2010-04-26

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:18-19)

18-оят
“Aгaр мен ўзим қулaтгaн қонун-қоидaлaр биносини қaйтaдaн қуришгa киришсaм, ундa мен ўзимнинг қонунбузaр экaнимни кўрсaтгaн бўлaмaн.”

Бу оятда айтилишича, агар имонли киши иноят хабарини қабул қилиб, Масиҳ иноятида яшаса, шу билан у қонун орқали оқланиш фикридан воз кечган, бундай оқланишни бузган бўлади. Бироқ энди у иноятдан қонунга қайтиб борадиган бўлса, у илгари ўзи бузган бинони қайтадан қуряпган бўлади, бу эса ақлга сиғмайдиган нарса, бундай қилиш керак эмас. Қонунга қайтиш орқали киши ўзини яна қонунбузарга айлантиради, чунки энди Муқаддас Руҳ унга ёрдам бермайди ва шу орқали у қонунни бажара олмай, қонунбузар бўлиб қолади. Шу фикр эсингиздан чиқмасин, қонун бажариш орқали ҳеч ким Худо олдида оқлана олмайди, балки фақат Исонинг инояти орқали инсон Худо олдида оқланади.
Шу билан бирга Худо иноятидан юз ўгириб, қонунга ишонч қўйиш – гуноҳдир. Бундай гуноҳдан тўғри йўлга қайтиш учун инсон яна илгаридек ишончини Исога ва У хочда қилган ишига қаратиши шарт, ва шу орқали Муқаддас Руҳ унинг ҳаётида қудрат билан ишлай бошлайди.

19-оят
“Бироқ энди мен Xудо учун яшaй деб, Қонун олдидa ўлгaнмaн, ҳa, Қонун ўзи мени ўлдирди. Мен Мaсиҳ билaн биргa xочгa миxлaб қўйилгaнмaн.”

Бу оятни аниқроқ таржимаси қуйидагича: “Зеро мен қонун орқали қонун учун (қонунга нисбатан) ўликман, токи мен Худо учун яшай (олай)”.
Бу оятга биноан масиҳий киши қонун учун ўликдир, яъни қонуннинг ўзи ўлик эмас, балки биз қонунга нисбатан ўликмиз. Нима асосида? Биз Масиҳ билан бирга ўлганимиз асосида (Римликларга 6:3-5) эндиликда қонун учун ўликмиз. Бу содир бўлган факт, биз шуни билишимиз шарт ва шуни ҳисобга олишимиз керак.
Исо Масиҳ қонунни тўлиқлигича бажарди ва унинг жазосини биз учун Ўз устига олди, шунинг учун ҳам биз қонун орқали қонун учун ўликмиз. Бундай ҳолат фақатгина Исони қабул қилган масиҳийларда бўлади, Исони қабул қилмаган кишида эса ҳеч қачон қонунга нисбатан ўлим бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам фақат масиҳий киши Худо учун яшай олади, яъни Исога ва Унинг хочдаги ишига бўлган ишонч орқали Муқаддас Руҳ масиҳий ҳаётида ишлай бошлайди ва унга ғалабани беради. Исога ишонмаган кишида эса бундай ҳолат кузатилмайди. Шу билан бирга киши Исоги ишонган бўлсаю, фақат ишончини яна қонунга қаратадиган бўлса, бундай кишида ҳам Муқаддас Руҳ ишламайди ва у башарий тана амри билан яшайди. Яъни у гуноҳ табиати остида бўлиб, ғалабага эришмайди. Чунки Муқаддас Руҳ қудрати, инояти дарёсининг оқими ҳаётимизда автоматик равишда бўлмайди, фақат Исога қаратилган ишонч асосида Муқаддас Руҳ қудрати билан ишлайди.
Оддий тил билан айтадиган бўлсак, Муқаддас Руҳ ишлаганда, у ичимиздаги керакмас нарсаларни олиб ташлайди ва бизга керакли бўлган нарсаларни ичимизда яратади; У бизга гуноҳ табиати устидан ғалаба беради ва Худонинг камол иродасига бўйсуниш итакларини ичимизда пайдо қилади. Бунда иноят дарёси ичимизда тошиб оқиши учун биз томондан ҳеч қандай куч ёки ҳаракат керак эмас, аниқроғи ҳаракат қилиш мумкин эмас, фақат ишонч орқали Худодан ёрдам кутиш керак. Худо бизга истак ва ҳаракат беради, ўшанда биз ҳаракат қиламиз ва Худо иродасини бажарамиз.
Шундай қилиб қонун орқали эмас, фақат Исога ишониш орқали, Худо инояти асосида биз ҳамма нарсага эришамиз: Худога яқинлашамиз, нажот топамиз, қутқариламиз, оқланамиз, қайтадан туғиламиз, Муқаддас Руҳга тўламиз, муқаддасланамиз, Руҳ амри бўйича яшаймиз, гуноҳ табиат устидан ғалабага эришамиз, сақланамиз ва ниҳоят Исо қайтиб келганида шуҳратли танага эга бўлиб, Худо билан то абад яшаймиз! Худога абадул абад шон шарафлар бўлсин!!!
Исо билан бирга хочга михланганимиз ҳақида кейинги сафар гаплашамиз, бу оятлар жуда катта аҳамиятга эга ва сизга баракат беради.

No comments: