2007-11-12

Тор эшик

Менга нажот нуқта ком деган саҳифада берилган саволлар ва уларга берган жавобларимни шу саҳифамда ҳам ёзишга қарор қилдим. Мана биринчиси:

Савол: Осмон эшиги тор. Кириш учун тиришинглар. Шуни сизларга айтайки, кўплар кириш учун талаш қилади, аммо кира олмайди. Нега кира олмайди? Агар хақиқатан харакат қилаётган бўлсалар, нега кира олмайди? Олдиндан рахмат.


Жавобим:
“Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп. Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз.”

Юҳанно 10-бобда Исо Масиҳ шу эшик Ўзи эканлигини айтади. Бу эшик абадий ҳаётга олиб боради, кимки шу эшик орқали кирмаса, унинг манзили абадий ўлим бўлади. Фақат Исо Масиҳ хочда ўлиб, қайта тирилиши асосида инсон нажот топиши ва Худо билан муносабатда бўлиши мумкин. Исо Масиҳнинг шу иши орқали Худога яқинлашган инсон охирати ҳаётдир, Худога бошқа усул билан яқинлашмоқчи бўлган кишини Худо қабул қилмайди; бундайлар орасида ўзини имонли ва масиҳийман, деб юрганлар ҳам бўлади.
Марк 10:23-31
-оятларни кўрадиган бўлсак, у ерда Исо одам ўзининг кучи билан нажотга эриша олмайди, деганини билиб оламиз. Фақат Худонинг нажот режасига риоя қилган инсон қутқарилади. Яъни Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган ишига ишониш орқали
нажот эшиги очилади.
Луқо 13:22-30-оятларни кўриб чиқайлик. Қисқача қилиб айтсак, Худонинг Ўзи инсон қандай қилиб нажот топиши мумкинлигини белгилаб қўйган. Худо шу эшикни қандай қилиб очиш мумкинлигини Инжилда айтяпти ва шу билан бирга бошқа эшикни очиб кирмоқчи бўлганлар ҳаётга эмас, балки ўлимга эришади, чунки фақат битта тор эшикни очиб ҳаётга эришса бўлади. Бу эшик эса, юқорида айтганимиздек – Исо Масиҳнинг Ўзидир!
Хулоса: эшик бу Исо Масиҳ ва абадий ҳаётга эришиш учун инсон Исо Масиҳ хочда бизнинг гуноҳимиз учун ўлиб, бизга нажот бериш учун ўлимдан қайта тирилганига ишониши керак. Ўз кучи билан ёки бошқа усуллар билан нажотга эришишни ва Худога яқинлашишни истаган одам эса бунинг уддасидан чиқа олмайди.


Шу мавзуга оид оятлар:

Матто 7:13-14
13 «Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга элтувчи йўл кўп энли, дарвозаси эса кенгдир. Ана, шу томон юраётганлар кўп. 14 Ҳаёт сари элтувчи йўл эса танг, эшиги жуда тордир. Бу йўлни топадиганлар оз».

Марк 10:23-31
23 Исо атрофга кўз югуртириб шогирдларига деди:
– Пул-дунёси борларнинг Худо Шоҳлигига киришлари нақадар қийин!
24 Шогирдлар бу сўзларни эшитиб, ақллари шошди. Исо эса қайта бошдан сўз олди:
– Болалар, бойликка умид боғлаганлар Худо Шоҳлигига киришга қанчалик қийналади! 25 Бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир.
26 Шогирдлар ҳаддан ташқари ажабланиб ўзларича:
– Ундай бўлса, ким нажот топа оларкан? – дейишди. 27 Исо уларга кўзини тикиб:
– Одамларга бу имконсиз, лекин Худога эмас. Чунки Худо ҳамма имконга эгадир, – деди.
28 Бутрус сўз олиб Исога:
– Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик, – деди. 29 Исо бунга жавобан деди:
– Сизларга ростини айтсам, ким Мен ва Инжил учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-болаларини ёки ер-мулкини ташлаб кетса, 30 у ҳозир, бу дунёдаёқ дучор бўлаётган қувғинлар орасида юз ҳисса ортиқ уй-жойлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ота-оналар, болалар ва ерларга эга бўлади, келажак дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади. 31 Лекин кўп биринчилар охирги ва охиргилар эса биринчи бўладилар.


Луқо 13:22-30
22 Исо Қуддус томон йўл олиб, шаҳарма-қишлоқ юриб таълим берар эди. 23 Кимдир Унга савол берди:
– Ҳазрат, нажот топадиганлар озми?
Исо ҳаммага айтди: 24 «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар. Сизга шуни айтай: 25 Уй Эгаси туриб эшикни бекитиб қўйгач, кўплар кириш учун интиладилар, бироқ киролмайдилар. Ўшанда сизлар ҳам ташқарида қолиб:
– Ё Раббий, ё Раббий, бизларга очиб бер! – деб эшикни тақиллата бошлайсизлар. Лекин У сизларга:
– Ким ва қаердан эканингизни билмайман, – деб жавоб беради. 26 Шунда сизлар:
– Биз Сенинг олдингда еб-ичдик, Сен бизнинг кўчаларда таълим бериб юрдинг-ку, – деб айтасизлар. 27 У эса:
– Кимсиз, қаердансиз, билмайман, деб сизларга айтиб эдим-ку. Эй бадкирдорлар тўдаси, Менинг кўзимдан узоқлашинглар! – дейди.
28 Ўшанда йиғи-сиғи ва оҳу воҳлар чекасизлар. Чунки ўзингизни ташқарига қувғинди, Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарларни эса Худонинг Шоҳлиги соясида кўрасизлар. 29 Шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худо Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар. 30 Ўша вақт баъзи охиргилар биринчи, биринчилар эса охирги бўладилар»


Юҳанно 10:7-10
7 Шу сабабдан Исо яна гап олди:
«Сизларга ростини айтай: Мен қўйларнинг эшигиман. 8 Мендан илгари ўтганларнинг ҳаммаси ўғри ва босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. 9 Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. 10 Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.

No comments: