2009-01-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:8-9)

1:8-оят
“Бордию биз ёки ҳaтто осмондaн бирор фaриштa келиб, ўзимиз сизлaргa ўргaтгaн Инжилдaн бошқa бир “xушxaбaр” келтирсa, лaънaти бўлсин”.

Мана бу оятда Масиҳ хушхабарини бузиб гапирадиганларга нима бўлиши ёзилган. Демак кимки бошқа, яъни соҳта инжилни ваъз қилса - у лаънати бўлар экан.
Шуни тушунтирайлик: бу ерда Павлус, агар “биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб” деяпти, масалан қандайдир машҳур ёки таниқли воизхон бизга гапирган гапларига осонликча ишонишимиз керак эмас; биз ҳар қандай гапни Муқаддас Китоб билан таққослашимиз керак; агар бу хабар Муқаддас Китобга (яъни Худо инояти хабарига мос келса, бу хабар эса асосан “Исо Масиҳ хочда михланган”деганидир) мос бўлса, демак биз уни қабул қилсак бўлади, лекин у мос бўлмаса демак бу хабар ва одам Худодан эмас, уни қабул қилмаслигимиз керак. Худди шу қоидани биз доим ишлатсак бўлади, масалан агар қандайдир ваҳий ва фариштани кўрсак, ҳамда у бизга бошқа хушхабарни айтса, бунга ишонишимиз керак эмас. Бундай хабар ва шахс лаънатидир, яъни Худодан йироқда бўлади; шунинг учун бизга у фойда келтирмайди, фақат зиён.
Яна эътибор берсангиз Павлус “биз ўргатган Инжил” яъни хушхабар деяпти; у бу хабарни Худонинг Ўзидан ваҳий орқали олгани учун шунчалик ишонч ва аниқлик билан сўзляпти. Худо Павлусни шу хушхабарни сақлашга чақирган эди, шунинг учун Павлуснинг деярли барча мактубларида у хушхабарни тушунтиради ва унинг бузилмасликдан сақлайди.
Киши аввал хушхабарга ишониб, уни қабул қилиши мумкин, лекин кейинчалик Худодан узоқлашиши ҳам мумкин, яъни ҳар бир киши доим ишончини Исога қаратиши керак, акс ҳолда у тўғри йўлдан адашиб кетади. Мисоллар кўп, шунга мисол қилиб Билли Грэмни олсак бўлади. У Инжил Хушхабарини ваъз қилишда илгари жуда фаол қатнашган эди; у ваъз қилганда минглаб одамлар стадионларда йиғилишар ва жуда кўп одамлар Исони қабул қилишар эди, чунки у “фақат Исога ишониш орқали инсон нажот топади”, деб ваъз қиларди ва одамларни тавба қилишга таклиф қиларди. Лекин ўтган йили у “Исони билмаган киши ҳам жаннатга тушади”, деб таъкидлай бошлади. Бунга сабаб унинг қарриб қолгани ва касал бўлгани бўлиши мумкин, лекин нима бўлганда ҳам, энди у кишининг гапларига эътибор бериш керак эмас, чунки у инжил хушхабарини тарғиб этмаяпти.
Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Бундайлар тўғри йўлда юришни бошлайдилар, анча йил ҳақиқатни ваъз қиладилар, лекин нимадир содир бўлади-ю, улар тўғри йўлдан озиб кетадилар ва Масиҳ хушхабарининг мағзини бузиб гапира бошлайдилар. Демак, биз шунинг учун жуда эҳтиёт бўлишимиз керак ва ҳар қандай ахборотни, хабарни ва одамни (ўзимизни ҳам) шу хушхабар асосида текширишимиз керак ва шу асосида ҳукм қилишимиз керак (ҳукм қилиш ҳақида оятлар: ).
Шу билан бирга биз ҳам эҳтиётлик билан яшашимиз керак, токи ҳеч қачон Худо иноятидан узоқлашмайлик; доим ишончимизни ўзимиз ёки қонун-қоидаларга эмас, балки фақат Исога қаратайлик, шунда Худо қудрати билан бизни тўғри йўлда сақлайди. Буни амалга оширишга қудратли бўлган ягона Худойимизга шон-шарафлар бўлсин, фақат У шуҳратга сазовордир!

1:9-оят
“Биз олдин ҳaм aйтгaн эдик, ҳозир янa aйтяпмaн: aгaр кимки сизлaр қaбул қилгaн Инжилгa зид бўлгaн xaбaрни тaрғиб этсa, лaънaти бўлсин!”
Бу оятнинг 8-оятга ўхшайдиган томони ҳам бор, ўхшамайдиган томони ҳам бор. Ўхшайдиган томони - Масиҳ хушхабарига тескари бўлган хабарни айтган киши лаънати бўлади.
Ўхшамаган томони - бу оятда Павлус “сизлар қабул қилган Инжил” яъни хушхабар дейди, яъни агар киши ҳақиқий хушхабарни эшитиб, унга ишонса (қабул қилса) у нажот топади; шу ва бошқа аломатларга қараб инсон хушхабар ҳақиқийлигини билиб олади. Шундай қилиб, Павлус гапига асосан, шу нажотбахш хушхабарни эшитган бўлсангиз, унда соҳта хушхабарни танишингиз керак, албатта Худонинг Ўзи сизга бунда ёрдам беради.
Исо Масиҳ битта ва Унинг хушхаари ҳам битта, Исога ўхшамаган Исони ким тарғиб қилса, у “бошқа” ёки соҳта Исони тарғиб қилган бўлади. Худди шу фикрни хушхабар ҳақида ҳам айтса бўлади: агар кимдир Исо хушхабарига тескари хабарни айтса, демак у бошқа, яъни соҳта ва ёлғон хушхабарни айтяпган бўлади. Шуни эсда тутиш керакки айрим одамлар “биз ҳам ўша Исога ишонамиз” дейиши мумкин, бироқ улар Муқаддас Китобдаги Исога ва У қилган ишларига ва айтган гапларига ишонмасалар, улар бошқа Исога ишонаяпган бўладилар; бу бошқа Исони шайтон ва Дажжол руҳи тарғиб қиладилар, чунки шайтоннинг иши Худога тескари нарсаларни қилиш ва тарғиб қилишдан иборат.

No comments: