2007-12-24

Исо Масиҳ туғилган куни ҳаммага муборак бўлсин!

Исо Масиҳ туғилган куни ҳаммага муборак бўлсин!
Сизга тинчлик ва марҳамат бўлсин!

Аслида Исо 25-декабрда туғилмаган, чунки чўпонлар қўйлари билан далада эдилар (Луқо 2:18), улар эса қиш совуғида далада бўлмайдилар. Тарихда кўп одамлар турли хил кунларни Исонинг туғилган куни деб белгилашган. Нима бўлганда ҳам, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ёзилган Хушхабарларда Исо қайси куни туғилгани кўрсатилмаган. 
Масиҳийлар ҳар куни Исонинг туғилганини нишонлаши керак, чунки бу ҳодиса ҳаммамиз учун буюк аҳамиятга эга. Исо Масиҳ бу дунёга келиб, гуноҳ учун ўлиб ва учинчи куни қайта тирилиб, Унга ишонган ҳамма инсонларга нажот берди. Агар сиз ҳали Исога ишонмаган бўлсангиз, Худодан ибодат қилиб сўранг - У сизга ваҳий орқали шу ҳақиқатни очиб беради. Исога ишониб абадий ҳаётга эришинг! Чунки фақат Исо номи орқали инсон абадиятга эришиши мумкин! Ундан бошқа Нажоткор йўқ! Омин.

Мана Луқо хушхабарида баён этилган Исонинг туғилган куни:

Исо Масиҳнинг туғилиши
1 Ўша кунларда Қайсар Август бутун Рим дунёсидаги аҳоли рўйхатга олинсин, деган фармон чиқарди. 2 Шундай қилиб, Сурияда Квириний ҳокимлик қилганда илк бор рўйхатга олиш содир бўлди. 3 Ҳар ким рўйхатдан ўтиш учун ўз шаҳрига борди.

4 Шунингдек, Юсуф ҳам Жалиланинг Носира шаҳридан Яҳудияга, Довудлар шаҳри Байтлаҳмга борди. Чунки у Довуд насаби ва хонадонидан эди. 5 У ўзига унаштирилган қиз, ҳомиладор Марям билан бирга рўйхатдан ўтмоқчи бўлди. 6 Улар ўша ерда бўлганларида эса Марямнинг ой-куни тўлди. 7 У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирхонада уларга жой йўқ эди.

Чўпонлар ва фаришталар
8 Ўша юртда чўпонлар бор эди. Улар тунда сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар. 9 Тўсатдан Худованднинг фариштаси уларнинг олдида пайдо бўлди ва илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирди. Бу даҳшат чўпонларни ваҳимага солди.

10 – Қўрқманглар! – деди уларга фаришта. – Мен сизларга эл-халқни чексиз қувонтиражак Хушхабарни келтирдим. 11 Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Халоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир. 12 Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, охурда ётган чақалоқни топасизлар.

13 Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:

14
«Самодаги Худога ҳурмату иззат,
       Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!»


15 Фаришталар улар олдидан осмонга кўтарилган замон, чўпонлар ўзаро сўз қотдилар:

– Қани келинглар, Байтлаҳмга бориб, Худованд бизга билдирган бу воқеани кўрайлик!

16 Улар югура боришиб, Марям, Юсуф ва охурда ётган чақалоқни топдилар. 17 Кўришибоқ, чақалоқ ҳақида ўзларига айтилган башоратдан сўзладилар. 18 Ҳамма эшитганлар чўпонларнинг гапига жуда ҳайрон бўлишди. 19 Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Охири чўпонлар:

20 – Биз ҳамма нарсани айни айтилганидек топдик, – деб, эшитиб кўрганлари учун Худога ҳамду сано ўқиб, қайтдилар.

No comments: