2010-12-22

Исо Масиҳ туғилган куни билан табриклайман!

Исо Масиҳ туғилиши ҳақидаги уйғурча масиҳий қўшиқни эшитиб кўринг:

http://www.youtube.com/watch?v=YAR4cEwIGs4

2010-11-15

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (3:1-5)

1-оят
“Эй бефaҳм гaлaтияликлaр! Ҳaқиқaтгa бўйсунмaслик учун сизлaрни ким сеҳрлaб қўйди? Сизлaрнинг кўз ўнгингиздa Исо Мaсиҳнинг xочгa миxлaб қўйилгaни aниқ тaсвир этилмaгaнмиди?”

Галатияликлар бефаҳм бўлиб қолган эди, яъни улар руҳий зеҳнларини ишлатмаяпган эдилар. Мана шу оятда Павлус уларга “шунчалик аҳмоқ бўлиб қолдиларингми?” деб айтяпти. Демак Худонинг ҳақиқатидан узоқлашган ёки уни қабул қилмаган одам Худо назарида аҳмоқ бўлиб қолади. Улар худди сеҳр остида қолгандай эдилар, чунки Муқаддас Руҳга эргашмаган имонли киши башарий тана бўйича яшай бошлайди ва шу билан Муқаддас Руҳ етакловидан маҳрум бўлади. Улар ҳақиқатга бўйсунмаяпган эди, ҳақиқат эса “Исо Масиҳ хочда михланган” деган фикрдан иборат, шу ҳақиқатга ишонмайдиган ва уни қабул қилмайдиган киши сеҳр остида бўлиб, ҳақиқатни кўрмайди ва ёлғонга ишонишни бошлайди. Мана шунинг учун ҳам Худо жамоатда ҳаворийлар, пайғамбарлар, хушхабарчи, чўпон ва муаллимларни тайинлайди, бундан мақсад: улар Худонинг ҳақиқатини бошқаларга қайта-қайта айтиб туриб, уларни имонда мустаҳкам қилишади. Шу сабаб билан ҳам Павлус уларга шу мактубни ёзиб, уларни ҳақиқий йўлга қайтаришга ҳаракат қиляпти.
Павлус улар билан бўлганда уларга шундай қилиб хушхабарни айтган эдики, яъни у керакли даражада Исонинг хочда ўлгани ва қайта тирилгани ҳақида гапирган эдики, улар худди кўз олдиларида шу ҳодиса рўй бергандай бўлган эдилар. Биз ҳам бошқаларга хушхабарни айтганда, унинг марказида доим Исо Масиҳ ва Унинг хочда қилган иши бўлиши шарт. Шунда ҳақиқий хушхабар ўз ишини бажаради ва одамлар имонга келади ва бошқа мўъжизалар содир бўлади. Агар бундай хушхабар айтилмаса, бунинг тескариси содир бўлади, яъни деярли ҳеч ким нажот топмайди, ҳеч қандай мўъжизалар бўлмайди ва қилган ишдан ҳеч фойда бўлмайди. Биз ҳам Павлусдан ўрнак олишимизга Худоим ёрдам берсин!

2-оят
“Сизлaрдaн бир нaрсaнигинa билмоқчимaн: сизлар Муқаддас Руҳни қандай қабул қилдингизлар, Тaврот Қонунигa aмaл қилиш билaнми ёки имон тўғрисидaги xaбaрни эшитиш билaнми?”

Павлус бу оятда савол бериш орқали уларнинг хатосини кўрсатмоқчи. Унинг саволини аниқроқ қилиб шундай деб таржима қилса бўлади: “Сиз Руҳни Қонун ишларини қилиш биланми ёки Ишончга қулоқ солиш билан қабул қилдингизми?” Кўпинча Павлус шу каби саволлар беради ва уларга жавоб аниқ бўлади. Бундай саволларни реторик савол дейишади. Бу саволга аниқ жавоб бор: улар Муқаддас Руҳни имон билан қабул қилган эдилар. Бу ерда ишончга қулоқ солиш деганда, инсон хушхабар эшитганда Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишига ишониш назарда тутилади. Яъни айнан шундай йўсинда Исога ишониш орқалигина инсон нажот топади, юқоридан туғилади ва ўша захоти Муқаддас Руҳ унинг ичида маскан топади. Биз нажот топганимизда қандайдир иш бажармадик, биз фақат Исога ишонган эдик ва шу билан Руҳни қабул қилдик. Шу билан биз имонга бўйсундик, десак бўлади; бошқаларни ҳам имонга бўйсунишини биз истаймиз ва шунинг учун Руҳ етакчилигида бошқаларга шуларни айтамиз. Агар таълимотда адашган масиҳийлар бўлса, Руҳ ёрдамида уларга тўғри йўлни кўрсатамиз.

3-оят
“Сизлaр шунчaлик фaҳмсизмисизлaр? Муқaддaс Руҳ кучи билaн бошлaб, энди ўзингизнинг бaшaрий кучингиз билaн битирмоқчимисизлaр?”

Бу оятда юқоридаги оятдаги фикр давом қилиняпти. Галатияликлар ишонган таълимот ёлғон эди, шунинг натижасида улар нотўғри иш қилишяпган эди ва буни Муқаддас Руҳ Павлус орқали аҳмоқлик ёки бефаҳмлик деб атаяпти. Яна бу оятда савол берилган ва унга аниқ жавоб борлигини кўрамиз. Биз нажот топганимизда ичимизда Муқаддас Руҳ ишлай бошлайди ва шунинг учун бизда кўп ўзгаришлар содир бўлади. Бироқ биз бундай руҳий ўзгаришларга ўз кучимиз билан эришмадик, буни фақат Худонинг Ўзи Муқаддас Руҳ орқали амалга оширади. Бироқ кўпчилик масиҳийлар адашиб, энди нажот топганимдан кейин, мен ўз кучим билан руҳан юқори даражага эришаман, деб нотўғри ўйлайдилар. Кўпчилик нафақат шундай фикрлайдилар, балки шуни амалга оширишга тушадилар. Албатта улар ҳеч қачон бунга эришолмайдилар, бунинг иложи йўқлигини биз аввал Каломдан кўрсак бўлади, шу билан бирга ўз кучи билан камолатга эришган одамни кўрмайсиз, чунки биз ҳаммамиз ожиз одаммиз.
Шундай қилиб, галатиялик масиҳийлар нажот топганда Руҳ орқали нажот топишган эди, бироқ шундан кейин ўз кучлари билан муқаддасланмоқчи бўляпган эдилар. Бироқ биринчи қадамни ишонч билан қўйганимиздек, кейинга қадамни ҳам ишонч билан қўйишимиз шарт, бундан ўзгача йўл йўқ. Афсуски, кўп масиҳийлар мана шу ҳақиқатни билмаганлари учун, улар доимий мағлубиятда юрибдилар. Доим ғалабада юришнинг ягона йўли эса шу иноят хабарига ишонишдир: Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган иши орқали биз иноятни оламиз ва ҳамма бошқа нарсаларни ҳам шу йўл билан оламиз. Шундай ишонган киши доим гуноҳ табиати устидан ғалаба қилиб яшайди. Бундай қилмаган инсон эса доим мағлубиятда яшайди. Сизнинг ҳаётингизда шуларнинг қайси бири содир бўляпти? Сиз ғолибмисиз ёки мағлуб?

4-оят
“Бекоргa шунчa синовлaрдaн ўтдингизлaрми? Ҳaқиқaтaн ҳaм бекоргa эдими?”

Инсон Исо Масиҳни қабул қилганидан кейин синовлардан ўтади. Одатда атрофдаги одамлар бизга қаршилик қилади. Умуман олганда бизда учта душман бор: шайтон (ва унинг хизматкорлари), дунё (дунёдаги Худога қарши бўлган тизим) ва башарий тана (ўзимизнинг кучимиз ва идрокимиз). Шу ҳамма душманларимиз устидан бизга фақат Исо ғалаба беради ва У аллақачон ғалабани қўлга киритди, биз фақат шунга ишониш орқали ўз ҳаётимизда шу ғалабани кўрамиз. Ҳаётимизда турли хил синовлар бўлади, шулар орқали Худо бизга аллақачон берган нарсаларга биз қанчалик ишонишимизни синаб кўради. Худди ўқитувчи ўқувчиларни аллақачон ўтилган дарслар бўйича имтиҳон қилгандек, Худо ҳам бизга аллақачон берган нарсалари ва дарслари бўйича синайди. Демак сиз олдингизда турган синовдан ўтишга керакли қурол ва билимга эгасиз, фақат Исога ишонинг ва Ундан ғалабани кутинг ва шунда ғалабага эришасиз! Бу оятда шундай синовлардан воз кечманг, деяпти, чунки синовлар мақсад билан бизга берилади. Агар улардан воз кечиб, ёлғонга ишонишни бошласак, унда ўша синовлар бекорга бўлган бўлиб қолади.

5-оят
“Xудо сизлaргa Ўз Руҳини бaxш этиб, орaнгиздa aжойиб мўъжизaлaр ярaтмоқдa. У буни Қонунгa aмaл қилгaнингиз учун қиляптими ёки эшитгaнлaрингизгa имон келтиргaнингиз учунми?”

Бу оят иккинчи оятга ўхшайди. Худо бизга Муқаддас Руҳини бериши ва орамизда мўъжизалар яратиши фақат ишончга асосан бўлади. Худо доим ишонч асосида бизга нимадир беради ва нимадир содир қилади, ҳеч қачон қонун ишларини бажариш орқали бундай қилмайди. Шуни билиб олинг ва шуни тушуниб олинг. Чунки айрим пайтлари биз ҳақиқатни тушундим ва унга ишонаман, деб ўйлаймиз, бироқ ўз ҳаётимизда шунинг тескарисини қиляпган ҳам бўлишимиз мумкин. Шунинг учун сиз ўзингизни текшириб туришингиз керак, сиз имондамисиз, деб ўзингизни текширинг. Худонинг олдига келганда ўзингиз қилган ёки қилмаган ишларни санаб чиқасизми ёки фақат Исо Масиҳ мен учун қилган иши асосида олдинга келдим, деб айтасизми? Ёки Худо сиз орқали мўъжиза яратса, шуни ўзингиз қилгандек юрасизми? Биродарим ва опам, ишончингиз доим Исо Масиҳга ва У хочда қилган ишига қаратилсин!

2010-09-25

Муқаддас Калом программаси

Азиз биродарлар ва опалар, яқинда мен Муқаддас Каломни текин программасини топиб қолдим, у ўзбек тилида экан! Ичида янги таржима қилинган китоблар ҳам бор экан, масалан Ишаъё, Даниил ва шу каби Эски Аҳд китоблари бор. Шу билан бирга Янги Аҳднинг ҳамма китоблари ва Эски Аҳднинг айрим китобларининг аудио ёзувлари ҳам бор. Уларни кўчириб олиб, кейинчалик шу программа орқали эшитсангиз бўлади. 

Мана қуйидаги боғ орқали шу программа саҳифасига кирасиз ва ўша ерда ўзбек тилидаги файлларни кўчириб олиб, уларни компьютерингизга ўрнатсангиз бўлади. Ўша ерда тушинтиришлар берилган, бироқ сизда савол туғилиб қолса, менга хат ёзсангиз бўлади, қўлимдан келганича ёрдам бераман.

http://www.ibt.org.ru/russian/bible/info_bible.htm

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:20-21)

20-оят
“Энди яшaётгaн мен эмaс, бaлки Мaсиҳ менинг ичимдa яшaяпти. Энди тaнaдa яшaётгaнимгa келсaк, мени севгaн вa мен учун Ўзини фидо қилгaн Xудонинг Ўғлигa бўлгaн имон билaн яшaяпмaн.”
Олдинги оятда Павлус айтганидек, у Масиҳ билан бирга хочга михланган эди. Албатта бу ердаги сўзларни кўчма маънода, яъни руҳий маънода тушуниш керак, чунки Павлус аслида Масиҳ билан бирга хочга михланмаган эди. Бироқ Павлус Исони қабул қилганида Худо шу ишна амалга оширган эди, шундай қилиб Худо назарида Павлус чиндан ҳам Исо билан бирга хочга михланган эди. Сиз ҳам Исони қабул қилган пайтингиз Исо билан бирга хочда михланган эдингиз, шунинг натижасида ичингизда гуноҳ табиати кучсиз ҳолга келган эди. Шу ҳақиқатни билиш орқали сиз гуноҳ табиати устидан ғалаба қилишга яна яқинлашасиз.
Масиҳ билан шундай бирлашиш натижасида энди Павлус ўзи яшамаяпган эди, балки унинг ичидаги Масиҳ у орқали яшаяпган эди. Бу ҳаёт янги ҳаётдир, энди ҳаётимиз манбаи янги бўлди, илгари Одам Ато изидан кетяпган бўлсак, энди эса иккинчи Одам бўлган Исонинг изидан юрамиз. Шунинг учун энди биз ўз куч-қудратимиз билан яшамаймиз, балки Муқаддас Руҳ кучи ва қудрати билан яшаймиз. Яъни энди нимаики қилсак, ҳаммасини ичимиздаги Масиҳ амалга оширади, Унинг Ўзи бизга керакли нарсаларни бериб, керак эмас нарсаларни олиб ташлайди. Бунда буни амалга ошиши учун биз ўзимиз ҳеч нарса қилмаймиз, балки ишончимизни Исога қаратамиз, У эса биз орқали ҳаракат қилади. Албатта шу билан бирга, Исо бизга берган истаклар амалга ошириш учун биз иш қиламиз, фақат бу ишни биз орқали Исо қиляпган бўлади. Биз Исо билан шунчалик чамбарчас боғланиб қоламизки, Исосиз биз ўзимизни тасаввур қила оламайиз ва Унинг инояти дарёсида, оқим бўйича сузиб кетаверамиз.
Айнан мана шу оятда биз доим, ҳар куни, ҳар сония ва ҳар бир вақтда ишончимизни Исонинг хочда қилган ишига қаратиб, яшашимиз кераклигини кўрсак бўлади. Биз Исо билан бирга хочга михланиб, ўлиб ва қайта тирилишимиз орқали (Римликларга 6:3-5) энди Исо инояти яшаймиз ва Муқаддас Руҳ амри билан ҳаракат қиламиз. Исо бизни севиб жонини қурбон қилгани учун биз нажот топамиз ва ундан кейин ҳар куни шу ишонч орқали биз муқаддасланамиз. Нажот топишнинг ва муқаддасланишнинг ягона йўли шу, бундан бошқа йўл йўқ.
Мана сиз шуни билиб олдингиз, сиз бахтиёрсиз; бу бахтиёрликни ёнингиздагилар ҳам билиши учун Худога ибодат қилиб қоламан. Бизга ҳам кимдир келиб шу хабарни айтди ва Худо инояти билан биз ишондик; худди шундай қилиб бошқа имонлилар ва имонсизларга бу хабарни айтиш керак, акс ҳолда улар уни ўзлари билиб ололмайди. Худо сизга донолик ва жасурлик берсин!

21-оят
“Мен Xудонинг иноятини инкор қилмaймaн. Aгaр Илоҳий Қонунгa aмaл қилиш билaн оқлaниш мумкин бўлгaндa эди, у ҳолдa Мaсиҳ беҳудa ўлгaн бўлaрди.”
Бундан олдинги оятда қандай қилиб Худо иноятида яшаш кўрсатилган, яъни доим Исога ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратиш билан биз Худо иноятида яшаймиз. Мана бу оятда эса қандай қилиб Худо иноятидан маҳрум бўлиш кўрсатилган. Биз иноят даврида яшаяпган бўлсакда, биз автоматик равишда Худо иноятида яшамаймиз, балки бунинг учун Худо берган йўл билан Унга яқинлашишимиз керак. Буни бир марта қилиб, энди бўлди, бошқа бу масалага қайтиб келмаймиз, деган фикр ҳам нотўғри. Биз нажот топиш учун Исога ишонч қўйдик, нажот топгандан кейин ҳам доим ишончимизни Исога қаратишимиз шарт, акс холда биз иноятдан маҳрум бўламиз.
Худо инояти доим қонун билан қарама қарши холатда бўлади. Бу оятда ҳам Павлус шуни айтадики, агар мен қонунга амал қилиш орқали солиҳ бўлмоқчи бўлсам, яъни шу орқали оқланмоқчи бўлсам, унда мен иноятдан юз ўгирган бўламан, шунинг учун Муқаддас Руҳ ичимда фаолият қилмайди ва муқаддасланиш жараёни тўхтаб қолади. Шундай қилиб, агар биз қонун (бунда Илоҳий Қонун ҳамда инсонлар ўйлаб топган қонунлар назарда тутилади) билан оқланаман, десак, Масиҳ бекорга ўлган деган бўламиз. Чунки Исо биз қила олмаган ишни бажариш учун келди ва шуни бажарди ҳам, энди эса биз ўзимиз ҳам қонунни бажара оламиз, десак, демак Исони ёлғончига чиқарамиз ва У биз учун ўлиши керак эмас эди, деган бўламиз. Биз айнан шундай сўзларни айтмаслигимиз мумкин, бироқ Худо назарида биз шундай деган бўламиз ва шу билан иноятни инкор қилган бўламиз.
Шуни эсда тутиш керакки, биз фақатгина Исога бўлган ишончимиз орқали Худо олдида оқланамиз, бунинг бошқа йўли йўқ. Исога бўлган ишончимиз орқали биз нажот топамиз, гуноҳлардан фориғ бўламиз, тинчликка эга бўламиз, Худонинг фарзанди бўламиз ва муқаддасланамиз. Айнан Исоги бўлган ишончимиз орқали биз Худо иноятига эга бўламиз ва шу орқали Худога манзур бўлиб яшаймиз. Агар биз Исога бўлган ишончни четга суриб қўйиб ёки шу имонимизга яна ниманидар қўшсак, унда биз иноятдан маҳрум бўламиз ва гуноҳ ишлари ҳаётимизда ошиб-тоша бошлайди. Шуни тушиниб етишингиз учун Худо Отамизга ибодат қиламан, сиз ҳам ибодат қилинг, чунки руҳий ҳақиқатларни фақат Худонинг Ўзи ваҳий қилиб очиб бериши шарт, акс ҳолда миядаги билим, юрагимизга сингмайди ва бундай билим бефойда бўлиб қолади.
Ҳаммамизга Худонинг инояти ёр бўлсин!

2010-06-06

Гуноҳ табиати

Гуноҳ табиатини нималигини тушуниш масиҳийга иноят хабарини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Худо Исо Масиҳ орқали сизга тўлиқ озодлик беришини ва муқаддасланиш жараёнини ўргатишини сўраб қоламан. Биз аввал гуноҳ табиати ҳақида гаплашамиз, чунки гуноҳ ҳамма муаммоларнинг илдизидир, биз муаммони аниқлаб олгандан кейин, қандай қилиб шу муаммони ечиш ҳақида гаплашамиз.
Аввал келинг мен сизга бир ҳикояни айтиб бераман ва шундан кейин гуноҳ табиати ҳақида гаплашамиз. Бир неча йиллар илгари Европада эр-хотин бўлган экан ва улар бор пулларини йиғиб, кемага чипта олиб, Америкага бормоқчи бўлибдилар. Уларнинг пуллари унча кўп бўлмагани учун, энг арзон чипталарни олишибди; шунга ҳам хурсанд бўлиб, белгиланган куни кемага чиқиб йўлга тушибдилар. Улар анча кун юришибди ва Нью-Йоркка бир неча кун қолганида, улар турган хонага ўша ерда хизмат қилиб юрадиган бир йигит келиб қолибди; у қарасаки, эр-хотин ўтириб, қотиб қолган нонларни еб ўтиришган экан. Бу йигит ҳайрон қолиб, “Ие, нега қотган нонларни еб ўтирибсизлар?” деб сўрабди. Улар эса уялиб, “Биз фақат энг арзон чипталарни олган эдик, овқат олишга эса бошқа пулимиз йўқ эди, шунинг учун ҳали уйдалигимизда йўлга нон ва яна бошқа нарсалар олган эдик, ҳозирга келиб нонлар қотиб кетди”, дейишибди. У йигит, “Ўзингиз билан овқат олиб келганмидингиз?” деса, улар “Ҳа” деб, жавоб беришибди. Йигит янада ҳайрон бўлиб, “Наҳотки билмасангиз?! Чипта нархига шу кемада қилинган турли хил овқатлар ҳам кирадику! Ахир сиз ҳар куни истаганингизча овқат ейишингиз мумкин эдику!” дебди. Ўша пайт эр-хотин ўзларини қандай ҳисс қилганларини ўзингизга бир тасаввур қилиб кўринг-а! Улар қанчалар ачинган бўлсалар керак. Чунки шунча вақт ичида улар аллақачон тўланган нарсалардан фойдаланмаяпган эдилар эдида.
Мен сизга: “Сиз мана шу эр-хотин сингари иш тутган бўлармидингиз?” десам, нима деб жавоб қайтарган бўлардингиз? Биз масиҳийлар кўпинча худди шундай иш тутамиз, яъни Исо Масиҳ биз учун нималар қилганини ва У тўлаган нархга нималар киришини тўлиқ билмаймиз. Шунинг учун ўз кучимизни ишлатиб, қотган нон ушоқларини еб юрамиз; шу пайт ўзида эса биз энг мазали ва тўйимли овқатларни еб юрсак бўларди.
Албатта агар кимдир сиздан “нимани танлайсан: қотган нонними ёки тўй овқатими?” деб сўраса, сиз тезда овқатни танлаган бўлардингиз. Овқат турганда қотган нон кўзга кўринмайдида. Бироқ негадир руҳий ҳаётимизда биз овқатдан воз кечиб, ҳар куни қотган нонларни еб юрамиз. Биз ўзимиз учун қила олмаган нарсани Исо қилди, биз тўлай олмаган нархни Исо хочда тўлади. Биз урунишларимиз билан Исонинг хочда қилган қурбонлиги оёқ ости қилган бўламиз. Чунки биз қила олмаган ишни Исо қилган бўлса, қандай қилиб яна ўша ишни қилишга ҳаракат қилишга журъат этяпмиз? Бундай қилиш билан Исони ҳақорат қилган бўламиз, чунки бу билан Исо ишини охиригача бажармаган ёки Унга бизнинг ёрдамимиз керак, деган бўламиз. Бироқ билингки, қотган нонлар ейиш кунлари энди ортда қолиши керак, эндидан бошлаб сиз Исо иноятида яшашни ўрганасиз ва гуноҳ табиатидан озодликда яшашни бошлайсиз. Худодан шуни сўранг ва шуни қабул қилишга ишонинг.

Гуноҳ табиатини нималигини тушуниш имонли киши ҳаётида катта аҳамиятга эга, бироқ кўпчилик масиҳийлар гуноҳ табиати борлигини ҳам билмаса керак. Бу тушунчага эга бўлиш, муаммони тушуниш билан тенг бўлиб, муаммони билгандан кейин унинг ечими ҳақида гаплашамиз. Қисқача қилиб бу ерда, муаммо – гуноҳ табиати, десак бўлади; унинг ечими эса – Исога ва Унинг хочда биз учун қилган ишига бўлган ишонч деб айтсак бўлади. Келинг, шуларни тартиб билан кўрайлик.
Павлус Римликларга мактубининг 6чи бобида юнон тилида 17 марта “гуноҳ” сўзини ишлатган, шулардан 15 мартасида “гуноҳ” сўзи олдида аниқ артикл бор; бу дегани Павлус 15 марта гуноҳ ишлари ҳақида эмас, балки гуноҳ табиати ҳақида гапирган. Афсуски буни ўзбекча ва бошқа тиллардаги таржимада кўриш қийин. Бунга мисол қилиб Римликларга 6:1-2 оятларни келтирайлик: «Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳ қилишни давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз. Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз?» Аслида бу оятларни қуйидагича тушиниш керак: “Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳда (яъни гуноҳ табиатида яшашни) давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) учун ўлдик, қандай қилиб энди унда яшайверамиз экан?” Шундай қилиб бу оятларда гуноҳ қилиш ҳақида гап кетмаяпти, балки гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшаш ҳақида кетяпти. Албатта гуноҳ табиатида яшаган одам, гуноҳ ишларини қилади, бироқ бу ишлар мева бўлиб, гуноҳ табиати эса дарахтнинг илдизидир. Оддий қилиб айтганда гуноҳ табиати Одам Ато гуноҳ қилиши натижасида пайдо бўлган, ҳозирги барча одамлар гуноҳ табиатга эга. Исога ишонган гуноҳкор Масиҳни қабул қилганда, у қайтадан (руҳан) туғилади ва унинг қалбига Илоҳий табиат кириб келади (2-Бутрус 1:4). Бу ҳолат Муқаддас Руҳ ичимизда яшаши орқали содир бўлади, шу орқали биз Худонинг маъбадига айланамиз (1-Коринфликларга 3:16); шу ҳодисадан кейин имонли кишининг янги табиати Исо Масиҳга ўхшаган бўлиб, энди у гуноҳ қилишни эмас, балки солиҳликда юришни истайди. Шундада, инсон имонга келганидан кейин, унинг ичидаги гуноҳ табиати ўлмайди ва бутунлай йўқ бўлиб қолмайди, балки у карахт (яъни мўрт ёки ишламайдиган) бўлиб қолади. Имонли киши хар куни ишончини Исога ва Унинг хочда қилган ишига қаратадиган бўлса, гуноҳ табиати унга таъсир қилмайди ва у бу муаммо ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Павлус айтганидек: «Шунга ўхшаб, сизлар ҳам ўзларингизни гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) қаршисида ўлик, лекин Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашган ҳолда Худо қаршисида тирик ҳисобланглар». (Римликларга 6:11).
Агар эътибор берган бўлсангиз, бу оятда гуноҳ табиати ўлик, дейилмаган, аксинча биз гуноҳ табиатига нисбатан ўликмиз, дейилган. Демак, гуноҳ табиати ҳали ҳам ичимизда, бироқ Муқаддас Руҳ таъсири ва бизнинг тўғри йўналишдаги ишончимиз туфайли у карахт ҳолда бўлади, яъни у бизга таъсир қилмайди. Мана шундай ҳолат “Муқаддас Руҳ амри билан яшаш” ёки “Худо иноятида яшаш” дейилади. Бироқ биз ишончимизни ўзимизга ёки қонунга қаратадиган бўлсак, унда гуноҳ табиати ўз таъсирини кўрсата бошлайди, чунки бундай ҳолатда Муқаддас Руҳ ичимизда Ўз фаолиятини кўрсатмайди. Чунки Худо Ўз шуҳратини инсонга бермайди, гуноҳ табиати устидан ғалаба эса фақат Худога боғлиқ бўлиб, Отамиз Худо бу ғалабани Исонинг хочдаги иши орқали бизга беради.

Демак, биз гуноҳ табиати ҳақида гаплашдик, у ҳамма одамларда бор ва унинг устидан ғалабани бизга Худо беради, бунинг учун биз фақат Исога ва Унинг хочда қилган ишига ишонишимиз керак. Инсон Исони қабул қилганида, унинг ичида айрим нарсалар содир бўлади ва шулар асосида у гуноҳ табиатига нисбатан ўлик бўлиб қолади. Мисол учун Римликларга 6:3-5 оятларни кўриб чиқайлик: «Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик. Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим. Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак, албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз». Аслида бу оятда сувда чўмдирилиш ҳақида гап кетмайди, юнон тилида “сувда” деган сўзнинг ўзи йўқ; балки биз Масиҳнинг ўлимига чўмдирилганимиз, У билан кўмилганимиз ҳақида гапирилган. Шундан кейин эса биз Исо билан қайта тирилиб, янги ҳаётга эга бўламиз. Шуларнинг ҳаммаси биз Исони қабул қилганимизоқ содир бўлган эди. Ўша пайтда биз гуноҳлардан кечирим оламиз ва гуноҳ табиати бизга таъсирини кўрсата олмайди. Шунинг учун ҳам янги имонли киши ҳаётида айб йўқолиб, гуноҳ устидан ғалаба пайдо бўлади ва натижада катта ўзгаришни нафақат унинг ўзи, балки атрофидаги бошқалар ҳам кўради. Бироқ агар имонли киши гуноҳ табиат нималигини ва Худо инояти қандай ишлашини билмаса, у албатта қонун остига қайтиб боради ва гуноҳ табиати яна шу кишининг ҳаётида ҳукм суриши мумкин. Афсуски бундай ҳолатни кўпгина масиҳийлар ҳаётида кўрса бўлади: улар гуноҳ қилмай яшашни истайдилар, бироқ қанчалик урунмасалар гуноҳ ҳаётларида ҳукмронлик қилганини кўрадилар. Муқаддас Калом бўйича бундай бўлиши керак эмаслигини улар биладилар, бироқ ўзларида бунинг аксини кўрадилар. Албатта улар Худони севадилар ва шунинг учун гуноҳга қарши курашни давом эттираверадилар, бироқ гуноҳ устидан ғалабага эриша олмайдилар. Каломда “энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин” (Римликларга 6:12) дейилганини биладилар, бироқ ўз ҳаётларида гуноҳ ҳокимлик қиляпганини кўрадилар. Шу билан улар нимага шундай бўляпганини билмайдилар ва илгаригидек кўпроқ ҳаракат қиладилар-у, бунинг натижаси эса янада ёмонлашиб кетаверади. Тўғри, Худо хали ҳам Ўз меҳри билан уларга баракат бериб туради, бироқ улар тўлиқ ғалабага, тинчликка ва эркинликка эриша олмайдилар. Шундай вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетиш мумкин, деган саволга жавоб берайлик.
Бу мураккаб савол ва қийин вазиятга жавоб жуда оддий: инсон қандай қилиб Исони қабул қилган бўлса, шу йўсинда ҳар куни яшайвериши керак (Колосаликларга 2:6). Биз Исони Раббий деб қабул қилдик ва Унинг хочдаги ишига ишончимизни қаратдик, шу асосида биз нажот топдик. Энди эса ҳар куни ишончимизни шу йўналишда қаратишимиз керак: ҳамма нарсада ишончимиз ўзимизга эмас, балки Исога қаратилса, ҳамда ҳамма нарсани Худо бизга хоч орқали беришига ишонсак, ғалаба бизники бўлади. Айрим одамларга бу ҳаддан ташқари оддий ва осон бўлиб кўриниши мумкин, чиндан ҳам биз қила олмаган нарсани Худо биз учун бажарди, энди эса биз фақат шунга ишониш орқали Худо қилган ишидан баҳраманд бўламиз. Мана шуни иноят хабари деймиз.

Худо иноятини нотўғри тушунганлар ҳақида гаплайлик. Кўпгина масиҳийлар имонли кишида хали ҳам гуноҳ табиати бор бўлишини тан оладилар, бироқ гуноҳ устидан ғалабага эриша олмаганлари учун, “биз гуноҳ қилишимиз мумкин”, деб нотўғри хулоса қиладилар. Бошқача қилиб айтганда улар ўзларида гуноҳ қилиш учун “рухсатнома” бор, деб ҳис қиладилар. Шунинг учун улар масиҳий гуноҳ қилса ҳеч нарса бўлмайди, бу оддий ҳол деб биладилар. Уларда гуноҳ табиати бўлгани учун гуноҳ ишларини қиладилар, шунинг учун улар ўзларини жавобгар эмас, деб ҳисоблайдилар. Албатта улар бундай фикрлаб, нотўғри иш қиладилар. Павлус бундай одамларга шундай жавоб беради: “Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳда (яъни гуноҳ табиатида яшашни) давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) учун ўлдик, қандай қилиб энди унда яшайверамиз экан?” (Римликларга 6:1-2).
Худо бизни гуноҳдан озод қилади ва бизни гуноҳда қолдирмайди. Ғалаба қилиш учун Худонинг режаси бор, биз шу режани билиб, унга риоя қилиш орқали ғолибона яшашимиз мумкин, шунинг учун юқорида келтирилган сабаб бекордир. Чиндан ҳам Муқаддас Руҳда яшайдиган масиҳий гуноҳдан нафратланади ва Худо ёрдами билан гуноҳ устидан ғалаба қилади.
Яна бошқа имонлилар эса имонга келишдан олдин инсонда гуноҳ табиати бўлади, кейин эса гуноҳ табиати йўқ бўлиб кетади, дейдилар. Бироқ, бор нарсани инкор қилиш билан, ўша нарса йўқ бўлиб қолмайди. Муаммо борлигини инкор қилганлари учун, бундай имонлилар Худонинг режаси асосида ғалабага эга бўлмайдилар, чунки уларда муаммо йўқ бўлса, улар унинг ечимини ҳам изламайдилар ва қабул қилмайдилар ҳам. Гуноҳ табиати билан яшаш эса жуда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Бундай фикрга жавоб қуйидагича: агар имонлида гуноҳ табиати йўқ бўладиган бўлса, Муқаддас Руҳ Павлус орқали қандай қилиб гуноҳдан ғалаба қилиш ҳақида бекорга ёзган эканда! Бундан ташқари айнан шу одамлар ҳаётига қарасангиз, гуноҳ табиати улар устидан ҳукмронлик қиляпганини кўрамиз.
Яна Павлус шундай дейди: “Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар” (Римликларга 6:12). Яъни имонли ичида гуноҳ табиати бор бўлсада, шу гуноҳ табиати унинг устидан ҳокимлик қилиши керак эмас, яъни биз Худо инояти орқали бунга йўл қўйишимиз керак эмас. Бунинг учун эса, илгари ҳам айтганимиздек, масиҳий киши ўз иродаси ёки кучини ишлатмасдан, балки Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониши керак.
Юқорида келтирилган иккита нотўғри фикрни тушуниб, бундай фикрлардан воз кечишимиз керак. Чунки бундай фикрлаш орқали биз Худога манзур бўлмаймиз. Худога фақат Исо Масиҳ манзур бўла олади, биз эса Исони қабул қилиб, ҳар куни Исода бўлсак, ўшанда биз Исо орқали Худога манзур бўламиз.

Энди иноятда яшашни билмаган имонлилар ҳаёти ҳақида гаплайлик. Қисқача қилиб айтганда гуноҳ табиати ҳокимлиги остида яшаяпган имонлилар гуноҳга қарши кураш билан банд бўлиб, улар тинчлик нималигини билмайдилар. Биринчи имонга келган одам Худо иноятида яшашни бошлайди ва Худо учун ҳамма нарса қилишга тайёр бўлади. Бироқ ундан имонда ёши катталар унга: “А, бир-икки ой ўтсин, сен ҳам бизга ўхшаб қоласан”, деб айтадилар. Уларнинг фикрича улар яшаяпган имон ҳаёти нормал ҳолат, деб ўйлайдилар. Албатта улар адашадилар. Лекин Худо инояти нималигини билмаган ва бу таълимотга ўргатилмаган имонли киши осонликча гуноҳ табиати ҳукмронлиги остига тушиб қолади ва тез орада башарий тана амри билан яшай бошлайди. Шундай аҳволда бўлганлар ўзларини яхши ва намунали масиҳиймиз, деб ҳисоблайдилар. Албатта уларнинг кўпчилиги Исони севадилар, бироқ қандай қилиб ғалабага эришишни билмайдилар. Мана шу саҳифа орқали сизга Исонинг иноятида яшашни ўргатамиз. Бунинг учун биз муаммони, яъни гуноҳ табиатни ўрганяпмиз, кейин эса қандай қилиб гуноҳ табиати учун ўлик бўлишни ва иноятда яшаш ҳақида гаплашамиз.
Гуноҳ табиати ҳукмронлигида яшаяпган масиҳийлар, Павлус каби бундай сўзларни айтишади: “Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?” (Римликларга 7:24). Бундай аҳволдаги имонлилар гуноҳга қарши курашишда турли ҳил услубларни ишлатиб кўрадилар. Айримлари ибодат қилиб гуноҳдан қутулмоқчи бўладилар, бироқ муаммо ундан баттар бўлиб кетади, яна бошқалари рўза тутиб қутулмоқчи бўладилар, бироқ яна муваффақиятга эришмайдилар. Албатта ибодат ва рўза тутиш орқали улар барака олишади, лекин бу гуноҳ табиатидан озодликни бермайди. Улар чиндан ҳам Худога хизмат қилмоқчи бўлганлари учун, доим гуноҳга қарши кураш қиладилар, доим гуноҳ қиладилар, тавба қилиб, қайта турадилар, бироқ яна гуноҳ ва тавба қилишда давом этадилар. Муқаддас Каломда “Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин” деган сўзларни ўқишади, Худо каломи тўғри ва ҳақиқат эканлигини улар билсаларда, ўз ҳаётларида гуноҳ уларга ҳукмрон эканлигини биладилар. Улар Исонинг мана бу сўзларини ўқийдилар: “Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир”. Масиҳийларнинг кўпчилиги бу сўзларни кўз ёшлар билан ўқиб, “Худо каломи ҳақ, бироқ нега ҳаётимда шу нарсалар йўқ, нега мен таскин тополмаяпман, нега бу бўйинтуруқ оғир бўлиб туюляпти” дейдилар. Қадрли биродар ва опа, агар сиз шундай аҳволда бўлсангиз, мен сизга далда сифатида Исонинг гаплари чиндан ҳам ҳақлигини айтмоқчиман. Гуноҳ табиатидан озод бўлиш йўли бор, бу йўл Исо Масиҳдир! Исога ишончингизни қаратинг, фақат У сизга мадад беради.

Масиҳ инояти ҳақида гаплайлик. Павлус шундай дейди: “сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар” (Римликларга 6:14). Иноят нималигини кўпчилик имонлилар тўлиқ билмайдилар; улар энди Худо инояти даврида яшаяпганимиз учун, автоматик равишда иноят остида бўламиз, деб ўйлайдилар. Бу фикр қисман тўғри ва қисман нотўғри. Исо Масиҳнинг инояти деганда, нолойиқ одамларга кўрсатилган Худонинг эзгулигини тушунамиз. Энди эса масиҳий бўлиб қандай қилиб шу иноят ҳокимлиги остида бўлоламан, деган саволга жавоб берамиз. Исо Масиҳнинг хочда қилган иши натижасида Худо инояти бизга кўрсатилади. Худо доим иноятли Худо эди, ҳозирги кунда ҳам, Эски Аҳд даврида ҳам у иноятли Худо эди, зеро Худо ўзгармайди. Бироқ Эски Аҳдда буқа ва қўзилар қони гуноҳни олиб ташлай олмагани учун гуноҳнинг қарзи тўланмаган эди. Шунинг учун ҳам Муқаддас Руҳ инсонлар юрагида маскан тополмасди ва иноят тўлиқлигича берилмасди (Юҳанно 14:16-17). Бироқ Исо хочда қилган иши асосида гуноҳ қарзи тўланди ва шундан кейин Худо инояти чексиз меъйорда имонлиларга берилиши мумкин бўлди. Ҳар бир масиҳий киши шуни тушуниб олиши шартки, Худодан келадиган ҳамма нарсани биз фақат Исонинг хочи орқали қабул қиламиз. Бу ерда хоч деганда, Исо михланган айнан ўша тахтадан ясалган хоч ҳақида гапирмаяпмиз. Йўқ, балки биз Исонинг хочда қилган ишини назарда тутамиз; Павлуснинг мактубларида шу таълимот айтилганда “хоч” сўзи худди шундай маънода ишлатилган. Шундай қилиб, ҳар қандай муаммонинг ечими Исонинг хочда қилган ишида топилади, чунки айнан хочда Исо инсониятнинг муаммоси бўлган гуноҳ ва унинг оқибатларининг қарзини тўлаган эди. Энди шунга таалуқли айрим оятларни келтирайлик:
«Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз». (Римликларга 5:1-2).
ЃgЗотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин. Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир».
«Модомики дунё ўз ақл-заковати билан Худонинг муродию ҳикматини англаб етмаган экан, Худо тентакликдай туюлган пайғомга ишонувчиларни қутқаришни лозим кўрди».
«Биз эса фақат хочга михланган Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз. Бу яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун телбаликдир». (1чи Коринфликларга 1:17-18, 21, 23).
«Мен эса, асло биргина Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Унинг хочи туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман». (Галатияликларга 6:14).
«Лекин илгари Худодан узоқ экансизлар, энди Исо Масиҳ воситаси билан, Унинг тўккан қони орқали яқин бўлдингизлар. Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлигимиздир. У яҳудийлар билан мажусийларни яраштириб, бир уммат қилди. Ўз танасини фидо қилиб, уларнинг орасидаги тўсиқ деворни қулатди, адоватни бартараф қилди. Яҳудийлар билан мажусийларни Ўз вужудида бирлаштириб, янги инсонни яратди, ана шу мақсадда Тавротнинг қонун-қоидаларини ҳам бекор қилди. Масиҳ хочда ўлиб, адоватни бартараф, тинчликни эса барқарор қилди. Хоч орқали икки умматни бир бадандай қилди ҳамда Худо билан яраштирди. Масиҳ келиб, илгари Худодан узоқ бўлган сизларга ва шунингдек, Унга яқин бўлган яҳудийларга тинчлик Хушхабарини эълон қилди. Масиҳ орқали биз ҳаммамиз бир руҳ билан Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз». (Эфесликларга 2:13-18).
«Бизга қарши ёзилган, маҳкумлигимизни билдирувчи айбномани Худо ўчирди, яъни уни Масиҳ билан бирга хочга михлаб, кучдан қолдирди. Ўша хоч орқали руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юргизиб, расвои олам қилди». (Колосаликларга 2:14-15).

Шундай қилиб Худонинг инояти бизга Исонинг хочи орқали келишини тушуниб олганимиздан кейин, ишончимиз Исонинг хочига қаратилиши керак, албатта шуни билиб олишимиз керак. Ишончимиз бошқа нарсалар ёки кимсаларга йўналиб кетиши мумкин эмас. Павлус имон ёки ишонч ҳақида гапирганда, у доим Исога ва У хочда қилган ишга бўлган ишонч ҳақида гапиряпган бўлади. Шу билан бирга у “Масиҳда”, “Масиҳ орқали” ва шу каби сўзларини ишлатганда, Исонинг биз учун Ўз жонини фидо қилгани назарда тутади. Албатта, дунёдаги ҳар бир кишида ишонч бор, бироқ бундай ишончни Худо қабул қилмайди. Худо қабул қиладиган яккаю ягона ишонч – Исо Масиҳга ва Унинг якунланган ишига бўлган ишончдир. Шунга доир оятларни келтирайлик:
«Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16).
«Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан». (1чи Тимўтийга 6:12).
«Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар: Исо Масиҳ ичингизда эканини билмаяпсизларми? Билмасангизлар, мақбул эмассизлар». (2чи Коринфликларга 13:5).
Шундай қилиб, агар биз Худодан фақат хоч орқали ҳамма нарсани қабул қилишимизни тушунсак ва ишончимизни хочга қаратсак, ўшанда Муқаддас Руҳ Худога мақбул бўлиб яшаш учун бизга ёрдам бера бошлайди. Зеро Муқаддас Руҳ Исонинг хочда қилган ишига асосланган холда бизга нажот беради ва кейинчалик муқаддасланиш учун кўмак беради. Муқаддас Руҳ биздан кўп нарсани талаб қилмайди, фақатгина лойиқ ишончни талаб қилади. Шунга доир оятларни келтирайлик:
«Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир. Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди... Чунки Исо Масиҳни тирилтирган Худонинг Руҳи сизнинг вужудингизда яшаяпти. Агар Худо Ўз Руҳи қудратида Масиҳни тирилтирган бўлса, У ичингиздаги ўша Руҳ орқали сизнинг фоний баданларингизни ҳам тирилтиражак». (Римликларга 8:1-2, 11)
Мана шундай яшасангиз, қадрли биродар ва опа, сиз гуноҳ табиатидан озод бўласиз ва иноят остида яшайсиз. Муқаддас Каломда гуноҳсиз камол ҳаёт ҳақида гапирилмайди, яъни гуноҳ ҳукмронлиги остида бўлмасак ҳам, хали ҳам шу танада яшаяпганимиз учун биз гуноҳ қиламиз. Бундай ҳолатда Юҳанно айтганидек, биз гуноҳимизни Худо олдида тан олиб, Ундан кечирим сўраймиз. Шуни айтиш керакки, иноятда яшаяпган одамда ёмон нарсаларни Худо олиб ташлайди ва уларнинг ўрнига яхши нарсаларни беради. Масалан, бундай кишида гуноҳга қарши нафрат пайдо бўлади ва солиҳлик ишларига, ҳамда Худога манзур бўладиган ишларга севги пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммасини бизнинг тўғри йўналишдаги ишончимиз натижасида Худо ичимизда барпо қилади, шунинг учун Унга доим шарафлар бўлсин!

Каломдан бир оятни ўқиймиз: “Сизлар: Қонунга амал қилиб ўзимизни оқлаймиз, деб Масиҳдан ажралгансизлар ва Худо иноятидан маҳрум бўлгансизлар. ” (Галатияликларга 5:4). Бу оятда Павлус нима демоқчи? Кимки ўзини қонун орқали Худо олдида оқламоқчи бўлса, Исо Масиҳ бундай кишига фойда бермайди, яъни Исо унга ёрдам бермайди, чунки қонунга ишониш орқали у иноятдан йиқилган, яъни маҳрум бўлган бўлади. Шу оятда айтилган нарсаларни учта қисмга бўлиб айтсак бўлади: биринчидан, қонун ва қоидалар орқали оқланмоқчи бўлган одам ҳеч қачон ғалабага эришмайди; иккинчидан, қонунга амал қилган кишига Масиҳ ёрдам бермайди, яъни Исонинг хочда қилган иши унга беҳуда бўлган бўлади, чунки унинг ишончи бошқа йўналишда кетяпти; учинчидан, шуларнинг натижасида бундай киши Исо Масиҳ иноятидан йиқилади, ёки иноятдан маҳрум бўлади. “Иноятдан маҳрум бўлгансизлар” дейилган жойида юнон тилида “сизлар иноятдан йиқилгансизлар ёки қулаб тушгансизлар” дейилган. Яъни Исога ва хочга ишончни қаратиш орқали инсон “иноят йўлига” туради ва Худо унга шу йўлда юришга қувват беради, бироқ имонли киши ишончини Исонинг хочидан бошқа жойга қаратса, ана ўшанда у “иноят йўлидан” қулаб тушади ёки йиқилиб тушади. Яна бошқа қилиб айтсак, агар сиз ишончингизни Исонинг хочидан бошқа нарса ёки кимсага қаратсангиз, ўшанда Худонинг инояти оқими тўҳтаб қолади ва сиз Муқаддас Руҳ кўмагисиз қолиб кетасиз. Бундай вазиятга тушган одамлар башарий тана амри билан яшайди ва гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида бўладилар. Улар Римликларга 7чи бобда ёзилганидек, ўзлари истамаган нарсаларни қилишни бошлайдилар ва ўз кучлари билан бундан озод бўла олмайдилар. Бундай вазиятдан яна иноят йўлига қайтиб бориш жуда осон: сиз яна ишончингизни Исога ва У хочда қилган ишига қаратсангиз бас, Муқаддас Руҳ яна ҳаётингизда ишлашни бошлайди ва сиз қила олмаган нарсаларни сизга ҳадя қилиб беради.
Айрим одамлар иноятдан йиқилишни қандайдир гуноҳларни қилиш, деб тушунадилар. Лекин бундай тушунча Муқаддас Каломдан чиқиб келмайди. Зеро юқорида кўрганимиздек, иноятдан йиқилиш деганда, имонли киши Исога эмас, балки қонунга ёки яна бошқа нарсага ишончини йўналтиришини тушуниш керак. Шунинг учун биз аввал Каломга асосланиб муаммо нималигини билиб олишимиз керак, ундан кейин эса Каломга асосан шу муаммонинг ечими нималигини билиб олишимиз керак, шундай қилсак биз доим Худога манзур ҳаётни кечирган бўламиз ва Римликларга 8чи бобдаги муқаддас ва солиҳ ҳаёт бизники бўлади. Имонли сифатида бизнинг энг катта жангимиз шу ишонч жангидир, яъни ишончимизни доим фақат якка-ягона Исога қаратишимиздир. Буни тушунтириш осон, қисқа вақт ичида уни айтса бўлади, бироқ уни ҳаётда ҳар куни татбиқ этиш жуда мураккаб. Чунки биз ўз табиатимиз билан бу дунёнинг қонунлари билан яшашга ўрганиб қолганмиз, энди эса биз бутунлай бошқа қонун остида, яъни Исо Масиҳ қонуни остида яшашни ўрганишимиз керак. Биз гуноҳга қарши курашишимиз керак эмас, балки ишончи жангида курашишимиз керак. Гуноҳга қарши курашяпган имонлини кўрсангиз, у башарий тана амри билан яшаяпганини билиб оласиз, чунки башарий тана ишлари бундай киши ҳаётида мавжуд бўлади. Эҳтимол сиз шу одамдирсиз, агар ундай бўлса, иноят йўлига қайтинг, бу ҳақда юқорида гапирдик.

Павлус яна шундай дейди: “Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар Илоҳий Қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, у ҳолда Масиҳ беҳуда ўлган бўларди” (Галатияликларга 2:21). Бу оятда ҳам юқорида кўриб чиққан оятдаги каби фикр айтилган. Бу ердаги “Худонинг иноятини инкор қилиш” деган сўзлар “иноятдан йиқилиш” тушунчаси билан бир хилдир. Яъни кимки қонунга амал қилиб оқланмоқчи бўлса, бундай киши Худонинг иноятини инкор қилган бўлади, бунинг натижасида у иноятдан йиқилади. Бундай киши учун Исо худди беҳуда ўлган бўлиб қолади, чунки Исонинг хочдаги ўлими орқали келадиган ҳамма яхши нарсалардан у юзини ўгирган бўлади. Шуниси ачинарлики, кўпгина масҳийлар иноят хабарини тўлиқ тушунмасдан, гуноҳ табиати нималиги ва у қандай ишлаши, қандай қилиб ундан озод бўлиб яшашни билмасдан, Худо инояти инкор қилиб юришибди. Албатта сиз улар билан гаплашсангиз, улар “мен Худо иноятини инкор қилмайман, мен Худосиз ҳеч нарса қила олмайман” деган сўзларни айтишади. Бироқ ўзлари билмаган ҳолда, ҳар куни улар гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшайдилар, улар эрталаб туриб “мен бугун гуноҳдан озод яшайман” деб ўзларига ва Худога ваъда берадилар, бироқ кечаси, улар яна мағлубиятга учраган холда ухлашга ётадилар. Шундай тарзда улар ойлаб, йиллаб яшайдилар; улар нима қилишни билмайдилар ва нега шундай бўляпганини ҳам билмайдилар. Мен ҳам илгари худди шундай вазиятда бўлган эдим, шунинг учун бундай ҳаёт қанчалик оғир эканлигини биламан, бироқ бир бахтли куни кимдир келиб менга иноят хабарини тўлиқ қилиб тушунтириб берди. Худди шундай тарзда мен сизларга шу иноят хабарини тушунтиряпман, Худо сизларга шуни ваҳий орқали тушунтириб берсин, деб ибодат қиламан. Сизлар эса шу хабарни ўрганиб, бошқаларга уни ўргатинг, бошқалар ҳам ғалабада яшасин ва Муқаддас Руҳ амри билан юришсин! Мен айтган кўпгина нарсалар сиз учун хозир тушунарсиз бўлиши мумкин, яна айрим нарсаларни мен худди мақтаниб ёзяпгандек туюлиши мумкин, бу ундай эмас, мен ҳам сиз сингари оддий одамман. Бироқ Худо қилган ишларни айтганда доим шундай бўлади: масалан Павлус “мен бошқа ҳаворийлардан энг кичигиман” дейди, шунда ҳам у “мен улардан кўпроқ меҳнат қилдим” дейди. Кейин эса у “мен эмас, балки Худонинг инояти мен орқали шу ишларни қилди” дейди (1-Коринфликларга 15:9-10). Худди шундай холда, мен ғалабада юрган бўлсам, мен ўзим бунга эришмадим ёки ўз кучим билан буни қўлга киритмадим, балки менда нимаики яхши инъом бўлса, шуларнинг ҳаммасини менга Худо Масиҳ орқали берди. Юқорида айтгинимдек, Исо Масиҳга ва Унинг хочига ишончни қаратиш орқали мен нажот топдим, оқландим, солиҳ бўлим ва муқаддас бўлдим ва бўляпман. Яъни бу жараёнлар тўхтаб қолмайди, мен хар куни муқаддасланиш жараёнида бўламан, шунинг учун мен хар куни ишончимни Исога ва Унинг хочига қаратишим керак, шунда Муқаддас Руҳ ичимда ишлашни бошлайди ва кераксиз нарсаларни олиб ташлаб, улар ўрнига керакли, яхши нарсаларни барпо қилдиради. Шулар асосида яшаш орқали мен Муқаддас Руҳи амри билан яшайман, мен доим Худога манзур бўламан, доим У истаган ишларни қиламан, Унга ёқмайдиган нарсалар менга ҳам ёқмайди, Худо нафратланган нарсалардан энди мен ҳам нафратланаман. Бунга фақат Худонинг Ўзи қодир, шунинг учун абадул абад Исо Масиҳ орқали Отамиз Худога шон шарафлар бўлсин! Омин!

Энди қонун остида яшаш ҳақида гаплашамиз. Қонун билан оқланиш ва қонун остида яшаш бир хил маънодаги тушунчалардир. Қонун деганда биз нафақат Илоҳий қонунни, балки инсонлар ўзлари учун ўйлаб топган руҳий қонунларни ҳам назарда тутамиз. Шунинг учун қонун остида деганимизда қандай қонун ҳақида гап кетяпти экан, деб бош қотирманг, чунки уларнинг ўртасида фарқ йўқ. Одатда инсон ўз олдига қўйган қонунлар ҳам жуда яхши бўлади ва яхши ният билан айтилган бўлади. Бироқ агар биз Худо олдида оқланиш учун мана бу ёки ана у қонунни бажараман, ўшанда Худо мени қабул қилади, деб ўйласак, биз жуда катта хато қилган бўламиз. Чунки бундай қилиш орқали биз Худо иноятини инкор қилиб, иноятдан йиқилган бўламиз ва қонун остида яшаяпган бўламиз. Бироқ шуни айтиш керакки, ҳеч ким ҳар доим ҳамма қонунларга риоя қилиб яшай олмайди, шунинг учун ҳам Исо келиб, биз қила олмайдиган нарсаларни қилиб, уларнинг натижасини ишонганларга совға қилиб берди. Агар имонли киши Исонинг хочи орқали Худо иноятига эришиши мумкинлигини ва шундай қилиб муқаддасланишини билмаса, демак у Худо иноятида эмас, балки қонун остида бўлади. Чунки имонли киши фақат иккита доирада бўлиши мумкин: у ёки иноят доирасида, ё қонун доирасида бўлиши мумкин. Бундан ташқари бошқа жой йўқ, шунинг учун агар киши иноят хабарини тўлиқ билмаса, демак у қонун остида бўлиши табиий холдир. Исо Масиҳ ўлиб, қайта тирилгани натижасида биз иноят даврида яшашни бошладик, бироқ шу билан биз автоматик равишда иноят остида бўлмаймиз. Кўпгина имонлилар шундай фикр билан алданиб, биз ҳам иноят остидамиз, дейдилар. Бироқ агар имонли киши ҳаётида башарий тана ишлари бор бўлса, демак у иноят эмас, балки қонун остида бўлади. Агар биз автоматик равишда Худо инояти остида бўладиган бўлсак, унда Павлус Худонинг иноятини инкор этиш ва иноятдан маҳрум бўлиш ҳақида ёзмаган бўлар эди.
Одамлар ўзлари ёки жамоатлар ўйлаб топган қонунларга мисол келтирайлик: айримлар гуноҳ устидан ғалаба қилиш учун Каломни кўп ўқиш керак дейдилар, айримлар ибодат қилиш керак, дейди, яна бошқалар гуноҳга “йўқ” деб, ўгирилиб кетиб қол, дейдилар, яна бошқалар кўпроқ ҳаракат қилиш керак, дейдилар ва ҳаказо. Мана шулар қонунга мисол бўлади. Албатта улар ёмон нарсаларни ўргатишмаяпти, бироқ бундай қилиш орқали сиз гуноҳдан озод бўлмайсиз, балки шунинг тескариси бўлади, сиз гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида қолиб кетасиз. Мен бу билан Каломни ўқиш керак эмас, ибодат қилиш керак эмас демаяпман, балки булар оқланишнинг оқибати, демоқчиман. Яъни шу ишларни қилиб, биз оқланмаймиз, балки Худо олдида оқланганимиз учун уларни қиламиз ва шундай қилишни истаймиз ҳам. Ўз ишлари билан оқланмоқчи бўлган киши ўз назарида солиҳ бўлиб қолади, у ўзини бошқа одамлар билан таққослайди. Бундай қилиш одамга ғалаба бермайди ва Худо билан муносабатга олиб келмайди.
Юқорида айтганимиздек, гуноҳ табиатидан озод бўлишнинг ягона йўли Исо Масиҳга ишониш ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратишдир! Шундай қилиш орқали сиз Муқаддас Руҳ ёрдамига эга бўласиз, Худога яқинлашасиз, Масиҳдек бўласиз ва муқаддасликда яшайсиз. Шу орқали фақат Худо шон-шарафга эга бўлади, зеро қонун остида яшайдиган одам орқали Худо шарафланмайди. Шунинг учун сиздан илтимос қиламан, шу хабарни Худодан сизга очиб беришини сўранг ва сўнг иноятда яшанг! Худо инояти сизга ёр бўлсин!

2010-04-26

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:18-19)

18-оят
“Aгaр мен ўзим қулaтгaн қонун-қоидaлaр биносини қaйтaдaн қуришгa киришсaм, ундa мен ўзимнинг қонунбузaр экaнимни кўрсaтгaн бўлaмaн.”

Бу оятда айтилишича, агар имонли киши иноят хабарини қабул қилиб, Масиҳ иноятида яшаса, шу билан у қонун орқали оқланиш фикридан воз кечган, бундай оқланишни бузган бўлади. Бироқ энди у иноятдан қонунга қайтиб борадиган бўлса, у илгари ўзи бузган бинони қайтадан қуряпган бўлади, бу эса ақлга сиғмайдиган нарса, бундай қилиш керак эмас. Қонунга қайтиш орқали киши ўзини яна қонунбузарга айлантиради, чунки энди Муқаддас Руҳ унга ёрдам бермайди ва шу орқали у қонунни бажара олмай, қонунбузар бўлиб қолади. Шу фикр эсингиздан чиқмасин, қонун бажариш орқали ҳеч ким Худо олдида оқлана олмайди, балки фақат Исонинг инояти орқали инсон Худо олдида оқланади.
Шу билан бирга Худо иноятидан юз ўгириб, қонунга ишонч қўйиш – гуноҳдир. Бундай гуноҳдан тўғри йўлга қайтиш учун инсон яна илгаридек ишончини Исога ва У хочда қилган ишига қаратиши шарт, ва шу орқали Муқаддас Руҳ унинг ҳаётида қудрат билан ишлай бошлайди.

19-оят
“Бироқ энди мен Xудо учун яшaй деб, Қонун олдидa ўлгaнмaн, ҳa, Қонун ўзи мени ўлдирди. Мен Мaсиҳ билaн биргa xочгa миxлaб қўйилгaнмaн.”

Бу оятни аниқроқ таржимаси қуйидагича: “Зеро мен қонун орқали қонун учун (қонунга нисбатан) ўликман, токи мен Худо учун яшай (олай)”.
Бу оятга биноан масиҳий киши қонун учун ўликдир, яъни қонуннинг ўзи ўлик эмас, балки биз қонунга нисбатан ўликмиз. Нима асосида? Биз Масиҳ билан бирга ўлганимиз асосида (Римликларга 6:3-5) эндиликда қонун учун ўликмиз. Бу содир бўлган факт, биз шуни билишимиз шарт ва шуни ҳисобга олишимиз керак.
Исо Масиҳ қонунни тўлиқлигича бажарди ва унинг жазосини биз учун Ўз устига олди, шунинг учун ҳам биз қонун орқали қонун учун ўликмиз. Бундай ҳолат фақатгина Исони қабул қилган масиҳийларда бўлади, Исони қабул қилмаган кишида эса ҳеч қачон қонунга нисбатан ўлим бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам фақат масиҳий киши Худо учун яшай олади, яъни Исога ва Унинг хочдаги ишига бўлган ишонч орқали Муқаддас Руҳ масиҳий ҳаётида ишлай бошлайди ва унга ғалабани беради. Исога ишонмаган кишида эса бундай ҳолат кузатилмайди. Шу билан бирга киши Исоги ишонган бўлсаю, фақат ишончини яна қонунга қаратадиган бўлса, бундай кишида ҳам Муқаддас Руҳ ишламайди ва у башарий тана амри билан яшайди. Яъни у гуноҳ табиати остида бўлиб, ғалабага эришмайди. Чунки Муқаддас Руҳ қудрати, инояти дарёсининг оқими ҳаётимизда автоматик равишда бўлмайди, фақат Исога қаратилган ишонч асосида Муқаддас Руҳ қудрати билан ишлайди.
Оддий тил билан айтадиган бўлсак, Муқаддас Руҳ ишлаганда, у ичимиздаги керакмас нарсаларни олиб ташлайди ва бизга керакли бўлган нарсаларни ичимизда яратади; У бизга гуноҳ табиати устидан ғалаба беради ва Худонинг камол иродасига бўйсуниш итакларини ичимизда пайдо қилади. Бунда иноят дарёси ичимизда тошиб оқиши учун биз томондан ҳеч қандай куч ёки ҳаракат керак эмас, аниқроғи ҳаракат қилиш мумкин эмас, фақат ишонч орқали Худодан ёрдам кутиш керак. Худо бизга истак ва ҳаракат беради, ўшанда биз ҳаракат қиламиз ва Худо иродасини бажарамиз.
Шундай қилиб қонун орқали эмас, фақат Исога ишониш орқали, Худо инояти асосида биз ҳамма нарсага эришамиз: Худога яқинлашамиз, нажот топамиз, қутқариламиз, оқланамиз, қайтадан туғиламиз, Муқаддас Руҳга тўламиз, муқаддасланамиз, Руҳ амри бўйича яшаймиз, гуноҳ табиат устидан ғалабага эришамиз, сақланамиз ва ниҳоят Исо қайтиб келганида шуҳратли танага эга бўлиб, Худо билан то абад яшаймиз! Худога абадул абад шон шарафлар бўлсин!!!
Исо билан бирга хочга михланганимиз ҳақида кейинги сафар гаплашамиз, бу оятлар жуда катта аҳамиятга эга ва сизга баракат беради.

2010-04-07

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:14-17)

14-оят
Мен эсa улaр Инжил ҳaқиқaти бўйичa ҳaрaкaт қилишмaётгaнини кўриб, ҳaммaгa эшиттириб Бутрусгa: “Aгaр сен яҳудий бўлa туриб, яҳудийлaр кaби эмaс, мaжусийлaр кaби яшaётгaн бўлсaнг, қaндaй қилиб мaжусийлaрни яҳудийлaшмоққa мaжбур этяпсaн?” – дедим.

Мана бу ерда Инжил ҳақиқати ҳақида гапириляпти; бу ҳақиқат эса биз мана шу саҳифада таълим беряпган иноят хабари ёки хоч ҳақидаги хабардир. Шу иноят хабарига биноан яҳудий билан мажусий ўртасида фарқ йўқ, иккаласи ҳам Худо олдида гуноҳкор эди. Яҳудийларда қонун бўлсада, улар қонун орқали нажот топа олмасди, чунки қонун қутқариш учун берилмаган эди. Мажусийларда қонун йўқ эди ва улар бутларга сиғиниб яшарди. Хуллас иккала гуруҳ ҳам ўзини қутқара олмасди, шунинг учун иккаласига ҳам Худонинг инояти керак эди. Яҳудий ҳам, мажусий ҳам Исонинг хочда қилган ишига ишониш орқали нажот топиши мумкин, зеро мана шу нажот топишнинг ягона йўлидир!
Шундай қилиб Қуддусдан келган яҳудийларга қўшилиб Бутрус ва Барнабо иноят хабари, хоч ҳақидаги хабар бўлган Инжил ҳақиқатидан узоқлашяпган эди, улар шу ҳақиқат бўйича қадам ташламаяпган эдилар. Бу билан улар нафақат ўзларига зарар қиляпган эди, балки атрофларидаги масиҳийларга ҳам зарар қиляпгандилар ва агар бунга чек қўйилмаганда, кейинчалик Худо жамоатига ёмон таъсир қилган бўлардилар. Албатта бунинг ортида шайтон ва ёвуз руҳлар турар эди, улар шу яҳудийлар орқали Масиҳ иноятини соҳталаштирмоқчи эди. Павлус эса шу Инжил хабарини мағзини Худодан ваҳий орқали олган эди ва уни ҳимоя қилишга тайинланган эди, шунинг учун у шу оятда ёзилган нарсаларни қилади. Худо сизга ҳақиқатни очиб берса, сиз ичингиздан ўзгарасиз ва шу ҳақиқатни рад қила олмайсиз, бошқаларга ҳам уни гапиришга ҳаракат қиласиз, Худо шундай қилиб ичкаридан ишлайди.
Бу ҳодисалар ҳамма имонлилар жамоати олдида бўлгани учун Павлус бутун жамоат олдида ўз гапини айтади. Шу билан бирга бундай ҳаракат Инжил ҳақиқатига тескари бўлгани ва Худо назарида катта гуноҳ бўлгани учун, Павлус Антиохия жамоатидаги барча одамлар ўртасида Бутрусга мурожаата қилиб, уларга танбеҳ беради, ҳамда шу мактубида ёзиб қолдиради.
“Aгaр сен яҳудий бўлa туриб, яҳудийлaр кaби эмaс, мaжусийлaр кaби яшaётгaн бўлсaнг, қaндaй қилиб мaжусийлaрни яҳудийлaшмоққa мaжбур этяпсaн?”
Бутрус яҳудий бўла туриб яҳудийлик қонунлари бўйича яшамаяпган эди, чунки у ҳамма қонунларга амал қила олмасди, энди эса нажот топганидан кейин у қонундан озод бўлганди ва энди эркинликда яшаяпган эди. Нафақат Бутрус балки бошқа барча яҳудийдар ҳам ҳамма қонунларни бажара олмасди, шунинг учун ҳам Исо келиб, биз қила олмаган нарсаларни бажарди. Бутрус шу пайтгача мажусийлар билан битта жойда яшарди, битта жойда овқатланарди ва ҳаказо, яҳудийларнинг ўша пайтдаги қонунларига қараганда эса яҳудий бундай иш тутиши мумкин эмас эди. Бироқ у Худо иноятини билгани учун бемалол мажусийлар билан мулоқотда бўляпган эди. Қуддусдаги яҳудийлар келганидан кейин эса, ҳамма нарса ўзгариб кетган эди. Шунинг учун Бутрус қилган иши мунофиқлик ёки иккиюзламачилик эди, чунки бошқа одамни ўзи қилмаган ишни қилишга мажбур қилиш мунофиқлик дейилади.

