2007-10-28

Римликларга 1:1-7

Римликларга 1:1-7-оятларда иноят ҳақидаги фикрлар:

"Худонинг Инжил Хушхабарини етказмоққа махсус сайланган ва ҳаворийликка чорланган Исо Масиҳнинг қули – Павлусдан салом. Худо қадимданоқ ўз пайғамбарлари орқали муқаддас ёзувларда башорат қилганидек, ушбу Хушхабар Унинг Ўғли ҳақидадир. Исо Масиҳ жисман Довуд зурриёти эса-да, руҳан илоҳийлик касб этади. У қайтадан тирилиб, Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилди. Шундай қилиб, Раббимиз Исо Масиҳ номидан барча халқларни имонга бўйсундирайлик, деб Худо Унинг исми ҳақи бизга иноят қилди ҳамда ҳаворийликни ато этди. Исо Масиҳ даъват этган сизлар ҳам ўша халқлардансизлар. Худо севган ва муқаддас бўлишга чақирган барча Римда яшовчиларга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин." Римликларга 1:1-7

Бу ерда Павлус ўзини Худонинг ҳаворийси, деб таништиряпти. Худо Эски Аҳдда пайғамбарлар орқали Нажоткор (яъни Исо Масиҳ) келишини ваъда қилган эди. Эски Аҳднинг марказида ҳам Исо Масиҳ туради, чунки ҳамма маросимлар ва қурбонликлар Исога ишора қилади.
Исо жисман Довуд зурриёти эди; яъни Нажоткоримиз бизни гуноҳдан қутқариш учун, бизга ўхшаб танада бўлиши керак эди. Исо бизникига ўхшаган танада бўлган бўлсада, Унда гуноҳ йўқ эди. Шунинг учун У комил ва бенуқсон қурбонлик қўзиси бўла олди ва шунинг учун Худо Унинг қурбонлигини қабул қилди. Шунинг учун биз Исо Масиҳнинг хочда қилган иши орқали нажотга эриша оламиз.
Демак Исо жисман Довуд уруғи эди (Ибтидо 3:15; Галаталияликларга 3:16), бироқ Руҳан Исо Худонинг Ўғлидир (4-оят). Исо қайта тирилиши орқали Унинг Илоҳийлиги намоён бўлди. Ўша пайтдаги яҳудийлар ва римлик аскарлар Исони Худонинг Ўғлиман, дегани учун хочда ўлдиришган эди, бироқ Исо Худонинг Ўғли бўлгани учун ҳам Худо Уни ўлимдан қайта тирилтирди. У хочда қилган иши орқали биз Худонинг иноятини қабул қилдик. Шу хабарни биз барча халқларга эшиттиришимиз керак, улар буни қабул қилишларидан қатъий назар.
Раббимиз бизга ҳам нажотини кўрсатди ва бизни қоронғуликдан қутқариб, Ўзининг равшан нурига даъват этди. Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишига, ҳамда Худо Уни қайта тирилтирганига ишонган инсон нажот топади. Бундай одамни Худо севади ва муқаддас, деб эълон қилади. Еттинчи оятда юнон тилида “муқаддас, деб чақирган” дейилган, яъни “бўлишга” деган сўз таржимон томондан қўшилган. Хуллас таржима яхши қилинмаган. Шу 7-оятга асосан, нажот топган ҳар бир киши Худо назарида муқаддас (авлиё, пир, бузрук), деб аталади. Чунки бундай киши нажот топган пайтида Исо Масиҳ уни муқаддас қилиб яратади (янгидан туғилиш), бунга сабаб Исонинг хочда қилган ишидир.
Иноят ва тинчлик Худо Отадан, Исо Масиҳ орқали ва Муқаддас Руҳ воситаси билан бизга етиб келади. Мана шу 7-оятда Худованд учта шахсдан иборат эканлигини кўрамиз.

No comments: