2007-12-30

Муқаддас Руҳ амри билан яшаш

Башарий тана амри билан яшаган имонли киши Худога манзур бўла олмайди.
Муқаддас Руҳ амри билан яшаган имонли эса Исо орқали Худога тўлиқ манзур бўлади ва Руҳ унинг ҳаётида Ўз ишини амалга оширади.
Қуйидаги оятларда шу ҳақида ёзилган:

Римликларга 8:1-8

1 Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга (башарий тана амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётганларга) қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир.
2 Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.
3 Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура (яъни қила) олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди.
4 Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган бизларда бажо бўлсин, деб қилди.
5 Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар.
6 Башарий табиатнинг мурод-мақсади – ўлимдир. Илоҳий Руҳнинг мурод-мақсади – ҳаёт ва тинчликдир.
7 Башарий табиатнинг мурод-мақсади Худога душманликдир; чунки бундай табиат Худонинг Қонунига итоат қилмайди ҳамда қила олмайди.
8 Ўз табиати амри билан яшайдиган одамлар Худога манзур бўла олмайдилар.

2007-12-24

Исо Масиҳ туғилган куни ҳаммага муборак бўлсин!

Исо Масиҳ туғилган куни ҳаммага муборак бўлсин!
Сизга тинчлик ва марҳамат бўлсин!

Аслида Исо 25-декабрда туғилмаган, чунки чўпонлар қўйлари билан далада эдилар (Луқо 2:18), улар эса қиш совуғида далада бўлмайдилар. Тарихда кўп одамлар турли хил кунларни Исонинг туғилган куни деб белгилашган. Нима бўлганда ҳам, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ёзилган Хушхабарларда Исо қайси куни туғилгани кўрсатилмаган. 
Масиҳийлар ҳар куни Исонинг туғилганини нишонлаши керак, чунки бу ҳодиса ҳаммамиз учун буюк аҳамиятга эга. Исо Масиҳ бу дунёга келиб, гуноҳ учун ўлиб ва учинчи куни қайта тирилиб, Унга ишонган ҳамма инсонларга нажот берди. Агар сиз ҳали Исога ишонмаган бўлсангиз, Худодан ибодат қилиб сўранг - У сизга ваҳий орқали шу ҳақиқатни очиб беради. Исога ишониб абадий ҳаётга эришинг! Чунки фақат Исо номи орқали инсон абадиятга эришиши мумкин! Ундан бошқа Нажоткор йўқ! Омин.

Мана Луқо хушхабарида баён этилган Исонинг туғилган куни:

Исо Масиҳнинг туғилиши
1 Ўша кунларда Қайсар Август бутун Рим дунёсидаги аҳоли рўйхатга олинсин, деган фармон чиқарди. 2 Шундай қилиб, Сурияда Квириний ҳокимлик қилганда илк бор рўйхатга олиш содир бўлди. 3 Ҳар ким рўйхатдан ўтиш учун ўз шаҳрига борди.

4 Шунингдек, Юсуф ҳам Жалиланинг Носира шаҳридан Яҳудияга, Довудлар шаҳри Байтлаҳмга борди. Чунки у Довуд насаби ва хонадонидан эди. 5 У ўзига унаштирилган қиз, ҳомиладор Марям билан бирга рўйхатдан ўтмоқчи бўлди. 6 Улар ўша ерда бўлганларида эса Марямнинг ой-куни тўлди. 7 У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирхонада уларга жой йўқ эди.

Чўпонлар ва фаришталар
8 Ўша юртда чўпонлар бор эди. Улар тунда сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар. 9 Тўсатдан Худованднинг фариштаси уларнинг олдида пайдо бўлди ва илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирди. Бу даҳшат чўпонларни ваҳимага солди.

10 – Қўрқманглар! – деди уларга фаришта. – Мен сизларга эл-халқни чексиз қувонтиражак Хушхабарни келтирдим. 11 Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Халоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир. 12 Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, охурда ётган чақалоқни топасизлар.

13 Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди:

14
«Самодаги Худога ҳурмату иззат,
       Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!»


15 Фаришталар улар олдидан осмонга кўтарилган замон, чўпонлар ўзаро сўз қотдилар:

– Қани келинглар, Байтлаҳмга бориб, Худованд бизга билдирган бу воқеани кўрайлик!

16 Улар югура боришиб, Марям, Юсуф ва охурда ётган чақалоқни топдилар. 17 Кўришибоқ, чақалоқ ҳақида ўзларига айтилган башоратдан сўзладилар. 18 Ҳамма эшитганлар чўпонларнинг гапига жуда ҳайрон бўлишди. 19 Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Охири чўпонлар:

20 – Биз ҳамма нарсани айни айтилганидек топдик, – деб, эшитиб кўрганлари учун Худога ҳамду сано ўқиб, қайтдилар.

2007-12-21

Тавба қилиш нима дегани?

2-Коринфликларга 7:10-11

“Азбаройи Худо келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради. Қаранглар, айнан шу сабабли, яъни сизга Худо тақдир этган хафагарчилик сабабли ўзингизни оқлаш учун сизларда қандай ғайрат пайдо бўлди, қандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай соғинч, қандай жонбозлик, қандай адолатпарварлик ҳосил бўлди! Ана шуларнинг ҳаммаси билан ўзингизни ҳалолладингизлар.”

Тавба қилиш нима дегани? Тавба қилиш оддий ва мураккаб бўлмаган жараён бўлиб, бунда киши нотўғри йўналишда кетаётганини тан олади. Бу ҳақиқат Худонинг Муқаддас Руҳи таъсири остида намоён бўлади; кўпинча бу Худо Каломини воизлик қилиш натижасида содир бўлади. Демак, нажот топган ва топмаган киши ҳам нотўғри йўналишда кетаётганлигини тан олиб, тўхтаб, шу йўлдан қайрилиб тўғри йўналишда юришни бошлаган киши тавба қилган бўлади.

Тўғри йўналишда юриш учун кучни тавба қилиш бера олмайди. Бунинг учун ишончимиз тўғри йўналишда бўлиши керак. Исо Масиҳнинг якунланган ишига ишонишда давом этсак, тўғри йўналишда юриш учун иноят ва куч бизга берилади. Бундай иноят ва кучни бизга Муқаддас Руҳ орқали Худо беради. Шундай қилиб имонли киши хочга ишонишда давом этмаса, у ҳар сафар тавба қилаверади, лекин гуноҳ устидан ғалабага эришмайди. (1-Юҳанно 1:9-оятда айтилишича биз гуноҳимизни тан олсак, Худо бизни кечиради; шундай инъом учун Худога шукурлар бўлсин!). Бундай кишилар гуноҳдан фош бўлганларида тўғри йўналишга тушадилар, лекин шу йўналишда юришни давом этиш учун кучлари бўлмайди. Бундай куч фақат хочга ишониш орқали келади. Бир хил гуноҳни қайта-қайта қилаётган имонли чиндан ҳам тавба қилган бўладими? Кўп ҳолларда улар чиндан ҳам тавба қилади. Бироқ ишончлари тўғри йўналишда бўлмаганлиги, яъни хочга қаратилмаганлиги учун, улар яна нотўғри йўналишга тортилиб кетадилар.

Биз гуноҳга қарши гапришимиз керак ва имонлиларга гуноҳни устидан ғалаба қилиш учун қаердан куч келишини кўрсатишимиз керак. Бундай куч Масиҳ хочига ишониш орқали келади!

2007-12-15

Тавба қилиш

Азбаройи Худо келадиган хафагарчилик ўкинтирмайди, аксинча, одамларни тавбага келтириб, нажот топишига имкон яратади. Дунёда бўладиган хафагарчилик эса фақат ўлимни келтириб чиқаради. Қаранглар, айнан шу сабабли, яъни сизга Худо тақдир этган хафагарчилик сабабли ўзингизни оқлаш учун сизларда қандай ғайрат пайдо бўлди, қандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай соғинч, қандай жонбозлик, қандай адолатпарварлик ҳосил бўлди! Ана шуларнинг ҳаммаси билан ўзингизни ҳалолладингизлар.

2-Коринфликларга 7:10-11

2007-12-13

Гуноҳкор табиат

“Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди”.
(Римликларга 7:18)
.


Гуноҳкор табиат ёки гуноҳкор тана нима?

Шу саволга жавобни Муқаддас Каломдан қидирамиз. Бунинг учун биз Ибтидога қайтишимиз керак.

Гуноҳкор табиат қандай пайдо бўлди

Худо Одам Ато ва Момо Ҳавони яратганда уларни гуноҳсиз қилиб яратган эди (Ибтидо 1:26-31). Лекин Ибтидонинг 3-бобини ўқисак, биринчи Момо Ҳаво, кейин эса Одам Ато Худога итоаткорсизлик қилиб (Ибтидо 3:6), гуноҳ қилганларини кўрамиз. Бу инсониятнинг энг даҳшатли куни эди.

Бундан олдин Одам Ато Худо билан жуда яқин муносабатда бўлиб, У билан гаплашиб юрар эди. Лекин гуноҳга ботгандан кейин Одам Худога эмас, балки ўзига (ўз шахсига) интила бошлади. Унинг табиати гуноҳ билан бирлашиб, гуноҳкор табиатга айланди. Шундан кейин Одам ўзига ўхшаган, яъни ўзининг суратидаги фарзандларни кўра бошлади (Ибтидо 5:3). Одамнинг ўзи эса Худо суратида яратилган эди (Ибтидо 1:26).

Бу дегани, Одам Атодан бошлаб ҳамма инсонлар гуноҳкор бўлиб туғила бошлади, чунки уларда ҳам гуноҳкор табиат бор. Бола ҳеч қандай гуноҳ ҳали қилмаган бўлсада, у гуноҳкор ҳисобланади, чунки унда гуноҳкор табиат бор. Шунинг учун болаларга ёмонлик қилишни ўргатмасак ҳам, улар ўзлари ёмонлик қилаверадилар. Бунинг ўрнига биз уларга яхшилик қилишни ўргатамиз. Шунга қарамасдан, ёш болалар балоғат ёшига етмасларидан олдин, гуноҳ учун жавобгар бўлмайдилар, Исонинг Ўзи ҳам Худо шоҳлиги болаларга тегишли деган (Матто 19:14).

Гуноҳкор табиатдан қутқарилиш

Шундай қилиб, нажот топмаган киши гуноҳкор табиат ҳукмронлиги остида бўлиб, доим Худога итоаткорсизликда ва гуноҳда яшайди. Юҳанно шундай дейди: “Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўз-ўзимизни алдаган бўламиз ва кўнглимизда ҳақиқат бўлмайди” (1-Юҳанно 1:8). Бу ерда гуноҳ деган сўз гуноҳкор табиатни билдиради.

Киши нажот топса, бу ҳолат ўзгаради, яъни киши нажот топганидан кейин унинг гуноҳкор табиати кучсизлантирилади ва ҳаётсиз бўлиб қолади.

Бу ҳақда Павлус шундай дейди: “Сизлар Масиҳ билан алоқада бўлиб суннат ҳам қилиндингизлар. Бу Масиҳнинг суннати бўлиб, инсон қўли билан қилинмайди, бу суннат гуноҳкор вужуднинг кесиб ташланиши демакдир.” (Колосаликларга 2:11). Эски Аҳддаги суннат маросимида терининг бир парчаси кесиб ташланар эди; бу маросим Янги Аҳдда содир бўладиган нарсага ишора қилар эди, аниқроғи Масиҳ суннатига ишора қиларди. Киши Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониб, Уни қабул қилганда, Масиҳ уни суннат қилади ва унинг гуноҳкор табиатини кесиб ташлайди. Шунинг учун нажот топгандан кейин инсонда гуноҳ айби йўқолади.

Лекин, гап шундаки, гуноҳкор табиат яна қайта тирилиши мумкин (Римликларга 7:9). Агар имонли киши ишончини фақат Масиҳга ва хочга қаратса, унинг гуноҳкор табиати унга халақит бермайди. Лекин ҳамма имонлилар буни билмайди ва бунга риоя қилмайдилар. Янги имонлилар одатда бошқа нарсалар ёки кимсаларга ишона бошлаганда уларнинг гуноҳкор табиати қайта тирилади. Шунда имонли тузоққа илинади ва гуноҳкор табиат билан жанг бошланади, лекин имонли ўз кучи билан ғалаба қозонолмайди (Римликларга 7:18).

Биз шу танада эканмиз гуноҳкор табиатдан тўлиқ озод бўлмаймиз. Худо ҳозирги кунда бу гуноҳкор табиатни биздан олиб ташламайди, балки Исо иккинчи марта ерга келганда ва биз У билан учрашганимизда шу гуноҳкор табиатдан фориғ бўламиз (1-Коринфликларга 15:53).

Гуноҳкор табиат устидан ғалаба қозониш

Имонли киши гуноҳкор табиатга қарши қанча жанг қилмасин, у ҳеч қачон ғолиб чиқмайди (Римликларга 6:12). Худо фарзанди ғалаба қозониши учун ягона йўл бор – бу Исога ва У биз учун хочда қилган ишига ишонишдир.

Павлус 1-Коринфликларга 1:17-оятда нима ҳақида воизлик қилишни айтади, шу эътиборимизнинг марказида бўлиши керак, чунки фақат шу йўл билан биз гуноҳ устидан ғалаба қозонишимиз мумкин: “Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб (воизлик) қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин.” Демак биз Инжилни воизлик қилишимиз керак экан, бунда Масиҳнинг хочи инкор этилмаслиги керак, яъни хоч хабари Инжил хушхабарининг марказида туради.

Биз Худодан оладиган ҳамма нарсаларнинг манбаи Исо Масиҳдир ва шу нарсалар хоч воситасида бизга берилади; биз шуни тушунишимиз керак ва шундан келиб чиққан ҳолда Исо Масиҳга ва хочга ишонишимиз керак. Ана шундагина Муқаддас Руҳ ҳаётимизда ишлай олади ва керакли натижаларни пайдо қилдиради (Римликларга 8:2).