2007-05-04

Жавоб хочда топилади

Жавоб хочда топилади

Муқаддас Каломнинг Левийлар китобида, 17-бобнинг 1- ва 2-оятларида шуни ўқисак бўлади: “Худованд Мусога гапириб деди, - Ҳорун, унинг ўғиллари ва бутун Исроил фарзандларига шундай дегин, - Худованд шуни амр қилаётир”.
Бу бобда аниқ қилиб “Қон билан жон покланади” деб кўрсатилган. Бу ҳақда Макинтош исмли Муқаддас Калом олими шундай деган: “Мен Ибтидонинг учинчи бобидан бошлаб то Ваҳий китобининг охиригача қарайдиган бўлсам, солиҳликнинг асоси сифатида Исо Масиҳнинг қони қўйилганлигини кўраман. Бизга кечирим, тинчлик, ҳаёт ҳамда солиҳлик фақатгина қон орқали берилади ва қон ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди. Бутун Левийлар китобида ва айниқса 17-бобда Қон таълимоти талқин қилинади. Бу мавзу шунчалик очиқ ва ойдин такрорлаб таъкидланиши – Муқаддас Каломни ўрганаётган ҳар бир киши учун ғалати туюлиши мумкин. Бунинг сабаби шуки, онгимиз жуда осонлик билан Каломда келтирилган аниқ гувоҳликдан ўгирилиб кетади. Кўпинча биз даставвал турли хил фикрларни Илоҳий гувоҳлик асосида синчиклаб текшириб кўрмасдан туриб, шу фикрларни қабул қилишга тайёрмиз. Шундай иш тутиб биз осонлик билан чалкашлик, қоронғулик ва хатога дучор бўламиз.”
“Биз Масиҳ қонига ўзига хос ўринни беришни ўрганишимиз керак. Худо назарида Исонинг қони жуда ҳам катта қадрга эга бўлгани учун, У унга қандайдир нарса қўшилиши ёки аралашишига йўл қўймайди.”

Муқаддас Калом – хоч ҳикояси
Мана шу сарлавҳа сўзлари ўрнини алмаштириб, “Хоч – Муқаддас Калом ҳикояси” деб ўқисак ҳам бўлади. Агар кимда-ким Каломни тўғрилигича ўрганиб олса, у хочни ўрганган бўлади; худди шу гапни айлантириб аксини айтсак ҳам бўлади, яъни агар кимда-ким хочни ўрганиб олса, у Каломни ўрганган бўлади. Улар ягона ва бир хилдир!
Агар сиз Худонинг Каломини тўғри тушунсангиз, унда хочни ҳам тўғри тушунган бўласиз. Худди шунга ўхшаб, агар кимдир хочни тушунмаса, у албатта шу пайтнинг ўзида Каломни ҳам нотўғри тушунади. Бундай йўл одамни руҳий халокатга етаклайди.
Одам гуноҳ қилган вақтдан бери (Ибтидо 3:15) то Ваҳий китобининг охиригача (Ваҳий 22:21) хоч Худо Каломининг марказий мавзуси (шиори) эканлиги кўрсак бўлади. Худо Каломини бошқача қилиб тушунишга ҳаракат қилиш – Каломни нотўғри тушунмоқ демакдир.
Хоч ҳақида гаплашганда, у ҳақда Раббимиз буйруқ берганлигини билиб оламиз.

Охирги замонлардаги имондан қайтиш
Охирги кунлардаги ёки охирги замонлардаги имондан қайтиш – хочдан тониш, воз кечиш билан белгиланади. Павлус шунай дейди: “Xудо Руҳи (Муқаддас Руҳ) яққол айтяптики, оxирги замонларда (биз ҳозир яшаётган кунларда) баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар”. (Тимўтийга биринчи мактуб 4:1).
Биз имон деганда “Исо Масиҳ ва Унинг xочга миxлангани”ни тушунамиз (1-Коринфликларга 1:23; 2:2).
Охирги 10-20 йил ичида шундай имондан қайтиб кетганлар жуда кўп бўлди. Лекин шу билан бирга Раббимиз бундай ёвузликка қарши чиқиб, масиҳийлар жамоати ва дунё учун хоч ҳақидаги хабарни таклиф қиляпти; бу сафар илгариги пайтлардан ҳам кучлироқ хабар берилмоқда. Шу сўзларни ўқияпган киши шуни тушунсинки, хочни тушуниш бутун Янги Аҳдни тушуниш демакдир. Шу хабарни Худованд ҳаворий Павлусга берган эди, у эса ўз навбатида бизга 14 мактбуларида ёзиб қолдирган. Шундай қилиб, хочни тушуниш фақатгина қандайдир таълимотни (доктринани) тушуниш эмас, балки ҳамма таълимотларнинг асосини ёки пойдеворини тушунишдир. Барча таълимотлар хоч асоси устида қурилиши шарт, акс ҳолда бундай таълимот ёлғон таълимотга айланиб қолади.
Павлус яшаган даврда хоч хабарига Яҳудийчилар қарши чиққан. Булар Яҳудий миллатига мансуб масиҳийлар бўлиб, улар Худо иноятига қонунни қўшишга ҳаракат қилар эдилар. Бошқача қилиб айтганда, улар фақат оғизларида хоч хабарини тан олар эди, лекин улар асосан “мажусийлар (яъни ғайри-яҳудийлар) нажот топишлари учун қонунга ҳам риоя қилишлари керак” дердилар. Бу масала қисман Қуддусдаги буюк кенгашда ҳал қилинган эди (Ҳаворийлар фаолияти 15-боб), тўлиқлигича ҳал қилинмаганди. Кенгашда мажусийлар бўйнига Қонунни юкламасликка қарор қилинган эди, шунда ҳам айрим яҳудийлар шу масалани кейинчалик ҳам кўтаравердилар ва бу билан Павлусга кўп қийинчиликлар келтиришди. Кимдир айтганидек, Яҳудийлик масиҳий жамоатини дунёга келтирган билан бирга, унинг ўлимига ҳам сабаб бўлишига сал қолган эди.
Ҳозирги кунда ҳам “Қонун-ми ёки Иноят-ми?” деган муаммо орамизда мавжуд, лекин ҳозир у жуда муғомбирлик йўли билан ҳаракат қилмоқда.

Қонун
Ҳозирги кунда ваъзхонлар энди Мусо қонунини илгари сурмасалар ҳам, уларнинг кўпи бошқача “қонунни” илгари сурадилар. Бу қонунни уларнинг ўзи ёки бошқа кишилар ўйлаб топган бўладилар. Нима бўлганда ҳам, ўша муаммо ҳали ҳам ўзгаргани йўқ, шу билан бирга унинг зиёни ҳам ўзгарган эмас. Шундай қилиб, қонун деганимизда биз Мусо қонуни, ваъзхонлар ёки жамоатлар ўйлаб топган қонунни ёки умуман бошқача қонунни кўзда тутамиз. Нима бўлганда ҳам қонунни Иноят билан аралаштириб бўлмайди. Павлус шундай деган: “Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар Илоҳий Қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, у ҳолда Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.” (Галатияликларга 2:21).
Азиз ҳаворий бу ерда бизга қонун ёки қонунлар Худонинг Иноятини инкор қилиши ёки бузиши мумкин, деб айтмоқда. Бу дегани қонун бўлган жойда Худо Инояти ўз ишини амалга ошира олмайди демакдир.
Биз шу билан нима демоқчимиз?
Биз бу ерда муҳокама қиляпган масала шубҳасиз имонли кишининг юраги ва ҳаётидаги ягона энг муҳим масаладир. Агар имонли киши қандай қилиб Иноятда яшашни билмаса, ўзи шуни билиши ё билмаслигидан фарқли равишда, у қонун остида яшаётган бўлади. Қонун эса фақат ёмон аҳволни унданам беш баттар қилади. Имонли одам қанчалик кўп ҳаракат қилмасин, қанчалик ғайратли бўлмасин, қанчалик бағишланган бўлмасин, барибир у ғалаба қозона олмайди, фақат мағлубиятга учрайди – унинг бу мағлубияти борган сари баттарлашиб кетади.

Худованд Инояти
Имонли киши Худованд Иноятини тушунишининг ва унинг юрагида ҳамда ҳаётида Иноят тўхтамасдан ҳаракат қилишининг ягона йўли бор, бу ҳам бўлса хочни тушуниш ва унга ишонишдир. Шундай кейин бор Иноятни бошқарувчи Муқаддас Руҳ имонли киши ҳаётида ғалаба қозонишига кафолат беради. “Масиҳ орқали биз ҳаммамиз бир Руҳ билан Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз”. (Эфесликларга 2:18).
Агар сиз хочни тўғри тушунмасангиз, Худованд Иноятига эга бўлолмайсиз ҳам, ундай баҳраманд бўлолмайсиз ҳам. Хоч ва Калом бир хил бўлгани учун, хоч ва Иноят ҳам бир хил десак бўлади.
Худо Инояти – нолойиқ ишонувчига қаратилган Худонинг эзгулиги, яхшилигидир. Юқорида айтганимиздек, Муқаддас Руҳ Иноят ёки эзгуликни бошқаради ва У Масиҳнинг битирган (якунлаган) иши чегарасида ишлайди. “Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир. Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди. Чунки Исо Масиҳни тирилтирган Худонинг Руҳи сизнинг вужудингизда яшаяпти. Агар Худо Ўз Руҳи қудратида Масиҳни тирилтирган бўлса, У ичингиздаги ўша Руҳ орқали сизнинг фоний баданларингизни ҳам тирилтиражак.” (Римликларга 8:1-2, 11).
Бироқ, аксари масиҳийлар хочни тушунмайдилар, чунки кўпгина ваъзхонлар бу мавзуда сўзламайдилар. Оқибатда имонлилар қонун остида яшайдилар, чунки бошқача яшашга илож йўқ. Инсон ёки қонун, ё Иноят остида яшайди, агар кимдир Иноят калити бўлган хочни тушунмаса, демак у ноилож фақат қонун остида яшашига тўғри келади.
Агар имонлиларда муаммолар бўлса, ва кўп имонлиларда муаммолар бор, улар ўз чўпонлари олдига борадилар. Ўшанда чўпонлари уларга деярли ҳар бир сафар, “Сен энди кўпроқ ҳаракат қилишинг керак” дейдилар. Бу чўпон ўзи ҳам тўғри йўлни билмагани учун шундай дейди. Гапни ростини айтсак, оддий имонлида бўлган 
муаммолар шу чўпонда ҳам бор, балки унинг аҳволи анча ёмонроқ бўлиши ҳам мумкин.
Худо учун яшаш ва ғалабакор ҳаёт кечириш “кўпроқ ҳаракат қилиш”га асло боғлиқ эмас. Киши қанчалик кўп куч ишлатмасин, қанчалик ғайратли бўлмасин, илгарироқ айтганимиздек, қанчалик бағишланган бўлмасин, бундай усул орқали у ғалабага эриша олмайди. Аксига олиб, ҳаётидаги муаммоли вазияти бундай беш баттар бўлиб кетаверади.
Хочни тушунмасдан туриб, жамоат нима қилар экан?

Нотўғри йўналишлар
Агар эътибор берсангиз ғарбдаги жамоатлар бир йўналишдан бошқасига ўтиб юрибди. 1950 йилларда ҳамма муаммо ёвуз руҳларда дейишарди. Бошқача қилиб айтганда кўп кишилар айтишича агар масиҳийларда муаммолар бўлса, демак уларни ёвуз руҳлар бошқаряпган бўлади. Яъни агар киши аччиқланса, демак унда аччиқланиш ёвуз руҳи бор, ва ҳакозо дейишар эди. Бундан қутулиш учун эса шу масиҳийдан айни ёвуз руҳни ҳайдаб чиқариш керак экан ва ана шунда уларда шу муаммо ҳал қилинган бўлади. Бундай аҳмоқгарчиликни эълон қилган айрим жамоатларда одамлар катта навбатларга туришиб, керакли ёвуз руҳни ҳайдаб чиқариб ғалабага эришишга умид қилишар эди. Бундай ҳодиса 1960 йилларгача давом этди, ҳозир ҳам айрим жамоатлар шундай фикрлардан қайтишмаган.
Ўша йилларда мен ўзим муқаддасликка элтувчи хочни тушунмас эдим, лекин юқоридаги таълимот нотўғри эканлигини билар эдим. Мен буни очиқ ва баланд овоз билан айтар эдим. Бунинг учун бошқа кўпгина ваъзхонларнинг менга жаҳли чиқди, лекин бу Муқаддас Китобга биноан эмаслигин билар эдим.
Тўғри ҳамма масиҳийларда қачондир ўз ҳаётида ёвуз руҳлар томонидан муаммолари бўлиши мумкин, бироқ масиҳийлар ичида ёвуз руҳлар бўлмайди. Муқаддас Руҳ Ўз маъбадида ёвуз руҳлар билан бирга турмайди (1-Коринфликларга 3:16).
Ким бўлса ҳам тўхтаб, Худонинг Каломида бундай нарсани учратиб бўлмаслигини бир-оз ўйлаб кўрдимикин? Бу нарса Каломда йўқ, чунки у Муқаддас Китобга асосланмаган. Албатта ёвуз руҳлар чиндан ҳам мавжудлигини, ҳамда ёвуз руҳлар кўплаб нажот топмаган одамлар ичида яшашини биз тан оламиз; ёвуз руҳлар шу билан бирга кўпгина масиҳийларга тўсқинлик қилади, чунки имонлилар хочни тушунмайдилар, хоч эса бутун ғалабанинг сиридир. Исо шундай дейди: “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.” (Юҳанно 8:32). Ваъзхонлар масиҳийлар бошига қўл қўйиб, ёвуз руҳларни ҳайдаши ҳақида Исо ҳеч нарса демади, балки имонлиларга ҳақиқат берилиши кераклигини айтяпти; ҳақиқат эса хоч ҳақидаги хабардир ва бу хабарни Исо кейинроқ Павлусга очиб беради (Римликларга 6:3-14). Илтимос қуйидагига эътибор беринг:
Исо Носира шаҳрида хизмат қиляпганда шундай дейди: “Худованднинг Руҳи Менга ёр. У Мени муқаддас мой-ла мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун, дилабгорларга шифо бермоқ учун, асирга: озод бўлгил, басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиб, Марҳамат йили бўлгай, демоқ-чун, Худованд Мени юборди.” (Луқо 4:18-19).
Агар эътибор берсангиз, бу ерда Исо “мазлумга эркинликни эълон этиш” ёки юнон тилида “мазлумга эркинликни ваъз қилиш” учун Худо Уни юборганлигини айтмоқда. Бошқача қилиб айтганда, мазлум (яъни асир киши) эркин бўлишининг ягона йўли – уларга ҳақиқатни ваъз (эълон) қилишдир. Хўш, ҳақиқат нима экан?

Ҳақиқат
Ҳақиқат - “Исо Масиҳ ва Унинг xочга миxлангани”дан иборатдир (Римликларга 5:1; 6:3-14; 8:1-2, 11; 1-Корифликларга 1:17-18, 21, 23; 2:2, 5; Галатияликларга 5:1-6; 6:14; Эфесликларга 2:13-18; Колосаликларга 2:14-15). Демак биз Хочни ваъз (эълон) қилишимиз керак экан!
1970 йиллардан то 1980 йилларгача “ўзлик қадри ғояси” илгари сурилди. Айрим ваъзхонлар айтишича, муаммога жавоб кишининг ўз қадр-қимматини билишда топилар эмиш. Бошқача қилиб айтганда, агар одамда муаммолар бор бўлса, демак шу киши ўз қадрини паст тутяпган бўлади (ўзини камситиш) ва буни тўғирлаш учун у ўзини қадрини ортириши керак экан.
Бу таълимот аҳмоққона эканлиги шундай билиниб турибди-ки, биз буни тушунтиришга ҳам харакат қилмаймиз, шундай ҳам кўпгина ваъзхонлар шу аҳмоққона таълимотни қўллаб юрибдилар.
Ҳақиқатдан эса, ҳамма муаммо шу “ўзлик”дадир, кишида паст ёки юқори ўзлик қадри бўлгани муаммони кўрсатади. Нима бўлганда ҳам муаммо ўзликдадир. Ўзлик муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли бу – ўзлик Масиҳда жой топишидир, яъни аниқроғи ўзлик хочга жойланиши керак (Луқо 9:23-24). Бироқ масиҳийлар жамоатидаги кўпгина имонлилар юқорида айтилган аҳмоқ таълимотга ишониб юрибдилар!
1980 йилларда эса “дўст тизими” жуда кенг тарқалиб кетди. Бу тизим бўйича ҳар бир имонли киши ўзи учун бошқа имонли ва ишонарли дўст топиши керак экан, улар бирга имонда турсалар улар ҳамма муаммоларни ҳал қилар эканлар, ва ҳаказо.
Яна бир марта Павлуснинг сўзларини келтираман: “Агар шундай таълимотларга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, у ҳолда Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.”.
1990 йиллар бошида “кулиш феномени” кенг тарқалди, буни ҳам кўпчилик ғалаба қозониш учун йўл деб айтишар эди. Кейинчалик 90 йилларнинг ўрталарида “қулаб тушиш” феномени яна қайта пайдо бўлди. Бунинг тарафдорлари кимда шундай ҳодиса рўй берса, у шу орқали ғалаба топади ва ҳоказо, деб айтар эдилар.
Албатта шу охирги ҳодиса айрим пайтларда Худо ҳузурида рўй беради, лекин бу фақат ҳодисадир ёки рўй берадиган ҳолдир. Худо фарзанди бунга ўхшаш ҳодисалар орқали ғалабага эриша олмайди; бундай ҳодиса ва ҳоллар Худодан келган ва Муқаддас Каломга зид эмас бўлиши мумкин. Яна бир бор Масиҳ айтган сўзларга қайтиб борайлик: “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.” (Юҳанно 8:32).
Шунга ўхшаш нарсалар бўлиб турганда масиҳийлар жамоатидаги айрим кишилар гуманистик психологияни илгари суришмоқда; бу ҳам нотўғри эканлигини айтиб ўтишимиз керак. Бундай кишилар бошқа юқорида айтилган таълимотларни ҳаммасини қўллаб кўриб, фақат улар амалда ҳеч қандай натижа бермаслигини кўриб, энди эса нима қилишни билмасдан – фоний дунёга мурожаат қилишмоқда. Афсуски, гуманистик психологияда ёки дунё таклиф қиладиган ҳар қандай нарсада ҳеч қандай масаланинг ечими йўқ, улар фақат зиён келтириши мумкин!

Жавоб хочда топилади
Гуноҳкор кишида ёки имонли кишида бўлган ҳар қандай муаммонинг жавоби хочда ва фақатгина хочдадир!
Хоч чалкаш, мураккаб ғоя эмас, балки Раббимиз берган инсон муаммосининг ечими, жавобидир. Бошқача қилиб айтганда Исо Масиҳ хочда амалга оширган иши инсоннинг барча муаммоларини ечиб беради, бу қандай муаммо бўлишидан қатъий назар, ҳеч қандай муаммо бундан истисно эмас! Менимча бундан осонроқ ёки ойдинроқ қилиб айта олмасам керак. Имонсиз киши муаммоларининг ечими (бу муаммолар қандай ва қанчалик ёмон бўлишидан қатъий назар) Масиҳнинг хочида топилади, илгари ҳам айтганимиздек яна айтайлик, фақатгина Масиҳ хочида топилади. Агар нажот топмаган киши Худонинг каломини эшитса унга Муқаддас Руҳ ишонч (имон) беради, шундан кейин бу киши фақатгина Исога имон келтириб, Масиҳга яқинлашса, унинг бутун ҳаёти ўзгариши мумкин (миллионлаб одамларнинг ҳаёти худди шу йўсинда ўзгарган эди). Гуноҳкор киши учун мана шу ягона умид ва муаммонинг ечимидир (Юҳанно 3:3, 16).
Худди мана шундай йўл билан, Худо фарзандининг барча муаммолари ва масалаларининг ечими (улар қандай бўлишларидан қатъий назар) – Масиҳ хочида топилади. Лекин шайтон нима қилади?
У бор кучи билан масиҳий киши бошқа жойларда муаммолар ечимини қидиришини истайди ва шунга ҳаракат қилади. У бор кучи билан хоч ҳақидаги хабарга қарши кураш олиб боради. Биз нималарга ишонимиз билан шайтоннинг иши йўқ, фақатгина биз хочга ишонмасак бўлди. У хочда ва фақат хочда енгилиб, мағлубиятга учраган эди. Масиҳ шайтон устидан ғалаба қозониб, инсонларни асир тутиш қонуний ҳуқуқини ундан тортиб олди. Исо Масиҳ Ўз қонини тўкиш орқали шу ҳуқуқни олди ва Унинг қони ҳамма гуноҳларни кечириб, уларни қоплади (Колосаликларга 2:14-15). [Гуноҳлар кечирими ҳақида Муқаддас Китобнинг Левийлар 17-бобида ўқиса бўлади.]
Агар имонли киши Худодан қабул қилган ҳар бир нарса (у нима бўлишидан қатъий назар) фақатгина хоч воситаси орқали унга келишини тушунса, шу орқали ўз имонини хочга қаратади. У бошқа нарсаларга имонини қўймаса, Муқаддас Руҳ унинг ҳаётида ҳаракат қилишни бошлаб, Худо Инояти тўлиқлигача намоён бўлишига йўл очиб беради. Ана ўшанда шу имонли киши ғалабага эришади ва бундай ғалабани у илгари кўрмаган бўлади, чунки бу доимий ғалаба бўлади. Суюкли Юҳанно айтганидек: “Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгади. Мана шу бизнинг имонимиз дунё устидан ғолиб чиқди.” (1-Юҳанно 5:4).

(Жимми Сваггарт Муқаддас Китоб талқинидан олинган, Левийлар 17-боб).
(Jimmy Swaggart Bible Commentary, Levites 17)

No comments: