2007-05-14

Қутқарилиш учун нима қилиш керак?

Қутқарилиш ёки нажот топиш учун нима қилиш керак?

Кўп йиллар илгари римлик зиндонбон ҳаворий Павлусга энг муҳим саволлардан бирини берган эди: “Нажот топиш учун нима қилишим кeрак?”
Павлус ўша заҳотиёқ унга қисқа ва лўнда қилиб жавоб қайтарди:
“Раббимиз Исо Масиҳга ишонгин, сeн ўзинг ва бутун xонадонинг нажот топасизлар”. (Ҳаворийлар фаолияти 16:30-31).
Қутқарилиш чиндан ҳам шундай оддий экан.
Никодим исмли киши ҳам Исога деярли шундай савол берган эди.
Исо унга жавобан шундай деди: “Сeнга ростини айтай: агар ким юқоридан туғилмаса, Xудо салтанатини кўролмайди.” (Юҳанно 3:1-8).

Бор одамзод гуноҳкор
Муқаддас Каломда Римликларга ёзилган мактубда (3:23) “Ҳамма гуноҳ қилган ва Xудонинг улуғворлигидан маҳрумдир,” дейилган. Бунинг маъноси шуки, ҳамма одамлар гуноҳ қилган, аниқроғи гуноҳда туғилган (гуноҳга ботган) ва шунинг учун ҳамма Нажоткорга муҳтож. Нажоткоримиз эса Раббимиз Исо Масиҳдир. Биз айтган бу қоидага ҳеч қандай истисно йўқдир, яъни мен ҳам, сиз ҳам, ҳаттоки барча бошқа одамлар ҳам гуноҳда туғилган бўлиб, Нажоткорга муҳтождир.
Павлус Римликларга ёзган мактубида (6:23) “Гуноҳнинг эвази – ўлим,” деб ёзган.
Бу дегани, агар бу масала ҳал қилинмаса, барча одамлар то абад нобуд бўлади демакдир. Худога минг қатла шукур бўлсинки, У инсониятни шундай гуноҳли ҳолида ташлаб қўймади! Худо бизни севади, ҳа, ҳар биримизни севади. Худо ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, балки ҳар бир киши тавба қилишини хоҳлайди. (2-Бутрус 3:9).

Худо шу вазиятда нима қилди?
Муқаддас Китоб очиқ шундай дейди: “Зeро Xудо оламни (гуноҳкорларни, яъни сизни) шунчалик сeвдики, Ўзининг ягона Ўғлини бeрди, токи Унга ишонган ҳар бири киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин”. (Юҳанно 3:16).
Бунинг маъноси нима экан?
Инсон гуноҳкор бўлгани учун ҳеч ким ўзини қутқара олмайди. Бошқача қилиб айтганда, буни амалга оширишнинг иложи умуман йўқ. Айнан мана шу сабаб учун Худо инсон танасида зоҳир бўлиб, бу дунёга Марям орқали келди ва ниҳоят инсониятни қутқариш учун хочда ўлди. Қутқарилиш учун ниҳоятда катта баҳо тўланганлиги ҳамма учун ойдин бўлса керак. Худога шарафлар бўлсин, чунки хоҳлаган киши келиб ҳаётбахш сувни текинга олиши мумкин бўлиши учун Исо Масиҳ шундай катта баҳони тўлади (Ваҳий 22:17).

Раббимиз Исо Масиҳга ишонишнинг маъноси (мағзи) нимадан иборат?
Муқаддас Китобда Павлус шундай дейди:
“Агар сeн Исони Раббим дeб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Xудо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан. Чунки оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир.” (Римликларга мактуб 19:9-10).
Раббимиз Исо Масиҳга ишониш дегани Исо Худонинг Ўғли эканлигини фақатгина онгимиз билан тан олишимиз керак дегани эмас. Миллионлаб одамлар шундай йўл тутган бўлса-да, улар қутқарилмаган.
Муқаддас Калом ишониш ҳақида сўзлаганда қуйидагини кўзда тутади: киши Исони Худо Ўғли сифатида қабул қилиши ва Исо қилган ишини, яъни хочда унинг ўрнида гуноҳи учун ўлиб, уни қутқарганини тан олиш керак.
Бунинг учун сиз ўз Нажоткорим деб Исони ва фақатгина Уни қабул қилишингиз керак; Исони ҳаётингизнинг Раббийси ёки Ҳукмрони деб тан олишингиз керак ва охирги нафасингизгача бутун қалбингиз, онгингиз, жонингиз ва бор кучингиз билан Исога эргашишингиз керак.

Ўрин олиш ва мослашиш
Илгари ҳам айтганимиздек, инсон ўз гуноҳи натижасида то абад ўлимга маҳкум бўлган ва шунинг учун у ўзини қутқара олмайди. Худо буни била туриб, қутқарилиш ёки нажот йўлини очиб берди ва энди гуноҳкор одам солиҳ бўлиши мумкин бўлди. Бунга эришмоқ учун Худо Ўз Ўғлини бу дунёга юборди, У эса хочда Ўз ҳаётини қурбон қилди ва шу билан биз тўлай олмайдиган баҳони У тўлади. Бу баҳо Исонинг қадрли қони эди.
Исо бизнинг ўрнимизни олди. Бунинг маъноси нима?
Бу дегани, биз одамлар ўзимиз учун қила олмайдиган ишни Исо биз учун бизнинг ўрнимизга амалга оширди. Инсон гуноҳга ботгани учун шу гуноҳ учун нарх тўлаши керак эди. Ҳамма одамлар гуноҳкор ва шу гуноҳлар учун нарх тўлаш керак эди. Биз ўзимизни қутқара олмас эдик, шунинг учун Худо бизга Нажоткорни бериши керак бўлди. Худога шукурлар бўлсинки, У бизга Исо Масиҳда Нажоткор берди. Худо бизни севгани учун бизга нажот йўлини кўрсатди (Юҳанно 3:16).
Демак Исо бизнинг ўрнимизни олган экан, энди биз Исони тан олсак, (яъни Исо бизнинг ўрнимизга хочда ўлганини қабул қилсак) – ўшанда нажот топамиз. Қутқарилиш чиндан ҳам осон!
Исо бизнинг ўрнимизни олди ва агар биз Уни тан олсак, Худо бизга абадий ҳаёт ҳадя этади (Римликларга 6:23).

Ишонч, ишлар эмас
Бундай шарафли ва ажойиб Нажотга эришишнинг бирдан бир талаби Исо Масиҳга ишонишдир; Павлус ҳам айтганидек Исога имон келтириш керак.
Бунинг маъноси нима?
Аслида бу жуда ҳам осон. Худованд ҳар бир киши бир хил имкониятга эга бўлиши учун шундай қутқарилиш тартибини ўрнатган.
Демак, нажот топиш учун сиз Исо қилган ишига ишонишингиз (имон келтиришингиз) керак, ҳамда шахсан ўзингизга шу имонни тадбиқ этишингиз керак экан. Худо сиздан талаб қиладиган нарса фақат шудир. Албатта, ишониш деганда, илгарироқ айтганимиздек, сиз Исо Масиҳ Раббимизни ўз Нажоткорим деб қабул қилишингиз, ҳамда Уни ҳаётингиз устидан Ҳукмдор (Раббий) деб тан олишингиз керак.
Биринчи навбатда ўзингиз гуноҳкор эканлигингизни тушуниб-билишингиз керак. Бу тоифага ҳамма одамлар киради (Римликларга 3:23). Бундай ҳолатда бўлганингиз учун сизга Нажоткор керак. Бу оламда эса фақатгина битта-ю битта, ягона Нажоткор бор; У инсоннинг қутқарилиши баҳосини тўлади – ва бу Нажоткор – Раббимиз Исо Масиҳдир. Бошқача қилиб айтганда, агар инсон Исо Масиҳни қабул қилмаса, у нажот топа олмайди ва қутқарилмайди.
Миллионлаб одамлар кўпгина ва турли хил йўллар билан ўзларининг қутқарилишини сотиб олмоқчи бўладилар, лекин нажотга эришиш учун Масиҳни қабул қилиш керак, улар эса бунга амал қилмайдилар. Яна бошқа одамлар эса Масиҳга ишониб, қабул қилиб, Масиҳга яна бошқа нарсаларни қўшмоқчи бўладилар.
Муқаддас Каломда шундай деб ёзилган:
Ҳа, сизлар Xудодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Xудонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳeч ким: Мeн савоб ишларим туфайли қутулганман, дeб мақтанмасин. (Эфесликларга 2:8-9)
Бунинг маъноси шуки, масиҳий жамоати сизни қутқара олмайди; сувда чўмиб имон келтириш ҳам ва ҳеч қандай бошқа нарса сизга нажот бера олмайди. Бошқа маросимлар қанчалик муҳим ва аҳамиятли бўлмасин, улар одамга нажот бера олмайди. Мен буларни ёзишимдан мақсад шуки, миллионлаб одамлар сувда чўмиб имон келтириш, ёки масиҳий жамоатига қўшилиш орқали ёки савоб ишлар қилиш орқали (ва ҳаказо) нажот топамиз деб ўйлайдилар.
Албатта, юқорида айтилган нарсалар ўзларича аҳамиятли бўлиши мумкин, лекин улар инсон қутқарилишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Юқорида айтганимиздек, ҳар қандай киши Исо Масиҳга ишониш орқали нажот топади.
Шунинг учун киши ҳар жойда ҳам нажот топиши мумкин: масиҳийлар жамоатида, кўчада, масиҳий теледастурларни кўриш мобайнида, ёки масиҳий радиодастурларни эшитиш пайтида ёки мана шу мақолани ўқиш орқали ҳам қутқарилиши мумкин.
Инсоннинг қаердалиги эмас, балки нимага ишониши чиндан ҳам катта аҳамиятга эга.
Киши Исо Масиҳни Раббим, деб тили билан эътироф этган ва чиндан юрагида шунга ишонган пайтда, киши қаердалигидан қатъий назар, у нажот топади. Юқорида ҳам бир неча марта такрорлаганимиздек – бу жуда ҳам осон амалга оширилади.
Шуниси қизиққи, зиндонбон Павлусдан “Нажот топиш учун нима қилишим кeрак?” деб сўраган пайтида у Павлус ва Сила билан бирга қамоқ (зиндон) ичида эди. Далиллар шуни кўрсатадики, ўша вақтда зиндон ичида шу киши Раббимиз Исо Масиҳга ишониб ўша заҳотиёқ нажот топган эди (Ҳаворийлар 16:27-34).

Вақт соати етиб келди
Агар сиз ҳали ҳам юрагингизни ва ҳаётингизни Исо Масиҳга топширмаган бўлсангиз, мана ҳозир шунинг вақт соати етиб келди; истасангиз ҳозирнинг ўзида шуни амалга оширсангиз бўлади.
Мен сиздан қуйидаги сўзларни ўқишингизни илтимос қиламан ва овозингизни чиқариб айтишингизни сўрайман. Шу билан бирга мен сиздан шу сўзларга бутун юрагингиз билан ишонишингизни сўрайман; агар шундай қилсангиз шу заҳотиёқ нажот топасиз. Илтимос, шу сўзларни овоз чиқариб ўқинг:
“Осмондаги қадрдон Худованд, мен олдинга адашган гуноҳкор бўлиб келяпман. Менинг жонимни қутқаришингни ва ҳар қандай гуноҳдан мени поклашингни Сендан сўрайман. Менга нажот кераклигини юрагим билан тушуняпман ва фақатгина Исо Масиҳ орқали нажот топиш мумкинлигини тан оламан. Мен Исони юрагимга қабул қиламан ва менга нажот бериш мақсадда У мен учун хочда қилган ишини тан оламан. Сенинг каломингга итоатлик қилиб, тилим билан Исони Раббим деб эътироф этаман ва юрагим билан Худо Уни ўлимдан қайта тирилтирганига ишонаман. Сен ёлғони йўқ бўлган Ўз каломингда шундай дегансан: Чунки “Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур” (Римликларга 10:13). Сен айтганингдек мен ҳам исмингни чақирдим ва ҳозирнинг ўзида мен нажот топганимга ишонаман”.

Агар сиз чин дилдан шу ёзилган сўзларни айтган бўлсангиз ва юрагингизда Раббий Исо Масиҳга ишонган бўлсангиз – унда сиз ҳозир қутқарилдингиз ва исмингиз Қўзининг Ҳаёт китобида ёзилди.
Табриклайман!

No comments: