2007-10-28

Римликларга 1:1-7

Римликларга 1:1-7-оятларда иноят ҳақидаги фикрлар:

"Худонинг Инжил Хушхабарини етказмоққа махсус сайланган ва ҳаворийликка чорланган Исо Масиҳнинг қули – Павлусдан салом. Худо қадимданоқ ўз пайғамбарлари орқали муқаддас ёзувларда башорат қилганидек, ушбу Хушхабар Унинг Ўғли ҳақидадир. Исо Масиҳ жисман Довуд зурриёти эса-да, руҳан илоҳийлик касб этади. У қайтадан тирилиб, Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилди. Шундай қилиб, Раббимиз Исо Масиҳ номидан барча халқларни имонга бўйсундирайлик, деб Худо Унинг исми ҳақи бизга иноят қилди ҳамда ҳаворийликни ато этди. Исо Масиҳ даъват этган сизлар ҳам ўша халқлардансизлар. Худо севган ва муқаддас бўлишга чақирган барча Римда яшовчиларга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин." Римликларга 1:1-7

Бу ерда Павлус ўзини Худонинг ҳаворийси, деб таништиряпти. Худо Эски Аҳдда пайғамбарлар орқали Нажоткор (яъни Исо Масиҳ) келишини ваъда қилган эди. Эски Аҳднинг марказида ҳам Исо Масиҳ туради, чунки ҳамма маросимлар ва қурбонликлар Исога ишора қилади.
Исо жисман Довуд зурриёти эди; яъни Нажоткоримиз бизни гуноҳдан қутқариш учун, бизга ўхшаб танада бўлиши керак эди. Исо бизникига ўхшаган танада бўлган бўлсада, Унда гуноҳ йўқ эди. Шунинг учун У комил ва бенуқсон қурбонлик қўзиси бўла олди ва шунинг учун Худо Унинг қурбонлигини қабул қилди. Шунинг учун биз Исо Масиҳнинг хочда қилган иши орқали нажотга эриша оламиз.
Демак Исо жисман Довуд уруғи эди (Ибтидо 3:15; Галаталияликларга 3:16), бироқ Руҳан Исо Худонинг Ўғлидир (4-оят). Исо қайта тирилиши орқали Унинг Илоҳийлиги намоён бўлди. Ўша пайтдаги яҳудийлар ва римлик аскарлар Исони Худонинг Ўғлиман, дегани учун хочда ўлдиришган эди, бироқ Исо Худонинг Ўғли бўлгани учун ҳам Худо Уни ўлимдан қайта тирилтирди. У хочда қилган иши орқали биз Худонинг иноятини қабул қилдик. Шу хабарни биз барча халқларга эшиттиришимиз керак, улар буни қабул қилишларидан қатъий назар.
Раббимиз бизга ҳам нажотини кўрсатди ва бизни қоронғуликдан қутқариб, Ўзининг равшан нурига даъват этди. Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишига, ҳамда Худо Уни қайта тирилтирганига ишонган инсон нажот топади. Бундай одамни Худо севади ва муқаддас, деб эълон қилади. Еттинчи оятда юнон тилида “муқаддас, деб чақирган” дейилган, яъни “бўлишга” деган сўз таржимон томондан қўшилган. Хуллас таржима яхши қилинмаган. Шу 7-оятга асосан, нажот топган ҳар бир киши Худо назарида муқаддас (авлиё, пир, бузрук), деб аталади. Чунки бундай киши нажот топган пайтида Исо Масиҳ уни муқаддас қилиб яратади (янгидан туғилиш), бунга сабаб Исонинг хочда қилган ишидир.
Иноят ва тинчлик Худо Отадан, Исо Масиҳ орқали ва Муқаддас Руҳ воситаси билан бизга етиб келади. Мана шу 7-оятда Худованд учта шахсдан иборат эканлигини кўрамиз.

2007-10-18

Исо Масиҳ хочга михланган

Муқаддас Каломдан парча.

1-Коринфликларга 2-боб, 2, 4-5 оятлар:


2 Орангизда эканман, Исо Масиҳдан ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса билмасликка қарор қилдим.

4 Менинг сўзим ва ваъзим инсон заковатининг ишонтирувчилигидан эмас, Худо Руҳи ва қудратидан далолатдир,
5 токи имонингиз инсон ҳикматига эмас, Худо қудратига асослансин.


2007-10-15

Фосиқлар яшнаши ва уларнинг охирати

Забурдан 72-сано

Асаф саноси

Фосиқлар яшнаши ва уларнинг охирати

1 Исроилга, ҳа, барча дили покларга

Худо доим ҳимматлидир.

(Бу Забур китобининг 3-бўлими бўлиб, “Левийлар китоби” деб аталади. Бу бўлимнинг мавзуси “Маъбад” деб аталади; биринчи бўлимнинг мавзуси эса “Бахтиёр одам” ва иккинчисиники “Исроил” ёки "Худонинг халқи" деб аталади.

Бу бўлимда Исроил қийинчилик даврида Худога топиниши (сажда қилиши) ҳақида гапирилади. Биринчи бўлимда эса Масиҳ (Нажоткор) ва иккинчисида кичик ва содиқ гуруҳ ҳақида гапирилади. Чиндан ҳам Худованд Исроилга нисбатан ҳимматли эди).

2 Менинг (Асафнинг) эса оёқларим қоқила ёзиб,

Товонларим тойишига оз қолган эди.

(Асаф Довуд даврида топиниш (сажда қилиш) хорининг бошлиғи эди [1-Паралипоменон китоби 16:4-5]. Яъни у Исроилда жуда юксак руҳий мансабда эди).

3 Мен фосиқлар соғломлигини кўрдим,

Мақтанчоқлар ҳолига ғашим келди.

(Асаф ҳайрон бўляпти, чунки унинг фикрича ёвуз, гуноҳкор кишилар ҳаёти яхши эди, подшоҳлик фарзандлари эса қийналиб юрганларини у кўради. Маъбад ташқарисида инсон онги чалкашиши ва юрак айнишини у ўрганади. Бироқ маъбад ичида доим ҳамма нарса осойишталикда бўлади. Инсон ўзига қараса боши қотиб қолади, ташқарига қараса чалкашиб эсанкираб қолади, бироқ юқорига (тепага) қараса тасалли топади.

Асафнинг муаммоси унинг ўзлиги (шахсияти) эди. Инсон ўзига кўп эътибор беришни бошласа, руҳан йўлдан адашиб қолади. Одамлар қадимги замонлардан бери ўзларини яхшилашга, ёки юқори даражага кўтаришга ҳаракат қилиб келганлар. Бироқ одам ўша қадимги замонлардан то ҳозирги вақтгача бу ишда мағлубиятга учраб келмоқда. Ҳатто масиҳий киши ўзини яхшилашга ҳаракат қилса, у мағлубиятга учрайди. Ўзликни енгишнинг ягона йўли бор, бу – ўзликни Масиҳда яшириб қўйишдир (Юҳанно 14:20)).

4 Улар ўлгундек изтироб чекмайди,

Танлари эса соппа-соғломдир.

(Имонли киши ўзлиги билан маҳлиё бўлиб қолса, унда унинг руҳий зеҳни ўтмас бўлиб қолади. Асаф ҳам шундай қадимий қопқонга (тузоққа) тушиб қолган эди. Биринчидан, нажот йўлининг мақсади яшнаш (яъни яхши ҳаёт) эмас, балки инсон қутқарилиши бу йўлнинг марказида туради.

Иккинчидан, фосиқлар ўлими ҳақида у нотўғри фикрга эга эди. Фосиқларнинг ўлими ҳеч ҳам ижобий бўлмайди).

5 Уларда халқ дарди йўқ,

Бошқа одамлардай балога йўлиқмайдилар.

(Очиғини айтганда, бу дунё тизими Худога эмас, балки шайтонга тегишлидир. Шунинг учун Худо фарзанди доим шу тизим орқали таъқибга олинади ва қийналади.

Шунга қарамасдан Исо Масиҳга эргашган кишининг ҳаёти жуда катта мукофотларга эга бўлган ҳаётдир. Агар абадий ҳаёт бўлмаганда ҳам эди, Худо учун яшаш энг яхши ҳаёт бўлган бўлар эди).

6 Гарданларига мағрурлик мунчоғин тақиб,

Зўравонлик либосига безанганлар.

(Асаф, фосиқлар ҳар доим ёвуз ишларни қилсаларда, бунинг деярли ҳеч қандай ёмон оқибати бўлмайди, деяпти. Улар мағрурликка тўла, бу эса уларга ёмон натижа эмас, балки яхши мукофот беряпганга ўхшайди, демоқчи).

7 Кўзлари семизликдан қисилиб қолган,

Кўнгилларидаги хаёллар дайдиб юради.

(Бу гаплардан Асаф бу мавзуни жуда кўп вақтдан бери ўйлаб келяпганлигини кўрсак бўлади. У ўзлиги ҳақида кўп ўйлагани учун, шайтон унинг қалбига ҳужум қилган эди. Шайтоннинг энг зўр қуролларидан ҳам бири шу, яъни масиҳий Худо учун яшагани учун кўп нарсалардан маҳрум бўлиб қолади, деган фикрга имонлини ишонтиришдир. Бироқ шайтон ёлғончи ва ёлғонларнинг отаси эканлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Аслида имонли киши Худо учун яшагани учун у ҳамма нарсага эга бўлади).

8 Мазах билан, кек сақлаб гапирадилар,

Кибр ҳам, жабр ҳам тушмас тилларидан.

(Фосиқлар оғзини кўпиртириб одамларни қийнасалар ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди, деб айтяпти).

9 Оғизларини кўкка кўтарганлар,

Забонлари эса ерда судралмоқда.

(Уларнинг ҳар бир сўзи Худо Каломига тескари. Улар қандай ёмон ишлар қилишлари ҳақида гапирадилар-у, худди уларга ҳеч ким халақит бера олмайдиганга ўхшайди).

10 Ҳатто Худо халқи улар томон юз бурмоқда,

Уларда сув кўп экан, ичган қонар экан.

(Тамагирлик ҳаётидан чиқиб имонга келган одамларни бундай фосиқлар яна илгариги ҳаётга қайтарадилар).

11 «Тангри қаердан билади?

Таолода билим бормикан?» – дейдилар.

(Бошқача қилиб айтганда улар Худо устидан кулиб, ёвузликлари ҳеч ҳам жазоланмайди, деб ўйлайдилар).

12 Ана шундайдир бетавфиқлар,

Бу дунёда роҳат-фароғатдадирлар,

Давлатлари тобора ошиб боради.

(Тўғри, айрим ёвуз одамлар бой бўлиб яшнаши мумкин, лекин умуман олиб қараганда бу фикр тўғри эмас. Одатда ҳаётда бундай бўлмайди. Бутун дунёни ҳисобга олганда, ҳар бир бой фосиқ кишига ўн мингта камбағал киши тўғри келади).

13 Мен бекорга пок сақлабман юрагим,

Ҳалол қўлим-ла ишламоғим беҳуда экан!

(Масиҳий кишига қарши қилинган шайтоннинг ҳар бир ҳужуми (қандай йўналишда бўлишидан қатъий назар), битта мақсадга эга: шу шахснинг ишончини бузиб, йўқ қилишдир. Бошқача қилиб айтганда, Асаф Худо учун яшашдан ҳеч қандай фойда чиқмайди, деяпти.

У қанчалик нотўғри эканлигини билсангиз эди! Фосиқларнинг мукофотлари ўзларига ўхшаб ёлғон ва вақтинчалик бўлади. Солиҳ кишининг мукофоти эса абадийдир).

14 Мен ҳар куни кулфатга йўлиқаман,

Субҳдан-субҳга адабимни еяпман-ку!

(Раббимиз арз-шикоятларни ва нолишларни хуш кўрмайди. Чунки шикоят қилиш ишончнинг аксидир ва Раббимиз биз учун қилган ишларга миннатдор бўлишнинг тескарисидир. Шунга қарамасдан кўпчилигимиз шу гуноҳни қиламиз – биз ношукурмиз).

15 Агарда шундай сўзлайман, деганимда,

Сенинг ўғилларинг наслига хоинлик қилар эдим.

(Далиллар унга қарши гувоҳлик беришини у яхши биларди. Гуноҳ (ёвузлик) фойда келтирмайди, Худо учун яшаш эса кўп фойда келтиради).

16 Буни қандай тушуниш керак деб ўйлаганимда,

Бу менга оворагарчиликдай туюлди –

(Энди Асаф ўзи нотўғри эканлигини англади; у сирпанчиқ йўлда турганини тушунди, бу йўл эса фақат ҳалокатга олиб боради; бироқ ҳали ҳам у ўз саволига жавоб топганича йўқ).

17 То Тангрининг азиз маконига (маъбадига) кириб,

Уларнинг хотимасини тушуниб олгунимча..!

(Қандай қилиб маъбад унга тўғри жавоб бера олди экан? Бунинг сабаби шуки, айнан маъбад ичида Худо бор эди. Энди у фосиқларнинг яшнашини эмас, балки Худо шуҳратини кўряпти. Фақат шундай вазиятда фосиқларнинг камчилиги яққол намоён бўлади. Шу билан бирга, у Раббимизни кўрганда, ўзини кўрмай қолди).

18 Ҳа, Сен уларни (фосиқларни) тойғоқ ерларга қўйдинг,

Бехосдан туби йўқ жарликка улоқтирарсан.

(Ташқи кўринишдан фосиқларнинг йўли бойликка тўлага ўхшаб кўринади; бироқ яқиндан уни кўздан кечирадиган бўлсак, бу йўл “тойғоқ” эканлигини кўрамиз. Шунинг учун фосиқлар ўз ҳалокатига учрайдилар).

19 Улар ногаҳон донг қотиб қолар,

Даҳшатдан супурилиб, барҳам топар.

(Энди Асаф чиндан ҳам вазият қанақалигини аниқ кўра бошлади. Фосиқлар худди бойиб яшнаганга ўхшайдилар, кейин эса бирданига улар инқирозга учрайдилар ва бир зумда “барҳам топарлар”.

Энди фосиқларнинг мақтаниши ва Худога қарши айтган сўзлари фақат юзаки эканлигини у кўряпти. Бир зумда улар “даҳшатдан супурилиб” йўқ бўладилар).

20 Уйғонганда туш қандай эсдан учиб кетса,

Сен, ё Раббий, уларни шундай уйғотиб,

Бемаъни хаёлларини барбод қиласан.

(Баъзи пайтларда Худо бизга худди ухлаб қолгандек туюлади; лекин оз вақтдан кейин Худованд уйғонади. Шунда У фосиқларнинг “бемаъни хаёлларига” бостириб киради).

21 Менинг юрагим қайнаб турганда,

Жон-таним азобда қолганда,

(Мана Асаф Худовандни кўрди ва Муқаддас Руҳ уни фош қилди. Энди у қилган гуноҳидан “азобда қолди”. Нима қилиб қўйганини у энди англаб олди ва шунинг учун у қалбида қийналяпти).

22 Мен нодон ва жоҳил бўлиб қолдим,

Сенинг олдингда ҳайвон каби эдим.

(Асаф қадам қўйган йўл чиндан ҳам аҳмоққона йўл эканлигини Муқаддас Руҳ унга намоён қилди! Гап шундаки Муқаддас Руҳнинг асосий вазифаларидан бири инсонни фош қилишдир. Агар бундай бўлмаганда эди, масиҳий киши тўғри йўлдан озиб кетиши ва кейин қандай қилиб ортга қайтишини билмаслиги мумкин эди).

23 Бироқ мен доим Сен биланман,

Сен менинг ўнг қўлимдан тутиб турасан.

(Биз адашиб қолсак, Худованд бизни ташлаб кетмайди. Балки У бизни тўғирлайди, бизга гапиради ва тўғри йўлга қараб йўналтиради. Шу борада, руҳан маънода гапирганда, У бизни қўлимиздан ушлаб етаклайди).

24 Маслаҳатинг ила менга йўл кўрсатиб,

Охирида мени шараф ила қабул қиласан.

(Бундан олдин Асаф ўз хоҳишининг маслаҳатига қулоқ солиб юрган эди. Энди эса у Худовандга “Сенинг маслаҳатинга қулоқ соламан” деяпти. Худонинг маслаҳати – Унинг каломидир).

25 Осмонда кимим бор Сендан бўлак?

Ерда ҳам Сендан ўзгасини истамайман.

(Худовандни кўриб, Унинг шуҳратидан баҳраманд бўлганидан кейин, Асаф ўзининг нажоти пул, ўзи турган жойи ёки мансаб орқали эмас, балки Исо Масиҳ орқали келишини тушуниб олади. Энди у Масиҳ ҳамма нарсаларни қониқтиришини билади).

26 Баданим, юрагим ҳолдан кетмоқда,

Илло Худо абадий дилим суянчиғидир,

Эзгулик қисматим Унинг Ўзидир.

(Асаф ўзининг кучига таянганда, йиқилди, чунки ўзининг кучи етарли эмас эди. Лекин энди Худо унинг кучи эканлигини тушуниб етди. Ҳамда энди унга нимаики керак бўлса, Худо шуларни таъминлаши мумкинлигини у билиб олди – “абадий қисматим Унинг Ўзидир”).

27 Мана, Сендан узоқда қолганлар йўқолур,

Сенга хоинлик қилган ҳар бир кишини нобуд этасан.

(Энди у фосиқларнинг аҳволи нима кечишини аниқ кўряпти. Улар ҳалокатга учрайдилар ёки “нобуд бўладилар”).

28 Лекин мен учун Худога яқинлашмоқ яхшидир.

Унинг барча ишларини тарғиб қилай дейман,

Худойи Таолони ўзим учун паноҳ биламан.

(Асаф ҳаётида айрим ёмон нарсалар содир бўлди, лекин бу вазиятдан айрим яхши нарсалар ҳам чиқди. Шу хавфли вазият орқали Асаф “Худога яқинлашди”. Энди у дунёдаги нарсаларга эмас, балки Худога ишонч боғлаяпти. Энди у ҳеч ҳам фосиқлар бойиб яшнаши ҳақида гапирмасликка сўз беради, бироқ эндиликда фақат “Худонинг ишларини тарғиб қилади”. Бундан биз ҳам собоқ олишимиз керак).

2007-10-08

Забурдан 72-сано

АСАФ САНОСИ

1 Исроилга, ҳа, барча дили покларга
Худо доим ҳимматлидир.
2 Менинг эса оёқларим қоқила ёзиб,
Товонларим тойишига оз қолган эди.
3 Мен фосиқлар соғломлигини кўрдим,
Мақтанчоқлар ҳолига ғашим келди.
4 Улар ўлгундек изтироб чекмайди,
Танлари эса соппа-соғломдир.
5 Уларда халқ дарди йўқ,
Бошқа одамлардай балога йўлиқмайдилар.
6 Гарданларига мағрурлик мунчоғин тақиб,
Зўравонлик либосига безанганлар.
7 Кўзлари семизликдан қисилиб қолган,
Кўнгилларидаги хаёллар дайдиб юради.
8 Мазах билан, кек сақлаб гапирадилар,
Кибр ҳам, жабр ҳам тушмас тилларидан.
9 Оғизларини кўкка кўтарганлар,
Забонлари эса ерда судралмоқда.
10 Ҳатто Худо халқи улар томон юз бурмоқда,
Уларда сув кўп экан, ичган қонар экан.
11 «Тангри қаердан билади?
Таолода билим бормикан?» – дейдилар.
12 Ана шундайдир бетавфиқлар,
Бу дунёда роҳат-фароғатдадирлар,
Давлатлари тобора ошиб боради.
13 Мен бекорга пок сақлабман юрагим,
Ҳалол қўлим-ла ишламоғим беҳуда экан!
14 Мен ҳар куни кулфатга йўлиқаман,
Субҳдан-субҳга адабимни еяпман-ку!
15 Агарда шундай сўзлайман, деганимда,
Сенинг ўғилларинг наслига хоинлик қилар эдим.
16 Буни қандай тушуниш керак деб ўйлаганимда,
Бу менга оворагарчиликдай туюлди –
17 То Тангрининг азиз маконига кириб,
Уларнинг хотимасини тушуниб олгунимча..!
18 Ҳа, Сен уларни тойғоқ ерларга қўйдинг,
Бехосдан туби йўқ жарликка улоқтирарсан.
19 Улар ногаҳон донг қотиб қолар,
Даҳшатдан супурилиб, барҳам топар.
20 Уйғонганда туш қандай эсдан учиб кетса,
Сен, ё Раббий, уларни шундай уйғотиб,
Бемаъни хаёлларини барбод қиласан.
21 Менинг юрагим қайнаб турганда,
Жон-таним азобда қолганда,
22 Мен нодон ва жоҳил бўлиб қолдим,
Сенинг олдингда ҳайвон каби эдим.
23 Бироқ мен доим Сен биланман,
Сен менинг ўнг қўлимдан тутиб турасан.
24 Маслаҳатинг ила менга йўл кўрсатиб,
Охирида мени шараф ила қабул қиласан.
25 Осмонда кимим бор Сендан бўлак?
Ерда ҳам Сендан ўзгасини истамайман.
26 Баданим, юрагим ҳолдан кетмоқда,
Илло Худо абадий дилим суянчиғидир,
Эзгулик қисматим Унинг Ўзидир.
27 Мана, Сендан узоқда қолганлар йўқолур,
Сенга хоинлик қилган ҳар бир кишини нобуд этасан.
28 Лекин мен учун Худога яқинлашмоқ яхшидир.
Унинг барча ишларини тарғиб қилай дейман,
Худойи Таолони ўзим учун паноҳ биламан.