2009-04-13

Иброҳим оқлангани ҳақида

Муқаддас Китобда “Иброҳим Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди” деган оятни кўпчилик эшитган бўлса керак. Мен ҳам илгари шу оятни кўп эшитганман, бироқ охиригача бу оятнинг маъносини тушунмагандим ва у ерда аниқ нима ҳақида гап кетяпганлигини билмаган эдим. Бугун шу ҳақида гапирмоқчиман. Бунда Худо Ўз Муқаддас Руҳи билан мен орқали гапиришини Худодан илтижо қилиб, сизга Худо шуни тушунишга ваҳий беришини сўрайман.
Келинг аввал Иброҳим ҳақида Муқаддас Китобда ёзилган айрим оятларни кўриб чиқайлик. Худо Иброҳимни “Менга эргашишгин” деб чақирган эди. Мана шу ҳодисадан аввал унинг исми Ибром эди. Ибромнинг ота-онаси бутпараст эди (Наби Ясу 24:2), шунда ҳам Ибром Худога ишонарди ва Худо айтган ишни қилишга тайёр эди. Худо Иброҳимни танлаб, унинг уруғи орқали Исо Масиҳни бу дунёга олиб келишни режа қилган эди.
Ибтидо 12чи бобида мана шундай сўзлар ёзилган:
"Худованд Ибромга хитоб қилиб деди: “Ўз ерингдан, она юртингдан, отанг уйидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет. Сендан буюк халқ вужудга келтираман. Сени табаррук қилиб, номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топадилар”. Ибром, Худованд буюрганидек, Ҳорондан чиқиб кетди. Лут эса унга йўлдош бўлди. Ибром Ҳорондан чиққанида етмиш беш ёшда эди”. (Ибтидо 12:1-4).
Худованд Ибромга зоҳир бўлиб: “Мен бу ерни сенинг зурриётингга (аслида “уруғингга” дейилган) бераман”, – деди. Ибром эса ўша ерда ўзига зоҳир бўлган Худованд шаънига қурбонгоҳ қурди”. (Ибтидо 12:7).
Бу оятларда Худо Ибромга ваъда беряпти ва шу ваъдасида Ибромдан буюк халқни вужудга келтиришини ва унинг уруғи орқали барча халқлар баракали бўлишини айтади. Бу ерда шуни айтиш керакки, Муқаддас Китобга биноан мана шу оятдаги “Ибромнинг уруғи” деган сўзи унинг ўғли Исҳоқ ва Исроил халқи ҳақида эди, бироқ бу сўз руҳан маънода Исҳоқ ва Исроилдан ҳам юксакроқ бўлган Зот, яъни Иброҳим уруғи бўлмиш Раббимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳга тегишлидир, буни мана бу оятдан кўрсак бўлади:
"Худонинг Иброҳим ва унинг зотига берган улуғ ваъдалари бундан кам эмас. Худо Иброҳимга: “Сенинг зотларингга бераман” деб, кўпчилик ҳақида гапирмади, аксинча: “Сенинг зотингга бераман” деб, битта кишини, яъни Масиҳни кўзда тутди”. (Галатияликларга мактуб 3:16).
Демак, Исо ерда туғилишидан анча йилллар илгари Худо Исонинг келишини башорат орқали айтган ва айнан Исо орқали барча халқлар баракали бўлишини билдирган экан.
Бу “уруғ” ҳақида биринчи башорат Одам Ато гуноҳ қилишидан кейин берилган эди:
"Шунда Худованди Карим илонга айтди: «Бу қилган ишинг учун сен ҳамма чорва туёқлари ва ҳамма дашт ҳайвонларидан кўра лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан юриб, тупроқ ейсан. Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. (Ибтидо 3:14-15).
Бу оятда “хотин зоти” ёки “хотин уруғи” ҳақида гап кетяпти, зеро матннинг иброний тилида айнан шундай сўзлар (хотин уруғи) ишлатилган. Табиатан хотин кишида уруғ бўлмайди, аксинча фақат эркак кишида уруғ бўлади. Лекин шундай сўзлар ишлатиш орқали Худо қачондир Исо Масиҳ бу дунёга табиий отасиз, бокира Марямдан туғилиши ҳақида башорат қилган эди. Чунки Исо Масиҳ мўъжизавий равишда бокира Марямга берилган ва кейинчалик туғилган эди. Шу билан “хотин уруғи” сўзи ҳам Исо Масиҳга тегишли экан. Яъни Худо шайтонга қаратиб, “қачондир ота алоқасисиз, фақат хотиндан туғилган Зот сенинг бошингни эзиб ташлайди” деб айтяпти. Бу эса албатта Исо Масиҳ эди, айнан Исо шайтоннинг бошини эзиб, унинг устидан ғалаба қозонди – Унга шон-шарафлар бўлсин! Шайтон хотин уруғининг товонини чақиши – Исонинг хочда ўлиши ҳақида бўлиб, айнан хочда ўлиши орқали Исо шайтон устидан ғалаба қозонди, энди эса Исога ишонган ҳар бир киши шу ғалабага эга бўлади!
Шундай қилиб, ҳозирги кунда Исо Масиҳ қайта тирилганига ишонган ва Уни Раббий (ёки Эгам) деб қабул қилган киши нажот топади ва Худо баракасига эга бўлади. Юқоридаги оятлардаги ваъда Иброҳимнинг уруғига тегишли дедик, шу билан бирга бу ваъда моҳияти “имон билан оқланиш” эди. Зеро Иброҳим ҳам Худонинг мана ўша ваъдасига ишониш орқали Худо олдида оқланган эди. Буни биз Ибтидо 15чи бобдаги оятларда ўқиймиз:
"Бу ҳодисалардан кейин Худованд Ибромга ваҳий орқали каломини юбориб: – Эй Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман. Сен учун мукофот ғоят катта бўлади, – деди. Ибром бунга жавобан: – Ё Худоё Худовандо! Сен менга нима берасан? Мана, мен фарзандсиз кетаётирман. Рўзғоримни эса менга ўғиллик қиладиган дамашқлик Илъазар бошқаради. Сен менга авлод бермаганингдан сўнг, энди хонадонимда ўғиллик қиладиган мана шу қулбошим менинг ворисим бўлади, – деди. Шунда Худованд Ибромга каломини юбориб: – Йўқ, бу сенинг ворисинг бўлмайди, балки ўз уруғингдан ҳосил бўлажак ўғлинг сенинг ворисинг бўлади, – деди. Сўнг Ибромни ташқарига чиқариб: – Осмонга қараб юлдузларни санай олсанг, сана, – деди. Ва қўшиб: – Мана сенинг авлодинг ҳам шунчалик кўп бўлади, – деди. Ибром эса Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди”. (Ибтидо 15:1-6).
Яъни, бу оятларда Иброҳим Худонинг келажакда одамзод учун берадиган Нажоткорига ишониши орқали оқланди. Бундай оқланиш “имон ёки ишонч билан оқланиш” дейилади.
Эски Аҳдда ҳам, Янги Аҳдда ҳам Худо олдида оқланиш учун инсон Худонинг нажотбахш режасига ёки йўлига ишониши шарт ва фақат шу йўл орқали у оқланади.
"Иброҳим пайғамбардан ибрат олайлик: У Худога ишонди ва шунинг учун оқланди. Шундан билингларки, ким имонга эга бўлса, у Иброҳимнинг ўғли саналади. Худо Иброҳимга: «Бутун халқлар сендан барака топажаклар» деб, унга даставвал Хушхабар келтирган эди. Тавротнинг ана шу ояти аниқ кўрсатадики, Худо инсонни миллатига қарамай, имони туфайли оқлайди. Имон соҳиби Иброҳим пайғамбарга шундай эргашган ҳамма аҳли имон худди Иброҳимдай Худо раҳматига эришади”. (Галатияликларга мактуб 3:6-9).

Янги Аҳдда “имон” ёки “ишонч” деган сўзлар ишлатилганда, ҳар доим Исо Масиҳга ишониш ва Унинг хочда қилган ишини қабул қилиш назарда тутилади.
"Энди эса, Қонунга алоқасиз равишда Худо талаб қилган солиҳликка эришиш йўли аниқ-равшан кўринмоқда, бунга Таврот ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадилар: Худо талаб қилган солиҳлик – Исо Масиҳга ишонишдан иборатдир. Шу имонга эга бўлган ҳаммани Худо оқлайди”. (Римликларга мактуб 3:21-22).

Исо Масиҳ туғилиб, хочда ўлиб, қайта тирилишидан олдин яшаганлар ҳақида нима деймиз? Улар нимага ишонган эди? Ҳозирги кунда биз ўтмишга қараб, Исонинг хочда қилган ишига ишонсак, улар ўзлари яшаган даврда келажакка қараб, келажак Нажоткорга ва У қиладиган ишга ишонишган ва шу орқали улар ҳам Худо олдида оқланишган. Яъни улар ҳам Худонинг нажотбахш режасига ишонишган, бу режа анча йиллардан кейин амалга оширилган бўлсада, Худо уларни ҳам худди ана ўша қоида, яъни “имон билан оқланиш” қоидаси билан оқлаганди ва уларга нажот берган эди. Албатта, Исо қайта тирилганидан кейин Унга ишонган кишилар жуда кўп имтиёзлар ва кўпроқ баракага эга бўлади, чунки бу ҳақда Исонинг Ўзи ҳам “(Мени) Кўрмай ишонганлар қандай бахтлидирлар!” (Юҳанно 20:29) деган. Яна, “Сизларга чинини айтайин: аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳё пайғамбардан буюги чиққан эмас. Шунга қарамай, Осмон Шоҳлигида ҳатто энг кичик ҳисобланган ҳам ундан каттадир” (Матто хушхабари 11:11) ҳам деган.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Иброҳим Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди” деган оятнинг маъноси мана шу экан: яъни Иброҳим фақатгина Худо борлигига ишонди деган гап эмас, балки у Худонинг юборадиган Нажоткорига ишонди ва Худонинг шу нажотбахш хабарига ишониш орқали Худо олдида оқланди. Бундан менга қандай наф бор, дейсизми? Агар сиз ҳам, худди Иброҳим сингари Худо юборган Нажоткорга, Исо Масиҳга ишонсангиз, сиз ҳам Худо олдида оқланасиз ва Худонинг баракасига эга бўласиз. Мана шуни биз “имон билан оқланиш” деб атаймиз.

No comments: