2008-08-21

Руҳий зеҳн

1 Юҳанно 4:1-3

“Эй маҳбубларим, ҳар қандай руҳга инонавермангиз. Худодан бўлган-бўлмаганлигини билиш учун руҳларни синовдан ўтказингиз. Чунки дунёда кўпгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлган. Одам вужуди билан дунёга келган Исо Масиҳни тан олувчи ҳар бир руҳ Худодандир. Худонинг Руҳини шундан танийсизлар. [Одам вужуди билан дунёга келган] Исо Масиҳни тан олмовчи ҳар қандай руҳ Худодан эмас. Бу – дажжолнинг руҳи. Дажжол келишини сизлар эшитган эдингизлар. Мана, ҳозирдан у дунёдадир.”

Руҳий зеҳн – ёлғон руҳларни таниш ва фош қилиш қобилияти, Муқаддас Руҳ орқали берилади.

Агар ҳамма масиҳийлар Муқаддас Руҳда яшайдиган бўлса, Худо улар орқали бошқа одамларга ҳам таъсир қила бошлайди. Лекин кўпгина масиҳийлар ғайри-табиий мўъжизаларга берилган бўлсада, улар чиндан ҳам Худоданми йўқми билишмайди. Агар масиҳий Худодан келган нарсаларни аниқ билмаса, унинг аҳволига вой! Худодан келадиган нарсалар доим Муқаддас Китобга мос бўлади ва унга қарши бўлмайди.

Йиқилиш ёки имондан қайтиш – бир вақт ҳақиқатни билиш, лекин кейин шу ҳақиқатни тарк этиб, йиқилиб тушишдир. Ҳақиқатни билмаган одам имондан йиқилмайди, у аллақачон адашгандир. Масиҳий мақсади ҳақиқатни билиш ва унда доим туришдир, ундан кетиб қолмаслик.

1 Тимўтий 4:1-3

“Худо Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар. Ўз виждонларини гўё қизиган темир билан доғлаган ёлғончиларнинг риёкорлигига қойил қоладилар. Улар уйланишни ман этадилар ва Худо яратган ҳар хил овқатлардан тийилишни буюрадилар. Ҳолбуки, ҳақиқатни билиб олган имонлилар шукрона қилиб овқат ейиши керак.”

Муқаддас Руҳ аниқ айтади; У сизга ҳам мурожаат қилиб гапиради. Охирги кунларда айрим масиҳийлар имонни тарк этадилар ва алдовчи руҳларга ва шайтоннинг ёлғон таълимотларга қулоқ сола бошлайдилар.

Агар сиз ёлғон таълимотни эшитсангиз, уни таниб олиб, унга қулоқ солишингиз керак эмас.

Одам чўнтагига чўғларни солиб, кийимим ёнмайди ва мен куймайман, дея олмайди. Юзта яхши олма битта чириган олмани яхши қила олмайди, аксинча битта чириган олма юзта яхши олмани чиритади.

Шунинг учун биз нимага қулоқ соляпганимизга эътибор беришимиз керак, жамоатдами, ишхонадами, кўчадами ёки биродарлар орасидами – нимага қулоқ солишимизга эҳтиёт бўлишимиз керак.

Алдовчи руҳлар ширин сўзлар билан одамни ҳақ имон йўлидан оздиради, улар одамни туртади, итаради ва ром қилади. Бунда сиз “о, мен тезда шуни қилишим керак” деб ўйлайсиз, лекин шуни қилганингиздан кейин “бекорга шундай қилдим” деб афсус қиласиз.

Муқаддас Руҳ эса сизни етаклайди, куч ишлатмайди.

Матто 24:4-5

“Исо жавоб бериб уларга деди: “Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради.”

Исо бизга эҳтиёт бўлинглар деяпти, чунки айрим одамлар “мен Масиҳман” деб алдайди. Бунда бизга Муқаддас Китоб ва Муқаддас Руҳ ёрдам беради, бироқ биз доим уларга таяниб яшашимиз керак.

Ҳаворийлар 16:16-18

“Бир куни ибодатгоҳга кетаётганимизда, ичида фолчилик руҳи бўлган бир чўри бизга дуч келди. У фолчилик маҳорати билан хўжайинларига кўп даромад келтирарди. Павлуснинг ва ҳаммамизнинг орқамиздан юриб: – Бу одамлар Худойи Таолонинг қулларидир, бизга нажот йўлини эълон қилмоқдалар, – деб бақирарди. Анча кун буни такрорлади. Ахир, Павлуснинг жонига тегиб, у чўрига бурилди-да, ичидаги руҳга: – Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: чўридан чиқиб кет! – деди. Руҳ эса ўша заҳоти чўрининг танидан чиқиб кетди.”

Шу оятлардаги чўри қизнинг сўзлари тўғри эди, лекин бу сўзларнинг орқасидаги руҳ ёлғон руҳ эди; Павлус Муқаддас Руҳ орқали шу қиз орқали ёлғон руҳ гапиряпганлигини таниди ва “шу қиздан чиқ” деб шу руҳни ҳайдаб чиқаради. Демак, одамлар гапирган гапига эътибор беришимиз керак, лекин шу билан бирга улар қандай руҳ билан гапиряпганлигига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Бундай қилиш учун бизга фақат Худо Муқаддас Руҳ ёрдам бера олади. Охирги кунларда масиҳийлар руҳий зеҳнга эга бўлишлари керак, бундай бўлмаса улар йўлдан озиб кетадилар.

Исо ҳақида ҳам бир киши “Мен Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Муқаддас Зотисан”, дейди. Лекин шу киши орқали ёлғон руҳ гапиряпган эди, шунинг учун Исо шу кишидан ёлғон руҳни ҳайдаб чиқаради.

Марк 1:24-27

“– Эй носиралик Исо! Бизда нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Азизисан!

Бироқ Исо ёмон руҳга дўқ уриб:

– Жим бўл ва ундан чиқиб кет! – деди.

Ёмон руҳ у одамни ларзага солди-да, овози борича бақириб, унинг вужудидан чиқиб кетди. Ҳаммани ваҳима босди. Ўзаро фикр юритиб:

– Бу нима гап? Бу қанақа янги таълимот экан? У ёмон руҳларга ҳам қудрат билан буюради, руҳлар эса Унга бўйсунади! – дейишди.”

1 Юҳанно 4:4

“Эй фарзандларим, сизлар Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Чунки ичингиздаги Руҳ дунёда ҳукм сураётган руҳдан устундир.”

Сиз Исо Масиҳни Раббий, деб қабул қилган бўлсангиз Худога тегишлисиз, Худо шохлигидасиз, қайта туғилгансиз, нажот топгансиз, оқлангансиз ва поклангансиз. Шунинг учун сиз улар устидан ғалаба қозондингиз, яъни аллақачон ғалабага эгасиз. Нега? Сизнинг ичингиздаги Руҳ бу дунёдаги руҳлардан устундир ва юксакроқдир.

Сиз бунинг учун ҳеч нарса қилишингиз керак эмас, ёки буни кутишингиз керак эмас. Ғолиб бўлиш учун фақат битта нарса керак – бу ҳам бўлса Исо Масиҳ хочда биз учун қилган ишига ишониш керак. Шу ишончни доим сақлаш керак ва доим фақат Исога қаратиш керак, шунда Исо сиз учун қилган нарсалар ҳаётингизда намоён бўла бошлайди. Оқланган киши ишонч билан яшайди.

Римликларга 8:13

“Агар ўз табиатингизга маҳлиё бўлиб яшасангиз, руҳан ўлишингиз муқаррар. Лекин агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз, руҳан яшайсизлар.”

Башарий тана амри билан яшасангиз ўласиз, агар Муқаддас Руҳ билан башарий тана ишларини ўлдирсангиз – яшайсиз. Демак Муқаддас Руҳ шу ишни қилар экан, яъни сизни поклайди, тозалайди ва муқаддаслайди; лекин мен нима қилишим керак, деган саволни ўзимизга берамиз. Бунга жавоб шундай: Исо хочда қилган ишга ишониш орқали биз нажот топамиз ҳамда муқаддасланамиз.

Худо бизга нажот бериш жараёнини жуда осон қилиб берган ва шунинг учун ҳар қандай инсон нажот топиши мумкин. Одамга бунинг иложи йўқ, Худога эса ҳамма нарсалар иложи бор. Одам ўзига нажот бера олмайди, фақат Худо одамга нажот бера олади; худди шундай равишда одам ўзини муқаддаслай олмайди, фақат Худо одамни муқаддаслай олади. Инсон фақат бир марта нажот топиши мумкин, яъни нажот топгандан кейин одам гуноҳ қилса, тавба қилиш орқали яна Худо билан муносабатга қайтиб кела олади. Худди шундай равишда масиҳий муқаддасланади, агар у гуноҳ қилса ёки башарий танада яшаса, яна тавба қилиб ҳақ йўлга қайтиб келиши мумкин.

Нажот топиш жараёни ва муқаддасланиш жараёни бир-бирига ўхшайди, шу иккаласига эришиш учун фақат битта калит керак – Исога ишониш. Яна аниқроқ қилиб айтсак, киши Исо Масиҳни ўлимдан қайта тирилганига ва У хочда қилган ишига ишониши ва Уни Раббий, деб тан олиши керак.

No comments: