2008-08-31

Охирги замон аломатлари

2 Тимўтий 3:1-5

“Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади. У пайтда одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир, ота-онага итоатсиз, нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар. Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадилар. Ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадилар. Бундай одамлардан узоқлаш.”

Муқаддас Китобга мурожаат қилсак, охирги замонларда нима содир бўлишини билиб оламиз. Исо осмонга кўтирилганидан кейин, Ўз шогирдларига Муқаддас Руҳни юборади. Улар Руҳни қабул қилган куни Бутрус охирги замон келганини айтади (Ҳаворийлар фаолияти 2:17). Ўша пайтдан ҳозиргача биз охирги замонларда яшаяпмиз. Лекин охирги кунларда янада кўп аломатлар ёки белгилар пайдо бўляпти ва вазият янада ёмонлашиб боряпти.

Албатта, иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроил давлати яна тузулиб, яхудийлар Исроил ерига қата бошлаши энг катта аломатлардан биридир. Яна бошқа аломатлардан бири билим ошишидир – масалан, ҳозирги кунда компютерлар мураккаб бўлиб боряпти ва катта тезлик билан одамга ахборот бериб, кўпгина операцияларни бажара олади, одамлар кўп ахборотга эга бўляпти. Бундан ташқари гуноҳ одамлар устидан кўпроқ ҳукмронлик қиляпти: бундай аҳволни нафақат дунёдаги Масиҳни қабул қилмаган одамларда, балки жамоатдаги имонлиларда ҳам кўрса бўлади. Мана шу ҳақида Павлус оғир, даҳшатли, қўрқинчли кунлар, деб ёзган эди. Илгари тарихда ҳеч қачон бундай аҳвол бўлмаган эди, айниқса гуноҳ табиати одам устидан кўрсатаётган қудрат.

Биз оғир кунларда яшаётганимиз ҳақида оятларни ўқидик, лекин шу билан бирга биз учун масаланинг ечими борлигини ҳам айтишим керак.

Бу оятларда одамлар, аниқроғи гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшаётган одамлар ҳақида гап кетади. Иккинчи оятда одамлар ўзларини кўпроқ сева бошлайди ва нафс бандаси бўлиб қолади дейилган. Одам Ато гуноҳ қилиши орқали гуноҳ Одам ичига киради ва у гуноҳ табиатига эга бўлиб қолади. Ўша заҳоти у руҳан ўлади ва шу орқали Худо билан алоқаси узилади. Шундай қилиб, у илгари Худога интилган бўлса, энди у ўзига интилади, яъни худбин (эгоист) бўлиб қолади. Бизда бор бўлган кўпгина муаммолар гуноҳ табиатимиз ёки худбинликдан келиб чиқади. “Бу меники”, “менга шу керак”, “менга керак нарсани сен беришинг керак” каби гаплар ва фикрлар орқали худбинлик намоён бўлади. Охирги кунларда худбинлик кучайиб кетади. Исо гапларига қараганда одамлар ўзини сева олар эди, лекин ўз яқинини севишга қийналарди (Марк 12:31); охирга кунларда эса бу аҳвол янада ёмонлашади.

Одамлар мақтанчоқ бўлади – ўзлари қилмаган нарсалар ҳақида мақтанадилар, чунки улар ўзларини илгари сурмоқчи бўладилар; бу ҳам худбинликдан хабар беради.

Ёлғончи ва қуфр қиладиган бўлади. Куфр деганда Худога ишонмасдан, Унга қарши ёлғон гапиришни назарда тутамиз. Шу билан бирга бошқа одамларга нисбатан ҳам айтилган ёлғон гувоҳлик ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Ота-онага итоатсиз, ҳурмат қилмайдиган бўладилар. Бунга яна гуноҳ табиати кучайиши сабаб бўлади.

Раҳмат демайдиган, ношукур банда бўладилар.

Табиий меҳрибонлик ва муҳаббатсиз бўладилар. Охирги кунларда айрим оналар ўз чақалоғини ташлаб кетиш мисоллари кўп учраяпти. Яъни одамларда табиий меҳрибонлик йўқ бўляпти. Яна бунга мисол қилиб, эркаклар эркаклар билан яшаши ёки аёллар аёллар билан яшашини келтирсак бўлади. Бу ҳам табиий муҳаббат йўқолишидан содир бўляпти.

Ҳақиқатни бузадиган бўладилар.

Ёлғон гаплар айтиб, туҳмат қиладиган одамлар кўпаяди.

Одамлар ўзини тия олмайдиган, ўзини назорат қила олмайдиган бўлиб қоладилар.

Яхшиликка қарши чиқадиган бўладилар. Масалан, биз яхши нарсани ва хушхабар ҳақиқатини айтганимизда, Муқаддас Руҳ одамлар гуноҳини фош қилади, шунинг учун улар яхшиликни ёмон кўриб, унга қарши чиқадилар.

Мағрур одамлар кўпаяди; улардан бошқа одам йўқдек, улар туфайли ер айлангандек ўзларини тутадиганлар кўпаяди.

Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган одамлар кўпаяди. Сизга ёқадиган нарса, завқ келтирадиган нарса бўлиши мумкин, лекин Худо билан муносабатингизга шу нарса қаршилик ёки тўсқинлик қилиши керак эмас. Чунки Худо бизга ҳамма нарсаларни завқ билан ишлатишимиз учун берган; бироқ ҳеч нарса устингиздан ҳукмронлик қилиши керак эмас.

Охирга замонда одамларда художўйлик (тақводорлик) шакли бор бўлади-ю, лекин ҳақиқий куч-қудратга эга бўлмайдилар. Айримлар мен Худога хизмат қиламан, ибодат қиламан, камбағалларга пул бераман, кимгадир ёрдам бераман, у ёки бу нарсани қиламан, мана шунинг ўзи етади, дейдилар – мана шу художўйлик шакли дейилади. Фақат шакл, лекин асл кучи ёки қудрати йўқ. Айрим кишилар жамоатга ҳам келиши мумкин, лекин уларнинг ҳаётида мана шу оятлардаги ёмон жиҳатлар бор бўлса, демак уларда фақат художўйлик шакли бор экан, лекин Муқаддас Руҳ қудрати уларда йўқ.

Киши Исо Масиҳни қабул қилганида гуноҳ табиатининг қуч-қудрати бузилади ва у кучсиз бўлиб қолади. Шундан кейин янги масиҳий гуноҳ табиати таъсирисиз яшай бошлайди ва шундан кейин у ҳар доим шу аҳволда яшашга эътибор бериши керак. Агар киши ишонч билан яшашни давом эттирмаса, Муқаддас Руҳ кучидаги ҳаёт белгилари секин-секин йўқола бошлайди, ва охири умуман йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун Худо иноятида яшашни масиҳий ўрганиши шарт. Бунинг учун у ҳар доим Исо Масиҳ унинг ўрнида хочда қилган ишига ишониб яшаши керак.

Мен сизга хушхабар айтмоқчиман: мен ўзим гуноҳдан озод бўла олмайман, бунга кучим йўқ, нимадир қилсам ҳам, яна бошқа нарса қилмасам ҳам мен ўзимни поклай олмайман; шунинг учун мен Исога ишонаман; мен Исони қабул қилганимда мен Исода пайдо бўлдим ва ҳозир ҳам Унга қаратилган ишончим орқали мен Исода мавжудман. Буни Худодан туғилган ва Муқаддас Китобни ўқиган ҳар қандай масиҳий тушунади. Мен ўшанда ўлдим ва энди Худо назарида Масиҳ ичидаман. Мен Исо билан бирга ўлдим, У билан бирга қабрга қўйилдим ва У билан бирга қайта тирилдим. Энди Исо Масиҳ қайта тирилиб, абадий тирик бўлгани каби, мен ҳам Исонинг ўша “қайта тирилиш ҳаётининг” куч-қудратида яшаяпман. Бу ҳар бир масиҳий учун ваъда қилинган фаровон ҳаётдир! Сиз ҳам бунга эришишингиз мумкин, бунинг учун юқорида айтилган шартларга риоя қилишингиз керак.

Забурда Худонинг яширин жойида яшайдиган одам бахтиёрдир, дейилган. Киши ўзига шундай савол бериши мумкин: “Қандай қилиб бунга эришсам бўлади?” Бунга жавоб битта – Исо Масиҳни Раббий деб қабул қилиш орқали ва Унинг хочда қилган ишига ишониш орқали мен озодликка эгаман ва Худонинг яширин, паноҳ жойидаман.

90 Забур саноси

Кимки Худойи Таолонинг паноҳида яшар,

Қодир Тангри соясида ором топар экан,

У Худовандга айтади:

Ўзингсан бошпанам, қасрим менинг,

Умидим фақат Сенда, эй Худойим!

Худо сени овчи қопқонидан ҳам,

Вабо-қазодан ҳам халос этар.

У Ўз парлари билан сени ёпар,

Қанотлари остида бехатар бўласан;

Ҳақиқати сенга қалқон ва тўсиқ бўлар.

На тунги ваҳимадан қўрқасан,

На кундузи учаётган ўқдан,

На зулматда кезувчи вабодан,

На қиём чоғи қирувчи ўлатдан.

Сенинг ёнингда мингтаси йиқилиб,

Туман қулаб кетса-да ўнг ёғингда,

Бало-қазо сенга яқин йўламас.

Сен фақат кўзларинг билан боқиб,

Фосиқларга берилган жазони кўрасан.

Худовандни паноҳим деб билганинг учун,

Ҳақ Таолони қўрғоним деганинг учун,

Тушмас бошингга бирон-бир фалокат,

Йўламас чодирингга ҳам қандайдир ўлат.

У Ўз фаришталарига сен ҳақда амр этгай,

Токи бутун йўлларингда сени асрасинлар.

Улар сени қўлларида кўтариб кетар,

Оёғинг ҳам тошга қоқилиб кетмас.

Шер ва бўғма илон устидан босиб ўтасан,

Арслон ва аждарни эзиб ташлайсан.

«У Менга меҳр боғлагани-чун қутқазаман,

Номимни тан олгани-чун омон сақлайман.

У Мени чақирган чоғида жавоб бераман,

Қайғули кунида у билан бирга бўламан,

Уни халос этиб ҳурматга сазовор қиламан.

Узоқ умр бериб кўнглини тўйғазаман,

Нажоткорлигимни унга намоён қиламан».

Сизга ҳам шуларни тилаб қоламан.

No comments: