2010-09-25

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:20-21)

20-оят
“Энди яшaётгaн мен эмaс, бaлки Мaсиҳ менинг ичимдa яшaяпти. Энди тaнaдa яшaётгaнимгa келсaк, мени севгaн вa мен учун Ўзини фидо қилгaн Xудонинг Ўғлигa бўлгaн имон билaн яшaяпмaн.”
Олдинги оятда Павлус айтганидек, у Масиҳ билан бирга хочга михланган эди. Албатта бу ердаги сўзларни кўчма маънода, яъни руҳий маънода тушуниш керак, чунки Павлус аслида Масиҳ билан бирга хочга михланмаган эди. Бироқ Павлус Исони қабул қилганида Худо шу ишна амалга оширган эди, шундай қилиб Худо назарида Павлус чиндан ҳам Исо билан бирга хочга михланган эди. Сиз ҳам Исони қабул қилган пайтингиз Исо билан бирга хочда михланган эдингиз, шунинг натижасида ичингизда гуноҳ табиати кучсиз ҳолга келган эди. Шу ҳақиқатни билиш орқали сиз гуноҳ табиати устидан ғалаба қилишга яна яқинлашасиз.
Масиҳ билан шундай бирлашиш натижасида энди Павлус ўзи яшамаяпган эди, балки унинг ичидаги Масиҳ у орқали яшаяпган эди. Бу ҳаёт янги ҳаётдир, энди ҳаётимиз манбаи янги бўлди, илгари Одам Ато изидан кетяпган бўлсак, энди эса иккинчи Одам бўлган Исонинг изидан юрамиз. Шунинг учун энди биз ўз куч-қудратимиз билан яшамаймиз, балки Муқаддас Руҳ кучи ва қудрати билан яшаймиз. Яъни энди нимаики қилсак, ҳаммасини ичимиздаги Масиҳ амалга оширади, Унинг Ўзи бизга керакли нарсаларни бериб, керак эмас нарсаларни олиб ташлайди. Бунда буни амалга ошиши учун биз ўзимиз ҳеч нарса қилмаймиз, балки ишончимизни Исога қаратамиз, У эса биз орқали ҳаракат қилади. Албатта шу билан бирга, Исо бизга берган истаклар амалга ошириш учун биз иш қиламиз, фақат бу ишни биз орқали Исо қиляпган бўлади. Биз Исо билан шунчалик чамбарчас боғланиб қоламизки, Исосиз биз ўзимизни тасаввур қила оламайиз ва Унинг инояти дарёсида, оқим бўйича сузиб кетаверамиз.
Айнан мана шу оятда биз доим, ҳар куни, ҳар сония ва ҳар бир вақтда ишончимизни Исонинг хочда қилган ишига қаратиб, яшашимиз кераклигини кўрсак бўлади. Биз Исо билан бирга хочга михланиб, ўлиб ва қайта тирилишимиз орқали (Римликларга 6:3-5) энди Исо инояти яшаймиз ва Муқаддас Руҳ амри билан ҳаракат қиламиз. Исо бизни севиб жонини қурбон қилгани учун биз нажот топамиз ва ундан кейин ҳар куни шу ишонч орқали биз муқаддасланамиз. Нажот топишнинг ва муқаддасланишнинг ягона йўли шу, бундан бошқа йўл йўқ.
Мана сиз шуни билиб олдингиз, сиз бахтиёрсиз; бу бахтиёрликни ёнингиздагилар ҳам билиши учун Худога ибодат қилиб қоламан. Бизга ҳам кимдир келиб шу хабарни айтди ва Худо инояти билан биз ишондик; худди шундай қилиб бошқа имонлилар ва имонсизларга бу хабарни айтиш керак, акс ҳолда улар уни ўзлари билиб ололмайди. Худо сизга донолик ва жасурлик берсин!

21-оят
“Мен Xудонинг иноятини инкор қилмaймaн. Aгaр Илоҳий Қонунгa aмaл қилиш билaн оқлaниш мумкин бўлгaндa эди, у ҳолдa Мaсиҳ беҳудa ўлгaн бўлaрди.”
Бундан олдинги оятда қандай қилиб Худо иноятида яшаш кўрсатилган, яъни доим Исога ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратиш билан биз Худо иноятида яшаймиз. Мана бу оятда эса қандай қилиб Худо иноятидан маҳрум бўлиш кўрсатилган. Биз иноят даврида яшаяпган бўлсакда, биз автоматик равишда Худо иноятида яшамаймиз, балки бунинг учун Худо берган йўл билан Унга яқинлашишимиз керак. Буни бир марта қилиб, энди бўлди, бошқа бу масалага қайтиб келмаймиз, деган фикр ҳам нотўғри. Биз нажот топиш учун Исога ишонч қўйдик, нажот топгандан кейин ҳам доим ишончимизни Исога қаратишимиз шарт, акс холда биз иноятдан маҳрум бўламиз.
Худо инояти доим қонун билан қарама қарши холатда бўлади. Бу оятда ҳам Павлус шуни айтадики, агар мен қонунга амал қилиш орқали солиҳ бўлмоқчи бўлсам, яъни шу орқали оқланмоқчи бўлсам, унда мен иноятдан юз ўгирган бўламан, шунинг учун Муқаддас Руҳ ичимда фаолият қилмайди ва муқаддасланиш жараёни тўхтаб қолади. Шундай қилиб, агар биз қонун (бунда Илоҳий Қонун ҳамда инсонлар ўйлаб топган қонунлар назарда тутилади) билан оқланаман, десак, Масиҳ бекорга ўлган деган бўламиз. Чунки Исо биз қила олмаган ишни бажариш учун келди ва шуни бажарди ҳам, энди эса биз ўзимиз ҳам қонунни бажара оламиз, десак, демак Исони ёлғончига чиқарамиз ва У биз учун ўлиши керак эмас эди, деган бўламиз. Биз айнан шундай сўзларни айтмаслигимиз мумкин, бироқ Худо назарида биз шундай деган бўламиз ва шу билан иноятни инкор қилган бўламиз.
Шуни эсда тутиш керакки, биз фақатгина Исога бўлган ишончимиз орқали Худо олдида оқланамиз, бунинг бошқа йўли йўқ. Исога бўлган ишончимиз орқали биз нажот топамиз, гуноҳлардан фориғ бўламиз, тинчликка эга бўламиз, Худонинг фарзанди бўламиз ва муқаддасланамиз. Айнан Исоги бўлган ишончимиз орқали биз Худо иноятига эга бўламиз ва шу орқали Худога манзур бўлиб яшаймиз. Агар биз Исога бўлган ишончни четга суриб қўйиб ёки шу имонимизга яна ниманидар қўшсак, унда биз иноятдан маҳрум бўламиз ва гуноҳ ишлари ҳаётимизда ошиб-тоша бошлайди. Шуни тушиниб етишингиз учун Худо Отамизга ибодат қиламан, сиз ҳам ибодат қилинг, чунки руҳий ҳақиқатларни фақат Худонинг Ўзи ваҳий қилиб очиб бериши шарт, акс ҳолда миядаги билим, юрагимизга сингмайди ва бундай билим бефойда бўлиб қолади.
Ҳаммамизга Худонинг инояти ёр бўлсин!

No comments: