2008-11-14

Охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги

Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирган вақтда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: «Бизларга айт-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?» (Матто 24:3).

Исо, Исроил халқининг Худоси, Ўз уйини ташлаб кетганда шу макон маънан моховли бинога айланиб қолди. Чунки Исо ташлаб кетган ҳар қандай нарса ва кимса маънан мохов бўлиб қолади. Шунинг учун, Левийлар 14:45 оятга ёзилган моховлик ҳақидаги қонунга биноан, Исо бу бинонинг ҳеч бир тоши (ёки ғишти) бошқаси устида қолмайди, деб айтади (Матто 24:2). Исо Ўз хизматини тоғлик устида (бахтиёрлик тоғи) воизлик қилиш билан бошлаган эди; шу билан бирга У хизматини тоғлик устида (Зайтун тоғида) якунлайди.
Масиҳ Исроилга Худо шоҳлигини таклиф этди, бироқ улар Исони ҳам, шоҳликни ҳам рад этдилар. Бунинг оқибатида, Исо мана шу Матто 24-бобда айтганидек, бутун дунёда доимий равишда урушлар, қаҳатчиликлар, ер қимирлашлар ва ҳаказолар содир бўла бошлади; бу давр мана ҳозирги кунга келиб 20 асрдан бери давом этиб келяпти.
Матто 24-бобининг кўпчилиги Исроилга қаратилиб айтилган; бироқ илк 14 оят тўппа-тўғри Жамоат Даври ҳақида бўлиб, билвосита жамоат ҳақида айтилган гаплардир. Шу оятлардан учтасига биз эътибор қаратайлик:
1. “Алдовлар ёки йўлдан оздириш”: “Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради”. Шайтоннинг энг кучли қуролларидан бири ёлғондир. Ёлғонга жавоб эса Худо Каломини аниқ билишдир. Худо Каломини билган киши эса Масиҳни ва У хочда қилган ишини аниқ билади.
2. “Соҳта паёғамбарлар”: “Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради”. Агар айтилган хабар (воизлик) “Исо Масиҳ ва Унинг хочда михлангани” ҳақида бўлмаса, демак хабарни айтаётган киши “сохта пайғамбар” ҳисобланади.
3. “Инжил Хушхабари”: “Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади”. Сохта пайғамбарлар ва ёлғон йўллар бор бўлишидан қатъий назар, мана шу оятдаги башоратга биноан, Худо салтанати тўғрисидаги Инжил хушхабари “ҳамма халқларга” айтилади. Бу ерда ҳамма одамларга дейилмаган, балки “ҳамма халқларга” дейилган. Бунга мисол қилиб, турли хил масиҳийлар телевидение орқали ўз дастурларини кўп мамлакатларда кўрсатиб, Инжилни тарғиб қилишганини айтса бўлади.
“Ўшандагина сўнг бўлади” деган ибора бизга шуни маълум қиладики, ҳозирги кунда Исо Масиҳ хушхабари бутун дунё халқларига тарғиб қилиняпти ва шу орқали Жамоат Даври якунлай деб қолганини биламиз.
Матто 24:15 оятдан бошлаб Буюк Мусибат даври ҳақида гапирилади. Бу эса Исо Масиҳга тегишли жамоат Худо олдига кетишга тайёраланиши керак (1чи Салоникаликларга 4:13-18), деган маънони билдиради.

No comments: