2008-02-22

Ишончни парвариш ҳақида

Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан. 1-Тимўтийга 6:12

“Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим.” 2-Тимўтийга 4:7

1-Тимўтий 6:12-оятда қуйидаги маънодаги сўзлар ёзилган: “Ажойиб имон курашида жон-жаҳдинг билан жанг қилгин.” Кўп имонлилар шу оятни нотўғри тушуниб, биз демак танамиз билан жанг қилишимиз ёки курашимиз керак, деб ўйлайдилар. Мен ҳам илгари шу оятни тўлиқ тушунмас эдим. Шу сўзларни аниқ маъносини келтирайлик: нажот топиш учун биз Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилган ишига (гуноҳимиз учун ўлиб қайта тирилганига) ишонган эдик; энди эса шу имонни доим Исо Масиҳга қаратишимиз керак ва бу энг оғир курашдир. Демак имон кураши деганда ҳар доим ишончимизни Исога қаратишимизни тушунамиз.

Юқоридаги иккинчи оятда қарасак Павлус ҳам умрининг охирида шу ҳақда сўзлаганини кўрамиз: “Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим.” 2-Тимўтийга 4:7. Унинг гапи бўйича у умрининг охиригача имонни сақлаб қолган эди.

Энди имон ёки ишонч ҳақида озгина сўзлашайлик:

Ишонч ёки имон бизга Худодан берилади, яъни ишонишимиз учун Худо бизга куч ва имконият беради. Буни У инояти билан амалга оширади. Кейин биз шу ишончни (имонни) парвариш қилишимиз керак. Масалан: тувакдаги гулни парвариш қилганда биз унга сув қуйиб туришимиз ва қуёш нурлари тушадиган жойга қўйишимиз керак. Агар бундай қилмасак гул сўлиб, ўлиб қолади. Шунга ўхшаган ҳолда, биз биринчи марта қандай қилиб ишончга эга бўлган бўлсак, кейин ҳам шу ишончни сақлаб қолишимиз керак. Яъни биз нажот топганимизда Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилган ишига ишонган эдик; айнан мана шу асосда биз нажот топган эдик. Нажот топганимиздан кейин ҳам биз худди мана шундай равишда ишонишда давом эттиришимиз керак. Агар биз шундай қилмасак биз “сўлиб” қолиб, тўғри йўлдан озиб кетишимиз мумкин.

“Ҳа, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: Мен савоб ишларим туфайли қутулганман, деб мақтанмасин.” Эфесликларга 2:8-9

Яна битта фикр: ҳаммамизда ишонч бор, лекин кўпинча у турли хил нарсаларга қаратилган бўлади. Масалан ишончимизни 100% деб олсак, унинг 50% ўзимизга қаратилган, 25% ота-онамизга ва қолган 25% яна бошқа кимсалар ёки нарсаларга қаратилган бўлиши мумкин. Бироқ, ишончимизнинг 100% тўлиқ Исо орқали Худога қаратилган бўлиши шарт. Бунга эришиш учун биз доим ишончимизни Исо Масиҳга ва У хочда биз учун қилга ишига қаратишимиз керак. Шундай қилиб биз ишончимизни парвариш қиламиз.

Ишончи кам одам, ўз ишончини тўлиқ Исога қаратмаган бўлади, имони ўсишни хоҳлаган киши ишончини тўлиқ Исога қаратиши керак. Худо назарида киши қилган иш эмас, балки ишончининг йўналиши аҳамиятга эга. Шунинг учун Худо содиқ, яъни ишончини сақлаб қолган хизматкорларини мақтайди ва Ўзининг ҳужурига қабул қилади.

Оддий қилиб айтганда ҳамма саволларга жавоб Исо Масиҳ ва Унинг хочда михланганида топилади; бу восита орқали Худодан ҳамма нарсаларни оламиз. Яъни Исо Масиҳнинг хочи восита бўлса, Исонинг Ўзи манбадир. Исодан нимадир олмоқчи бўлсангиз, фақат хоч воситаси орқали олсангиз бўлади. Хоч деганда тахта ёки металдан қилинган хоч шаклини айтмаяпман, балки Исо Масиҳ хочда бизнинг ўрнимизда ўлгани ва шу орқали бизга нажот ва бошқа нарсалар берганлиги жараёнини кўзда тутяпман.

No comments: