2008-12-21

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:4)

1:4-оят
Исо Мaсиҳ бизни ҳозирги ёвуз aсрдaн қутқaрмоқчи бўлиб, гуноҳлaримиз учун Ўзини фидо қилди, шу йўсин Отaмиз Xудонинг иродaсини aдо этди.

Бу оятда Исонинг хочда қилган қурбонлиги ва унинг мақсади ҳақида гапирилади. Исо хочда бизнинг гуноҳларимиз жазосини тортди; Эски Аҳдда киши ўзи қилган гуноҳи учун бегуноҳ қўзини қурбонлик қилганидек, Исо ҳам бизнинг ўрнимизни эгаллаб, ҳақиқий Қурбонлик Қўзиси сифатида гуноҳимиз оқибатини (жазосини), яъни ўлимни Ўз устига олди. Бундан мақсад бизни мана шу ёвуз дунё тизимидан (ёвуз асрдан) қутқариш эди. Бу дунё шайтон ҳукмронлиги остида ётибди; Исони Раббий деб қабул қилмаган ҳар бир киши шайтон ҳукмронлиги остида бўлади ва шунинг учун шайтон қули ҳисобланади; яъни улар шайтонга қарам бўлади. Фақатгина Исо қилган ишга ишонган киши шу ёвуз дунёдан қутқарилади, нафақат дунёдан, балки шайтон ва башарий тана ҳукмронлигидан ҳам озод бўлади (башарий тана ҳақида кейинги мақолларда хабар берамиз).
Исонинг хочда бизнинг гуноҳларимиз учун ўлиши Худонинг иродаси эди. Бу режа ер яратилишидан илгари Худо томонидан тузилган эди (Ваҳий 13:8), охиратда ҳам Исо қурбон бўлган қўзи сифатида бизга кўринади; шулардан ҳам Исонинг хочдаги ўлими ва қайта тирилиши қанчалик буюк аҳамиятга эга эканлигини кўрса бўлади.
Одамлар (яхудийлар ва римликлар) Исони жонини олиб, ўз иродалари билан ўлдирмадилар, балки Исонинг Ўзи шунга рози бўлди ва шу орқали Худо Ота иродасини амалга оширган эди. Албатта яҳудийлар ва римликларга Уни ўлдирганлари учун жавобгардир, лекин Исо айтганидек, У жонини биз учун Ўз хоҳиши билан фидо қилди (Юҳанно 10:17-18).
Эски Аҳддаги қурбонликлар ва турли хил маросимлар айнан Исонинг хочда ўлишига ишора қилувчи белгилар эди; шунинг учун Қонун фақатгина соя эди ва келажакдаги борлиқ ҳақида (яъни Исо қилган ишга) гувоҳлик берарди.
Исо қилган ишнинг самараси ёки фойдасига эга бўлиш инсон Исонинг хочда ўлганига ишониши ва Исони Раббий, деб қабул қилиши керак. Демак, инсон нажот топиш учун ҳам ишончини Исога қаратиши керак, нажот топгандан кейин муқаддасланиш учун ҳам ишончини Исога ҳар куни қаратиши керак. Ишончимиз кимга қаратилгани жуда катта аҳамиятга эга, шуни доим эсда тутишимиз керак.

No comments: