2008-12-30

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:6)

1:6-оят
“Ҳaйронмaн, сизлaр қaнчaлик тез Мaсиҳнинг иноятли дaъвaтидaн юз ўгириб, бошқa бир “Инжил”гa сaждa қилдингизлaр!”
Шу оятнинг аниқроқ таржимаси: “Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳ иноятига даъват қилган Зотдан юз ўгириб, бошқа бир “Инжил”га эътибор беряпсиз ёки қараяпсиз.”
Исо Масиҳ инояти
Павлус мана шу масиҳийлар қилган ишини кўриб, жуда ҳайрон бўляпти. Чунки уларни Масиҳ иноятига Худо чақирган (даъват қилган) эди ва қутқарган эди. Энди эса улар Масиҳ иноятини ташлаб (кейинги оятлардан буни кўриб чиқамиз), бошқа хабарга эътибор қарата бошлашди.
Масиҳ иноятининг мағзи шундан иборатки, инсон ўзи ўзини қутқара олмагани учун, унинг ўрнига буни Худо амалга оширди ва энди инсон фақат шу хушхабарга ишониб, бошқа ҳеч нарса қилмай нажот топади. Лекин бу масиҳийлар шундай иноят орқали қутқарилганларидан кейин, Худога манзур бўлиш учун Эски Аҳддаги қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак деган нотўғри хулосага келишади. Бундай хулосага келишда уларга айрим яхудийлар “ёрдам” берган бўлади; уларнинг гапига қараганда мажусийлар (яъни яҳудий бўлмаган одамлар) Исо Масиҳни қабул қилиб нажот топганларидан кейин, энди Мусо қонунини бажаришлари керак экан (Ҳаворийлар 15:1). Лекин бу фикр Худо иноятининг мағзига ёки илдизига болта солар эди.
Мана бу оятларда Масиҳ инояти нима эканлиги тушунтирилган – Эфесликларга 2:8-9; Римликларга 3:20, 27; 4:4-5; 11:6. Ўша оятлардан хулоса чиқарсак, агар киши Худога манзур бўлиш учун қандайдир иш қилишим керак, деб ўйласа, демак у иноят эмас, балки ишлар асосида оқланмоқчи бўлади ва ўз ишлари учун тўлов олмоқчи бўлади. Аммо бунинг иложи йўқ, акс олда Исо бу ерга келиб, бизнинг гуноҳимиз учун ўлмаган бўлар эди. Шундай қилиб, ким қилган ишига ишона бошласа ва шу билан иноятдан юз ўгирса, шу билан у “Исо Масиҳ хочда бекорга ўлди”, деган бўлади, ёки “Исо хочда қилган иши етарли эмас”, деган бўлади. Бу жуда ҳам хавфли фикр ва бу йўналишда юрган киши охири нажотидан жудо бўлади ва дўзаҳий бўлиб қолади. Айнан мана шу сабабларга кўра Павлус шундай тарзда мактуб ёзган.
Галаталик имонлилар жуда тез иноят хабаридан юз ўгиришган эди, шу Павлусни ажаблантирар эди. Улар “бошқа” хушхабарга ишона бошлашди; агар хабарда Исо ва унинг хочда қилган иши йўқ бўлса, бу хабар “бошқа хушхабарга” айланади. Ҳақиқий хушхабар билан бошқа хушхабар ўртасида худди тирик асалари билан қоғозга чизилган асалари ўртасидагидек фарқ бор. Тирик асалари учади, гулдан асал теради ва ҳаказо; чизилган асалари эса ҳеч нарса қилмайди, фақат асаларига ташқаридан ўхшайди холос. Худди шундай равишда ҳақиқий хушхабар одамларга нажот беради, уларни ўзгартиради ва Худога олиб боради; соҳта, бошқа хушхабар эса одамга нажот бермайди, уни ўзгартирмайди ва аксинча одамни Худодан ўзоқлаштиради.

No comments: