2007-11-25

Ҳақиқий ток

Ҳақиқий ток

Юҳанно 15:1-8
1 «Мен ҳақиқий токман, Отам эса Боғбондир.
2 Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар бир новдани У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди.
3 Менинг сизга айтган сўзим орқали сизлар ҳозирдан тозасизлар.
4 Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токда қолмаган новда ўз-ўзидан ҳосил беролмайди; шу сингари агар сизлар Мен билан алоқада қолмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.
5 Мен – ток, сизлар – новдасизлар. Ким Мен билан алоқада бўлиб, Мен у билан алоқада бўлсам, у кўп ҳосил беради. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар.
6 Ким Мен билан алоқани узса, новда каби ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса териб, ўтга улоқтириб ёндиришади.
7 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, эришасизлар.
8 Сизлар кўп ҳосил берсангиз, Отам улуғланади, сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар».


1 «Мен ҳақиқий токман (яъни Исо ҳақиқий Исроил ҳамда ҳақиқий жамоат ва ҳақиқий Одамдир; энг муҳими ягона Исо ҳаёт манбаидир), Отам эса Боғбондир. (Худо Ота ҳақида айтилган сўзлар, Ота токка қарайдиган боғбон бўлибгина қолмасдан, балки ток Эгасидир ҳам).

2 Мендаги (нажот топиш учун биз Исо Масиҳда бўлишимиз керак, бу эса Исо хочда қилган ишига ишониш ҳақида айтилган) ҳосил бермайдиган (ҳаётимизда ҳосил ёки мева пайдо бўлишини фақат Муқаддас Руҳ таъминлаб беради; Руҳ буни Исонинг якунлаган ишига асосланиб бажаради, биз эса ўз томонимиздан имонимизни доим хочга қаратишимиз керак) ҳар бир новдани (имонлини) У кесиб ташлайди (агар имонли киши хочни рад этса, охири оқибатда у Исо танасидан кесиб ёки олиб ташланади). Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса (Масиҳ ва хоч ҳақида қандайдир тушунчага эга бўлган имонлини), яна кўпроқ ҳосил берсин деб (имонли кишининг имони тўлиқ хочга қаратилгандагина Муқаддас Руҳ керакли мева ёки ҳосилни пайдо қилдиради [Рим. 8:1-2, 11]), хомток қилиб тозалайди. (шу имонлининг имони тўлиқлигича хочга қаратилган бўлиши учун керакли ҳар қандай усулларни Худо ишлатади).

3 Менинг сизга айтган сўзим орқали сизлар ҳозирдан тозасизлар. (жавоб ҳар доимгидек Худо Каломида топилади; Муқаддас Каломнинг асосий мазмуни “Исо Масиҳ ва Унинг хочда михланганидир”).

4 Мен билан алоқада бўлинглар (доим фақат Исога ва У хочда биз учун бажарган ишига қарашимиз керак), шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан (агар имонимиз доим хочга қаратилган бўлса, демак биз лойиғича Исода бўламиз; ана ўшандагина У албатта биз билан алоқада бўлади). Токда қолмаган (Исода бўлиш учун бизга керак бўлган ҳар қандай нарса ва керакли жавоб фақат Масиҳда ва хочда топилишини тушунишимиз керак; биз ҳеч қачон Масиҳ ва хочни бир-биридан ажратишимиз керак эмас [1-Кор.1:23-; 2:2]) новда (имонли) ўз-ўзидан ҳосил беролмайди (киши ўзини ўзи муқаддаслай олмайди! бунинг иложи йўқ); шу сингари агар сизлар Мен билан алоқада қолмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.

5 Мен – ток (жамоат эмас, аллақандай воиз эмас, ҳатто қандайдир таълимот ҳам эмас, балки фақат Масиҳ токдир), сизлар – новдасизлар (имонлилар). Ким Мен билан алоқада бўлиб, Мен у билан алоқада бўлсам, у кўп ҳосил беради (шуни яна айтайлик: Худодан қабул қиладиган ҳамма нарсалар Масиҳ ва хоч орқали бизга келади; шу сабаб билан имонимиз доим хочга қаратилган бўлиши керак; ўшанда Муқаддас Руҳ ҳаётимизда мева келтира бошлайди; буни амалга оширишнинг бошқа йўли йўқ!). Менсиз (яъни Исо биз учун хочда қилган иши) ҳеч нарса қилолмайсизлар. (имонли киши шу сўзларни қайта-қайта такрорлаши керак)

6 Ким Мен билан алоқани узса (хочни қабул қилишдан бош тортса; бундай ҳолда ушбу киши “ўзга Исога” хизмат қиляпган бўлади [2-Кор. 11:4]), новда каби ташлаб юборилади (яъни ҳаёт манбаидан ажратиб ташланади) ва қурийди (имонли киши лойиқ равишда Масиҳга ва хочга ишонмаса, у охири қуриб қолади). Бундай новдаларни эса териб, ўтга улоқтириб ёндиришади. (бу сўзларнинг маъносига эътибор беринг; агар имонли киши лойиқ равишда Масиҳга ва хочга ишонишда давом этмаса, бунинг натижасида у абадий дўзаҳга тушади).

7 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб (ўз ишончингизни Масиҳда ва хочда асосланг), сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар (чиндан ҳам Худо Каломи “Масиҳ ва хоч” ҳикоясидир), истаганингизни сўранглар, эришасизлар. (Масиҳга ва хочга лойиқ равишда ишонган имонли фақат Худо иродасини истайди; мана шу Худо иродаси ёки истаги амалга оширилиши кафолатланади).

8 Сизлар кўп ҳосил берсангиз (яъни Исо бекорга ўлмаган дегани, балки Унинг хочдаги ўлими натижаси “кўп ҳосил” демакдир), Отам улуғланади (имонли киши ишончини тўлиқлигича фақат Исога ва хочга қаратиши керак), сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар». (Луқо 9:23-24).

2007-11-23

Исо инсон танасида зоҳир бўлди

Савол: Худо ҳозир ерга келса, У қандай кўринишда бўлар ва нима қилган бўлар эди?

Худо ер ва осмонни ҳамда улардаги барча мавжудотларни яратган. Шуни аниқлик билан айтсам бўлади-ки, Худо мана шу ерга тахминан икки минг йил илгари келган эди. У инсон танасида келган бўлсада, бироқ Унда гуноҳ йўқ эди ва Унинг исми Исо Масиҳ эди.
Исо ерда бўлганда У тўлиқлигича Худованднинг иродасини бажарди ва охири хочда инсоният гуноҳи учун қурбонлик сифатида ўлди, қабрга қўйилди ва учинчи куни У қайта тирилди; шу билан У шайтон ва ўлим устидан ғалаба қозонди, ҳамда Унга ишонган одамларга нажот инъомини ҳадя қилиб, юракларига Муқаддас Руҳни берди. Чунки мана шу мақсадда Исо ерга биринчи марта келган эди. Исо ерга иккинчи марта ҳам келади, лекин у сафар Унга ишонмаган инсонларни ҳукм қилиш учун келади (2-Тимўтийга 4:1; Ибронийларга 9:28).

Айни пайтда эса, Исо Масиҳ Унга ишонганлар юрагида Муқаддас Руҳ орқали яшаяпти. Шунинг учун ҳозир Худо ерга келиб нима қилар эди, деган саволга ҳозир ерда яшаяпган имонлилар жавоб бериши керак; бу имонлилар гуноҳ табиати (башарий тана) ҳохишлари билан эмас, балки Муқаддас Руҳда ҳаракат қилаётган ва яшаяпган ҳақиқий масиҳий бўлишлари керак, фақат ўшанда бундай имонлилар Худонинг табиатини намоён қилади ва юқоридаги саволга тўлиқ жавоб бўла оладилар. Демак Руҳда яшаяпган имонли Худога манзур бўлиб, Унинг иродасини тўлиқ бажара олади.

Мана Римликларга 8-бобда шу ҳақда нима дейилган:
1 Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир.
2 Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.
3 Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди.
4 Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган бизларда бажо бўлсин, деб қилди.


Шу бобнинг қолган оятларини ҳам ўзингиз ўқиб кўринг.

Агар киши ўзини масиҳийман деса-ю, лекин унинг ҳаётида башарий тана намоён бўлса, демак у ҳали ҳам тўлиқлигича Муқаддас Руҳда яшамаяпган бўлади. Лекин бу умуман бошқа мавзу, шунинг учун бу ҳақда бошқа сафар сўзлайман.

Севги ва муҳаббат

Исонинг севги ва муҳаббат ҳақида айтган гапларига бир қулоқ солинг!

2007-11-12

Тор эшик

Менга нажот нуқта ком деган саҳифада берилган саволлар ва уларга берган жавобларимни шу саҳифамда ҳам ёзишга қарор қилдим. Мана биринчиси:

Савол: Осмон эшиги тор. Кириш учун тиришинглар. Шуни сизларга айтайки, кўплар кириш учун талаш қилади, аммо кира олмайди. Нега кира олмайди? Агар хақиқатан харакат қилаётган бўлсалар, нега кира олмайди? Олдиндан рахмат.


Жавобим:
“Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп. Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз.”

Юҳанно 10-бобда Исо Масиҳ шу эшик Ўзи эканлигини айтади. Бу эшик абадий ҳаётга олиб боради, кимки шу эшик орқали кирмаса, унинг манзили абадий ўлим бўлади. Фақат Исо Масиҳ хочда ўлиб, қайта тирилиши асосида инсон нажот топиши ва Худо билан муносабатда бўлиши мумкин. Исо Масиҳнинг шу иши орқали Худога яқинлашган инсон охирати ҳаётдир, Худога бошқа усул билан яқинлашмоқчи бўлган кишини Худо қабул қилмайди; бундайлар орасида ўзини имонли ва масиҳийман, деб юрганлар ҳам бўлади.
Марк 10:23-31
-оятларни кўрадиган бўлсак, у ерда Исо одам ўзининг кучи билан нажотга эриша олмайди, деганини билиб оламиз. Фақат Худонинг нажот режасига риоя қилган инсон қутқарилади. Яъни Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган ишига ишониш орқали
нажот эшиги очилади.
Луқо 13:22-30-оятларни кўриб чиқайлик. Қисқача қилиб айтсак, Худонинг Ўзи инсон қандай қилиб нажот топиши мумкинлигини белгилаб қўйган. Худо шу эшикни қандай қилиб очиш мумкинлигини Инжилда айтяпти ва шу билан бирга бошқа эшикни очиб кирмоқчи бўлганлар ҳаётга эмас, балки ўлимга эришади, чунки фақат битта тор эшикни очиб ҳаётга эришса бўлади. Бу эшик эса, юқорида айтганимиздек – Исо Масиҳнинг Ўзидир!
Хулоса: эшик бу Исо Масиҳ ва абадий ҳаётга эришиш учун инсон Исо Масиҳ хочда бизнинг гуноҳимиз учун ўлиб, бизга нажот бериш учун ўлимдан қайта тирилганига ишониши керак. Ўз кучи билан ёки бошқа усуллар билан нажотга эришишни ва Худога яқинлашишни истаган одам эса бунинг уддасидан чиқа олмайди.


Шу мавзуга оид оятлар:

Матто 7:13-14
13 «Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп. 14 Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз».

Марк 10:23-31
23 Исо атрофга кўз югуртириб шогирдларига деди:
– Пул-дунёси борларнинг Худо Шоҳлигига киришлари нақадар қийин!
24 Шогирдлар бу сўзларни эшитиб, ақллари шошди. Исо эса қайта бошдан сўз олди:
– Болалар, бойликка умид боғлаганлар Худо Шоҳлигига киришга қанчалик қийналади! 25 Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир.
26 Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича:
– Ундай бўлса, ким нажот топа оларкан? – дейишди. 27 Исо уларга кўзини тикиб:
– Одамларга бу имконсиз, лекин Худога эмас. Чунки Худо ҳамма имконга эгадир, – деди.
28 Бутрус сўз олиб Исога:
– Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик, – деди. 29 Исо бунга жавобан деди:
– Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, 30 у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади. 31 Лекин кўп биринчилар охирги ва охиргилар эса биринчи бўладилар.


Луқо 13:22-30
22 Исо Қуддус томон йўл олиб, шаҳарма-қишлоқ юриб таълим берар эди. 23 Кимдир Унга савол берди:
– Ҳазрат, нажот топадиганлар озми?
Исо ҳаммага айтди: 24 «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар. Сизга шуни айтай: 25 Уй Эгаси туриб эшикни бекитиб қўйгач, кўплар кириш учун интиладилар, бироқ киролмайдилар. Ўшанда сизлар ҳам ташқарида қолиб:
– Ё Раббий, ё Раббий, бизларга очиб бер! – деб эшикни тақиллата бошлайсизлар. Лекин У сизларга:
– Ким ва қаердан эканингизни билмайман, – деб жавоб беради. 26 Шунда сизлар:
– Биз Сенинг олдингда еб-ичдик, Сен бизнинг кўчаларда таълим бериб юрдинг-ку, – деб айтасизлар. 27 У эса:
– Кимсиз, қаердансиз, билмайман, деб сизларга айтиб эдим-ку. Эй бадкирдорлар тўдаси, Менинг кўзимдан узоқлашинглар! – дейди.
28 Ўшанда йиғи-сиғи ва оҳу воҳлар чекасизлар. Чунки ўзингизни ташқарига қувғинди, Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарларни эса Худонинг Шоҳлиги соясида кўрасизлар. 29 Шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худо Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар. 30 Ўша вақт баъзи охиргилар биринчи, биринчилар эса охирги бўладилар»


Юҳанно 10:7-10
7 Шу сабабдан Исо яна гап олди:
«Сизларга ростини айтай: Мен қўйларнинг эшигиман. 8 Мендан илгари ўтганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. 9 Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. 10 Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.