2008-04-29

Қонун даври ва иноят даври

Кўпинча айрим имонлилар Исо Масиҳ келишидан олдин қонун даври эди, Исо Масиҳ қайта тирилганидан кейин эса иноят даври бошланди, деб айтадилар.
"Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, Илоҳий марҳамат (яъни иноят) ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди." Юҳанно 1:17
Бу қисман тўғри, лекин бу фикр нотўғри хулосага олиб келиши мумкин. Яъни бу нотўғри хулоса тахминан шундай кўринишга эга: илгари қонун даври бўлгани учун Эски Аҳдда иноят бўлмаган ва энди иноят даври бўлгани учун биз гуноҳ қилсак ҳам бизга ҳеч нарса бўлмайди, чунки энди Худо бизга иноятини кўрсатади. Яна қайтариб айтай бу хулоса нотўғри.
Гап шундаки Худо ҳеч қачон ўзгармайди; Эски Аҳдда ҳам Янги Аҳдда ҳам Худо иноятини кўрсатади. Тўғри Эски Аҳд даврида У иноятини тўлиқ кўрсата олмаган, чунки Исо Масиҳ ҳали хочда ўлиб, қайта тирилмаган эди. Шунинг учун Исо қайта тирилганидан кейин Худонинг инояти янада кўпроқ даражада намоён бўла бошлади.
"Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин, чунки сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар. Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? – Асло!" Римликларга 6:14-15

Шу билан бирга Эски Аҳдда Худо қандай гуноҳга муносабатда бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай муносабатда бўлади. Яъни ҳар қандай гуноҳ Худо учун жирканчли ва маразликдир; агар имонли киши Худо кўрсатган йўл билан гуноҳдан тозаланмаса Худо албатта шу гуноҳ учун жазолайди. Инсон гуноҳ қилса Худонинг ғазабига дучор бўлади, лекин тавба қилиб Исога ва қурбонликка ишончини қаратса Худонинг иноятига эга бўлади.
Эски Аҳдда бунга кўп мисоллар бор, бу ерда фақат битта мисол келтирмоқчиман - бу Гидъўн ҳикоясидир. Афсуски ҳали ўзбек тилида бу ҳикоя чоп этилмаган, лекин руссча ёки инглизча тилларни билганлар бу ҳикояни ўқиса бўлади: Қозилар 6-8 боблар.
Бу ҳикояда Худо Гидъўнни ожиз бўлгани учун танлайди, кейин тош устида қилинган қурбонлик асосида унга ғалаба беради.
(давоми бор...)

2008-04-14

Нажот топиш шартлари

Нажот топиш шартларини билиб олиш учун биз Муқаддас Каломга мурожаат қиламиз. Келинг биринчи Римликларга 10:9-13-оятларни ўқийлик, кейин шу оятлар ҳақида сўзлашамиз.

Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан. Чунки оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир. Тавротда ёзилганидай: «Унга эътиқод қилган ҳеч кимса уятга қолмас». Бу масалада яҳудий билан ғайридин орасида фарқ йўқдир. Худди ўша Раб – ҳамманинг Раббидир. Исмини чақирганларнинг ҳаммаси учун У эҳсонга бойдир. Чунки «Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур»

Демак нажот топиш учун иккита шарт бор экан: бунинг биринчиси Исо Масиҳни Раббим ёки Хўжайиним, деб тан олиш ва иккинчи шарти Исо қайта тирилганига ишонишдир. Шу иккала шарт биргаликда бажарилиши керак, акс ҳолда киши нажот топмайди.

Исо қайта тирилганига ишониш – шу билан сиз Исо чиндан ҳам шу ерда яшагани ва хочда биз учун қайта тирилганига ишонч билдирасиз. Чунки агар Исо қайта тирилмаганига ишонсангиз, демак ҳозир Уни ўлик деб эълон қилган бўласиз; агар сиз учун Исо ўлик бўлса У сиз учун ҳеч нарса қила олмайди.

Исо Масиҳни Раббий деб тан олиш – Раббий дегани Хўжайин дегани; Исони Хўжайин деб тан олиш билан ўзингизни Унинг қули деб тан олган бўласиз. Бу жуда ҳам муҳим нарса, чунки Исонинг қули бўлиш орқали сиз шайтон қули бўлишни хоҳламаслигингизни билдирасиз. Исо эса шайтондан кучлироқ ва шунинг учун сиз Унга мурожаат қилиб Уни Раббий деб тан олсангиз, Исо ўз қулларини Ўз уйига олиб келади. Яъни шу орқали шайтон қудрати остидан сизни чиқариб, Худо шоҳлигига олиб киради.

Агар инсон нажот топмоқчи бўлса, мана шу иккита шартга роия қилиши керак, агар шундай қилмаса у нажот топа олмайди.

Масалан, агар киши Исони қайта тирилганига ишонмаса – Исони ўлган деган бўлади, бундай кишига Исо ёрдам бера олмайди, чунки Худо инсон иҳтиёрига қарши ҳеч нарса қилмайди. Мана шу Худо севгиси қандайлигини кўрсатади – Худо инсонни севгани учун унинг хоҳишига қарши ҳеч нарса қилмайди; инсон севгиси эса бошқа одамни назорат қилиш билан намоён бўлади.

Агар киши Исони қайта тирилганига ишонса, бироқ Уни Раббий деб тан олмаса, у ҳам нажот топа олмайди. Чунки Исони Раббий деб тан олмаган ва Унга қул бўлишни истамаган киши, шайтонга қул бўлиб қолаверади. Зеро ҳамма одамлар гуноҳкор (осий банда) бўлгани учун шайтон қудрати остида бўлиб, шайтон қуллари ҳисобланади. Шайтон кучлидир, лекин Исо Масиҳ ундан кучлироқ, шунинг учун Исо шайтон қулларини олиб Ўзининг қулларига айлантира олади.

“Агар кучли одам ўз уйини қурол-яроғи билан қўриқлаб турса, унинг мол-мулки бехатар бўлади. Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, у таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганга тақсимлаб беради. Ким Мен билан бирга бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.” Луқо 11:21-23

Сиз кимнинг шоҳлигидасиз: шайтоннингми ёки Худонинг шоҳлигидами?

2008-04-13

Нажот топиш ҳақида оятлар


9 Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан.

10 Чунки оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир.

11 Тавротда ёзилганидай: «Унга эътиқод қилган ҳеч кимса уятга қолмас».

12 Бу масалада яҳудий билан ғайридин орасида фарқ йўқдир. Худди ўша Раб – ҳамманинг Раббидир. Исмини чақирганларнинг ҳаммаси учун У эҳсонга бойдир.

13 Чунки «Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур».


Римликларга 10:9-13




2008-04-03

Гуноҳ ва гуноҳкор табиат ҳақида

Gunohkor tabiat haqida
Муқаддас Каломни ўқиган ҳар бир кишига маълумки, инсон гуноҳ қилган ва гуноҳкор ҳисобланади. Биз гуноҳкор бўлганимиз учун (яъни ичимизда гуноҳ табиати бўлгани учун) гуноҳ қиламиз. Демак, биз ҳали гуноҳ қилиб улгурмасак ҳам аллақачон гуноҳкормиз; шунинг учун биз ўлимга маҳкуммиз.

“Менда, яъни ирсий (яъни башарий танамда) табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди” (Римликларга 7:18).

Шундай қилиб муаммо нима эканлигини билиб олдик: инсон ичида гуноҳ табиати мавжуд бўлиб, уни ўлимга маҳкум қилади. Инсон бу муаммони ҳал қила олмайди, фақат Худо бунга қодирдир, фақат бутун дунё Эгаси инсонга эркинлик бера олади.

“Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура (аниқроғи: қонун қила олмаган ишни...) олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди. Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган (юраётган ёки қадам босаётган) бизларда бажо бўлсин, деб қилди.” Римликларга 8:3-4

Гуноҳ ва гуноҳкор табиатдан озод бўлиб яшаш мумкин; бунинг иложи бор. Инсон ўз кучи билан бунга эриша олмайди; яъни инсонга бунинг иложи йўқ. Лекин инсон учун иложи бўлмаган жойда Худога иложи бор; яъни Худо одам ичида ҳаракат қилиб, шундай эркинликни бера олади. Одам ўз қобилияти ёки қилган ишига ишонмаса, балки Исонинг хочда қилган иши орқали Худо унинг ичида шуни амалга оширишига ишонса – шу эркинликка ва озодликка эришади.

“Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир. Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.” Римликларга 8:1-2