2007-07-25

Ҳаворий Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби

Римликларга 6-боб

Хоч
1 Хўш, нима дейлик? (Бу савол эътиборимизни Рим. 5:20-оятга қаратади). Иноят кўпайсин, деб гуноҳ қилишни давом эттираверайликми? (Иноят гуноҳдан юксакроқ бўлгани билан масиҳий кишида энди гуноҳ қилишга рухсатнома бор дегани эмас).
2 Асло! (Юқорида ўзи берган саволга Павлус жавоб беряпти, “Бундай фикрни йўқотинг, мутлақо бундай бўлмасин!”). Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз (гуноҳ табиатига нисбатан ўликмиз). Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз? (Бу сўзлар
эндиликда имонли киши Масиҳда кимлигини кўрсатади).
3 Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, (аслида қўлёзмаларда юнон тилида “сувда” деган сўз йўқ; бу ерда сувга чўмдирилиш эмас, балки Исо Масиҳга чўмдирилишимиз ҳақида гап кетяпти [1-Кор. 1:17; 12:13; Гал. 3:27; Эфес. 4:5; Кол. 2:11-13]) ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик. (аниқроғи: Унинг ўлимига чўмдик; Масиҳ хочда ўлганида Худонинг фикрича биз ҳам У билан ўлдик; бошқача қилиб айтганда Исо бизнинг ўрнимизни эгаллаб, биз учун ўлди, шундай қилиб Унинг ўлимида У билан бир бўлганимиз сабаби, Исо ўлими натижасида қўлга киритган ҳамма баракатларга ҳам эга бўламиз; яъни Исо Масиҳ биз учун буларнинг ҳаммасини амалга оширди).
4 Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик (аслида қўлёзмаларда юнон тилида “сувда” деган сўз йўқ; биз нафақат Исо билан бирга ўлдик, балки У билан бирга кўмилдик ҳам; яъни ўтмишдаги барча гуноҳлару ва қонунбузарликлар ҳам кўмилди; Исони қабрга қўйишганда, бизнинг барча гуноҳларимизни ҳам ўша қабрга қўйишган эди). Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим. (биз Исо билан ўлдик, У билан кўмилдик ва Унинг тирилиши бизнинг қайта тирилишимиз бўлиб, шу орқали биз янги ҳаётга эга бўлдик).
5 Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак (аслида “эргашган” сўзи “бирга экилдик” деган маънони билдиради; яъни биз Исо билан бирга экилдик. Павел бу ерда барча баракатлар хоч орқали келишини эълон қиляпти; демак имонимиз доим хочга қаратилган бўлиши керак, ўшанда Муқаддас Руҳга ҳаётимизда иш олиб бориши учун йўл очилади), албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз. (агар биз “Унинг ўлимида бирлашиш” нималигини тушунсак, ўшанда “Унинг тирилишида бирлашиш”, яъни шу қайта тирилган ҳаёт билан яшашга эришамиз; буларнинг ҳаммаси эса хоч воситасида амалга ошади).
6 Гуноҳ қилишга мубтало бўлган бу вужудимиз йўқ қилинсин (яъни гуноҳ куч-қуввати бузилди, синди), деб эски ўзлигимиз (аслида: эски одам – Масиҳни қабул қилишимиздан олдинги ҳолатимиз, ўзлигимиз) Масиҳ билан бирга хочга михланган. Буни билиб, биз энди гуноҳга қул эмасмиз (имонга келиш вақтида гуноҳ айби олиб ташланади, чунки юрагимиз ва ҳаётимизда гуноҳ табиати энди ҳукм сурмайди).
7 Чунки ўлган одам (Исо бизнинг ўрнимизни эгаллади, шунинг учун Худонинг фикрида биз ҳам ишониш орқали У билан ўлдик) гуноҳ қилишдан озоддир (гуноҳ табиати қуллигидан озод бўлади).
8 Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак (бу оятда ҳам хоч ҳақида ва Исонинг ўлимига чўмдирилганимиз ҳақида гап кетяпти), У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил (янги, қайта тирилган ҳаётга, яъни янада фаровон ҳаётга эга бўламиз, [Юҳанно 10:10]).
9 Масиҳ тирилиб бошқа ўлмаслигини (яъни Исонинг иши якунланган, битирилган ишдир, шунинг учун бу иш ҳеч нарсага муҳтож эмас, унга ҳеч нарса қўшилиши керак эмас), ўлим эса Унга энди ҳоким бўлолмаслигини биламиз (чунки барча гуноҳ учун баҳо ёки нарх тўланиб бўлди; Масиҳ бизнинг ўрнимизни эгаллади ҳамда ўлим Унинг устидан ҳукмронлик қила олмайди, худди шундай равишда ўлим бизнинг устимиздан ҳам ҳукмронлик қилмайди; бу дегани гуноҳ табиатининг куч-қудрати бузилган демакдир).
10 Унинг ўлими гуноҳ учун (гуноҳ табиатига нисбатан) бир бор ўлим эди (аниқроқ маъноси: “У гуноҳ табиатига нисбатан бир марта, ҳамма учун ўлди”). Қолган ҳаётини эса (яъни қайта тирилиб) У Худо учун яшамоқда (барча ҳаёт Худодан келади, бу ҳаётни эса биз хоч орқали ва ўша якунланган ишга ишониш билан қабул қиламиз).
11 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам ўзларингизни гуноҳ қаршисида ўлик (гуноҳ табиати ўлик эмас, бироқ хоч фазилати билан ва хочдаги қурбонликка бўлган ишончимиз орқали биз гуноҳ табиати учун ўликмиз, лекин ишончимиз давомий равишда хочда бўлиб қолиши керак), лекин Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашган ҳолда (Исо хочда қилган иши ҳақида гап кетяпти, шу иш қайта тирилган ҳаётнинг манбаидир) Худо қаршисида тирик ҳисобланглар (қайта тирилган ҳаёт билан яшаш).

Муқаддасланиш
12 Шундай қилиб, энди гуноҳ (гуноҳ табиати) сизларнинг фоний баданларингизга (яъни агар имонли киши доимий равишда Масиҳга ва хочга қарамаса, унинг юраги ва ҳаётида гуноҳ табиати яна ҳукмронлик қилиши мумкинлигини билдиради; “фоний бадан” – нейтрал ёки бетарафдир, яъни у солиҳлик ёки нопоклик учун ишлатилиши мумкин) ҳокимлик қилмасин (ҳукмронлик, бошчилик қилмасин), сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар (агар имон хочга қаратилмаса, фоний тана орқали нопок ҳирслар ва эҳтирослар намоён бўлади [1-Коринфликларга 1:17-18]).
13 Аъзойи баданингизни (фоний танангиз узвларини) ёмонлик қуроли қилиб гуноҳнинг (гуноҳ табиатининг) измига топширманглар. Аксинча, ўлиб тирилганлар каби ўзингизни (биз Масиҳ билан бирга “янги ҳаёт” учун қайта тирилдик), яъни бутун аъзойи баданингизни солиҳлик қуроли қилиб (бунга эришиш учун хочнинг хислати ва ўша ерда якунланган ишга ишонишимиз керак, шу билан бирга ўша якунланган ишга бўлган ишончимиз кун сайин давом этиши керак [Луқо 9:23-24]) Худонинг измига топширинглар (биз Масиҳ ва хочга бўйсинишимиз, ён беришимиз керак; фақат шундай усул гуноҳ табиати устидан ғалаба қозонишимизга кафолат беради).
14 Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин (биз имонли сифатида
доимий равишда Масиҳ хочига ишончимизни йўналтирадиган бўлсак – гуноҳ табиати устимиздан ҳукмронлик қилмайди; агар имонли бундай қилмаса, гуноҳ табиати албатта унинг устидан ҳукмронлик қилади), чунки сизлар энди Қонун эмас (яъни, агар биз ҳаётимизни қандайдир қонун асосида бошқармоқчи бўлсак, ўша қонун ўзича қанчалик яхши бўлишидан қатъий назар, охирида гуноҳ табиати устимиздан ҳукмронлик қила бошлайди), иноят паноҳидасизлар (имонли киши доимий равишда Масиҳга ва У хочда бажарган ишига ишониб келса, Худо иноятининг оқими тўхтамасдан унга қуйилиб турилади ёки етказилади; иноят – нолойиқ имонли кишиларга Муқаддас Руҳ орқали кўрсатиладиган Худонинг эзгулигидир).
15 Хўш, буёғи энди нима бўлади? (Бу ерда Павел шу бобнинг бошида берган саволига қайтиб бормоқда). Қонун эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? (агар биз шундай савол беряпган бўлсак, демак иноятни тўғри тушунмаяпган бўламиз. Худонинг инояти бизга муқаддас ҳаёт кечиришимиз учун озодлик беради, бунга эса биз Масиҳга ва хочга ишониш орқали эришамиз; бу айримлар ўйлаганидек гуноҳ қилишга рухсат бор дегани эмас.) – Асло! (ҳар бир ҳақиқий имонли киши гуноҳдан нафратланади; шунинг учун гуноҳнинг ҳукмронлиги остида яшаш фикрининг ўзи нафратомуздир).
16 Билмайсизларми? Сиз ўзларингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, у кишининг қули бўласизлар (имонли киши ёки Масиҳнинг қули бўлади, ёки гуноҳнинг қули бўлади – яъни агар у Масиҳ ва хочга ишонишда давом этмаса гуноҳнинг қули бўлиб қолади). Сиз ё ўлимга олиб борувчи гуноҳга (яна бир бор қайтарамиз: агар имонли киши Масиҳнинг якунланган ишига ишонишнинг ўрнига бошқа усул билан Худо учун яшамоқчи бўлса, бундай имонли қанчалик ҳаракат қилмасин барибир мағлубиятга учрайди), ёки солиҳликка олиб борувчи итоаткорликка қул бўласизлар (имонли киши Раббимиз Каломига бўйсуниши шарт. У ўз куч-қуввати билан бунинг уддасидан чиқа олмайди, балки у Масиҳ хочда қилган иши орқали ҳамма нарсаларга эга бўлишини тушунса, ҳамда кун сайин ўша якунланган ишга ишонишда давом этсагина бунга эриша олади. Ўшанда Муқаддас Руҳ ҳаётимизда Ўзининг ишини амалга ошира олади, чунки фақат Муқаддас Руҳ бизни бўлишимиз керак бўлган шахсга айлантира олади).
17 Лекин Худога шукурки, илгари гуноҳга қул бўлганингиз ҳолда (гуноҳ табиатига қул бўлган эдик, яъни нажот топишдан олдинги ҳолатимиз), энди ўзингиз қабул қилган (Раббимиз шу таълимот шаклини Павелга берди, Павел эса шу мактуб орқали бизга ўша таълимотни етказди) таълимотнинг моҳиятига сидқидилдан берилгансизлар (ушбу таълимот мағзи: Исо Масиҳ ва Унинг хочга миҳланганини, ҳамда имонли киши ҳамма нарсаларни Худодан хоч воситаси орқали қабул қилишини тушунишдир).
18 Гуноҳ қилишдан озод бўлиб (гуноҳ табиатидан озод бўлдик; у энди имонли устидан ҳукмрон эмас, лекин биз доим хочга қараб яшашимиз керак), солиҳликка ўзингизни қул қилиб қўйгансизлар (илгари сиз гуноҳ табиатига қул эдингиз, эндиликда эса солиҳликка қул бўлдингиз; агар имонли кишининг ишончи ҳар сафар хочда бўлса, унда у солиҳликка доимий равишда тортилади).
19 Бандалигингиз туфайли инсонларча фикр юритиб гапиряпман (“инсонларча” сўзи илк бор Одам Ато қилган гуноҳига тааллуқли бўлиб, шу ҳодиса оқибатида инсон танаси ожиз бўлиб қолди; яъни бу сўзлар бизнинг куч-қувватимиз ва қобилиятлиримизни билдиради). Сиз бир вақтлар ифлослик (агар имонли киши ишончини хочга эмас, балки бошқа нарсаларга қаратса, у танасини қонунсизликка қул қилиб топширади) ва ёвузлик қилиш учун аъзойи баданингизни қонунсизликка қул қилиб топширгансизлар (имонли ҳар доим хочга ишонишни давом этмаса, унинг гуноҳга нисбатан бўлган вазияти баттарлашиб кетаверади). Энди эса аъзойи баданингизни солиҳликка қул қилиб топширинглар ва муқаддас яшанглар (яна такрорлаб айтамиз: бунинг уддасидан чиқиш учун имонли доим хочга ишониши керак; биз хоч орқали барча нарсаларни қабул қилишимизни тушунишимиз керак, ҳамда фақат Муқаддас Руҳ ҳаётимизда солиҳлик ва муқаддасликни ривожлантира олиши мумкинлиги ва У фақатгина хоч воситаси орқали амал қилишини билиб олишими керак).
20 Гуноҳнинг қули эканингизда, солиҳлик талабларидан озод эдингизлар (Масиҳни қабул қилишимиздан илгари бўлган ҳаётимиз шундай эди).
21 Ҳозир ўзингиз уялаётган қилмишлардан ўша вақтда қандай наф бор эди? (яъни гуноҳкор қилмишлардан умуман ҳеч қандай яхши нарса чиқиши мумкин эмас. Бундай ишлардан яхши мева чиқишининг иложи умуман йўқ). У қилмишларнинг оқибати ўлимдир (агар имонли киши хочга қарашни рад этиб, бунинг ўрнига солиҳликка эришиш учун бошқа нарсаларга қараса, натижада гуноҳ табиати унинг устидан ҳукмронлик қила бошлайди ва охири руҳий ўлим билан тугайди; гуноҳнинг ягона ечими хочдир).
22 Ҳозир эса (Масиҳни қабул қилганингиздан кейин) гуноҳ қилишдан озод бўлиб (аниқроғи: гуноҳ табиатидан озод бўлдингиз), Худонинг қуллари бўлгансизлар (бироқ бу бўйинтуруқ енгилдир [Матто 11:28-30]). Бундан наф – муқаддасликдир (демак ишончимиз доим хочда бўладиган бўлса, Муқаддас Руҳ буни амалга оширади) ва бунинг натижаси эса абадий ҳаётдир (шундай қилиб имонли киши ё “ўлимни” танлаши мумкин – бу Масиҳ ва хочдан ташқари бошқа нарсаларга ишониш натижасида содир бўлади, ёки “абадий ҳаётни” танлаши мумкин экан – бу эса Масиҳ ва хочга ишониш натижасида содир бўлади).
23 Гуноҳнинг эвази – ўлим (яъни руҳий ўлим – Худодан айрилишдир), Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ қиёфасидаги абадий ҳаётдир (юқорида айтганимиздек, истисносиз буларнинг ҳаммасини биз Масиҳ хочда амалга оширган иши орқали қабул қиламиз, шу билан бирга бунга эришиш учун хоч доим ишончимиз марказида бўлиши керак, бунинг натижасида эса Муқаддас Руҳ ҳаётимизда Ўз ишини олиб боради ва Ўзининг мевасини пайдо қилдиради).

No comments: