2008-12-14

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:3)

1:3-оят
Отaмиз Xудодaн вa Рaббимиз Исо Мaсиҳдaн сизлaргa иноят илa тинчлик бўлсин.
Худонинг инояти ва тинчлиги Раббимиз Исо Масиҳ орқали келади. Яъни агар сиз Исо Масиҳни Раббий, деб тан олган бўлсангиз, фақат ўшанда Худо сизга иноятини ва тинчлигини беради.
Қисқа қилиб айтганда иноят бу Худонинг бизни эзгулик билан қабул қилиши ва бизга керак бўлган нарсаларни беришидир; яъни Худо бизга Ўз солиҳлигини, муқаддаслигини, умуман олганда Ўзининг табиатини бизга ато қилади. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Руҳ орқали бизга берилади ва ичимизда сақланади.
Эътибор берсангиз биз биринчи навбатда иноятни қабул қилишимиз керак ва ундан кейин тинчликка эга бўламиз.
Тинчлик деганда бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги ёки уруш-жанжал бўлмаслиги дегани эмас, балки қалбимизда тинчлик бўлишидир, агар илгари биз Худога манзур бўлиш учун безовталаниб ҳаракат қилган бўлсак, энди эса юқорида айтилган иноят асосида ва Исонинг хочдаги қурбонлиги асосида биз Худога манзур бўламиз; агар илгари “энди нима ейман, нима ичаман, нима кияман?”, деб ховотир олган бўлсак, энди биз безовталанмасдан, ҳамма ишларимизни Худога топширамиз, чунки У биз учун ғамхўрлик қилади, Худо бу ҳақда ваъда берган (Матто 6:25-34).
Тинчлик деганда бу аввало Худо билан душманлигимиз тугади деганидир; чунки биз Исони қабул қилмасимиздан аввал Худога душман эдик ва шайтон ҳукмронлиги остида эдик. Лекин Исони қабул қилиб, биз Худога дўст бўламиз ва ўртамизда тинчлик ҳукм суради.
Эътибор берган бўлсангиз иноят ва тинчлик Исо орқали бизга берилади. Умуман олганда, Худодан келадиган ҳамма нарса бизга Исо хочда қилган иши асосида берилади. Исо “Мен эшикман” деган, яъни У орқали биз Худога яқинлашишимиз мумкин, шу билан бирга айнан Исо орқали Худо бизга керакли нарсаларни беради.

No comments: