2008-04-14

Нажот топиш шартлари

Нажот топиш шартларини билиб олиш учун биз Муқаддас Каломга мурожаат қиламиз. Келинг биринчи Римликларга 10:9-13-оятларни ўқийлик, кейин шу оятлар ҳақида сўзлашамиз.

Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан. Чунки оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир. Тавротда ёзилганидай: «Унга эътиқод қилган ҳеч кимса уятга қолмас». Бу масалада яҳудий билан ғайридин орасида фарқ йўқдир. Худди ўша Раб – ҳамманинг Раббидир. Исмини чақирганларнинг ҳаммаси учун У эҳсонга бойдир. Чунки «Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур»

Демак нажот топиш учун иккита шарт бор экан: бунинг биринчиси Исо Масиҳни Раббим ёки Хўжайиним, деб тан олиш ва иккинчи шарти Исо қайта тирилганига ишонишдир. Шу иккала шарт биргаликда бажарилиши керак, акс ҳолда киши нажот топмайди.

Исо қайта тирилганига ишониш – шу билан сиз Исо чиндан ҳам шу ерда яшагани ва хочда биз учун қайта тирилганига ишонч билдирасиз. Чунки агар Исо қайта тирилмаганига ишонсангиз, демак ҳозир Уни ўлик деб эълон қилган бўласиз; агар сиз учун Исо ўлик бўлса У сиз учун ҳеч нарса қила олмайди.

Исо Масиҳни Раббий деб тан олиш – Раббий дегани Хўжайин дегани; Исони Хўжайин деб тан олиш билан ўзингизни Унинг қули деб тан олган бўласиз. Бу жуда ҳам муҳим нарса, чунки Исонинг қули бўлиш орқали сиз шайтон қули бўлишни хоҳламаслигингизни билдирасиз. Исо эса шайтондан кучлироқ ва шунинг учун сиз Унга мурожаат қилиб Уни Раббий деб тан олсангиз, Исо ўз қулларини Ўз уйига олиб келади. Яъни шу орқали шайтон қудрати остидан сизни чиқариб, Худо шоҳлигига олиб киради.

Агар инсон нажот топмоқчи бўлса, мана шу иккита шартга роия қилиши керак, агар шундай қилмаса у нажот топа олмайди.

Масалан, агар киши Исони қайта тирилганига ишонмаса – Исони ўлган деган бўлади, бундай кишига Исо ёрдам бера олмайди, чунки Худо инсон иҳтиёрига қарши ҳеч нарса қилмайди. Мана шу Худо севгиси қандайлигини кўрсатади – Худо инсонни севгани учун унинг хоҳишига қарши ҳеч нарса қилмайди; инсон севгиси эса бошқа одамни назорат қилиш билан намоён бўлади.

Агар киши Исони қайта тирилганига ишонса, бироқ Уни Раббий деб тан олмаса, у ҳам нажот топа олмайди. Чунки Исони Раббий деб тан олмаган ва Унга қул бўлишни истамаган киши, шайтонга қул бўлиб қолаверади. Зеро ҳамма одамлар гуноҳкор (осий банда) бўлгани учун шайтон қудрати остида бўлиб, шайтон қуллари ҳисобланади. Шайтон кучлидир, лекин Исо Масиҳ ундан кучлироқ, шунинг учун Исо шайтон қулларини олиб Ўзининг қулларига айлантира олади.

“Агар кучли одам ўз уйини қурол-яроғи билан қўриқлаб турса, унинг мол-мулки бехатар бўлади. Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, у таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганга тақсимлаб беради. Ким Мен билан бирга бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади.” Луқо 11:21-23

Сиз кимнинг шоҳлигидасиз: шайтоннингми ёки Худонинг шоҳлигидами?

No comments: