2007-11-23

Исо инсон танасида зоҳир бўлди

Савол: Худо ҳозир ерга келса, У қандай кўринишда бўлар ва нима қилган бўлар эди?

Худо ер ва осмонни ҳамда улардаги барча мавжудотларни яратган. Шуни аниқлик билан айтсам бўлади-ки, Худо мана шу ерга тахминан икки минг йил илгари келган эди. У инсон танасида келган бўлсада, бироқ Унда гуноҳ йўқ эди ва Унинг исми Исо Масиҳ эди.
Исо ерда бўлганда У тўлиқлигича Худованднинг иродасини бажарди ва охири хочда инсоният гуноҳи учун қурбонлик сифатида ўлди, қабрга қўйилди ва учинчи куни У қайта тирилди; шу билан У шайтон ва ўлим устидан ғалаба қозонди, ҳамда Унга ишонган одамларга нажот инъомини ҳадя қилиб, юракларига Муқаддас Руҳни берди. Чунки мана шу мақсадда Исо ерга биринчи марта келган эди. Исо ерга иккинчи марта ҳам келади, лекин у сафар Унга ишонмаган инсонларни ҳукм қилиш учун келади (2-Тимўтийга 4:1; Ибронийларга 9:28).

Айни пайтда эса, Исо Масиҳ Унга ишонганлар юрагида Муқаддас Руҳ орқали яшаяпти. Шунинг учун ҳозир Худо ерга келиб нима қилар эди, деган саволга ҳозир ерда яшаяпган имонлилар жавоб бериши керак; бу имонлилар гуноҳ табиати (башарий тана) ҳохишлари билан эмас, балки Муқаддас Руҳда ҳаракат қилаётган ва яшаяпган ҳақиқий масиҳий бўлишлари керак, фақат ўшанда бундай имонлилар Худонинг табиатини намоён қилади ва юқоридаги саволга тўлиқ жавоб бўла оладилар. Демак Руҳда яшаяпган имонли Худога манзур бўлиб, Унинг иродасини тўлиқ бажара олади.

Мана Римликларга 8-бобда шу ҳақда нима дейилган:
1 Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир.
2 Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.
3 Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди.
4 Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган бизларда бажо бўлсин, деб қилди.


Шу бобнинг қолган оятларини ҳам ўзингиз ўқиб кўринг.

Агар киши ўзини масиҳийман деса-ю, лекин унинг ҳаётида башарий тана намоён бўлса, демак у ҳали ҳам тўлиқлигича Муқаддас Руҳда яшамаяпган бўлади. Лекин бу умуман бошқа мавзу, шунинг учун бу ҳақда бошқа сафар сўзлайман.

No comments: