2008-04-29

Қонун даври ва иноят даври

Кўпинча айрим имонлилар Исо Масиҳ келишидан олдин қонун даври эди, Исо Масиҳ қайта тирилганидан кейин эса иноят даври бошланди, деб айтадилар.
"Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, Илоҳий марҳамат (яъни иноят) ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди." Юҳанно 1:17
Бу қисман тўғри, лекин бу фикр нотўғри хулосага олиб келиши мумкин. Яъни бу нотўғри хулоса тахминан шундай кўринишга эга: илгари қонун даври бўлгани учун Эски Аҳдда иноят бўлмаган ва энди иноят даври бўлгани учун биз гуноҳ қилсак ҳам бизга ҳеч нарса бўлмайди, чунки энди Худо бизга иноятини кўрсатади. Яна қайтариб айтай бу хулоса нотўғри.
Гап шундаки Худо ҳеч қачон ўзгармайди; Эски Аҳдда ҳам Янги Аҳдда ҳам Худо иноятини кўрсатади. Тўғри Эски Аҳд даврида У иноятини тўлиқ кўрсата олмаган, чунки Исо Масиҳ ҳали хочда ўлиб, қайта тирилмаган эди. Шунинг учун Исо қайта тирилганидан кейин Худонинг инояти янада кўпроқ даражада намоён бўла бошлади.
"Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин, чунки сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар. Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? – Асло!" Римликларга 6:14-15

Шу билан бирга Эски Аҳдда Худо қандай гуноҳга муносабатда бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай муносабатда бўлади. Яъни ҳар қандай гуноҳ Худо учун жирканчли ва маразликдир; агар имонли киши Худо кўрсатган йўл билан гуноҳдан тозаланмаса Худо албатта шу гуноҳ учун жазолайди. Инсон гуноҳ қилса Худонинг ғазабига дучор бўлади, лекин тавба қилиб Исога ва қурбонликка ишончини қаратса Худонинг иноятига эга бўлади.
Эски Аҳдда бунга кўп мисоллар бор, бу ерда фақат битта мисол келтирмоқчиман - бу Гидъўн ҳикоясидир. Афсуски ҳали ўзбек тилида бу ҳикоя чоп этилмаган, лекин руссча ёки инглизча тилларни билганлар бу ҳикояни ўқиса бўлади: Қозилар 6-8 боблар.
Бу ҳикояда Худо Гидъўнни ожиз бўлгани учун танлайди, кейин тош устида қилинган қурбонлик асосида унга ғалаба беради.
(давоми бор...)

No comments: