2009-02-22

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:12-16)

1:12-оят
“Чунки мен уни инсондaн қaбул қилмaгaнмaн вa ҳеч кимдaн тaълим олмaгaнмaн; бaлки Исо Мaсиҳдaн вaҳий олгaнмaн.”

Мен хушхабарни одамдан қабул қилмадим, ҳеч ким уни менга ўргатмади, дейди Павлус. Шу орқали хушхабар манбаи ёки келиб чиқиш жойи инсон эмас, балки Худо эканлигини айтяпти. Худо эса бу хушхабарни, яъни Исо Масиҳни одамга ваҳий қилиб кўрсатади ва фақат шундагина инсон Исони ва Унинг хушхабарини қабул қилолади. Демак хушхабар Худога тегишли бўлгани учун, фақат Худо уни одамга кўрсата ва ўргата олади. Муҳими шуки, бу бебаҳо хабарни тан олиш учун Исо Масиҳ кимлигини ва У қилган ишини билишимиз керак ва шундан сўнг Уни қабул қилишимиз керак. Исо Ўзи айтганидек, Худога элтувчи эшик – Исонинг Ўзидир.
Бу билан биз хушхабарни айтиш ёки ўргатишимиз керак эмас, демаяпмиз, чунки фақат хушхабарни воизлик қилиш орқали одамлар Исо ҳақида эшитади ва ўшанда Худо уларга таъсир қилади, натижада одамлар хабарни қабул қилиб нажот топиш имкониятига эга бўладилар.
Бунда, биз ўз томонимиздан хушхабарни воизлик қиламиз, Худо эса Муқаддас Руҳи орқали одамларнинг гуноҳларини фош қилиб, шу орқали уларга Исони қабул қилиш учун имконият беради. Инсон эса шуни қабул қилиш ёки қилмасликка қарор қилади. Худо одамни шу қарорни қабул қилишда мажбурламайди, биз ҳам одамларни мажбурлашимиз керак эмас.


1:13-оят
“Менинг яҳудий динидa кечгaн илгaриги ҳaётим ҳaқидa эшитгaнсизлaр; Xудонинг уммaтигa ҳaддaн тaшқaри жaбр-зулм қилиб, уни вaйрон қилaр эдим”.

Бу оятда Павлус илгари қандай одам бўлганлиги ҳақида айтади. Биринчидан у “илгариги” деяпти, яъни у нима ва ким бўлган бўлса ҳам, бу ўтмишда эди, энди у Исо Масиҳ орқали янги одам, янги ижод бўлиб қолди. Кейин у яҳудий динида яшаганини айтади (иудаизм), лекин энди у ўша дин асосида эмас, балки Исо Масиҳ қонуни бўйича яшашини айтади. У илгари Худога хизмат қиляпман, деб ўйлаб, аслида Худога ва Унинг жамоатига қарши иш тутяпган эди, яъни у Худо жамоатини қувғин қиларди. Бу ҳақда Ҳаворийлар фаолияти 9:1-2 ва 22:1-5 оятларда ёзилган. Ўша оятлар бўйича Павлус қанчалик интилиш ва ғайрат билан ўз динида хизмат қилганини кўрсак бўлади. Унинг мақсади Худо жамоатини йўқ қилиш эди. Бу эса шайтоннинг ҳам мақсади, зеро Юҳанно 10:10 оятда ёзилишича шайтон вайрон қилиш ва ўлдиришни истайди. Шундай қилиб кимки тирик Худо белгилаган йўлдан четга чиқиб, инсон дини бўйича яшаса, у Худога манзур бўла олмайди, аксинча шайтон истагини ва башарий тана гуноҳли ишларини қилиб юради.


1:14-оят
“Қaвмимдaн бўлгaн кўп тенгдошлaримгa қaрaгaндa, яҳудийликдa xийлa мувaффaқият қозонгaн эдим, отa-боболaрим урф-одaтлaригa ўтa жонкуяр эдим”.

Павлус ўша даврнинг энг йирик яҳудий дин арбоби бўлиши керак эди, у шунга интилар, шунинг учун кўп ўқиган эди. У Гамалиэл исмли киши қўлостида собоқ олган бўлиб (Ҳаворийлар 22:3), айтишларича унинг ўрнини босиши керак эди. Демак Павлус яҳудийликда катта олим эди, бу ҳозирги даврдаги профессор ёки академик сингари илмий даражага тенг эди. Бошқа яҳудийлар орасида унга тенг келадиган киши йўқ эди. Шу оятдаги “хийла муваффақият қозонган эдим” деганда, хийла сўзи жуда деган маънони билдиради; ҳийла сўзи эса маккорликни билдиради.
Шу ерда у ўзининг асосий мақсади – ота-боболари урф-одатларини ҳимоя қилиб, уларни сақлаб қолиш эди, деб ёзяпти. Мана шундай мақсад кўпгина одамлар йўлида тўғоноқ бўлади, зеро инсон кўпинча боболар ёки эскидагилар шундай деган ва қилган, деб айрим урф-одатларни сақлаб келишади. Бироқ биз Худога яқинлашмоқчи бўлсак, Худо истаган нарсани қилишимиз керак, яъни Худо белгилаган йўл бўйича юришимиз шарт. Акс ҳолда Павлус илгари қандай Худога хизмат қиляпманку, деб, аслида Унга қаршилик қилишимиз ва ҳатто оғир гуноҳларни содир қлишимиз мумкин.


1:15-оят
“Aммо Xудо муруввaт қилиб, онaм қорнидaёқ мени тaнлaгaн, Ўз инояти билaн мени дaъвaт этгaн эди”.

“Аммо Худо...” - шу ибора билан Павлуснинг ҳаётидаги янги давр бошланди. Яхшиямки Худо ҳаётимизга кириб келиб, бизга нажот, янги ҳаёт ва абадийликни ҳадя қилган экан. Бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай “аммо Худо...” деб бошланадиган вазиятлар жуда кўп бўлган.
Нажот топган киши ҳам худди шундай сўзларни айтади, яъни гувоҳлик берганда кўпчилик таҳминан шундай сўзлар айтади: “мен илгари шунақанги одам эдим ва мана шундай йўл билан кетяпган эдим, аммо Худо... ҳаётимга кириб келди ва мени ўзгартирди”. Бу қанчалик ажойиб фикр: биз Худога душман бўлсак ҳам, У бизни ташлаб қўймади, аксинча бизга турли йўллар билан хушхабарни етқазиб, охири нажот топишимизга сабабчи бўлди; бу сатрларни ўқияпган одамларнинг кўпчилиги, йўқ, ҳаммаси шундай дея олади, деб умид қиламан. Худога шукрлар ва шарафлар бўлсин, фақат У шундай қилишга қодир ва мақтовларга фақат У сазовордир!
Худо Павлусни туғилмасдан олдин танлаган экан. Бу дегани Худо айримларни туғилишидан олдин танлаб нажот беради, айримларни эса танламайди дегани эмас, чунки “Исога ишонган ҳар бир киши нажот топади” дейилган (Юҳанно 3:15-16). Павлус туғилмасдан олдин Худо уни Ўз инояти билан чақирган ва кейин ҳаёти давомида Павлусни қутқарилиш томон ишора қилган. Худо ҳар бир одамга шундай имконият беради, лекин инсон ўзи ўз охиратини танлайди, яъни одам истаса, Исога ишониш орқали нажот топади, агар Исога ишонмаса ҳалок бўлади. Худо Павлусни инояти билан чақирди ёки даъват қилди. Агар Худонинг инояти бўлмаганда эди, инсоният аллақачон ер юзидан йўқ бўлиб кетган бўлар эди. Лекин Худо ҳеч ким ҳалок бўлишини истамайди, балки иноятли бўлгани учун ҳамма нажот топишини истайди.

1:16-оят
“Мен дунё xaлқлaри орaсидa Xудо Ўғлининг Xушxaбaрини тaрғиб қилишим учун, Xудо Ўз вaқтидa Ўғлини менгa зоҳир қилди. Шундa мен дaрҳол одaмзод билaн мaслaҳaтлaшмaдим,”

Менинг ичимда бўлган Исо моҳиятини Худо менга тушунтирди, зоҳир қилди, деяпти Павлус. Яъни Янги Аҳд маъносини Худованд айнан Павлусга очиб берган эди. Шунинг учун Инжилда бошқа ҳаворийларга нисбатан Павлуснинг макктублари кўпчиликни ташкил қилади. Худо унга жуда катта нарсаларни ваҳий қилиб берган ва бундан мақсад мажусийлар (дунё халқлари) орасида Исо Масиҳни ваъз қилиш эди.
Бундай янгиликни ва ваҳийни Павлус қабул қилганидан кейин, у одамзод (асл матнда “тана ва қон”) билан маслаҳатлашмадим, деяпти. Чунки Худонинг Ўзи унга яққол қилиб кўрсатган нарсалар бўйича, у бошқа инсонлар билан “бу тўғримикин, нима деб ўйлайсиз” деб суҳбатлашмаган эди. Бунга муҳтожлик йўқ эди.
Мажусий дегани иброний (еврей) бўлмаган халқлар демакдир, Эски Аҳдда Худо фақат Исроил халқига намоён бўлган эди, бироқ энди Исо Масиҳ орқали ҳамма халқлар, яъни иброний ҳамда мажусийлар Худога яқинлашиши мумкин. Энди илгаридек ажратиш йўқ, истаган киши, қандай халқдан бўлишидан қатъий назар, Исо Масиҳга ишониш ва Уни Раббий, деб тан олиш орқали Худога яқинлашиши ва Худо билан муносабатда бўлшиши мумкин.

No comments: