга эга, шуни доим эсда тутишимиз керак.

2008-12-14

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:3)

1:3-оят
Отaмиз Xудодaн вa Рaббимиз Исо Мaсиҳдaн сизлaргa иноят илa тинчлик бўлсин.
Худонинг инояти ва тинчлиги Раббимиз Исо Масиҳ орқали келади. Яъни агар сиз Исо Масиҳни Раббий, деб тан олган бўлсангиз, фақат ўшанда Худо сизга иноятини ва тинчлигини беради.
Қисқа қилиб айтганда иноят бу Худонинг бизни эзгулик билан қабул қилиши ва бизга керак бўлган нарсаларни беришидир; яъни Худо бизга Ўз солиҳлигини, муқаддаслигини, умуман олганда Ўзининг табиатини бизга ато қилади. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Руҳ орқали бизга берилади ва ичимизда сақланади.
Эътибор берсангиз биз биринчи навбатда иноятни қабул қилишимиз керак ва ундан кейин тинчликка эга бўламиз.
Тинчлик деганда бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги ёки уруш-жанжал бўлмаслиги дегани эмас, балки қалбимизда тинчлик бўлишидир, агар илгари биз Худога манзур бўлиш учун безовталаниб ҳаракат қилган бўлсак, энди эса юқорида айтилган иноят асосида ва Исонинг хочдаги қурбонлиги асосида биз Худога манзур бўламиз; агар илгари “энди нима ейман, нима ичаман, нима кияман?”, деб ховотир олган бўлсак, энди биз безовталанмасдан, ҳамма ишларимизни Худога топширамиз, чунки У биз учун ғамхўрлик қилади, Худо бу ҳақда ваъда берган (Матто 6:25-34).
Тинчлик деганда бу аввало Худо билан душманлигимиз тугади деганидир; чунки биз Исони қабул қилмасимиздан аввал Худога душман эдик ва шайтон ҳукмронлиги остида эдик. Лекин Исони қабул қилиб, биз Худога дўст бўламиз ва ўртамизда тинчлик ҳукм суради.
Эътибор берган бўлсангиз иноят ва тинчлик Исо орқали бизга берилади. Умуман олганда, Худодан келадиган ҳамма нарса бизга Исо хочда қилган иши асосида берилади. Исо “Мен эшикман” деган, яъни У орқали биз Худога яқинлашишимиз мумкин, шу билан бирга айнан Исо орқали Худо бизга керакли нарсаларни беради.

2008-12-11

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:2)

1:2-оят
“шунингдек, мен билaн биргa бўлгaн ҳaммa биродaрлaр Гaлaтия ўлкaсидaги Мaсиҳ жaмоaтлaригa сaлом йўллaймиз.”
Галатияликларга 1:1-5 оятлари шу мактубнинг сўзбошидир; бу қисмда одатда хат кимдан кимга ёзилганлиги, саломлар ва айрим маҳал мактубнинг асосий мавзуси айтиб ўтилади.
2-оятда Павлус билан бирга яна бошқа биродарлар борлигини кўрамиз. Айрим пайтлари Павлус мактуб сўзларини ўзи эмас, балки бошқа биродар ёзган бўлади, албатта ҳамма сўзларни ва фикрларни Павлуснинг ўзи айтиб турган бўлади. Яна бошқа пайтлари эса унинг олдидаги бородарлар айрим воқеаларга аниқлик киритган бўлиши мумкин.
Демак, бу мактуб Галатия ўлкасидаги жамоатларга ёзилган экан. Галатия ҳозирги замондаги Туркия давлати ўрнида бўлган, ва Анкара шаҳри ўша даврда Галатиянинг ҳам пайтахи бўлган. Харита:
http://www.ccel.org/bible/phillips/CNM24-Gal.gif
Эътибор берсангиз бу мактуб (айрим бошқа мактублар сингари) битта жамоатга эмас, балки бир нечта жамоатларга ёзилган эди. Яъни биринчи жамоат шу мактубни олиб, ўзлари ўқиб олишар, кейин эса одатда ўзлари учун бир нусха қилиб кўчириб олишар ва кейинги жамоатга шу мактубни жўнатишарди. Бундай нарсаларни Павлус ўз мактубларини жўнатган кишилар орқали айтар, баъзи пайтлари эса мактубнинг ўзида шу ҳақда ёзар эди (Эфесликларга 6:20-21; Колосаликларга 4:16).
Павлуснинг кўпгина мактублари қандайдир жамоатдаги ёлғон таълимотга қарши ёзилган эди. Шунинг учун ўша вақтдаги ва жамоатдаги аҳволни ўрганиб, унга Павлус қандай жавоб берганини ўрганишимиз керак; зеро шу орқали Худо Павлусга берган иноят хабарини билиб оламиз. Бу мактублар одатда бир ёки бир-нечта муаммога жавоб тариқасида ёзилган бўлиб, улар қандайдир мавзу бўйича қўлланма сифатида ёзилмаган эди. Шунинг учун бир мактубдан бир нечта фикр, бошқасидан яна бир-нечта фикр олиб, Худонинг иноят хабари нимадан иборатлигини билиб олишимиз мумкин. Шу вақтнинг ўзида оятларни контекстдан юлиб олиш мумкин эмаслигини айтиш керак. Масалан Муқаддас Китобда шундай оятбор: “Аҳмоқ ўз қалбида “Худо йўқ” деб айтди”. Агар биз шу оятга асосланиб, Муқаддас Китобда “Худо йўқ” деган фикр айтилган десак, биз бу оятни контекстдан юлиб олган бўламиз. Чунки бу ерда бундай фикр Худодан эмас, балки аҳмоқ киши юрагидан чиққанлигини кўрамиз. Демак Каломни ўқиганимизда контекстга эътибор беришимиз керак.

2008-11-22

Охирги видеолар

Ютуб саҳифасида чиқарган видеоларимни бу ерга ҳам қўйдим:

Галатияликларга 5:19-26

Масиҳий муаллим
http://masihiy-muallim.blogspot.com/
http://masihiymuallim.blogspot.com/
http://www.youtube.com/user/masihiy

Муқаддас Каломдан собоқ
Инжилдан оятлар
Галатияликларга 5:19-26

Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаган ишлар. Сизларни олдин огоҳлантирган эдим, яна огоҳлантиряпман: бу каби ишларни қилувчилар Худо Шоҳлигидан бебаҳра бўладилар.
Илоҳий Руҳнинг самараси эса -- муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибодир. Бу хислатларга қарши бирор қонун йўқ. Исо Масиҳга тегишли бўлганлар эса ўз табиатини, ҳирсу эҳтирослари билан бирга, хочга михлаб қўйганлар. Агар биз Руҳ амри остида бўлсак, Руҳ амри билан умр кечиришимиз лозим. Шуҳратпараст бўлмайлик, бир-биримиздан рашк қўзғамайлик, бахиллик қилмайлик.







Ҳақиқий бахтиёрлик

Масиҳий муаллим
(http://www.youtube.com/user/masihiy)

Худо инояти ҳақидаги хабарни билиб олсангиз, Муқаддас Руҳ ҳаётингизда қандай қилиб ишлашни бошлашини билиб оласиз ва шунга ўзингиз гувоҳ бўласиз; шу орқали Муқаддас Руҳ сизга гуноҳ устидан ғалаба беради. Шу ҳабарни билиб олинг ҳамда бошқа таниш масиҳийларга ҳам саҳифам ҳақида ва шу ҳабар ҳақида гапириб беринг. Бир-биримизга далда берайлик ва бирга имон тор йўлида юришда давом этайлик!

Матто 5-БОБ 1-16-оятлар

1 Исо талай халойиқни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. 2 Исо уларга таълим бериш учун оғзини очиб, деди:
3 «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир,
Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.
4 Йиғлаётганлар бахтлидир,
Чунки улар тасалли топур.
5 Беозор бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар ер юзига эга бўлур.
6 Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир,
Чунки улар тўқ бўлур.
7 Раҳмдил бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар раҳм-шафқат топур.
8 Покдил бўлганлар бахтлидир,
Чунки улар Худони кўрур.
9 Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир,
Чунки улар Худо ўғиллари дейилур.
10 Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир,
Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.
11 Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз! 12 Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган».
13 «Сиз -- ернинг тузисизлар. Агарда туз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин? У энди чиқитга ташлаб юборилади, оёқ остида поймол бўлишдан бошқага ярамайди.
14 Сиз -- дунёнинг нурисизлар. Тоғнинг тепасида қурилган шаҳар яширин қололмайди. 15 Шунингдек, шамни ёқиб, кейин идиш билан ёпиб қўйишмайди. Уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик берсин, деб уни шамдонга қўйишади. 16 Айни равишда сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар».





Ҳақиқий севги

Муқаддас Китоб, Инжилдан оятлар:

Коринфликларга ёзилган биринчи мактуб, 13-боб, 1-8 ва 13 оятлар

Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсам-у, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мис чолғу, янграйдиган занг бўлиб қоламан. Агар башоратгўй бўлсам, агар бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай илмни билсам, агар тоғларни кўчирадиган имонга эга бўлсам-у, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч нарса эмасман. Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсам-у, лекин севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ.
Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас. Севги бебошлик қилмас, худбинлик қилмас, аччиқланмас, кек сақламас. Севги ноҳақликка севинмас, аксинча, ҳақиқат ила шод бўлур. Севги ҳар нарсани кўтарар, ҳар йўлда ишонч ҳосил қилар, ҳар шароитда умид сақлар, ҳар нарсага тоқат қилар.
Севги асло адо бўлмас.

Эндиликда бу уч нарса қолади: ишонч, умид, севги. Севги эса энг аълосидир.





Эй Худо, Сен билан яхши!

Уйғур тилида масиҳий ашула, ўзбекча сўзлари билан.





Қадимги имон қаҳрамонлари

Муқаддас Китоб Инжилдан оятлар:

Ибронийларга 11-боб
1Имон – бу умидвор бўлган нарсаларнинг мужассамланишидир, имон билан биз кўринмайдиган мавжудотга амин бўламиз.
2Ота-боболаримиз имон билан Xудонинг розилигини қозондилар.
3Бизлар имон орқали англаяпмизки, коинот Xудонинг каломи билан бунёд бўлган, яъни кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқeликдан вужудга кeлган.
4Имон билан Ҳобил Xудога Қобилдан кўра яxшироқ қурбон кeлтирди. Ҳобил имони туфайли солиҳ киши дeб қабул қилинди. Xудонинг Ўзи унинг бағишловларини тасдиқлаб, ундан розилигини билдирди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, имони орқали ҳануз гапиряпти.
5Имони туфайли Ҳанўҳ ўлмай, юқорига олинди. У яна топилмади, чунки Xудо уни юқорига олган эди. Юқорига олишдан олдин Xудо ундан розилигини таъкидлаган эди.
6Ишонмасдан эса Xудонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Xудога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Xудо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт.
7Нуҳ пайғамбар имонли бўлгани учун, Xудо унга кeлажакда юз бeрадиган ҳодисалар ҳақида ваҳий юборди, Нуҳ эса ўз xонадонини қутқариш учун иxлос билан кeма ясади. У бу иши билан дунёни маҳкум қилди, ўзи эса имони туфайли аҳли солиҳ дeб қабулга ўтди.
8Иброҳим пайғамбар ҳам ўз имони туфайли Xудога итоат қилди. Xудо уни чақириб: “Насиб этадиган мамлакатга кeт”, - дeб буюрганида, Иброҳим қаерга боришини билмасдан йўлга тушди.
9Имон билан у Xудо ваъда бeрган ерда ўрнашди, насиб бўладиган қут-баракаларнинг ҳам ворислари бўлган ўғиллари Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга ғарибларча чодирда яшади.
10У мeъмори ва қурувчиси Xудо бўладиган мустаҳкам, боқий шаҳарни кутар эди.
11Соро биби ҳам имон билан ваъда бeрган Xудонинг садоқатига ишониб, ёши ўтса ҳам, ҳомиладор бўлишга қувват олди.
12Шунинг учун ҳам бир одам, яъни қартайиб жонсизлашган Иброҳимдан кўкдаги юлдузлар ва дeнгиз соҳилидаги қум каби сон-саноқсиз насл туғилди.
13Бу кишиларнинг ҳаммаси Xудо ваъда этган баракаларга эришмай, имонли бўлиб оламдан ўтдилар. Баракани узоқдан кўриб олқадилар, ер юзида ғарибу мусофир эканликларини эътироф этдилар.
14Кимки бундай фикрда бўлса, бир ватан излаётганини кўрсатади.
15Агар улар айрилган ватанини қумсаб қолганларида эди, қайтиб боришга фурсатлари бўлар эди.
16Аммо улар янада яxшиси, яъни самовий ватанни орзу этардилар. Шунинг учун Xудо уларнинг Xудоси аталмоқдан ор қилмайди. Унинг Ўзи улар учун бир шаҳар ҳозирлаган эди.
17Xудо Иброҳимни синовдан ўтказаётганида, Иброҳим имон билан ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди. Ҳа, у Xудодан маълум ваъдаларни олганига қарамасдан, ягона ўғлини бағишламоқчи бўлди.
18Ваҳоланки, Xудо унга: “Сeнинг наслинг Исҳоқ орқали кўпаяди”, - дeб ваъда бeрган эди.
19Дeмак, Иброҳим Xудо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир, деган фикрда эди. Шунинг учун ҳам у рамзий маънода Исҳоқни ўлимдан қайтариб олди.
20Шунингдeк, Исҳок ҳам имон билан ўғиллари Ёқуб ва Эсовни истиқболлари ҳақида дуо қилди.
21Ёқуб эса ўлаётганида, имон билан ўғли Юсуфнинг ўғилларини бир-бир дуо қилди ва ўз ҳассасига суянганча Xудога сажда қилди.
22Юсуф ҳам оламдан ўтай деганда, Исроил ўғилларининг Мисрдан чиқиб кeтиши тўғрисида имон билан каромат қилди ва ўз суяклари ҳақида васият қилди.
23Мусо туғилганда ота-онаси уни имон билан яширишди. Улар чақалоқнинг чиройли эканлигини кўриб, Фиръавннинг фармонидан қўрқишмади.
24Мусо вояга етгач, Фиръавн қизининг ўғли дeб аталишни имон билан рад этди.
25Гуноҳ қилиб вақтинчалик ҳузур-ҳаловат кўришдан, Xудонинг xалқи билан азоб-уқубат чeкишни афзал кўрди.
26Масиҳ туфайли ҳақоратга қолишни Мисрнинг xазиналаридан буюкроқ бойлик ҳисоблади, чунки у оладиган мукофотни кўзлар эди.
27Фиръавннинг ғазабидан қўрқмасдан имон билан Мисрни тарк этди. У кўринмас Xудони кўргандай, сабот-матонатли бўлди.
28Сўнгра мисрлик тўнғичларни қирган азроил исроилликларга тeгмасин дeб, наби Мусо имон билан Фисиҳ қурбонини сўйди ва эшикларга қон пуркади.
29Имон билан исроилликлар Қизил дeнгиздан xудди қуруқликдан ўтаётгандeк кeчиб ўтишди. Мисрликлар ҳам ўтишга ҳаракат қилгач, ғарқ бўлиб кeтишди.
30Исроилликлар етти кун Ериxо шаҳри дeворлари атрофида айланиб ўтгандан кeйин, имонлари туфайли дeворлар қулаб тушди.
31Имон билан фоҳиша Раҳоба ҳам жосусларни дўстона қабул қилиб олди ва кофирлар билан бирга ҳалок бўлмади.
32Яна нималар ҳақида гапирай? Яна Гидъўн, Барақ, Шимъўн, Ифтаҳ, Довуд, Шомуил ва барча пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилишим учун вақтим етарли эмас.
33Улар имон билан подшоликларни тўнтардилар, адолатни барқарор қилдилар, илоҳий ваъдаларга эришдилар, шeрларнинг оғзини боғладилар.
34Ловуллаган оташни сўндирдилар, қилич тиғидан қочиб қутулдилар, ҳолдан тойган бўлиб қувватга кирдилар, жангда матонат кўрсатдилар, бeгона қўшинларни енгиб даф қилдилар.
35Бир нeча аёллар ўз марҳумларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар. Бошқалари эса аълороқ тирилишга – қиёматга эришиш умидида юриб, қутулишни қабул қилмадилар ва азобда қолиб ўлдилар.
36Яна бошқалари ҳақоратлар, калтакларга чидаб, зиндонларда занжирбанд бўлиб ётдилар.
37Тошбўрон бўлдилар, қийноқларга чидадилар, арралаб иккига бўлиндилар, қиличдан ўтказилдилар. Қўй ва эчки кўни ичида сарсон-саргардон кeзиб, муҳтожлик, танглик, азоб-уқубат чeкдилар.
38Чўл-саҳроларда, тоғ-тошларда адашиб, ғорларда, ернинг кавакларида фақирларча умр кeчирдилар. Мана, дунё уларга муносиб эмас эди!
39Уларнинг ҳаммаси ҳам имони бор деган тасдиққа эга бўлса-да, Xудо ваъда этган қут-баракага муяссар бўлмадилар.
40Xудо бизсиз камолга эришмасин дeб, Xудо биз учун аълороқ баракаларни кўзда тутган эди.




Муқаддас Руҳда яшаш

Қандай қилиб Муқаддас Руҳда яшаш мумкин ва гуноҳли табиат устидан ғалаба қозониш ҳақида оятлар.

Римликларга 8-боб 1-17 оятлар
1Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳeч бир маҳкумлик йўқдир.
2Исо Масиҳ умматига ҳаёт бeрувчи Руҳнинг Қонуни мeни гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.
3Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура олмаган ишни эса Xудо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўxшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди.
4Xудо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган бизларда бажо бўлсин, дeб қилди.
5Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар.
6Башарий табиатнинг мурод-мақсади — ўлимдир. Илоҳий Руҳнинг мурод-мақсади — ҳаёт ва тинчликдир.
7Башарий табиатнинг мурод-мақсади Xудога душманликдир; чунки бундай табиат Xудонинг Қонунига итоат қилмайди ҳамда қила олмайди.
8Ўз табиати амри билан яшайдиган одамлар Xудога манзур бўла олмайдилар.
9Xудо Руҳи сизнинг ичингизда яшаётгани учун, сизлар энди табиатингиз амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳники эмасдир.
10Агар Масиҳ ичингизда экан, бадан гуноҳ учун ўлимга маҳкум бўлса-да, руҳ оқланганингиз учун ҳаётдир.
11Чунки Исо Масиҳни тирилтирган Xудонинг Руҳи сизнинг вужудингизда яшаяпти. Агар Xудо Ўз Руҳи қудратида Масиҳни тирилтирган бўлса, У ичингиздаги ўша Руҳ орқали сизнинг фоний баданларингизни ҳам тирилтиражак.
12Шундай қилиб, эй биродарлар, табиатимиз амри билан яшаш учун биз бу табиат талаблари олдида мажбур эмасмиз.
13Агар ўз табиатингизга маҳлиё бўлиб яшасангиз, руҳан ўлишингиз муқаррар. Лeкин агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз, руҳан яшайсизлар.
14Xудо Руҳи билан бошқариладиган барча Xудонинг фарзандидир.
15Чунки сизлар яна қўрқувда яшаш учун қуллик руҳини олмадингизлар, балки ўғиллик Руҳини олдингизлар. Бу Руҳдан руҳланиб, биз Xудони азиз Ота дeб чақирамиз.
16Xудо Руҳи Ўзи бизнинг руҳимизга қўшилиб, Xудо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бeриб туради.
17Агар Xудонинг фарзандлари бўлсак, фарзандлардай мeрос олиш ҳуқуқига ҳам эгадирмиз. Xудонинг қут-баракаларидан мeрос улуши олувчилар cифатида Масиҳнинг ворисдошларимиз. Агар биз Масиҳнинг азоб-уқубатларига шeрик бўлсак, албатта, Унинг улуғ шон-шарафига ҳам шeрик бўлажакмиз.


Галатияликларга ёзилган мактуб талқини

Бугундан бошлаб, бир биродаримиз ёки опамиз илтимосига биноан, Галатияликларга ёзилган мактубнинг талқинини ёзиб бораман. Масиҳий мухлисларимизда саволлар ёки изоҳлар бўлса менга электрон почта орқали хат ёзишингиз мумкин, ёки мана шу мақола тагида коммент ёзсангиз бўлади; ёзган комментингиз ўша захоти чиқмаса ҳам, мен уни тез оради оламан ва унга жавоб ёзаман. Худо инояти сизга ёр бўлсин!

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини

Масиҳий муаллим талқини
Интернетдаги саҳифа: http://masihiy-muallim.blogspot.com/


1-боб
1-оят
Инсонлaр томонидaн эмaс, инсон орқaли ҳaм эмaс, бaлки Исо Мaсиҳ вa Уни тирилтиргaн Отaмиз Xудо томонидaн ҳaворий қилиб тaйинлaнгaн мен – Пaвлус,

Биринчи оятда бу мактуб муалиффи Павлус эканлигини билиб оламиз. Айрим мактубларнинг муаллфи Павлус бўлсада, у айтган сўзларни бошқа инсон, яъни Павлуснинг ёрдамчилари ёзган бўлиши мумкин.
Бу оятда у ўзининг ҳаворий (апостол, яъни элчи) эканлигини таъкидлаб ўтади; уни инсонлар ҳаворий деб номламаган, балки Исо Масиҳ орқали Худо Ота Павлусни ҳаворий деб тайинлаган эди. Нега Павлус бу ерда ўзини Худо томонидан ҳаворий деб тайинланганлигини таъкидлаб, ҳимоя қиляпти? Қачонки масиҳий Худо инояти ҳақидаги хушхабарни ваъз қилса, биринчи навбатда душманлар унинг таълимотига ҳужум қилади. Бироқ таълимот Худоники бўлгани учун улар унга қарши тура олмайдилар. Бунга мисол қилиб Стефанни айтсак бўлади: у билан айрим яхудийлар бахс қилишади, “бироқ унинг сўзидаги ҳикмат ва Руҳга қарши туролмадилар” (Ҳаворийлар 6:10). Кейин иккинчи навбатда шу душманлар Павлуснинг ўзига ҳужум қиладилар. Улар уни ҳақиқий ҳаворий эмас дейдилар, чунки у Қуддусдаги ҳаворийлар билан яқинмас ва улар унга қўл қўйиб дуо қилишмаган дейдилар. Бундан ташқари Павлус ҳақида турли хил ёлғонлар ва бўҳтонлар айтишарди; бунга унинг бошқа мактубларида ёзган сўзлари мисол бўла олади.
Павлусни бошқа одамлар юбормаган эди, ҳамда инсоний ташкилот ёки инсон буйруғи билан у иш тутмаган эди. Бироқ Павлусни Ота Худо хушхабар айтишга юборган эди – мана шу энг асосий масала эди. Чунки агар одамни бошқа одамлар нимадир қилишга юборган бўлса, будай одам қийинчилик ва қаршиликларга кўп ҳам чидай олмайди. Худо одамни юборган бўлса, унда Худонинг Ўзи унга қувват беради ва ёрдам беради; шунинг учун Павлус Худо унинг олдига қўйган мақсадларни Худо қуввати билан бажарар эди. Шу билан бирга Павлус бошқа одамлар олдида бош эгмасди, яъни уларга ўз ҳаворийлигини буйсутдирмасди. Чунки бу ҳаворийлик одамлардан келмаган, шунинг учун одамлар уни ҳукм қила олмасди. У биринчи навбатда Худога итоак қилиб, Унга бўйсунарди ва Худонинг йўлида юрарди.
Шу ернинг ўзида Павлус Худо Ота Исони ўликдан қайта тирилтирганини айтади; бу шунчаки айтилган сўзлар эмас, балки бу Инжил Хушхабарининг маркази ва мағзидир. Агар хушхабаримиз марказида Исо хочда ўлиб, қайта тирилгани бўлмаса, демак бу Худонинг хушхабари бўлмай қолади; биз Худо хушхабарини албатта айтишимиз керак. У марказий мавзу бўлганлиги учун ҳам шайтон унга қарши чиқади. Кўпгина бошқа дин вакиллари айнан шу мавзуга, яъни Исо қайта тирилгани ҳақидаги хабарга қарши чиқадилар. Демак Исо қайта тирилиши хушхабарнинг асосий мавзуси экан; агар сиз шу мавзу борасида тўғри саволлар бериб, шу саволларга Муқаддас Китобдан жавоб изласангиз, Инжил Хушхабари нима эканлигини янада аниқроқ билиб олишингиз мумкин.

Оптик иллюзия

Мана шу расм марказидаги 4 нуқтага 20-30 секунд қараб туринг, кейин эса, бир рангли деворга ёки шунга ўхшаш жойга қаранг ва кўзларингизни тез-тез юмиб очинг. Ўшанда кўз олдингизда бир расм пайдо бўлади.
Мана шуни оптик иллюзия дейишади.

2008-11-14

Охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги

Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирган вақтда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: «Бизларга айт-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?» (Матто 24:3).

Исо, Исроил халқининг Худоси, Ўз уйини ташлаб кетганда шу макон маънан моховли бинога айланиб қолди. Чунки Исо ташлаб кетган ҳар қандай нарса ва кимса маънан мохов бўлиб қолади. Шунинг учун, Левийлар 14:45 оятга ёзилган моховлик ҳақидаги қонунга биноан, Исо бу бинонинг ҳеч бир тоши (ёки ғишти) бошқаси устида қолмайди, деб айтади (Матто 24:2). Исо Ўз хизматини тоғлик устида (бахтиёрлик тоғи) воизлик қилиш билан бошлаган эди; шу билан бирга У хизматини тоғлик устида (Зайтун тоғида) якунлайди.
Масиҳ Исроилга Худо шоҳлигини таклиф этди, бироқ улар Исони ҳам, шоҳликни ҳам рад этдилар. Бунинг оқибатида, Исо мана шу Матто 24-бобда айтганидек, бутун дунёда доимий равишда урушлар, қаҳатчиликлар, ер қимирлашлар ва ҳаказолар содир бўла бошлади; бу давр мана ҳозирги кунга келиб 20 асрдан бери давом этиб келяпти.
Матто 24-бобининг кўпчилиги Исроилга қаратилиб айтилган; бироқ илк 14 оят тўппа-тўғри Жамоат Даври ҳақида бўлиб, билвосита жамоат ҳақида айтилган гаплардир. Шу оятлардан учтасига биз эътибор қаратайлик:
1. “Алдовлар ёки йўлдан оздириш”: “Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради”. Шайтоннинг энг кучли қуролларидан бири ёлғондир. Ёлғонга жавоб эса Худо Каломини аниқ билишдир. Худо Каломини билган киши эса Масиҳни ва У хочда қилган ишини аниқ билади.
2. “Соҳта паёғамбарлар”: “Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради”. Агар айтилган хабар (воизлик) “Исо Масиҳ ва Унинг хочда михлангани” ҳақида бўлмаса, демак хабарни айтаётган киши “сохта пайғамбар” ҳисобланади.
3. “Инжил Хушхабари”: “Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади”. Сохта пайғамбарлар ва ёлғон йўллар бор бўлишидан қатъий назар, мана шу оятдаги башоратга биноан, Худо салтанати тўғрисидаги Инжил хушхабари “ҳамма халқларга” айтилади. Бу ерда ҳамма одамларга дейилмаган, балки “ҳамма халқларга” дейилган. Бунга мисол қилиб, турли хил масиҳийлар телевидение орқали ўз дастурларини кўп мамлакатларда кўрсатиб, Инжилни тарғиб қилишганини айтса бўлади.
“Ўшандагина сўнг бўлади” деган ибора бизга шуни маълум қиладики, ҳозирги кунда Исо Масиҳ хушхабари бутун дунё халқларига тарғиб қилиняпти ва шу орқали Жамоат Даври якунлай деб қолганини биламиз.
Матто 24:15 оятдан бошлаб Буюк Мусибат даври ҳақида гапирилади. Бу эса Исо Масиҳга тегишли жамоат Худо олдига кетишга тайёраланиши керак (1чи Салоникаликларга 4:13-18), деган маънони билдиради.

2008-10-18

Масиҳ инояти

“Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳнинг иноятли даъватидан юз ўгириб, бошқа бир «Инжил»га сажда қилдингизлар! Аслида бошқа Инжил йўқ. Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ Хушхабарини бузиб кўрсатишни хоҳлайдилар.” (Галатияликларга 1:6-7).

Худо одамзодга Ўз муҳаббати билан Хушхабарни берди ва одам жумбоғига шу орқали ечим берди. Шайтон эса бунга қарама-қарши равишда, одамнинг гуноҳкор табиати ва мағрурлигига Хушхабарни мослаштириб, уни бузади; ҳамда одам фосиқлигига тўғрилаб Хушхабарни динга айлантиради.
Исо Масиҳ Хушхабари инсонни ўлимга маҳкум қилади ва шундай қилиб одамни ва унинг динларини тугатади, шундан кейин эса инсоний табиатдан эмас, балки руҳдан туғилган “янги одамни” бунёд қилади. Инсоннинг Худога хизмат қилолмаслиги, манзур бўлолмаслиги ва итоат қилолмаслиги Қонун остида намоён бўлди. Шунинг учун ҳозирги иноят кунида шайтоннинг мақсади инсон дини билан Руҳ динини бирлаштиришдир. Бироқ бундай бирлашма содир бўла олмаслиги ва унинг нақадар нопоклиги Галатияликларга ёзилган мактубда очиқ-ойдин ёзилган.
Масиҳ бу дунёдан Унга тегишли одамларни олиш учун Ўзини гуноҳ учун қурбонлик сифатида топширди (Галатияликларга 1:4). Исонинг хочида одамнинг ўзи, унинг дини ва бу дунё тизими маҳкум бўлган. Шунинг учун, табиий туғилиш орқали дунёга келган инсоннинг Худога дин орқали манзур бўлиши учун қилган ҳар қандай ҳаракати исёндир; бу эса одамнинг энг катта гуноҳидир. Аслида, одамнинг қилган ҳаракатлари мана шу “ёвуз дунёнинг” кучи, энергиясидир, Масиҳ эса бизни айнан шундай дунёдан қутқариб чиқади.
Павлус Галатиядаги масиҳийлар жамоатларининг асосчиси эди; бироқ Раббимиз уни бошқа жойларга хизмат қилиш учун олиб кетганидан кейин, айрим соҳта ўқитувчилар шу жамоатларга суқулиб кириб, ҳаворий Павлуснинг таълимоти ва шахсига қарши гаплар гапира бошлашади. Бунинг учун бу соҳта ўқитувчилар “ишлар” хушхабарини тарқата бошладилар.
Галатияликларга ёзган мактубида Павлус хат бошида уларга яхши ва мақтов сўзларини ёзмаган, лекин бошқаларга ёзган мактубларда одатда Павлус шундай мақтов сўзларини ёзар эди. Бу мактуб бошида эса у қаттиқ ҳайрон қолганини айтади. Раббимизни қабул қилган, Павлус орқали имонга келган бу одамлар қандай қилиб жуда тез орада бузуқ хушхабарга берилиб кетган бўлса? Шуни айтиш керакки, Хушхабарни рад этиш шайтоннинг мақсадига кирмайди, чунки у бундай қила олмайди, шунинг учун у Хушхабарни бузишга ҳаракат қилади.
Исонинг хочда қилган ишини тан олмайдиган ҳар қандай хабар, очиқ ва ойдин қилиб айтганда, “бошқа хушхабардир”; аниқроқ қилиб айтсак “бошқа хушхабар” йўқ, чунки бундай бузуқ хушхабар ҳеч кимга ёрдам бера олмайди. Исо Масиҳ ва Унинг хочда қилган иши ҳақидаги Хушхабардан ташқари ҳамма бошқа хабарлар “Масиҳ Хушхабарининг” бузулган шаклидир. Шуни аниқлиқ билан айтамизки, бундай “бузуқ хушхабар” ҳеч кимни қутқармайди, шифо бермайди, озод қилмайди ва ҳеч қандай ижобий натижаларни бермайди. Аслида, бундай хушхабар инсонни қулликка ва ёлғонга янада чуқурроқ ботиради. Бузуқ хушхабарда қутқарилиш йўқ; бузуқ хушхабарда куч-қудрат йўқ; бузуқ хушхабарда нажот олиш йўқдир! Бузуқ хушхабарда бор бўлган бирдан-бир нарса кулфатдир, шунинг учун ҳаворий “Фақат баъзилар сизларни чалғитмоқчи,” дейди. Бундай чалғитиш чиндан ҳам катта кулфатга етаклайди.
Менинг фикримча, реформация давридан то ҳозирги кунгача бўлган вақтда масиҳийлар жамоатининг руҳий аҳволи анча ачинарлидир. Албатта, айрим жамоатлар илгаригиларига қараганда жуда бой ва бадавлат бўлиши мумкин, ҳамда улар қаторида кўпроқ одамлар бор бўлиши мумкин; бироқ Исо айтганидек: “Сен: „Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ”, – дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан!” (Ваҳий 3:17).
Агар қандайдир хабар ўзини Инжил Хушхабари деб айтсаю, лекин унинг асосида фақатгина Исо хочи таълимоти ётмаса, унда бундай хабар “бузуқ хушхабардир”. Дунёда эса бундай “хушхабарлар” жуда кўпайиб кетган.
Йигирманчи асрнинг охирларида “охирги ёмғир” деб аталадиган Муқаддас Руҳнинг ёғиши бошланган эди. “Илк ёмғир” эса илк масиҳийлар жамоати даврида содир бўлган эди, бу ҳақда Ҳаворийлар фаолияти китобида ёзилган. Бу иккала ёмғир ҳақида Йўэл пайғамбар каромат қилган эди (Йўэл 2:23). Деярли ҳамма масиҳий мазҳаблари бу охирги ёмғирни тан олмайди. Бунинг натижасида, уларнинг айримлари Муқаддас Руҳсиз Исо хочи таълимотини ўқитишга ҳаракат қилдилар, бироқ бу билан улар “бузуқ хушхабарни” эълон қиляпган эдилар, Раббимиз эса буни ҳеч қачон қабул қилмайди. Натижада улар эндиликда, хочни ҳам Муқаддас Руҳни ҳам тарғиб қилмайдилар.
Мана шу охирги ёмғир натижасида пайдо бўлган “тўлиқ Хушхабар” жамоатлари эса хочни эълон қилмасдан, фақат Муқаддас Руҳ ҳақида ваъз қилишга ҳаракат қилдилар. Бундан олдинга усул етарли бўлмаганлиги каби, бу усул ҳам етарли эмас эди. Эндиликда эса, кўпчилик тўлиқ Хушхабар жамоатлари хочни ҳам, Муқаддас Руҳни ҳам ваъз қилмаяптилар. Исо Масиҳ хочи хабари ва Муқаддас Руҳ шунчалик бир-бири билан бирлашиб кетганки, улар иккаласини ажратишнинг иложи умуман йўқ (Ваҳий 5:6; Юҳанно 7:37-39).
Юқорида айтилган вазиятнинг ёмон томони шуки, айрим истисноларни эътиборга олмаса, деярли барча жамоатлардаги айтилган хабарлар “бузуқ хушхабар”ни ташкил қилади. Исо бу ҳақда башорат қилган эди: “Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон топармикин?” (Луқо 18:8). Юнон тилидаги матнда “имон” сўзи олдида аниқ артикл бор бўлиб, бу нажот берувчи ягона имон ёки ишончга ишора қилади. Исо бу ерда айтган имон, ҳаворий Павлус 2-Коринфликларга 13:5-оятда ёзган имон билан бир хилдир. Бу ишонч хоч хабари билан чамбарчас боғлиқдир.
Ҳамма одам ўзига шундай савол бериши керак:
Мен ўша “имон”даманми ёки мен “бошқа хушхабарни” қабул қилдимми?

2008-10-04

Худо Каломини бузганлар ҳолига вой!

“Эй уламою фарзийлар, мунофиқлар! Осмон Шоҳлигини инсонларга бекитиб қўйганингиз учун ҳолингизга вой! Ўзларингиз ҳам унга кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларга ҳам йўл қўймаяпсизлар. Ҳой илонлар, заҳарли илон зотлари-ей! Жаҳаннам жазосидан қандай қилиб қутуларкансизлар?” (Матто 23:13, 33).

Бу бобда биз кўраяпган Исо хозирги кун жамоатларида айтилган ёки замона зайлида айтилган Исо эмас. Чунки бу бобдаги Исо ўша кундаги ваъзхонларга қаратиб саккиз марта “ҳолингизга вой” деб айтади. Жуда даҳшатли сўзлар билан уларни жаҳаннамга маҳкум қилди.
Биринчи ўн иккита оятларда Исо Ўз шогирдлари ва халойиққа қараб гапиради; қолган оятларда эса У уламолар ва фарзийларга қаратиб гапиради, қайсиким Исроилнинг ўша даврдаги диний раҳбарлар эди.
Улар “Мусо минбарида ўтирибдилар” дегани, улар Муқаддас Китобнинг расмий қўриқчилари ва ўқитувчилари дегани эди. Лекин бунинг ўрнига улар Худо Шоҳлигини ёпиб қўйиб, унинг калитини, яъни Муқаддас Китобни олиб қўйган эдилар, ҳолбуки улар оддий халққа Муқаддас Китобни бермасдан, ўз урф-одатлари билан уни бекор қилишган эди.
Ҳозирги кунда Муқаддас Китоб ҳужум остида, илгариги бунчалик қаттиқ ҳужум бўлмаган. Энди (айниқса ғарбий мамлакатларда) Китобни устидан кулибгина қолмай, балки одамлар уни бузишга ҳаракат қилишяпти. Кўплаб таржима деб аталмиш китоблар чоп этиляпти, бироқ улар аслида Каломни Худо атгандай эмас, балки матнни истаганларича ифодалаб, ўз фикрлари билан ёзяптилар. Бунинг натижасида кўпгина имонлилар (агар уларни умуман имонли, деб айтолсак) Худо Каломида аслида нима ёзилганини деярли билишмайди.
Худо Каломини бузяпган одамларга қаратиб “илонлар”, “мунофиқлар ёки икки-юзламачилар” ва “қора илон” дейиш мос бўлармикан?
Шу бобнинг ўттиз еттинчи оятида ёзилган сўзлар қанчалик ҳисс-туйғулидир! Исроил Худоси Ўз маъбадида турибди. У бирданига мана шу кўр ва нопок мунофиқлардан юзини ўгиради. Унинг юзи ва кўзларида ёниб турган гуноҳсиз ғазаб бирданига ҳасрат ва шафқатга айланади. Шунда У қўлларини ёнга чўзиб, Унинг тўғрисида чўзилиб ётган шаҳарга қарайди ва “О, Қуддус, Қуддус! .. Мен ҳам сенинг болаларингни неча бор шундай тўпламоқчи бўлдим,” деб хитоб қилади.
Кейин яна бир бор фарзийларга қаратиб, “Мана, сизнинг уй-жойингиз ҳувиллаб қолади” дейди-ю, шу билан маъбаддан чиқиб кетади.
Одамлар маъбаддан оддий бир одам чиқиб кетганини кўрдилар, лекин фаришталар шуҳратли Худони ва Худо шуҳратини маъабаддан чиқиб кетганини кўрдилар. Худо шуҳрати Сулаймон маъбади ичида бўлар эди; лекин иккинчи маъабдда шуҳратли Худонинг Ўзи маъбадда яшар эди, бу ҳақда Ҳаггай пайғамбар башорат қилган эди!

Сиз-чи, сиз нимани танлайсиз? Худо Каломини бузасизми ёки уни Худо айтганидай қабул қилиб, ўқийсизми?
Ўзингиз қарор қилинг, лекин мен Худо берган Муқаддас Китобга ишонаман ва у ерда ёзилган нарсалар асосида яшайман, бунда Худо менга қувват беряпти, шунинг учун Худога ҳамду-санолар бўлсин!

2008-09-05

Одобли одам Худо шохлигига кироладими?

“Шу маҳал бир киши Исонинг ёнига келиб:

– Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлиши учун қандай савобли иш қилмоғим лозим? – деб сўради. Исо унга деди:

– Нега сен Мендан савобли иш ҳақида сўраяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким савоб эгаси эмас. Агар боқий ҳаётга эришмоқ истасанг, илоҳий амрларга риоя қил.” (Матто 19:16-17).

Бунинг иложи йўқлигини билса ҳам, нега Исо мана шу бойвачча йигитга илоҳий амрларга риоя қил, деб айтди экан?

Учта хушхабарчилар ёзганларидан шу нарсаларни хулоса қилсак бўлади: бу йигит ёш эди, тўралардан, бой, кудратли, илтифотли, таълим олган ва диндор эди. Одамлардан кўпи уни жуда бахтли деб айтишган бўлар эди; шунда ҳам у Қонунни амрларини бажарганман деса-да, “ҳаётга” эга эмаслигини билар эди. У ҳаётга эга бўлмоқчи бўлади ва бунинг учун у нима қилиш кераклигини сўрайди.

Исо унга юқорида ёзилгандек жавоб беришига иккита сабаб бор:

Биринчидан, Масиҳ биринчи Аҳд остида ерга келиб, суннат ахлига хизмат қиляпгани сабабли шу йигитга Қонунга бутунлай итоаткорлик қилиш эвазига абадий ҳаёт мукофот қилинади, деб жавоб беради.

Иккинчидан, Раббимиз уни гапга солиб, у айтаётган гаплар қанчалик аҳмоқона ва хомтамалик эканлигини кўрсатади.

Бу ёш тўра ҳамма амрларни мукаммаллик билан бажардим, деб таъкидлади. Бироқ шунда унга нимадир етишмаётган эди. Руҳан бу йигит кўр эди.

Исо унга амрларга риоя қилгин, деганда, унинг кулгули жавоб бериб, “қайсиларига?” дейди.

Исо сабр қилиб, унга бир нечта амрларни айтади; бу манбадан абадий ҳаётга эришиш учун амрларнинг ҳаммасини ҳар доим бажариш керак эди, бироқ бунинг иложи йўқ эди!

Бундан кейин Исо бу йигитнинг асосий муаммоси ҳақида сўзлайди, унинг муаммоси пул эди. Раббимиз унга ҳамма нарсаларингни сотиб юбор ва “кел, Менинг ортимдан эргаш”, деб айтади.

Муқаддас Китоб шунда нима бўлганини яққол кўрсатади: “Йигит бу сўзларни эшитиб, қайғу ичида у ердан чиқиб кетди. Чунки унинг пул-дунёси кўп эди” (Матто 19:22).

Уларнинг суҳбатини эшитган шогирдлар жуда таажубланадилар, чунки шу бойвачча каби жуда аҳлоқли одам Худо шохлигига кира олмайди, деган сўзларни улар эшитди. Одамда ҳеч қандай яхши нарса йўқлигини улар тушунмас эдилар, ҳамда 13 Забур саносида ёзилган нарсаларни эсдан чиқаргандилар.

Бу ерда ҳақ Ҳукмдор айтишича одамнинг, қанчалик у зиёли ва одобли бўлмасин, Худо шохлигига киришига имкон йўқ. Инсон ўз тана рангини ўзгартира олмайди, қоплон ҳам доғларини ўзгартира олмайд, чунки у ташқи томондан кўрсатадиган нарсалар унинг табиатида мавжуддир. Бироқ Худо бунинг имконини топа олади, зеро У ҳамма нарсага қодирдир. Ниманидир бажариш орқали эриша олиш мумкин бўлмаса, шуни инъом ёки совға сифатида қабул қилса бўлади; Худонинг инъоми эса абадий ҳаётдир (Римликларга 6:23).

Одамнинг аҳволи (ҳато одобли одамники) хочда бўлган ишга сабаб бўлгандир!

2008-08-31

Охирги замон аломатлари

2 Тимўтий 3:1-5

“Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади. У пайтда одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир, ота-онага итоатсиз, нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар. Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадилар. Ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадилар. Бундай одамлардан узоқлаш.”

Муқаддас Китобга мурожаат қилсак, охирги замонларда нима содир бўлишини билиб оламиз. Исо осмонга кўтирилганидан кейин, Ўз шогирдларига Муқаддас Руҳни юборади. Улар Руҳни қабул қилган куни Бутрус охирги замон келганини айтади (Ҳаворийлар фаолияти 2:17). Ўша пайтдан ҳозиргача биз охирги замонларда яшаяпмиз. Лекин охирги кунларда янада кўп аломатлар ёки белгилар пайдо бўляпти ва вазият янада ёмонлашиб боряпти.

Албатта, иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроил давлати яна тузулиб, яхудийлар Исроил ерига қата бошлаши энг катта аломатлардан биридир. Яна бошқа аломатлардан бири билим ошишидир – масалан, ҳозирги кунда компютерлар мураккаб бўлиб боряпти ва катта тезлик билан одамга ахборот бериб, кўпгина операцияларни бажара олади, одамлар кўп ахборотга эга бўляпти. Бундан ташқари гуноҳ одамлар устидан кўпроқ ҳукмронлик қиляпти: бундай аҳволни нафақат дунёдаги Масиҳни қабул қилмаган одамларда, балки жамоатдаги имонлиларда ҳам кўрса бўлади. Мана шу ҳақида Павлус оғир, даҳшатли, қўрқинчли кунлар, деб ёзган эди. Илгари тарихда ҳеч қачон бундай аҳвол бўлмаган эди, айниқса гуноҳ табиати одам устидан кўрсатаётган қудрат.

Биз оғир кунларда яшаётганимиз ҳақида оятларни ўқидик, лекин шу билан бирга биз учун масаланинг ечими борлигини ҳам айтишим керак.

Бу оятларда одамлар, аниқроғи гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшаётган одамлар ҳақида гап кетади. Иккинчи оятда одамлар ўзларини кўпроқ сева бошлайди ва нафс бандаси бўлиб қолади дейилган. Одам Ато гуноҳ қилиши орқали гуноҳ Одам ичига киради ва у гуноҳ табиатига эга бўлиб қолади. Ўша заҳоти у руҳан ўлади ва шу орқали Худо билан алоқаси узилади. Шундай қилиб, у илгари Худога интилган бўлса, энди у ўзига интилади, яъни худбин (эгоист) бўлиб қолади. Бизда бор бўлган кўпгина муаммолар гуноҳ табиатимиз ёки худбинликдан келиб чиқади. “Бу меники”, “менга шу керак”, “менга керак нарсани сен беришинг керак” каби гаплар ва фикрлар орқали худбинлик намоён бўлади. Охирги кунларда худбинлик кучайиб кетади. Исо гапларига қараганда одамлар ўзини сева олар эди, лекин ўз яқинини севишга қийналарди (Марк 12:31); охирга кунларда эса бу аҳвол янада ёмонлашади.

Одамлар мақтанчоқ бўлади – ўзлари қилмаган нарсалар ҳақида мақтанадилар, чунки улар ўзларини илгари сурмоқчи бўладилар; бу ҳам худбинликдан хабар беради.

Ёлғончи ва қуфр қиладиган бўлади. Куфр деганда Худога ишонмасдан, Унга қарши ёлғон гапиришни назарда тутамиз. Шу билан бирга бошқа одамларга нисбатан ҳам айтилган ёлғон гувоҳлик ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Ота-онага итоатсиз, ҳурмат қилмайдиган бўладилар. Бунга яна гуноҳ табиати кучайиши сабаб бўлади.

Раҳмат демайдиган, ношукур банда бўладилар.

Табиий меҳрибонлик ва муҳаббатсиз бўладилар. Охирги кунларда айрим оналар ўз чақалоғини ташлаб кетиш мисоллари кўп учраяпти. Яъни одамларда табиий меҳрибонлик йўқ бўляпти. Яна бунга мисол қилиб, эркаклар эркаклар билан яшаши ёки аёллар аёллар билан яшашини келтирсак бўлади. Бу ҳам табиий муҳаббат йўқолишидан содир бўляпти.

Ҳақиқатни бузадиган бўладилар.

Ёлғон гаплар айтиб, туҳмат қиладиган одамлар кўпаяди.

Одамлар ўзини тия олмайдиган, ўзини назорат қила олмайдиган бўлиб қоладилар.

Яхшиликка қарши чиқадиган бўладилар. Масалан, биз яхши нарсани ва хушхабар ҳақиқатини айтганимизда, Муқаддас Руҳ одамлар гуноҳини фош қилади, шунинг учун улар яхшиликни ёмон кўриб, унга қарши чиқадилар.

Мағрур одамлар кўпаяди; улардан бошқа одам йўқдек, улар туфайли ер айлангандек ўзларини тутадиганлар кўпаяди.

Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган одамлар кўпаяди. Сизга ёқадиган нарса, завқ келтирадиган нарса бўлиши мумкин, лекин Худо билан муносабатингизга шу нарса қаршилик ёки тўсқинлик қилиши керак эмас. Чунки Худо бизга ҳамма нарсаларни завқ билан ишлатишимиз учун берган; бироқ ҳеч нарса устингиздан ҳукмронлик қилиши керак эмас.

Охирга замонда одамларда художўйлик (тақводорлик) шакли бор бўлади-ю, лекин ҳақиқий куч-қудратга эга бўлмайдилар. Айримлар мен Худога хизмат қиламан, ибодат қиламан, камбағалларга пул бераман, кимгадир ёрдам бераман, у ёки бу нарсани қиламан, мана шунинг ўзи етади, дейдилар – мана шу художўйлик шакли дейилади. Фақат шакл, лекин асл кучи ёки қудрати йўқ. Айрим кишилар жамоатга ҳам келиши мумкин, лекин уларнинг ҳаётида мана шу оятлардаги ёмон жиҳатлар бор бўлса, демак уларда фақат художўйлик шакли бор экан, лекин Муқаддас Руҳ қудрати уларда йўқ.

Киши Исо Масиҳни қабул қилганида гуноҳ табиатининг қуч-қудрати бузилади ва у кучсиз бўлиб қолади. Шундан кейин янги масиҳий гуноҳ табиати таъсирисиз яшай бошлайди ва шундан кейин у ҳар доим шу аҳволда яшашга эътибор бериши керак. Агар киши ишонч билан яшашни давом эттирмаса, Муқаддас Руҳ кучидаги ҳаёт белгилари секин-секин йўқола бошлайди, ва охири умуман йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун Худо иноятида яшашни масиҳий ўрганиши шарт. Бунинг учун у ҳар доим Исо Масиҳ унинг ўрнида хочда қилган ишига ишониб яшаши керак.

Мен сизга хушхабар айтмоқчиман: мен ўзим гуноҳдан озод бўла олмайман, бунга кучим йўқ, нимадир қилсам ҳам, яна бошқа нарса қилмасам ҳам мен ўзимни поклай олмайман; шунинг учун мен Исога ишонаман; мен Исони қабул қилганимда мен Исода пайдо бўлдим ва ҳозир ҳам Унга қаратилган ишончим орқали мен Исода мавжудман. Буни Худодан туғилган ва Муқаддас Китобни ўқиган ҳар қандай масиҳий тушунади. Мен ўшанда ўлдим ва энди Худо назарида Масиҳ ичидаман. Мен Исо билан бирга ўлдим, У билан бирга қабрга қўйилдим ва У билан бирга қайта тирилдим. Энди Исо Масиҳ қайта тирилиб, абадий тирик бўлгани каби, мен ҳам Исонинг ўша “қайта тирилиш ҳаётининг” куч-қудратида яшаяпман. Бу ҳар бир масиҳий учун ваъда қилинган фаровон ҳаётдир! Сиз ҳам бунга эришишингиз мумкин, бунинг учун юқорида айтилган шартларга риоя қилишингиз керак.

Забурда Худонинг яширин жойида яшайдиган одам бахтиёрдир, дейилган. Киши ўзига шундай савол бериши мумкин: “Қандай қилиб бунга эришсам бўлади?” Бунга жавоб битта – Исо Масиҳни Раббий деб қабул қилиш орқали ва Унинг хочда қилган ишига ишониш орқали мен озодликка эгаман ва Худонинг яширин, паноҳ жойидаман.

90 Забур саноси

Кимки Худойи Таолонинг паноҳида яшар,

Қодир Тангри соясида ором топар экан,

У Худовандга айтади:

Ўзингсан бошпанам, қасрим менинг,

Умидим фақат Сенда, эй Худойим!

Худо сени овчи қопқонидан ҳам,

Вабо-қазодан ҳам халос этар.

У Ўз парлари билан сени ёпар,

Қанотлари остида бехатар бўласан;

Ҳақиқати сенга қалқон ва тўсиқ бўлар.

На тунги ваҳимадан қўрқасан,

На кундузи учаётган ўқдан,

На зулматда кезувчи вабодан,

На қиём чоғи қирувчи ўлатдан.

Сенинг ёнингда мингтаси йиқилиб,

Туман қулаб кетса-да ўнг ёғингда,

Бало-қазо сенга яқин йўламас.

Сен фақат кўзларинг билан боқиб,

Фосиқларга берилган жазони кўрасан.

Худовандни паноҳим деб билганинг учун,

Ҳақ Таолони қўрғоним деганинг учун,

Тушмас бошингга бирон-бир фалокат,

Йўламас чодирингга ҳам қандайдир ўлат.

У Ўз фаришталарига сен ҳақда амр этгай,

Токи бутун йўлларингда сени асрасинлар.

Улар сени қўлларида кўтариб кетар,

Оёғинг ҳам тошга қоқилиб кетмас.

Шер ва бўғма илон устидан босиб ўтасан,

Арслон ва аждарни эзиб ташлайсан.

«У Менга меҳр боғлагани-чун қутқазаман,

Номимни тан олгани-чун омон сақлайман.

У Мени чақирган чоғида жавоб бераман,

Қайғули кунида у билан бирга бўламан,

Уни халос этиб ҳурматга сазовор қиламан.

Узоқ умр бериб кўнглини тўйғазаман,

Нажоткорлигимни унга намоён қиламан».

Сизга ҳам шуларни тилаб қоламан.

2008-08-21

Руҳий зеҳн

1 Юҳанно 4:1-3

“Эй маҳбубларим, ҳар қандай руҳга инонавермангиз. Худодан бўлган-бўлмаганлигини билиш учун руҳларни синовдан ўтказингиз. Чунки дунёда кўпгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлган. Одам вужуди билан дунёга келган Исо Масиҳни тан олувчи ҳар бир руҳ Худодандир. Худонинг Руҳини шундан танийсизлар. [Одам вужуди билан дунёга келган] Исо Масиҳни тан олмовчи ҳар қандай руҳ Худодан эмас. Бу – дажжолнинг руҳи. Дажжол келишини сизлар эшитган эдингизлар. Мана, ҳозирдан у дунёдадир.”

Руҳий зеҳн – ёлғон руҳларни таниш ва фош қилиш қобилияти, Муқаддас Руҳ орқали берилади.

Агар ҳамма масиҳийлар Муқаддас Руҳда яшайдиган бўлса, Худо улар орқали бошқа одамларга ҳам таъсир қила бошлайди. Лекин кўпгина масиҳийлар ғайри-табиий мўъжизаларга берилган бўлсада, улар чиндан ҳам Худоданми йўқми билишмайди. Агар масиҳий Худодан келган нарсаларни аниқ билмаса, унинг аҳволига вой! Худодан келадиган нарсалар доим Муқаддас Китобга мос бўлади ва унга қарши бўлмайди.

Йиқилиш ёки имондан қайтиш – бир вақт ҳақиқатни билиш, лекин кейин шу ҳақиқатни тарк этиб, йиқилиб тушишдир. Ҳақиқатни билмаган одам имондан йиқилмайди, у аллақачон адашгандир. Масиҳий мақсади ҳақиқатни билиш ва унда доим туришдир, ундан кетиб қолмаслик.

1 Тимўтий 4:1-3

“Худо Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар. Ўз виждонларини гўё қизиган темир билан доғлаган ёлғончиларнинг риёкорлигига қойил қоладилар. Улар уйланишни ман этадилар ва Худо яратган ҳар хил овқатлардан тийилишни буюрадилар. Ҳолбуки, ҳақиқатни билиб олган имонлилар шукрона қилиб овқат ейиши керак.”

Муқаддас Руҳ аниқ айтади; У сизга ҳам мурожаат қилиб гапиради. Охирги кунларда айрим масиҳийлар имонни тарк этадилар ва алдовчи руҳларга ва шайтоннинг ёлғон таълимотларга қулоқ сола бошлайдилар.

Агар сиз ёлғон таълимотни эшитсангиз, уни таниб олиб, унга қулоқ солишингиз керак эмас.

Одам чўнтагига чўғларни солиб, кийимим ёнмайди ва мен куймайман, дея олмайди. Юзта яхши олма битта чириган олмани яхши қила олмайди, аксинча битта чириган олма юзта яхши олмани чиритади.

Шунинг учун биз нимага қулоқ соляпганимизга эътибор беришимиз керак, жамоатдами, ишхонадами, кўчадами ёки биродарлар орасидами – нимага қулоқ солишимизга эҳтиёт бўлишимиз керак.

Алдовчи руҳлар ширин сўзлар билан одамни ҳақ имон йўлидан оздиради, улар одамни туртади, итаради ва ром қилади. Бунда сиз “о, мен тезда шуни қилишим керак” деб ўйлайсиз, лекин шуни қилганингиздан кейин “бекорга шундай қилдим” деб афсус қиласиз.

Муқаддас Руҳ эса сизни етаклайди, куч ишлатмайди.

Матто 24:4-5

“Исо жавоб бериб уларга деди: “Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради.”

Исо бизга эҳтиёт бўлинглар деяпти, чунки айрим одамлар “мен Масиҳман” деб алдайди. Бунда бизга Муқаддас Китоб ва Муқаддас Руҳ ёрдам беради, бироқ биз доим уларга таяниб яшашимиз керак.

Ҳаворийлар 16:16-18

“Бир куни ибодатгоҳга кетаётганимизда, ичида фолчилик руҳи бўлган бир чўри бизга дуч келди. У фолчилик маҳорати билан хўжайинларига кўп даромад келтирарди. Павлуснинг ва ҳаммамизнинг орқамиздан юриб: – Бу одамлар Худойи Таолонинг қулларидир, бизга нажот йўлини эълон қилмоқдалар, – деб бақирарди. Анча кун буни такрорлади. Ахир, Павлуснинг жонига тегиб, у чўрига бурилди-да, ичидаги руҳга: – Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: чўридан чиқиб кет! – деди. Руҳ эса ўша заҳоти чўрининг танидан чиқиб кетди.”

Шу оятлардаги чўри қизнинг сўзлари тўғри эди, лекин бу сўзларнинг орқасидаги руҳ ёлғон руҳ эди; Павлус Муқаддас Руҳ орқали шу қиз орқали ёлғон руҳ гапиряпганлигини таниди ва “шу қиздан чиқ” деб шу руҳни ҳайдаб чиқаради. Демак, одамлар гапирган гапига эътибор беришимиз керак, лекин шу билан бирга улар қандай руҳ билан гапиряпганлигига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Бундай қилиш учун бизга фақат Худо Муқаддас Руҳ ёрдам бера олади. Охирги кунларда масиҳийлар руҳий зеҳнга эга бўлишлари керак, бундай бўлмаса улар йўлдан озиб кетадилар.

Исо ҳақида ҳам бир киши “Мен Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Муқаддас Зотисан”, дейди. Лекин шу киши орқали ёлғон руҳ гапиряпган эди, шунинг учун Исо шу кишидан ёлғон руҳни ҳайдаб чиқаради.

Марк 1:24-27

“– Эй носиралик Исо! Бизда нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Азизисан!

Бироқ Исо ёмон руҳга дўқ уриб:

– Жим бўл ва ундан чиқиб кет! – деди.

Ёмон руҳ у одамни ларзага солди-да, овози борича бақириб, унинг вужудидан чиқиб кетди. Ҳаммани ваҳима босди. Ўзаро фикр юритиб:

– Бу нима гап? Бу қанақа янги таълимот экан? У ёмон руҳларга ҳам қудрат билан буюради, руҳлар эса Унга бўйсунади! – дейишди.”

1 Юҳанно 4:4

“Эй фарзандларим, сизлар Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Чунки ичингиздаги Руҳ дунёда ҳукм сураётган руҳдан устундир.”

Сиз Исо Масиҳни Раббий, деб қабул қилган бўлсангиз Худога тегишлисиз, Худо шохлигидасиз, қайта туғилгансиз, нажот топгансиз, оқлангансиз ва поклангансиз. Шунинг учун сиз улар устидан ғалаба қозондингиз, яъни аллақачон ғалабага эгасиз. Нега? Сизнинг ичингиздаги Руҳ бу дунёдаги руҳлардан устундир ва юксакроқдир.

Сиз бунинг учун ҳеч нарса қилишингиз керак эмас, ёки буни кутишингиз керак эмас. Ғолиб бўлиш учун фақат битта нарса керак – бу ҳам бўлса Исо Масиҳ хочда биз учун қилган ишига ишониш керак. Шу ишончни доим сақлаш керак ва доим фақат Исога қаратиш керак, шунда Исо сиз учун қилган нарсалар ҳаётингизда намоён бўла бошлайди. Оқланган киши ишонч билан яшайди.

Римликларга 8:13

“Агар ўз табиатингизга маҳлиё бўлиб яшасангиз, руҳан ўлишингиз муқаррар. Лекин агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз, руҳан яшайсизлар.”

Башарий тана амри билан яшасангиз ўласиз, агар Муқаддас Руҳ билан башарий тана ишларини ўлдирсангиз – яшайсиз. Демак Муқаддас Руҳ шу ишни қилар экан, яъни сизни поклайди, тозалайди ва муқаддаслайди; лекин мен нима қилишим керак, деган саволни ўзимизга берамиз. Бунга жавоб шундай: Исо хочда қилган ишга ишониш орқали биз нажот топамиз ҳамда муқаддасланамиз.

Худо бизга нажот бериш жараёнини жуда осон қилиб берган ва шунинг учун ҳар қандай инсон нажот топиши мумкин. Одамга бунинг иложи йўқ, Худога эса ҳамма нарсалар иложи бор. Одам ўзига нажот бера олмайди, фақат Худо одамга нажот бера олади; худди шундай равишда одам ўзини муқаддаслай олмайди, фақат Худо одамни муқаддаслай олади. Инсон фақат бир марта нажот топиши мумкин, яъни нажот топгандан кейин одам гуноҳ қилса, тавба қилиш орқали яна Худо билан муносабатга қайтиб кела олади. Худди шундай равишда масиҳий муқаддасланади, агар у гуноҳ қилса ёки башарий танада яшаса, яна тавба қилиб ҳақ йўлга қайтиб келиши мумкин.

Нажот топиш жараёни ва муқаддасланиш жараёни бир-бирига ўхшайди, шу иккаласига эришиш учун фақат битта калит керак – Исога ишониш. Яна аниқроқ қилиб айтсак, киши Исо Масиҳни ўлимдан қайта тирилганига ва У хочда қилган ишига ишониши ва Уни Раббий, деб тан олиши керак.

2008-08-10

Исо Масиҳ қиёфасининг ўзгариши

“У гапини тугатмасданоқ, нур ёғилиб турган бир булут уларни қоплаб олди. Булут ичидан эса бир овоз келди:

– Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!” (Матто 17:5).

Исо Масиҳ қиёфасининг ўзгариши Масиҳнинг шуҳрати ва шарафини бизга намоён қилади. Бу шуҳрат Исонинг устига порламади, балки Унинг ичидан порлаб, кийимлари орасидан ҳам кўринарди. Шу тоғда Исонинг олдида Мусо ва Илёс пайғамбарлар пайдо бўлганида, Мусо Қонун вакили сифатида ҳамда Илёс Иноят вакили сифатида пайдо бўлишган эди.

Ўша вақтга келиб Мусо тахминан бир минг беш юз йил олдин ўлган эди, Илёс эса ўлимни кўрмасдан осмонга кўтарилиб кетган эди; албатта булар иккаласининг Исо билан бўлган суҳбати жуда ҳам қизиқ бўлган бўлса керак! Улар Исо билан Унинг нажотбахш ўлими ҳақида гаплашишади (Луқо 9:31). Шундай қилиб мана шу доктрина ёки таълимот (нажотбахш ўлим) осмондаги энг буюк мавзудир (Ваҳий 1:5; 5:6, 9; 7:14).

Бутрус “шу ерда учта чайла қурайлик: бириси Сенга, бириси Мусога, бириси Илёсга,” деб аҳмоқона гап айтади. Бироқ тезда осмондан уни жойига қўйиб қўйган овоз келди. Сажда қилиш ва таълим беришда ҳатто энг улуғ пайғамбарлар ҳам Худонинг севикли Ўғли Исо Масиҳ билан тенг қўйилишига Худо рухсат бермайди. Ўша заҳотиёқ Мусо ҳам, Илёс ҳам ўша ердан ғойиб бўлишади ва Худонинг овози “Унга, фақат Унга қулоқ солинг!” дейди.

Бунинг маъноси шуки, айрим одамларнинг пайғамбарлар ёки авлиёларга қаратиб қилган ибодатлари, ҳатто бокира Марямга айтилган ибодатлар ҳам ҳеч нарсага ярамайди. Бундай қилишнинг ҳеч ҳам фойдаси йўқ. Худо Ота айтган буйруғи аниқ ва ойдин, қисқа ва лўнда эди: “Унга қулоқ солинглар!”

2008-07-25

Аудио Инжил

Ажойиб янгилик:
яқинда Инжилнинг аудио ёзувларини интернетдан топдим, мана саҳифаси:
https://www.faithcomesbyhearing.com/store/languageconfig

Шу саҳифага кириб, уларнинг программасини кўчириб олишингиз керак, кейин шу программа орқали Инжилни ўзбек тилида кўчириб олсангиз бўлади.
Ҳамма аудио файллар катталиги 694 МВ, лекин сиз шу программа орқали файлларни секин-секин ва озгинадан кўчирсангиз бўлади, чунки унда "пауза" деган тугмаси ҳам бор.

Агар ниманидир тушунмасангиз ёки ёрдам керак бўлса, менга хат ёзинг, манзилим шу саҳифада ёзилган.

2008-07-21

Худодан тилаганимизни олиш

“Исо: – Болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас, – деган жавобни қайтарди. Аёл: – Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейдилар-ку! – деди. Исо буни эшитиб, аёлга: – Эй аёл, сенинг ишончинг буюк, сен тилагандек бўлсин, – деди. Аёлнинг қизи эса ўша заҳоти соғайиб кетди.” (Матто 15:26-28).

Юқоридаги оятларда берилган собоқ жуда ҳам ажойиб! Мажусий аёл Исонинг олдига келиб, ўз қизига шифо сўрайди.

Худо Исроил халқи оталарига (Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб) берган ваъдасини бажариш мақсадида Исо Масиҳ суннат аҳли (яҳудийлар) олдига хизмат қилиш учун келган эди, шунинг учун Унга “Довуд ўғли”, деб мурожаат қилган мана шу мажусий аёлнинг илтижосига У эътибор бермади. Итоаткорлик ачинишдан устун келиши керак. Инсон сифатида Исо “юборилган” эди, демак У хизматкор эди, яъни Худо Унга кўрсатмаган нарсасини У қилмасди. Шу билан 23-оятдаги сукутни тушунтирса бўлади: Лекин Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади.

Юқорида айтганимиздек, бунга сабаб бор эди, шундай қилиб Исо бошқа йўл билан сўзлайди. У ўша аёлга шундай дейди: “Болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас.

Аёл кишининг Унга берган жавоби ибратомуз эди. У шундай деди: “Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейдилар-ку!”

Бундан олдин бу аёл Исони “Довуд ўғли” деб атаган эди, лекин Исо бундай мурожаатга жавоб бера олмас эди, чунки бу аёл мажусий эди. Энди эса бу аёл Исони “Ҳазрат” ёки аниқроғи “Раббий” деб айтди. Худо сифатида эса Исо бемалол ҳаракат қила олади; аёл ишонч билан Худо иноятига келтирган муҳтожлигига энди Исо иноят билан жавоб бера оларди. Акс ҳолди, У Худо сифатида Ўз феъл-атвори ва табиатидан воз кечган бўларди.

Шу аёл кишининг “Раббим, менга ёрдам бер” деган илтижоси, унинг биринчи марта айтган илтижосидан минг марта яхшироқ эди. Бироқ у ўзини итман, деб тан олганидан кейингина у сўраган нарсасига эришди. Яъни инсон ўзини ҳеч нарчага яроқсиз ва гуноҳкор, деб тан олмаса, у Худодан ёрдам ва нажот олмайди. Худди шундай тарзда солиқчи ҳам Худога “Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил!” деб мурожаат қилган эди (Луқо 18:13).

Гуноҳ ва шайтон қудратидан озод бўлиш “ушоқ” бўладиган бўлса, унда бутун нон қанчалар буюк бўлар экан-а!

2008-07-15

Ўсиш учун синиш

“Сўнг У халойиққа ўт устига ёнбошлашларини буюрди. Бешта нон билан иккита балиқни олиб, осмонга қараб дуо қилди. Нонларни синдириб шогирдларига берди, улар эса халойиққа тарқатишди. Ҳаммаларининг қорни тўйди. Ортиб қолган бурда нонларни териб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.” (Матто 14:19-20).


Юқоридаги оятларда масиҳий, яъни чиндан ҳам Раббимизга эргашмоқчи бўлган имонли ҳаётини белгиловчи тартиб кўрсатилган. Мана шу тартиб қуйидагича бўлади:

1. “У олди”: Исо бешта нон билан иккита балиқни олиши – биз қайта туғилган (нажот топган) пайтда У бизни олганига ўхшатса бўлади.

Мана бунга эътибор беринг: Исо минглаб одамларни боқиш учун ўша нон ва балиқни кўпайтиргани каби, У бизни ҳам кўпайтирмоқчи бўлади. Агар биз чиндан ҳам Унга эргашсак, яъни бошқача қилиб айтганда, агар биз юқоридаги оятларда келтирилган тартибга риоя қилсак, минглаб одамлар руҳан озиқланадилар ва руҳан шифо топадилар.

2. “У дуо қилди ёки баракатлади”: киши нажот топиши биланоқ Раббимиз уни баракатлашни бошлайди. Энди имонга келган одамга далда бериш учун турли йўналишлардан баракатлар кела бошлайди. Бу давр баракат давридир, бироқ биз бундай ҳолатда туриб қолмаймиз, чунки Раббимиз бизга бундан ҳам буюкроқ нарсаларни тайёрлаб қўйган.

Кўп масиҳийлар шундай ҳолатда бўлганларида бошқаларга “баракат” бермоқчи бўладилар, лекин бунинг натижасида Раббимиз эмас, балки одам улуғланади. Шунинг учун охир-оқибати ижобий бўлмайди.

3. “У синдирди”: баракатдан кейин синиш даври келади ва буни ҳеч ким ёқтирмайди. Лекин Худо истаган одамга айланмоқчи бўлсак, бундан қочиб кетолмаймиз. Яъни синиш жараёнини бошимиздан кечиришимиз шарт. Бу жараён бизга оғриқ ва қайғу келтирсада, усиз ўсиш ва ўзгариш бўлмайди!

Яҳё пайғамбар Исо ҳақида гапириб шу жараён ҳақида ҳам айтиб ўтган эди: “Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У ўз хирмонини шопириб ташлайди; буғдойини омборга тўплаб, сомонни сўнмас ўтда ёндириб юборади.” (Матто 3:12).

4. “У берди”: биз етарли даражада синганимиздан кейингина бизни бошқаларга берса бўлади. Энди эса вазият умуман ўзгарган бўлади. Энди бизнинг шахсиятимиз (ўзлигимиз) улуғланмайди, балки Хўжайинимиз улуғланади. Энди биз кўпайишимиз мумкин, бунинг натижасида эса катта муҳтожликдаги минглаб одамлар руҳий озуқа оладилар.

Афсуски, кўпгина одамлар шу синиш жараёнидан ўта олмайдилар. Улар тўхтаб, имонни йўқотадилар, кўнгиллари тушади ва шунинг учун энг буюк баракатдан маҳрум бўладилар.

2008-07-12

Худога қарши айтилган куфр

“Фарзийлар буни эшитишгач: «У инс-жинсларнинг бошлиғи – иблиснинг кучи билангина жинларни қувиб чиқаряпти-ку», – дедилар.” (Матто 12:24).

Худо қудратини ёвуз руҳларга тегишли, деб айтиш – Худога қарши айтилган куфрдир. Муқаддас Руҳга қарши айтилган куфр ҳамма куфрлардан энг ёмонидир, зеро бунинг учун кечирим йўқдир.

Исо ерда бўлган пайтда фарзийлар Исроилда диний уламолар (бошлиқлар) бўлишган эди. Улар Исо амалга оширган шифолашлар ва мўъжизаларни инкор этишолмасди, ҳамда У сўзлаган хабарга қарши ҳеч нарса айтолмасдилар. Шунинг учун улар Исо кўрсатган куч-қудрат Муқаддас Руҳга эмас, балки шайтонга тегишли, деб таъкидлашарди. Шундай қилиб улар Муқаддас Руҳ қилган ишларни шайтон қилди, дейишарди. Мана шу Муқаддас Руҳга қарши қилинган гуноҳдир (куфрдир) (Матто 12:24-32).

Муқаддас Руҳга куфр қила оладиган иккита гуруҳ одамлар мавжуд: биринчиси, Исо Масиҳни бир пайтлари таниган ва кейинчалик Раббимиздан юз ўгирган одамлар, иккинчи гуруҳ эса мана шу фарзийларга ўхшаган диний пешволардир. Исони ҳеч қачон таниб-билмаган киши, ўзини диндорман, демаган киши Муқаддас Руҳни куфр қила олмайди, чунки бу кишида бунақа қилиш учун етарли билим йўқ.

Мана шу фарзийларга ўхшаб Муқаддас Руҳни куфрлайдиган одамлар эса Масиҳнинг олдига келишни умуман истамайдилар ва Муқаддас Китоб бўйича яшашни хоҳламайдилар. “Киши Исонинг олдига келишни истайди-ю, бироқ Муқаддас Руҳга қарши куфр қилганман, деб ўйлаб Унга яқинлаша олмайди”, деган фикр нотўғри ва Муқаддас Китобга қарши бўлган фикрдир. Чунки инсонда Раббимизга яқинлашиш истаги бор бўлса, бу истакни Муқаддас Руҳ унда ҳосил қилган бўлади. Агар инсондан умид умуман йўқ бўлганда эди, Муқаддас Руҳ унинг ичига бундай истакни солмаган бўларди.

Бу катта аҳамиятга эга бўлган мавзу бўйича сўзлашганда, айрим кишилардан ҳавотирдаман, зеро улар Муқаддас Руҳ чиндан ҳам содир қилган нарсаларни (масалан номаълум тилларда гапириш ва ҳаказо) шайтондан келган дейишади. Бундай эҳтиётсизлик билан айтлиган сўзлардан қўрқиш керак.

“Шунинг учун сизларга айтаман [Исо жуда қўрқинчли мавзу ҳақида сўз очяпти]: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади [албатта агар имонли киши мос равишда Худога гуноҳларини эътироф этса (Юҳаннонинг биринчи мактуби 1:9)]. Лекин Муқаддас Руҳни куфр қилганлар кечирилмайди.” (Матто 12:31).

2008-07-05

Исо нимага ҳайрон қолди?

“Исо буни эшитгач ҳайрон қолди. Орқасидан эргашиб келаётганларга: – Сизларга чинини айтайин, – деди, – Мен бунчалик буюк ишончни Исроилнинг бирон жойида ҳам топмадим.” (Матто 8:10).


Юзбоши Раббимиз Масиҳнинг олдига келиб, Ундан ўз хизматкорига шифо беришни илтимос қилади; унинг хазматкоир эса “шол бўлиб ғоят қийналиб” ётганди. Масиҳнинг жавоби ўша заҳотиёқ янгради, “Мен бориб уни соғайтираман”. Юзбоши жавоби билан Исони ҳайрон қолдирди: “Кулбамга оёқ босишинг учун мен муносиб эмасман. Сен биргина сўз айтсанг бас, хизматкорим соғайиб кетади”.

Бу кишининг ақлу-заковатига беш кетса бўларди. Унинг айтишича, унга Рим императори қудрат бергани туфайли унинг аскарлари унга бўйсунишга мажбур эди; худди шундай тарзда Исода Худонинг қудрати бўлгани учун касаллик Унга бўйсунишга мажбур эди. Албатта бу киши тўғри сўзлаган эди!

Исо унинг гапини эшитиб “ҳайрон қолди”. Муқаддас Китобда фақат иккита оятда Исо ҳайрон қолганлиги ҳақида ёзилган: мана шу мажусий “ишончи” ва яҳудийларнинг “имонсизлиги”га Исо ҳайрон қолган эди (Марк 6:6).

Исо бундан кейин “Сизларга чинини айтайин, Мен бунчалик буюк ишончни Исроилнинг бирон жойида ҳам топмадим,” деди. Шу орқали Исони мажусийлар қабул қилиши, яҳудийлар эса Уни қабул қилмаслигини кўрсак бўлади. Шундан кейин Исо юзбошининг илтижосини бажо келтирди. Исо унга “Бор, сен ишонганингдек бўлсин” деди.

Бундан кейин Муқаддас Китобда ёзилган ажойиб сўзларни тингланг: “Юзбошининг хизматкори эса ўша заҳоти соғайиб кетди”.

Исо Масиҳ кўрсатган бу буюк мўъжиза бизга шуни кўрсатадики, Раббимиз биздан “ишонч”ни талаб қилар экан.

Бироқ қуйидагини тушуниб олиш керак:

Исонинг ўлими ва қайта тирилишидан аввал ишонч фақат Масиҳда бўлиши керак эди, бунинг сабаблари ҳаммага равшан бўлса керак. Эндиликда эса Исо хочда қилган иши тарахий факт (содир бўлган ҳодиса) экан, Масиҳ – манбаимиз, хочда қилинган иш эса шу манбага элтадиган восита эканлигини тушуниб олишимиз керак. Ана ўшанда бизнинг ишончимиз (имонимиз) Худо томонидан эътиборга олинади.

2008-06-23

Моховликдан пок бўлиш

Шу ўртада бир мохов Унга яқинлашиб, сажда қилди-да: – Ҳазрат, агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан, – деди. Исо қўлини узатди ва унга тегизиб: – Истайман, пок бўл! – деди. Мохов шу заҳоти дардидан фориғ бўлди. (Матто 8:2-3).


Тоғда Исо Масиҳ ваъз айтиб, ерда ўрнатадиган Шоҳлигининг қоидалари ҳақида сўзлайди. Шундан кейин У пастга тушиб, Худо сифатида қудратини намоён қилади: касалликдан устунлиги (Матто 8:2-16), табиатдан устунлиги (24-26 оятлар), ёвуз руҳлардан устунлиги кўрсатди (28-32 оятлар); шу орқали Исо ёвузликни йўқ қилиб ерни бахтиёрлик билан тўлдиришга, ҳамда шайтон ишлари ва шоҳлигини вайрон қилишга қодирлигини кўрсатди. Бироқ инсонлар бунинг ўрнига шайтон ҳумронлигини, касалликларни, ёвуз руҳларни ва чўчқаларни авзал кўришди (34 оят).

Мусо орқали берилган қонунга кўра мохов кишини ҳеч ким тегиши мумкин эмас эди. Кимки бундай қиладиган бўлса у нопок бўлиб қолар эди.

Исо шу қонунни буздими?

Моховлик гуноҳни билдирадиган рамз эди ва қадимдаги Исроилликлар моховликни Худодан келган жазо деб билар эдилар. Моховлик касалигининг ўзи жуда дахшатли эди, шу билан бирга кўпчиликлар мохов киши нажот топа олмайди, деб ҳисоблашар эди. Луқо ўз хушхабарида бу кишини “бутун танаси мохов бўлган бир киши” деб тасвирлайди, бу эса у ўлишига озгина қолганлигини билдиради (Луқо 5:12). Қонунда бундай қилиш мумкинмаслиги ёзилган бўлса ҳам, бу киши бошқа нима қилишини билмасдан Исонинг олдига жуда яқин келади. Исо Масиҳда моховликка шифо беришга қудрат борлигига у ишонарди, фақат бу Исонинг иродасими ё йўқми – шунда у шубҳаланарди. Ўзининг шунчалик ачинарли ҳолатини билган ҳолда у деди: “...агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан”.

Бу кишининг ишончи ва шундай айтган сўзларидан кейин Исо “қўлини узатди ва унга тегизди”. Исо қўлини мохов кишига чўзаётиб, “Истайман, пок бўл!” дейди.

Йўқ! Исо мохов кишига тегиб қонунни бузмади. Юнон тилидаги бу матнга биноан Исонинг тегиниши эмас, балки сўзи мохов кишига шифо берган эди. Исонинг қўли шу кишига тегганида эса у аллақачон пок бўлган эди, шундай қилиб ҳеч қандай қонун бузилмаган эди. Муқаддас Китобда бу киши “шу заҳоти пок бўлди” деб ёзилган!

Иса қилган ҳамма нарсалар нафақат ночор аҳволдаги одамларга ёрдам бериш учун, балки қандайдир руҳий собоқни бериш учун содир бўлар эди. Мохов кишининг пок бўлиши орқали Исо Масиҳнинг қудратини кўрса бўлади: Исо ҳар қандай гуноҳдан бизни поклаши мумкин, бунинг учун биз фақат ишонишимиз ва шу ишончимизни очиқ айтишимиз керак.

2008-06-15

Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар!

“Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй кийимида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир.” (Матто 7:15)

Юқорида келтирилган оятларда ёлғонни ваъз қиладиган одамлар ҳақида гап очилди; улар Исо Масиҳни ва У хочда қилган ишини рад этишади; улар ҳақиқатни ваъз қиладиган ваъзхонларга қарама-қарши туради.

Бундай сохта ўқитувчиларнинг маънавий меваси жамоатда ҳам, дунёда ҳам бузуқликдан иборат бўлади. Бундай одамлар ташқи кўриниши ва феъл-атвори ёқимли бўлиши мумкин, бироқ нима бўлганда ҳам, улар гуноҳ қулларидир. Сохта ваъзхонлар илгари сурадиган барча ёлғон таълимотнинг асосида хочни нотўғри тушуниш ётади. Хочда қилинган иш ҳақидаги таълимот пойдевор ёки асосдир ва ҳамма таълимотлар (доктриналар) мана шу пойдевор устида ўрнатилиши ёки қурилиши шарт (1-Бутрус 1:18-20); агар қандайдир таълимот шу пойдевор устида қурилмаса, у барибир қайсидир жойида мустаҳкам бўлмайди. Агар жамоатда хоч тўғри тушунилмаса, бунинг натижасида ёлғон таълимот ва ёлғон пайғамбарлар пайдо бўлади.

Раббимиз Исо Масиҳ Матто ёзган хушхабарининг 7-бобида ёмон дарахтдан яхши мева келмайди, деб аниқ-ойдин айтган эди (Матто 7:15-20). Бунинг иложи йўқ! Бошида дарахт чиройли бўлиб кўриниши мумкин, лекин охир-оқибати барибир ачинарли бўлади.

Қандай қилиб биз ёлғон пайғамбарларни танисак бўлади?

Исо аллақачон буни бизга айтган эди! “Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласизлар.”

Ёлғон йўл доим диний ишлар тизими билан тўлиб-тошган бўлади. Ёлғон йўлга қул бўлган одамлар ҳам ҳар доим ўз динининг ишларини бажариш билан банд бўладилар; шунинг учун ташқи қизғин фаолият бўлиши ёлғон йўл учун табиийдир, бироқ уларда ички ўзгариш, яъни “руҳий ўсиш” умуман кузатилмайди ва йўқ бўлади. Қачонки киши ишончини фақат Исо Масиҳга ва У бизнинг ўрнимизда хочда амалга оширган якунланган ишига қаратса, ўшанда ҳақиқий руҳий ўсиш пайди бўлади.

2008-06-05

Саодатлик сўзлари

Исо талай халойиқни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди. Исо уларга таълим бериш учун оғзини очиб, деди: (Матто 5:1-2)

Исо Масиҳ Ўз хизматини бошлаганда ва тугатганда ҳам тоғда ваъз айтган эди. Мана ҳозир биз сўзлашяпган биринчи ваъзни Исо Кафарнаҳум деган шаҳар олдидаги тоғда айтган эди. Охирги ваъзини эса У Қуддус шаҳри олдидаги Зайтун тоғида айтган эди (Матто 24-боб). Иккала ваъзнинг ҳам мавзуси Худо шоҳлиги эди.

Шу бобда (Матто 5-боб) ёзилган тўққизта “баракатлик”, “бахтиёрлик” ёки “саодатлик” сўзларидан илк тўрттаси нажто топиш жараёни ҳақида сўзлайди. Мана улар:

  1. “Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир”: биринчи бўлиб, киши ўзи маънан ва руҳан ҳеч нарсага лойиқ эмаслигини тушуниб етиши керак. “Руҳан камбағал” дегани тиламчи деган маънони билдиради. Одамга ўзини шундай эканлигини тушуниш жуда қийин, лекин шуни тан олиш бундан ҳам қийин бўлади. Бироқ Худо Шоҳлигига кириш учун одам ўзини шундай эканлигини тан олиши шарт.
  2. “Йиғлаётганлар бахтлидир, Чунки улар тасалли топур”: бу ерда оддий ғамгинликда ёки дафн этишдаги қайғу натижасида йиғлаш ҳақида гап кетмаяпти. Балки бу ерда Худо олдида одам шундай ачинарли ҳолатда эканлиги учун қайғуриш ҳақида гап кетяпти. Яна бир бор, биз ўзимизни қандай бўлсак шундай тан олишимиз керак; шундай ачинарли ҳолатимизни билиб, бундан жуда қайғурамиз!
  3. “Беозор бўлганлар бахтлидир, Чунки улар ер юзига эга бўлур”: мағрур одам Худо олдига келмайди; агар бундай одам Худога яқинлашаман деса ҳам, ўзини ёмон гуноҳкор деб тан олмайди ва шунинг учун Худодан ҳеч нарса ололмай кетади. Шу бобдаги бошқа “бахтиёрликларга” эга бўлиш учун киши уларнинг биринчисига эга бўлиши керак, яъни киши “руҳан камбағал ёки тиламчи” бўлиши керак. Ўзини шундай аҳволдалигини кўриб киши “йиғлайди”, бу эса “беозорлик ёки камтаринлик” ҳолатига олиб келади. Исо Ўзи ҳақида айтган сўзлар ҳам шундай эди: “Мен беозор ва соддадилман” (Матто 11:29).
  4. “Адолатга (солиҳликка) очу чанқоқлар бахтлидир, Чунки улар тўқ бўлур”: илк учта шартни киши амалга оширгандан кейин, унда солиҳликка очлик ва чанқоқлик пайдо бўлади. Бундан очу чанқоқлик пайди бўлгани бу киши тўқ бўлади демакдир.

Мана шу илк тўртта баракатлик сўзлари амалга ошганидан кейин, ҳамма нарса ўз жойига тушади.

Яна бир нарсани тез қўшиб қўйишим керак:

Мана шу Матто 5-бобда ёзилган саодатлик сўзларига эришиш учун одам нима қилиши керак? Бунинг учун унинг ишончи ҳар доим Масиҳга ва У биз учун хочда қилган ишига қаратилган бўлиши керак. Киши Исо Масиҳ биз учун хочда нима қилганини кўрганидан кейин, яъни хочни аниқ кўрганидан кейингина, у “руҳан камбағал” бўла олади, бу эса қолган бошқа саодатликларга елтадиган эшикни очадиган калитдир.

2008-05-21

Синов ва васваса ҳақида

“Ўшанда Исо, иблиснинг синовидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди.” (Матто 4:1)

Биринчи Одам боғда синалган эди; иккинчи Одам, охирги Одам эса саҳрода синовдан ўтди.

“Синалди” дегани “имтиҳондан ўтиш” демакдир. Одам ўз гуноҳсизлигида синалган эди; Исо эса Ўзи гуноҳсиз бўлса ҳам, яхши ва ёмонни билган ҳолатида синалган эди. Масиҳ бу дунёнинг қаёғу ва ёвузлик саҳросига келиб, тўлиқ итоаткорлик ва тобелик ҳаётини намоён қилди. Шунинг учун Исонинг комил итоаткорлиги ва тобелиги синовдан ўтиши керак эди. Синов нимадан иборат эди? Исо Отасининг иродасидан (истагидан) бошқа иродага эга бўлиши мумкин эмас эди; шу билан бирга У Отасининг иродасини қабул қилиб, ундан завқ олиши керак эди, бунинг оқибатида Унга нима бўлишидан қатъий назар. Биз шуни эсда тутишимиз керак!

Шу итоаткорлик ва тобеликни шайтон вайрон қилмоқчи бўлган эди. Шунинг учун у Исони Худо Ўғли, Масиҳ ва Инсон Ўғли сифатида Ўз имтиёзларидан фойдаланишга таклиф қилди, Ўз фойдасини кўзлаб мўъжиза яратишга ундади, Ўзини Исроилга намоён қилишга ва Унга ваъда қилинган дунё ҳукмронлигини қабул қилишга ундади. Бироқ шайтон мақсадига эриша олмади!

Исонинг синови қандай тарзда бўлган бўлса, ҳамма синовлар ҳам шундай тарзда ўтади. Амалга оширилган ҳаракат (иш) ҳақиқий синов (васваса) натижасидир. Барча синов (васваса) инсонни Худо иродасидан ташқарига чиқишга ундайди. Кўпинча биз сабабга қарамасдан, ҳаракатга эътибор берамиз. Шундай қилиб биз адашган бўламиз. Энг ачинарлиси шуки, бундай иш тутиш орқали биз ғалабага эриша олмаймиз.

Исо шайтонга қарши чиққани каби биз ҳам худди шундай равишда шайтонга қарши чиқа олмаймиз. Биз шундай қила оламиз деб ўйласак, нотўғри фикрлаган бўламиз. Синовдан (васвасадан) озод бўлишнинг ягона йўли Масиҳ хочда қилган ишига назар ташлашдир. Бундан бошқа озод бўлиш йўли йўқдир. Чунки Исо бизнинг ўрнимизни олди, Ўзининг комил ҳати ва комил қурбонлиги орқали зулмат кучлари устидан ғалаба қозонди.

Павлус шундай деган эди: “Бизга қарши ёзилган, маҳкумлигимизни билдирувчи айбномани Худо ўчирди, яъни уни Масиҳ билан бирга хочга михлаб, кучдан қолдирди. Ўша хоч орқали руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юргизиб, расвои олам қилди.” (Колосаликларга 2:14-15).

Исо Масиҳга ва Унинг хочдаги ишига ишониш, ҳамда ишончимизни шу ишга қаратиш орқали биз ғалабага эриша оламиз, бундан бошқа йўл йўқдир ва бундан бошқа йўл керак ҳам эмас.