2008-03-16

Забур 1-сано

ЗАБУР САНОЛАР КИТОБИ

1-САНО

1 Саодатли одамдир у,

Фосиқлар маслаҳатига юрмас,

Гуноҳкорлар йўлига кирмас,

Бузуқилар йиғинида ўтирмас.

2 Илло Худованднинг Қонунидир унинг завқу орзуси,

Туну кун Тангри Қонуни ила банддир фикри-зикри.

3 Оқар сувлар канорига ўтқазилган,

Мевасини мавсумида тугадиган,

Барглари эса сўлмайдиган дарахт кабидир у киши.

У неки қилса, толе унга ёрдир.

4 Фосиқлар эса-чи бундай эмаслар,

Балки шамолда тўзғиб кетгуси тўпондирлар.

5 Шу боис фосиқлар ҳукм қилинганда бош кўтармас,

Гуноҳкорлар эса солиҳлар мажлисида тура олмас.

6 Худованд солиҳлар йўлини асрар,

Фосиқлар эса ўз йўлида ҳалок бўлар.



No comments: