2010-03-09

Матто баён этган Хушхабардан парча

24-боб
Исо охирзамон ҳақида

Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, шогирдлари Унинг ёнига келиб, диққатини маъбаднинг биноларига қаратмоқчи бўлишди. Исо уларга: «Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: бу ерда бирор ғишт бутун қолмайди, ҳаммаси вайрон бўлади», – деди.
Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирган вақтда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: «Бизларга айт-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?»
Исо жавоб бериб уларга деди: «Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: „Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради. Шунингдек, йироқ-яқиндан уруш хабарларини эшитасизлар. Аммо чўчиб ваҳимага тушмангиз! Ҳамма нарса Худо тақдир этганидек содир бўлиши лозим. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмасдир. Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчиликлар, ўлатлар, зилзилалар бўлади. Буларнинг бари эса бамисли тўлғоқнинг бошидир.
Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади. Ўшанда кўплар васвасага тушиб, бир-бирини тутиб беради, бир-биридан нафратланади. Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди. Лекин охиригача чидаган қутулади. Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади».

Буюк мусибат ва Исонинг қайта келиши
«Шундай қилиб, Дониэл пайғамбар каромат қилиб айтган „даҳшатли разолат” муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин! ) Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин. Томнинг устида турганлар уйидан анжомларини олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин. У кунларда ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ҳолига вой! Қочишингиз қишга ёки дам олиш кунига тўғри келмаслиги учун ибодат қилинглар. Чунки ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганида эди, ҳеч бир жонзод омон қолмасди. Лекин танланган кишилар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўшанда кимдир сизга: „Масиҳ мана бу ерда”, ёки „У ерда”, – деб айтса, ишонманглар. Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложини топсалар, ҳатто танланган кишиларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройибот ва мўъжизалар кўрсатадилар. Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
Шундай қилиб, агар сизларга: „Мана, У саҳрода”, – деб айтсалар, чиқманглар. „Мана, У берк хоналарда”, – деб айтишса ҳам, ишонманглар. Чунки Инсон Ўғлининг келиши худди шарқда чақнаб, ҳатто ғарбда ҳам барчага кўринувчи чақмоқдай бўлади.
Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланади.
Ўша кунларнинг мусибатидан сўнг, алҳол қуёш тутилиб, ой хираланади. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади. Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар уввос тортиб йиғлайдилар, Инсон Ўғли осмон булутлари узра буюк қудрат ва шон-шуҳрат ила келаётганини кўрадилар. У маҳобатли карнай тутган фаришталарини юборади. Улар эса Унинг танлаган кишиларини осмоннинг бир бурчидан бошқа бурчигача, тўрт томондан тўплаб келадилар».

Ҳушёр бўлиб туриш ҳақида
«Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. Худди шундай, сизлар ҳам буларнинг ҳаммасини кўргач, билингки, У яқиндир, эшик олдида турибди. Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас.

No comments: