2009-01-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:8-9)

1:8-оят
“Бордию биз ёки ҳaтто осмондaн бирор фaриштa келиб, ўзимиз сизлaргa ўргaтгaн Инжилдaн бошқa бир “xушxaбaр” келтирсa, лaънaти бўлсин”.

Мана бу оятда Масиҳ хушхабарини бузиб гапирадиганларга нима бўлиши ёзилган. Демак кимки бошқа, яъни соҳта инжилни ваъз қилса - у лаънати бўлар экан.
Шуни тушунтирайлик: бу ерда Павлус, агар “биз ёки ҳатто осмондан бирор фаришта келиб” деяпти, масалан қандайдир машҳур ёки таниқли воизхон бизга гапирган гапларига осонликча ишонишимиз керак эмас; биз ҳар қандай гапни Муқаддас Китоб билан таққослашимиз керак; агар бу хабар Муқаддас Китобга (яъни Худо инояти хабарига мос келса, бу хабар эса асосан “Исо Масиҳ хочда михланган”деганидир) мос бўлса, демак биз уни қабул қилсак бўлади, лекин у мос бўлмаса демак бу хабар ва одам Худодан эмас, уни қабул қилмаслигимиз керак. Худди шу қоидани биз доим ишлатсак бўлади, масалан агар қандайдир ваҳий ва фариштани кўрсак, ҳамда у бизга бошқа хушхабарни айтса, бунга ишонишимиз керак эмас. Бундай хабар ва шахс лаънатидир, яъни Худодан йироқда бўлади; шунинг учун бизга у фойда келтирмайди, фақат зиён.
Яна эътибор берсангиз Павлус “биз ўргатган Инжил” яъни хушхабар деяпти; у бу хабарни Худонинг Ўзидан ваҳий орқали олгани учун шунчалик ишонч ва аниқлик билан сўзляпти. Худо Павлусни шу хушхабарни сақлашга чақирган эди, шунинг учун Павлуснинг деярли барча мактубларида у хушхабарни тушунтиради ва унинг бузилмасликдан сақлайди.
Киши аввал хушхабарга ишониб, уни қабул қилиши мумкин, лекин кейинчалик Худодан узоқлашиши ҳам мумкин, яъни ҳар бир киши доим ишончини Исога қаратиши керак, акс ҳолда у тўғри йўлдан адашиб кетади. Мисоллар кўп, шунга мисол қилиб Билли Грэмни олсак бўлади. У Инжил Хушхабарини ваъз қилишда илгари жуда фаол қатнашган эди; у ваъз қилганда минглаб одамлар стадионларда йиғилишар ва жуда кўп одамлар Исони қабул қилишар эди, чунки у “фақат Исога ишониш орқали инсон нажот топади”, деб ваъз қиларди ва одамларни тавба қилишга таклиф қиларди. Лекин ўтган йили у “Исони билмаган киши ҳам жаннатга тушади”, деб таъкидлай бошлади. Бунга сабаб унинг қарриб қолгани ва касал бўлгани бўлиши мумкин, лекин нима бўлганда ҳам, энди у кишининг гапларига эътибор бериш керак эмас, чунки у инжил хушхабарини тарғиб этмаяпти.
Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Бундайлар тўғри йўлда юришни бошлайдилар, анча йил ҳақиқатни ваъз қиладилар, лекин нимадир содир бўлади-ю, улар тўғри йўлдан озиб кетадилар ва Масиҳ хушхабарининг мағзини бузиб гапира бошлайдилар. Демак, биз шунинг учун жуда эҳтиёт бўлишимиз керак ва ҳар қандай ахборотни, хабарни ва одамни (ўзимизни ҳам) шу хушхабар асосида текширишимиз керак ва шу асосида ҳукм қилишимиз керак (ҳукм қилиш ҳақида оятлар: ).
Шу билан бирга биз ҳам эҳтиётлик билан яшашимиз керак, токи ҳеч қачон Худо иноятидан узоқлашмайлик; доим ишончимизни ўзимиз ёки қонун-қоидаларга эмас, балки фақат Исога қаратайлик, шунда Худо қудрати билан бизни тўғри йўлда сақлайди. Буни амалга оширишга қудратли бўлган ягона Худойимизга шон-шарафлар бўлсин, фақат У шуҳратга сазовордир!

1:9-оят
“Биз олдин ҳaм aйтгaн эдик, ҳозир янa aйтяпмaн: aгaр кимки сизлaр қaбул қилгaн Инжилгa зид бўлгaн xaбaрни тaрғиб этсa, лaънaти бўлсин!”
Бу оятнинг 8-оятга ўхшайдиган томони ҳам бор, ўхшамайдиган томони ҳам бор. Ўхшайдиган томони - Масиҳ хушхабарига тескари бўлган хабарни айтган киши лаънати бўлади.
Ўхшамаган томони - бу оятда Павлус “сизлар қабул қилган Инжил” яъни хушхабар дейди, яъни агар киши ҳақиқий хушхабарни эшитиб, унга ишонса (қабул қилса) у нажот топади; шу ва бошқа аломатларга қараб инсон хушхабар ҳақиқийлигини билиб олади. Шундай қилиб, Павлус гапига асосан, шу нажотбахш хушхабарни эшитган бўлсангиз, унда соҳта хушхабарни танишингиз керак, албатта Худонинг Ўзи сизга бунда ёрдам беради.
Исо Масиҳ битта ва Унинг хушхаари ҳам битта, Исога ўхшамаган Исони ким тарғиб қилса, у “бошқа” ёки соҳта Исони тарғиб қилган бўлади. Худди шу фикрни хушхабар ҳақида ҳам айтса бўлади: агар кимдир Исо хушхабарига тескари хабарни айтса, демак у бошқа, яъни соҳта ва ёлғон хушхабарни айтяпган бўлади. Шуни эсда тутиш керакки айрим одамлар “биз ҳам ўша Исога ишонамиз” дейиши мумкин, бироқ улар Муқаддас Китобдаги Исога ва У қилган ишларига ва айтган гапларига ишонмасалар, улар бошқа Исога ишонаяпган бўладилар; бу бошқа Исони шайтон ва Дажжол руҳи тарғиб қиладилар, чунки шайтоннинг иши Худога тескари нарсаларни қилиш ва тарғиб қилишдан иборат.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:7)

1:7-оят
“Aслидa бошқa Инжил йўқ. Фaқaт бaъзилaр сизлaрни чaлғитиб, Мaсиҳ Xушxaбaрини бузиб кўрсaтишни xоҳлaйдилaр”.
Аввал Павлус, кимки ўз хабарида Исони хочда ўлганини айтмаса, у Инжил хушхабарини айтмаяпган бўлади, дейди; ва бу хушхабарни “бошқа хушхабар” дейди; яъни Исонинг Инжил хушхабаридан бошқа демоқчи. Кейин 7-оятда у “аслида бошқа Инжил (ёки хушхабар) йўқ” дейди, яъни агар Исонинг хочда қилган иши айтилмаса, ундай хушхабар нохуш хабар бўлиб қолади. Чунки агар хабар инсонни Худога етакловчи йўлдан узоқлаштирса, бундай хабар - хушхабар эмас, балки ёмон хабар бўлиб қолади. Мана шуни назарда тутиб, Павлус аслида бошқа хушхабар йўқ депти.
Энди эса бу нохуш хабар манбаи ва у ўзи нималигини бизга кўрсатяпти. Унинг манбаи - одамлар эди, улар галатияликларни чалғитиб, тўғри йўлдан оздирмоқчи эдилар. Уларнинг ўзлари адашган бўлиб, бироқ ўзларини тўғри йўлдамиз, деб ўйлашарди, шунинг учун бошқаларни ҳам ўзларига қўшилишларини ундардилар. Юқорида айтганимиздек, булар асосан яхудийлар эди, улар мажусийликдан масиҳий бўлган одамларга, “сиз энди Мусо Қонунини бажаришингиз керак” дердилар.
Бу нохуш хабар мақсади Масиҳ хушхабарини ўзгартиришдан иборат эди. Албатта бунинг ортида шайтон туради; у хушхабарни инкор қила олмасдан, уни бузишга ҳаракат қилади. Бунга мисол қилиб қалбаки пулларни олсак бўлади: қаллоблар қалбаки пул қилганда аввал ҳақиқий пулларни яхшилаб ўрганиб чиқади ва кейин ҳақиқийга ўхшайдиган пулларни ясашга киришади. Бунда масалан АҚШ долларини қалбакилаштирмоқчи бўлсалар, улар 1, 5, 10, 20, 50 ва 100 долларлик пулларни ясайдилар; улар 3 ёки 60 долларлик қоғоз пул қилмайдилар, чунки аслида бундай пулнинг ўзи йўқ, бундай қилсалар улар қалбакилиги дарров билиниб қолади. Худди шундай йўсинда айрим одамлар шайтон бошчилигида Инжил хушхабарин бузмоқчи бўладилар. Бунда улар асосан Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишга ҳужум қиладилар. Зеро фақат Исо Масиҳга ишониш ва У хочда биз учун қилган ишига ишониш орқали инсон нажот топади ва кейинчалик муқаддасланади. Агар шу асосий нарсани хушхабардан олиб ташласангиз, унда хушхабардан ҳеч ҳам фойда қолмайди. Кўпгина жамоатларнинг тўғри йўлдан озиши ҳам мана шундай бўлган. Улар пайдо бўлишидан бошлаб, Исо Масиҳни хочда қилган ишини тарғиб қиладилар, бироқ кейинчалик бошқа нарсаларга эътибор бера бошлашади ва бошқа хабарни ваъз қила бошлайдилар. Ана шундай вазиятда Муқаддас Руҳ бундай жамоатлар ва одамларда ҳаракат қила олмайди ва улар Муқаддас Руҳ ёрдами ва қувватисиз қоладилар, бу эса охрида руҳий ўлимга олиб келади. Шунинг учун масиҳийнинг энг олий мақсади инжил хушхабарини ўзгартирмас сақлаш ва бошқаларга шундай ҳолда ваъз қилишдир.