2008-07-12

Худога қарши айтилган куфр

“Фарзийлар буни эшитишгач: «У инс-жинсларнинг бошлиғи – иблиснинг кучи билангина жинларни қувиб чиқаряпти-ку», – дедилар.” (Матто 12:24).

Худо қудратини ёвуз руҳларга тегишли, деб айтиш – Худога қарши айтилган куфрдир. Муқаддас Руҳга қарши айтилган куфр ҳамма куфрлардан энг ёмонидир, зеро бунинг учун кечирим йўқдир.

Исо ерда бўлган пайтда фарзийлар Исроилда диний уламолар (бошлиқлар) бўлишган эди. Улар Исо амалга оширган шифолашлар ва мўъжизаларни инкор этишолмасди, ҳамда У сўзлаган хабарга қарши ҳеч нарса айтолмасдилар. Шунинг учун улар Исо кўрсатган куч-қудрат Муқаддас Руҳга эмас, балки шайтонга тегишли, деб таъкидлашарди. Шундай қилиб улар Муқаддас Руҳ қилган ишларни шайтон қилди, дейишарди. Мана шу Муқаддас Руҳга қарши қилинган гуноҳдир (куфрдир) (Матто 12:24-32).

Муқаддас Руҳга куфр қила оладиган иккита гуруҳ одамлар мавжуд: биринчиси, Исо Масиҳни бир пайтлари таниган ва кейинчалик Раббимиздан юз ўгирган одамлар, иккинчи гуруҳ эса мана шу фарзийларга ўхшаган диний пешволардир. Исони ҳеч қачон таниб-билмаган киши, ўзини диндорман, демаган киши Муқаддас Руҳни куфр қила олмайди, чунки бу кишида бунақа қилиш учун етарли билим йўқ.

Мана шу фарзийларга ўхшаб Муқаддас Руҳни куфрлайдиган одамлар эса Масиҳнинг олдига келишни умуман истамайдилар ва Муқаддас Китоб бўйича яшашни хоҳламайдилар. “Киши Исонинг олдига келишни истайди-ю, бироқ Муқаддас Руҳга қарши куфр қилганман, деб ўйлаб Унга яқинлаша олмайди”, деган фикр нотўғри ва Муқаддас Китобга қарши бўлган фикрдир. Чунки инсонда Раббимизга яқинлашиш истаги бор бўлса, бу истакни Муқаддас Руҳ унда ҳосил қилган бўлади. Агар инсондан умид умуман йўқ бўлганда эди, Муқаддас Руҳ унинг ичига бундай истакни солмаган бўларди.

Бу катта аҳамиятга эга бўлган мавзу бўйича сўзлашганда, айрим кишилардан ҳавотирдаман, зеро улар Муқаддас Руҳ чиндан ҳам содир қилган нарсаларни (масалан номаълум тилларда гапириш ва ҳаказо) шайтондан келган дейишади. Бундай эҳтиётсизлик билан айтлиган сўзлардан қўрқиш керак.

“Шунинг учун сизларга айтаман [Исо жуда қўрқинчли мавзу ҳақида сўз очяпти]: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади [албатта агар имонли киши мос равишда Худога гуноҳларини эътироф этса (Юҳаннонинг биринчи мактуби 1:9)]. Лекин Муқаддас Руҳни куфр қилганлар кечирилмайди.” (Матто 12:31).

No comments: