2008-02-26

Исо Масиҳ ҳаёти ҳақида кино

Исо Масиҳ ҳаёти ҳақида кинони кўришга сизни таклиф қиламан:
мана шу ерга босинг...


Бунинг учун сизга Window Media Player керак бўлади.
Фикрларингизни қолдиринг.

2008-02-22

Имон жанги

Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан.
1-Тимўтийга 6:12


Ишончни парвариш ҳақида

Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан. 1-Тимўтийга 6:12

“Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим.” 2-Тимўтийга 4:7

1-Тимўтий 6:12-оятда қуйидаги маънодаги сўзлар ёзилган: “Ажойиб имон курашида жон-жаҳдинг билан жанг қилгин.” Кўп имонлилар шу оятни нотўғри тушуниб, биз демак танамиз билан жанг қилишимиз ёки курашимиз керак, деб ўйлайдилар. Мен ҳам илгари шу оятни тўлиқ тушунмас эдим. Шу сўзларни аниқ маъносини келтирайлик: нажот топиш учун биз Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилган ишига (гуноҳимиз учун ўлиб қайта тирилганига) ишонган эдик; энди эса шу имонни доим Исо Масиҳга қаратишимиз керак ва бу энг оғир курашдир. Демак имон кураши деганда ҳар доим ишончимизни Исога қаратишимизни тушунамиз.

Юқоридаги иккинчи оятда қарасак Павлус ҳам умрининг охирида шу ҳақда сўзлаганини кўрамиз: “Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим.” 2-Тимўтийга 4:7. Унинг гапи бўйича у умрининг охиригача имонни сақлаб қолган эди.

Энди имон ёки ишонч ҳақида озгина сўзлашайлик:

Ишонч ёки имон бизга Худодан берилади, яъни ишонишимиз учун Худо бизга куч ва имконият беради. Буни У инояти билан амалга оширади. Кейин биз шу ишончни (имонни) парвариш қилишимиз керак. Масалан: тувакдаги гулни парвариш қилганда биз унга сув қуйиб туришимиз ва қуёш нурлари тушадиган жойга қўйишимиз керак. Агар бундай қилмасак гул сўлиб, ўлиб қолади. Шунга ўхшаган ҳолда, биз биринчи марта қандай қилиб ишончга эга бўлган бўлсак, кейин ҳам шу ишончни сақлаб қолишимиз керак. Яъни биз нажот топганимизда Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилган ишига ишонган эдик; айнан мана шу асосда биз нажот топган эдик. Нажот топганимиздан кейин ҳам биз худди мана шундай равишда ишонишда давом эттиришимиз керак. Агар биз шундай қилмасак биз “сўлиб” қолиб, тўғри йўлдан озиб кетишимиз мумкин.

“Ҳа, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: Мен савоб ишларим туфайли қутулганман, деб мақтанмасин.” Эфесликларга 2:8-9

Яна битта фикр: ҳаммамизда ишонч бор, лекин кўпинча у турли хил нарсаларга қаратилган бўлади. Масалан ишончимизни 100% деб олсак, унинг 50% ўзимизга қаратилган, 25% ота-онамизга ва қолган 25% яна бошқа кимсалар ёки нарсаларга қаратилган бўлиши мумкин. Бироқ, ишончимизнинг 100% тўлиқ Исо орқали Худога қаратилган бўлиши шарт. Бунга эришиш учун биз доим ишончимизни Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилга ишига қаратишимиз керак. Шундай қилиб биз ишончимизни парвариш қиламиз.

Ишончи кам одам, ўз ишончини тўлиқ Исога қаратмаган бўлади, имони ўсишни хоҳлаган киши ишончини тўлиқ Исога қаратиши керак. Худо назарида киши қилган иш эмас, балки ишончининг йўналиши аҳамиятга эга. Шунинг учун Худо содиқ, яъни ишончини сақлаб қолган хизматкорларини мақтайди ва Ўзининг ҳужурига қабул қилади.

Оддий қилиб айтганда ҳамма саволларга жавоб Исо Масиҳ ва Унинг хочда михланганида топилади; бу восита орқали Худодан ҳамма нарсаларни оламиз. Яъни Исо Масиҳнинг хочи восита бўлса, Исонинг Ўзи манбадир. Исодан нимадир олмоқчи бўлсангиз, фақат хоч воситаси орқали олсангиз бўлади. Хоч деганда тахта ёки металдан қилинган хоч шаклини айтмаяпман, балки Исо Масиҳ хочда бизнинг ўрнимизда ўлгани ва шу орқали бизга нажот ва бошқа нарсалар берганлиги жараёнини кўзда тутяпман.

2008-02-16

Худо қудрати билан сақланиш

1-Бутрус 1:5 “Охирзамонда очиқ кўринишга тайёр бўлган улуғ нажотга эришмоғингиз учун, имонингиз туфайли, Худонинг қудрати билан қўриқланмоқдасизлар”.

Бу оятда қайтадан туғилган имонлилар ҳақида гап кетяпти. Бутрус ўз мактубининг шу бобида нажот топган одам қандай манфаатларга эга бўлиши ҳақида ёзяпти. Шу манфаатлардан бири бу имонлининг осмондаги меросидир. Шу меросни Худованд Ўзи қўриқлаб туради, дейди. Имонли шу манфаатларни ишонч билан қабул қилади ва сақлайди. Бутрус бу ҳақда жуда яхши билар эди. Бир неча марта у Худога итоатсизлик қилган бўлса ҳам, барибир шу балиқчи Худога хизмат қилишда давом этди. Эндиликда имон йўлида у чўлоқланиб, зўрға қадам босмаяпти, балки Худонинг шуҳрати билан бутунлай ўзгариб, улуғ ҳаворийга айланди ва мана шу мактбуни ёзиб қолдирди. Бутрус бизга “Тўхтаб қолманглар, ишончни ташлаб кетманг” деяпти.

Агар Худо куч-қудратни бериб турмаса, киши имонда тура олмаслигини Бутрус биларди. Худонинг қудрати билан қўриқланмоқчи (сақланмоқчи) бўлган ҳар бир имонли унга берилган ишончни парвариш қилиши керак.

Ишонч тўғри йўналишга эга бўлиши керак

Худода куч-қудрат кўп ва уни бизга бериши мумкин, лекин Худо фақат ишонч орқали шу қудратни бизга беришни танлади. Шу фикрни яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Куч-қудрат фақат Худога тегишлидир; шу қудрат Худодан чиқиб бизга келиши керак, чунки биз муҳтож инсонлармиз. Имонда чиндан ҳам комил бўлаётган киши буни жуда яхши тушунади. Ҳар куни бундай киши янада кўпроқ Худога боғлиқ ва тобе бўлиб қолади. Унга керак нарсаларни қабул қилиши учун имонлида ишонч мавжуд бўлиши керак ва ишончи билан Худонинг қудратини олиши керак. Лекин шуни айтиш керакки, ишонч тўғри йўналишга қаратилган бўлиши керак. Келинг, шуни тушунтириб берай.

Биз ҳар куни турли хил йўллар билан ишончимизни кўрсатамиз. Биз стулга ўтиришдан олдин у бизни кўтарармикан, деб уни текшириб кўрмаймиз. Биз ишонч билан стул устига ўтирамиз. Ёки мошинани юрғизмоқчи бўлганимизда калитни бураймиз ва мошина ишлайди, деб ишонамиз. Шундай оддий ишларда ҳам биз ишончимизни кўрсатамиз (ишлатамиз). Бироқ бундай нарсаларга ишониш Худо қудратини бизга етказмайди. Биз ўз ишончимизни фақат Худонинг Нажот режасига қаратишимизни Худо хоҳлайди. Бу режани Исо Масиҳ хочда амалга оширган эди. Шунинг учун ишончимиз доим Масиҳнинг хочдаги якунланган ишига қаратилган бўлиши керак. Фақат шундай ишонч Худога манзур бўла олади (Ибронийларга 11:6). Фақатгина шундай ишончга жавобан осмондан Худонинг қудрати имонлига берилади.

Худо ичингизда амал қилмоқчи

Филиппиликларга 2:13-оятда шундай дейилган: “Зотан Худонинг Ўзи сизларнинг вужудингизда амал қилади, У Ўз мурод-мақсадини адо этишингиз учун сизларда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради.” Шу оятга эътибор берсангиз, имонли киши ичида Худо амал қилади ёки ишлайди, деб ёзилганини кўрасиз.

Яна бошқа оятга қарасак: Филиппиликларга 1:6“Худо сизларда бошлаган хайрли ишини то Исо Масиҳнинг келадиган кунигача тамом қилишига аминман.” Бу ерда ҳам шуни кўрсак бўладики, Худонинг Ўзи ҳаракат қилади ва бошлаган ишини якунлайди (тамомлайди). Лекин Худо ҳар қандай киши ичида амал қилмайди. Ишончини Масиҳ хочига қаратган ҳар бир имонли киши ичида Худо доим ишлайди ва амал қилади. Биз Исонинг якунланган ишига ишонсак (Исонинг Ўзи хочда “амалга ошди ёки якунланди” деган эди), Худо ичимизда ишлайди, бизни сақлайди, қувватлайди ва қўриқлайди. Айнан мана шундай йўл билан имонли киши “Худо қудрати билан қўриқланади ёки сақланади”.

2008-02-13

Имон ҳақида оятлар

1 Имон – умидвор бўлган нарсаларнинг мужассамланишидир, имон билан биз кўринмайдиган мавжудотга амин бўламиз.

2 Ота-боболаримиз имон билан Худонинг розилигини қозондилар.

3 Бизлар имон орқали англаяпмизки, коинот Худонинг каломи билан бунёд бўлган, яъни кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқеликдан вужудга келган.

4 Имон билан Ҳобил Худога Қобилдан кўра яхшироқ қурбон келтирди. Ҳобил имони туфайли солиҳ киши деб қабул қилинди. Худонинг Ўзи унинг бағишловларини тасдиқлаб, ундан розилигини билдирди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, имони орқали ҳануз гапиряпти.

5 Имони туфайли Ҳанўх ўлмай, юқорига олинди. У яна топилмади, чунки Худо уни юқорига олган эди. Юқорига олишдан олдин Худо ундан розилигини таъкидлаган эди.

6 Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг имкони йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим, Худо Уни изловчиларга мукофот беришига эътиқод қилмоғи шарт.


Ибронийларга 11:1-6

2008-02-03

Муқаддас Руҳда яшаш

Римликларга 8-боб

Муқаддас Руҳда яшаш

1 Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати (аслида: “Исо Масиҳда бўлганларга”; Римликларга 6:3-5-оятларга боғлиқ бўлиб, Исонинг ўлимига чўмдирилиш, яъни хочга михланиш ҳақида гап кетяпти) бўлганларга (қуйидаги ибора айрим қўёзмаларда йўқ бўлса ҳам, кўпгина қўлёзмаларда матнга киритилган ва маъно бўйича зид эмас, мана ўша ибора: “гуноҳкор табиатда эмас [табиат амри билан эмас], балки Руҳда [Руҳ амри билан] яшаётганларга; гуноҳкор табиатда яшаганлар гуноҳга қарши бўлган курашда ўз шахсий кучи ва қобилиятларига ёки буюк диний тиришишларига таянадилар; Муқаддас Руҳда яшаётган имонлилар эса Масиҳнинг хочдаги якунланган ишига ишониб яшайдилар, Муқаддас Руҳ эса фақат шундай ишонган имонлиларда ҳаракат қилиб, уларга гуноҳ устидан ғалаба беради) қарши энди ҳеч бир маҳкумлик (яъни айб) йўқдир.

2 Исо Масиҳ умматига (аслида: “Исо Масиҳдаги” деб ёзилган; Павлус шу каби иборалари ишлатганда у доим Масиҳ хочда қилган иши ҳақида сўзлаяпган бўлади, чунки Исонинг шу иши оқибатида бундай “ҳаёт” кечириш мумкин бўлди) ҳаёт берувчи (барча ҳаёт Муқаддас Руҳ орқали Масиҳдан келади [Юҳанно 16:13-14]) Руҳнинг (Муқаддас Руҳнинг қонуни, яъни мана шундай йўл билан Руҳ ишлайди дегани) Қонуни (ҳозир бериладиган қонун Худо қонуни бўлиб, абадий ўтмишда Худо томонидан тайёрланган эди [1-Бутрус 1:18-20]; айнан мана шу қонун Худо белгилаган ғалаба берадиган тартибдир) мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан (бу иккита қонун борлиқ дунёдаги энг қудратли қонунлардир; “Исо Масиҳдаги ҳаёт Руҳининг қонуни” “гуноҳ ва ўлим қонунидан” қурдатлироқдир; бунинг маъноси шуки, агар имонли киши Масиҳга ва хочга ишонмасдан Худо учун яшамоқчи бўлса, у доим мағлубиятга учрайди) озод қилди (менга тўлиқ ғалаба берди).

3 Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди (қонун остида бўлганлар фақат ўз иродаларини ишлатишлари мумкин эди, бу эса ҳеч ҳам етарли эмас; шунинг учун улар қанчалик кўп ҳаракат қилмасинлар барибир қонунни бажара олмасдилар; худди шундай қобилиятсизлик ҳозир ҳам мавжуд; қандайдир қонунлар тизими орқали Худо учун яшамоқчи бўлган киши мағлубиятга учрайди, чунки Муқаддас Руҳ бундай вазиятда фаолият кўрсатмайди). Қонун улгура (аниқроғи: қонун қила олмаган ишни...) олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини (инсоннинг ночор аҳволи ҳақида гап кетяпти, инсон ўзини қутқара олмасди, ҳатто оддий қонунни бажара олмас эди, ва шунинг учун Нажоткорга муҳтож эди) гуноҳкор инсонга ўхшатиб (яъни Масиҳ ҳақиқий инсон бўлиб, Ўзида умуман гуноҳ бўлмасада, ташқи қиёфаси бўйича гуноҳга мубтало бўлган танага ўхшаш шаклда келган эди) оламга юборди ва Уни гуноҳ учун (гуноҳ жазосини тўлаб, унинг куч-қудратини бузиб, гуноҳга қул бўлганларни қутқариб уларни муқаддаслади) қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди (Исо гуноҳ учун Ўзининг комил танасини қурбонлик қилиб бағишлади ва гуноҳ куч-қудратини барбод қилди, шу орқали биз энди танамизда гуноҳни енга оламиз; бунинг барчаси хоч воситаси орқали амалга оширилди).

4 Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари (биз фақат Исо Масиҳга ва биз учун хочда қилган Исо ишига ишониш орқали Қонун бизда тўлиқ амалга ошади) табиат амри билан эмас (ўз кучимиз ва қобилиятимиз билан эмас), Руҳ амри билан яшаётган (аслида “яшаётган” сўзи эмас “юраётган” ёки “қадам босаётган” сўзи ишлатилган; шу “қадам босиш” дегани, қандай яшашимизни ёки қандай ҳаёт кечираётганимизни билдиради; биз ишончимизни Масиҳга ва хочга қаратсак, Худо бизга берадиган ҳамма нарсалар хоч орқали келишини тушуниб, ишончимизни хочга қаратсак – ўшанда Муқаддас Руҳ ичимизда қудрат билан ҳаракат қила олади ва бизда Руҳ мевасини пайдо қилади; “Руҳ амри билан яшаш”нинг асл маъноси шудир!) бизларда бажо бўлсин, деб қилди.

5 Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар (Масиҳ хочига ишонмасдан Худо учун яшашга ҳаракат қилаётган имонлилар ҳақида гап кетяпти). Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар (истисносиз фақат Масиҳга ва хочга ишонадиган имонлилар ҳақида гап кетяпти; бундай имонлилар Муқаддас Руҳ иродасини ва хоҳишини бажарадилар, шунинг ўзигина ғалабани келтиради).


давоми бор...