2008-07-15

Ўсиш учун синиш

“Сўнг У халойиққа ўт устига ёнбошлашларини буюрди. Бешта нон билан иккита балиқни олиб, осмонга қараб дуо қилди. Нонларни синдириб шогирдларига берди, улар эса халойиққа тарқатишди. Ҳаммаларининг қорни тўйди. Ортиб қолган бурда нонларни териб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.” (Матто 14:19-20).


Юқоридаги оятларда масиҳий, яъни чиндан ҳам Раббимизга эргашмоқчи бўлган имонли ҳаётини белгиловчи тартиб кўрсатилган. Мана шу тартиб қуйидагича бўлади:

1. “У олди”: Исо бешта нон билан иккита балиқни олиши – биз қайта туғилган (нажот топган) пайтда У бизни олганига ўхшатса бўлади.

Мана бунга эътибор беринг: Исо минглаб одамларни боқиш учун ўша нон ва балиқни кўпайтиргани каби, У бизни ҳам кўпайтирмоқчи бўлади. Агар биз чиндан ҳам Унга эргашсак, яъни бошқача қилиб айтганда, агар биз юқоридаги оятларда келтирилган тартибга риоя қилсак, минглаб одамлар руҳан озиқланадилар ва руҳан шифо топадилар.

2. “У дуо қилди ёки баракатлади”: киши нажот топиши биланоқ Раббимиз уни баракатлашни бошлайди. Энди имонга келган одамга далда бериш учун турли йўналишлардан баракатлар кела бошлайди. Бу давр баракат давридир, бироқ биз бундай ҳолатда туриб қолмаймиз, чунки Раббимиз бизга бундан ҳам буюкроқ нарсаларни тайёрлаб қўйган.

Кўп масиҳийлар шундай ҳолатда бўлганларида бошқаларга “баракат” бермоқчи бўладилар, лекин бунинг натижасида Раббимиз эмас, балки одам улуғланади. Шунинг учун охир-оқибати ижобий бўлмайди.

3. “У синдирди”: баракатдан кейин синиш даври келади ва буни ҳеч ким ёқтирмайди. Лекин Худо истаган одамга айланмоқчи бўлсак, бундан қочиб кетолмаймиз. Яъни синиш жараёнини бошимиздан кечиришимиз шарт. Бу жараён бизга оғриқ ва қайғу келтирсада, усиз ўсиш ва ўзгариш бўлмайди!

Яҳё пайғамбар Исо ҳақида гапириб шу жараён ҳақида ҳам айтиб ўтган эди: “Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У ўз хирмонини шопириб ташлайди; буғдойини омборга тўплаб, сомонни сўнмас ўтда ёндириб юборади.” (Матто 3:12).

4. “У берди”: биз етарли даражада синганимиздан кейингина бизни бошқаларга берса бўлади. Энди эса вазият умуман ўзгарган бўлади. Энди бизнинг шахсиятимиз (ўзлигимиз) улуғланмайди, балки Хўжайинимиз улуғланади. Энди биз кўпайишимиз мумкин, бунинг натижасида эса катта муҳтожликдаги минглаб одамлар руҳий озуқа оладилар.

Афсуски, кўпгина одамлар шу синиш жараёнидан ўта олмайдилар. Улар тўхтаб, имонни йўқотадилар, кўнгиллари тушади ва шунинг учун энг буюк баракатдан маҳрум бўладилар.

No comments: