2007-12-13

Гуноҳкор табиат

“Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди”.
(Римликларга 7:18)
.


Гуноҳкор табиат ёки гуноҳкор тана нима?

Шу саволга жавобни Муқаддас Каломдан қидирамиз. Бунинг учун биз Ибтидога қайтишимиз керак.

Гуноҳкор табиат қандай пайдо бўлди

Худо Одам Ато ва Момо Ҳавони яратганда уларни гуноҳсиз қилиб яратган эди (Ибтидо 1:26-31). Лекин Ибтидонинг 3-бобини ўқисак, биринчи Момо Ҳаво, кейин эса Одам Ато Худога итоаткорсизлик қилиб (Ибтидо 3:6), гуноҳ қилганларини кўрамиз. Бу инсониятнинг энг даҳшатли куни эди.

Бундан олдин Одам Ато Худо билан жуда яқин муносабатда бўлиб, У билан гаплашиб юрар эди. Лекин гуноҳга ботгандан кейин Одам Худога эмас, балки ўзига (ўз шахсига) интила бошлади. Унинг табиати гуноҳ билан бирлашиб, гуноҳкор табиатга айланди. Шундан кейин Одам ўзига ўхшаган, яъни ўзининг суратидаги фарзандларни кўра бошлади (Ибтидо 5:3). Одамнинг ўзи эса Худо суратида яратилган эди (Ибтидо 1:26).

Бу дегани, Одам Атодан бошлаб ҳамма инсонлар гуноҳкор бўлиб туғила бошлади, чунки уларда ҳам гуноҳкор табиат бор. Бола ҳеч қандай гуноҳ ҳали қилмаган бўлсада, у гуноҳкор ҳисобланади, чунки унда гуноҳкор табиат бор. Шунинг учун болаларга ёмонлик қилишни ўргатмасак ҳам, улар ўзлари ёмонлик қилаверадилар. Бунинг ўрнига биз уларга яхшилик қилишни ўргатамиз. Шунга қарамасдан, ёш болалар балоғат ёшига етмасларидан олдин, гуноҳ учун жавобгар бўлмайдилар, Исонинг Ўзи ҳам Худо шоҳлиги болаларга тегишли деган (Матто 19:14).

Гуноҳкор табиатдан қутқарилиш

Шундай қилиб, нажот топмаган киши гуноҳкор табиат ҳукмронлиги остида бўлиб, доим Худога итоаткорсизликда ва гуноҳда яшайди. Юҳанно шундай дейди: “Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди” (1-Юҳанно 1:8). Бу ерда гуноҳ деган сўз гуноҳкор табиатни билдиради.

Киши нажот топса, бу ҳолат ўзгаради, яъни киши нажот топганидан кейин унинг гуноҳкор табиати кучсизлантирилади ва ҳаётсиз бўлиб қолади.

Бу ҳақда Павлус шундай дейди: “Сизлар Масиҳ билан алоқада бўлиб суннат ҳам қилиндингизлар. Бу Масиҳнинг суннати бўлиб, инсон қўли билан қилинмайди, бу суннат гуноҳкор вужуднинг кесиб ташланиши демакдир.” (Колосаликларга 2:11). Эски Аҳддаги суннат маросимида терининг бир парчаси кесиб ташланар эди; бу маросим Янги Аҳдда содир бўладиган нарсага ишора қилар эди, аниқроғи Масиҳ суннатига ишора қиларди. Киши Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониб, Уни қабул қилганда, Масиҳ уни суннат қилади ва унинг гуноҳкор табиатини кесиб ташлайди. Шунинг учун нажот топгандан кейин инсонда гуноҳ айби йўқолади.

Лекин, гап шундаки, гуноҳкор табиат яна қайта тирилиши мумкин (Римликларга 7:9). Агар имонли киши ишончини фақат Масиҳга ва хочга қаратса, унинг гуноҳкор табиати унга халақит бермайди. Лекин ҳамма имонлилар буни билмайди ва бунга риоя қилмайдилар. Янги имонлилар одатда бошқа нарсалар ёки кимсаларга ишона бошлаганда уларнинг гуноҳкор табиати қайта тирилади. Шунда имонли тузоққа илинади ва гуноҳкор табиат билан жанг бошланади, лекин имонли ўз кучи билан ғалаба қозонолмайди (Римликларга 7:18).

Биз шу танада эканмиз гуноҳкор табиатдан тўлиқ озод бўлмаймиз. Худо ҳозирги кунда бу гуноҳкор табиатни биздан олиб ташламайди, балки Исо иккинчи марта ерга келганда ва биз У билан учрашганимизда шу гуноҳкор табиатдан фориғ бўламиз (1-Коринфликларга 15:53).

Гуноҳкор табиат устидан ғалаба қозониш

Имонли киши гуноҳкор табиатга қарши қанча жанг қилмасин, у ҳеч қачон ғолиб чиқмайди (Римликларга 6:12). Худо фарзанди ғалаба қозониши учун ягона йўл бор – бу Исога ва У биз учун хочда қилган ишига ишонишдир.

Павлус 1-Коринфликларга 1:17-оятда нима ҳақида воизлик қилишни айтади, шу эътиборимизнинг марказида бўлиши керак, чунки фақат шу йўл билан биз гуноҳ устидан ғалаба қозонишимиз мумкин: “Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб (воизлик) қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин.” Демак биз Инжилни воизлик қилишимиз керак экан, бунда Масиҳнинг хочи инкор этилмаслиги керак, яъни хоч хабари Инжил хушхабарининг марказида туради.

Биз Худодан оладиган ҳамма нарсаларнинг манбаи Исо Масиҳдир ва шу нарсалар хоч воситасида бизга берилади; биз шуни тушунишимиз керак ва шундан келиб чиққан ҳолда Исо Масиҳга ва хочга ишонишимиз керак. Ана шундагина Муқаддас Руҳ ҳаётимизда ишлай олади ва керакли натижаларни пайдо қилдиради (Римликларга 8:2).

No comments: