2010-01-18

Худовандга манзур бўлган қурбонлик

«Бир муддатдан кейин Қобил (ибронийча Қайин) ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди. Ҳобил ҳам қўйларининг каттасидан (ибронийчада: тўнғичини) қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Ҳобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрди. Аммо Қобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Қобил қаттиқ ранжиб, қовоғини солди». (Ибтидо 4:3-5)

Мана шу биринчи ака-ука, яъни Қобил (ибронийчасида Қайин) ва Ҳобил ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ эди, бироқ уларнинг қурбонликлари ўртасида ер билан осмон каби фарқ бор эди. Уларнинг иккаласи чириган дарахтнинг эгри шохлари эди, иккаласи ҳам Адан боғидан ташқарида туғилган, иккаласи ҳам айбдор, иккаласи ҳам гуноҳкор бўлиб, ораларида ҳеч қандай маънавий фарқ йўқ эди ва иккаласи ҳам ўлимга маҳкум эди.
Худо Ўзининг олдига одамлар қандай яқинлашишини бизга кўрсатади ва бу йўл “ишонч орқали” сўзлари билан ифодаланади (Ибронийларга 11:4). Ҳобил мана шу йўлни қабул қилган эди, Қобил эса ундан воз кечган эди.
Ҳобилнинг қурбонгоҳи бизга тавба қилиш, имон ва Худонинг беғубор Қўзиси бўлган Масиҳнинг қадрли қони ҳақида хитоб қилади. Қобилнинг қурбонгоҳи эса мағрурлик, ишончсизлик ва инсоний солиҳликни кўрсатади. Ҳобилнинг қурбонгоҳи Худо назарида чиройли бўлиб, одамлар назарига хунук бўлиб кўринади; Қобилнинг қурбонгоҳи эса инсон назарида чиройли бўлиб, Худо унга ҳатто қарагиси келмайди.
Бугунги кунда ҳам мана шу иккита қурбонгоҳлар мавжуд. Уларнинг бири атрофида, яъни Масиҳ ва Унинг нажоткорлик иши атрофида кам одам йиғилган; иккинчиси атрофида эса кўплар йиғилган. Худо қурбон бўлган қўзини қабул қилади ва ҳадя қилинган меваларни рад этади; ҳадя ёки қурбонлик рад этилгани учун, қурбонликни келтирган инсон ҳам рад этилиши лозим бўлади.
Биз шуни доим эсда сақлашимиз керакки, Худо ҳеч қачон гуноҳкорга қарамайди, чунки бундан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Худо аллақачон гуноҳкор киши нима эканлигини билади. Аксинча Худо қурбонликка қарайди, У қабул қиладиган ягона Қурбонлик эса Исо Масиҳнинг Қурбонлигидир! Ҳар қандай бошқа қурбонлик ва ҳадя ўша захотиёқ рад этилади!
Худога олиб борадиган ягона йўл Исо Масиҳдир (Юҳанно 14:6).
Исо Масиҳга олиб борадиган ягона йўл хочдир (Луқо 9:23).
Хочга олиб борадиган ягона йўл эса инсон ўзидан воз кечишидир (Луқо 9:23).

No comments: