2008-05-21

Синов ва васваса ҳақида

“Ўшанда Исо, иблиснинг синовидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди.” (Матто 4:1)

Биринчи Одам боғда синалган эди; иккинчи Одам, охирги Одам эса саҳрода синовдан ўтди.

“Синалди” дегани “имтиҳондан ўтиш” демакдир. Одам ўз гуноҳсизлигида синалган эди; Исо эса Ўзи гуноҳсиз бўлса ҳам, яхши ва ёмонни билган ҳолатида синалган эди. Масиҳ бу дунёнинг қаёғу ва ёвузлик саҳросига келиб, тўлиқ итоаткорлик ва тобелик ҳаётини намоён қилди. Шунинг учун Исонинг комил итоаткорлиги ва тобелиги синовдан ўтиши керак эди. Синов нимадан иборат эди? Исо Отасининг иродасидан (истагидан) бошқа иродага эга бўлиши мумкин эмас эди; шу билан бирга У Отасининг иродасини қабул қилиб, ундан завқ олиши керак эди, бунинг оқибатида Унга нима бўлишидан қатъий назар. Биз шуни эсда тутишимиз керак!

Шу итоаткорлик ва тобеликни шайтон вайрон қилмоқчи бўлган эди. Шунинг учун у Исони Худо Ўғли, Масиҳ ва Инсон Ўғли сифатида Ўз имтиёзларидан фойдаланишга таклиф қилди, Ўз фойдасини кўзлаб мўъжиза яратишга ундади, Ўзини Исроилга намоён қилишга ва Унга ваъда қилинган дунё ҳукмронлигини қабул қилишга ундади. Бироқ шайтон мақсадига эриша олмади!

Исонинг синови қандай тарзда бўлган бўлса, ҳамма синовлар ҳам шундай тарзда ўтади. Амалга оширилган ҳаракат (иш) ҳақиқий синов (васваса) натижасидир. Барча синов (васваса) инсонни Худо иродасидан ташқарига чиқишга ундайди. Кўпинча биз сабабга қарамасдан, ҳаракатга эътибор берамиз. Шундай қилиб биз адашган бўламиз. Энг ачинарлиси шуки, бундай иш тутиш орқали биз ғалабага эриша олмаймиз.

Исо шайтонга қарши чиққани каби биз ҳам худди шундай равишда шайтонга қарши чиқа олмаймиз. Биз шундай қила оламиз деб ўйласак, нотўғри фикрлаган бўламиз. Синовдан (васвасадан) озод бўлишнинг ягона йўли Масиҳ хочда қилган ишига назар ташлашдир. Бундан бошқа озод бўлиш йўли йўқдир. Чунки Исо бизнинг ўрнимизни олди, Ўзининг комил ҳати ва комил қурбонлиги орқали зулмат кучлари устидан ғалаба қозонди.

Павлус шундай деган эди: “Бизга қарши ёзилган, маҳкумлигимизни билдирувчи айбномани Худо ўчирди, яъни уни Масиҳ билан бирга хочга михлаб, кучдан қолдирди. Ўша хоч орқали руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юргизиб, расвои олам қилди.” (Колосаликларга 2:14-15).

Исо Масиҳга ва Унинг хочдаги ишига ишониш, ҳамда ишончимизни шу ишга қаратиш орқали биз ғалабага эриша оламиз, бундан бошқа йўл йўқдир ва бундан бошқа йўл керак ҳам эмас.

2008-05-12

Яҳё пайғамбар

Ўша кунларда Яҳё пайғамбар пайдо бўлиб, Яҳудия чўлида воизлик қила бошлади. У: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашди!» – деб хитоб қилар эди. Бу воқеа эса Ишаъё пайғамбарга ваҳий қилинган шу оятга тўғри келади:

«Мана, чўлда нидо янграмоқда:

Худованд йўлини тайёрлангиз,

Равон айлангиз сўқмоқларин! – дея». (Матто 3:1-3).

Яҳё пайғамбарнинг (Сувга чўмдирувчи Яҳёнинг) қилган воизлиги дипломатия қоидаларига умуман мувофиқ эмас эди. Балки унинг воизлиги шахсий, қисқа, кучли, қудратли ва мақсадга мувофиқ эди. У гапни айлантирмасдан сўзларди. Айрим имонлилар Янги Аҳд маънавияти Эски Аҳд маънавиятидан ўзгача, деб айтадилар; бироқ Матто 3:1-7-оятлар бундай фикрни асоссизлигини кўрсатади, бундан бошқа яна айрим оятлар (Ваҳий китобида) бунга мисол бўла олади.

Худонинг гуноҳга бўлган муносабати қандай қилиб ўзгариши мумкин экан?

Яҳё пайғамбар гуноҳкор одамларни шайтон зоти ёки фарзандлари деб атайди, Худонинг ғазаби келяпти дейди, диндорман деган одамлар дарахтининг илдизида болта ётибди дейди, шу одамлар тавба қилмасалар улар сўнмас оловда ёнадилар деб айтади.

Агар дарахт шохи кесиб ташланса у қисман жароҳатланган бўлади, лекин дарахт илдизига болта қўйилса у бутунлай йўқ бўлиб кетади дегани. Бу ерда Яҳё пайғамбар дарахтни рамзий маънода ишлатиб, у бу билан ўзини диндорман деган, лекин аслида Худодан узоқда бўлган одамларни назарда тутган эди.

Яҳё пайғамбар туғилишидан олдин 400 йил давомида ҳеч қандай пайғамбар бўлмаган эди, шунинг учун унинг овози анчадан бери орзиқиб кутилган овоз эди. Пайғамбар овозисиз Исроил қонунчиликка берилиб кетган эди. Агар пайғамбар овози бўлмаса масиҳийлар жамоати ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолади.

Шунга эътибор бериш керакки, Яҳё сўзлаганда жуда кам башорат сўзларини айтган бўлиб, кўпроқ ваъз қилган эди, яъни келажакда бўладиган нарсалар эмас, балки ҳозирги пайтда нимага эътибор бериш кераклиги ҳақида гапирган эди. Демак Яҳё солиҳлик пайғамбари эди, айнан мана шунга ҳақиқий пайғамбар даъват қилинган бўлади.

Яҳё Эски Аҳднинг энг охирги пайғамбари эди; у ҳамма пайғамбарлардан энг буюки эди, чунки у Масиҳдан олдин келган эди. Чиндан ҳам Яҳё Исо Масиҳни одамларга таништирувчи зот бўлди.

Ҳозирги кунда айтилган воизликларнинг қанчаси Яҳё пайғамбарнинг воизликларига ўхшаган экан?