15-оят
“Тўғри, бизлaр aсли яҳудиймиз, мaжусийлaр сингaри гуноҳкор эмaсмиз.”
Улар табиати (ёки туғилиши асосида) яҳудийлар бўлгани учун, улар мажусийлардан юксакроқ ҳисобланарди. Чунки уларда Илоҳий қонун бор эди, улар ёшлигидан шу қонунни ёдлаб, Худоги итоатда яшашни ўрганишар эди. Мажусийлар эса бундай нарсаларни билмас эди ва қилмас эди, шунинг учун яҳудийлар томонидан улар гуноҳкор бўлиб ҳисобланарди. Албатта Исо инояти хабарига кўра яҳудий ва мажусийларнинг ҳаммаси Худо олдида гуноҳкор эканлигини биз энди биламиз, юқоридаги фикрлар ўша даврда яҳудийларда мавжуд эди. Мажусийлар бундай имтиёзларга эга бўлмагани учун, улар яҳудийлар айтган ҳамма гапига ишонишар эди, чунки уларнинг ўзларин қонунни яхши билишмасди. Яҳудийлар эса бундай фойдаланиб қолишмоқчи эди.
Бундан ташқари ўша пайтда китоблар йўқ эди, кўпчилик одамлар ўқишни билмас эди, шунинг учун мажусийлар яҳудийларнинг гапига ишонишидан бошқа илож йўқ эди. Энди мажусийлар Худо иноятини яхши билишмаган бўлса ва яҳудийларнинг қонунини ҳам яхши билмаган бўлса, уларни осонликча тўғри йўлдан оздирса бўларди. Фақат у ерда Худо инояти ҳам, Қонунни ҳам жуда яхши биладиган Павлус бор эди ва у Худо инояти ва қудрати билан шу вазиятни тўғрилади.

16-оят
“Лекин шуни билaмизки, Xудо Илоҳий Қонунгa aмaл қилгaн кишини эмaс, Исо Мaсиҳгa ишонгaн кишини оқлaйди. Шунинг учун бизлaр ҳaм Илоҳий Қонунгa aмaл қилиш билaн эмaс, Мaсиҳгa ишониш билaнгинa оқлaнaмиз, деб Исо Мaсиҳгa қaттиқ ишонгaнмиз. Ҳеч ким Илоҳий Қонунгa aмaл қилиб, Xудо олдидa ўзини оқлaёлмaйди.”

Мана бу оятда Инжил ҳақиқати ёки Исо инояти хабарининг мағзи ёзилган. Бу ерда ёзилишича, одам Худо олдида оқланиши учун Илоҳий Қонунга амал қилиши керак эмас, чунки қонун орқали оқланишнинг иложи йўқ (қонунда нажот топиш йўли ёзилмаган), балки у Исо Масиҳнинг хочда қилган ишига ишониши орқали Худо олдида оқланади. Павлус биз мана шуни биламиз деяпти. Яъни киши шу нарсани нафақат ақли билан, балки юраги ёки қалби билан билиб олиши керак. Билиш деганда биз миядаги билимни тушунмаймиз, балки одам ўзининг исмини қандай билса, шундай тарзда билишни назарда тутяпмиз. Шунинг учун ҳам биз Исо Масиҳга қаттиқ ишонганмиз деганда, инсон ишончи доим Исонинг хочда қилган ишига қаратилишини тушунамиз.
Илоҳий Қонунни бажариш орқали ҳеч ким Худо олдида оқлана олмайди, деб яна қатъий айтяпти. Бунинг иложи йўқ! Худо қонунни берганда, у орқали нажот топиш мумкин деб айтмаган ҳам, қонун умуман бошқа мақсадда берилган эди. Биз ҳам мана шу ҳақиқатни ўз исмимизни билгандай билиб олишимиз керак. Кечқурун кимдир бизни уйғотиб, исминг нима, деса, биз дарров исмимизни айтганимиздек, худди шундай мана шу иноят хабарини билиб олишимиз керак. Чунки шу орқали биз Худо олдида оқланганмиз, оқланяпмиз ва шундай ҳолатда сақланиб турамиз. Яъни биз Исо Масиҳни Раббий, деб қабул қилганимиз захоти нажот топган эдик, ана ўша вақтдан бошлаб биз нажот топган бўламиз. Шундай кейин эса нажот жараёни бўшланади, яъни биз шу нажотни қаттиқ ушлаб туришимиз керак. Албатта бунда бизга Худо ёрдам беради ва буни амалга ошириш учун биз фақат ишончимизни Исога ва Унинг хочига қаратишимиз керак. Исо Масиҳ бизни олиб кетгани келганда нажот режаси ўз якунига етади ва ўшанда биз бутунлай озод бўлиб Худо билан бўламиз.
Биз нажот топганимизда гуноҳ жазосидан озод бўлдик, ҳар куни Исоги ишончимизни қаратиш орқали муқаддасланамиз ва гуноҳ қудратидан озод бўламиз, келажакда эса биз гуноҳ табиатидан умуман озод бўламиз.


17-оят
“Бундaн кўринaдики, Мaсиҳ орқaли оқлaнишни излaгaн ўзимиз ҳaм ҳaммa қaтори гуноҳкор бўлиб чиқдик. У ҳолдa, Мaсиҳ гуноҳ йўлининг ҳомийси экaн-дa? – Aсло!”

Бу оятда Павлус яҳудийлар ҳақида гапириб, ўзини улар қаторига қўшиб айтади, чунки унинг ўзи ҳам яҳудий эди. Илгари яҳудийлар ўзларини солиҳ деб ҳисоблаб, мажусийларни гуноҳкор деб ҳисоблаган бўлса, эндиликда Инжил хабарини эшитганда улар ўзлари ҳам бошқа одамлар каби гуноҳкор эканликларини кўрдилар ва шу ҳақиқатни тан олдилар. Чунки нажот топишдан олдин инсон ўзини гуноҳкор эканлигини тан олиши керак. Агар киши ўзини гуноҳкор деб ҳис қилмаса, демак унга нажот ҳам керак бўлмайди.
Имонга келганидан кейин ҳам киши башарий тана амри билан яшаса, у албатта гуноҳ қилади ва бутунлай гуноҳкор табиат ҳукмронлиги остида бўлади. Шундай пайтда Исо гуноҳ йўлининг ҳомийси бўладими, деган савол туғилиши мумкин, лекин бу шундай эмас, дейди Павлус. Агар биз гуноҳ қилсак, бунда ўзимиз айбдор бўламиз. Исонинг хочда қилган ишига ҳамма одамлар учун ва ҳамма давр учун етарлидир. Биз йиқилган бўлсак, бунга Исо айбдор бўлмайди, балки биз ишончимизни бошқа томонга қаратган бўламиз ва натижада гуноҳ қилган бўламиз.

2010-03-09

Матто баён этган Хушхабардан парча

24-боб
Исо охирзамон ҳақида

Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, шогирдлари Унинг ёнига келиб, диққатини маъбаднинг биноларига қаратмоқчи бўлишди. Исо уларга: «Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: бу ерда бирор ғишт бутун қолмайди, ҳаммаси вайрон бўлади», – деди.
Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирган вақтда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: «Бизларга айт-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?»
Исо жавоб бериб уларга деди: «Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: „Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради. Шунингдек, йироқ-яқиндан уруш хабарларини эшитасизлар. Аммо чўчиб ваҳимага тушмангиз! Ҳамма нарса Худо тақдир этганидек содир бўлиши лозим. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмасдир. Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчиликлар, ўлатлар, зилзилалар бўлади. Буларнинг бари эса бамисли тўлғоқнинг бошидир.
Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади. Ўшанда кўплар васвасага тушиб, бир-бирини тутиб беради, бир-биридан нафратланади. Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди. Лекин охиригача чидаган қутулади. Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади».

Буюк мусибат ва Исонинг қайта келиши
«Шундай қилиб, Дониэл пайғамбар каромат қилиб айтган „даҳшатли разолат” муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин! ) Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин. Томнинг устида турганлар уйидан анжомларини олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин. У кунларда ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ҳолига вой! Қочишингиз қишга ёки дам олиш кунига тўғри келмаслиги учун ибодат қилинглар. Чунки ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганида эди, ҳеч бир жонзод омон қолмасди. Лекин танланган кишилар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўшанда кимдир сизга: „Масиҳ мана бу ерда”, ёки „У ерда”, – деб айтса, ишонманглар. Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложини топсалар, ҳатто танланган кишиларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройибот ва мўъжизалар кўрсатадилар. Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
Шундай қилиб, агар сизларга: „Мана, У саҳрода”, – деб айтсалар, чиқманглар. „Мана, У берк хоналарда”, – деб айтишса ҳам, ишонманглар. Чунки Инсон Ўғлининг келиши худди шарқда чақнаб, ҳатто ғарбда ҳам барчага кўринувчи чақмоқдай бўлади.
Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланади.
Ўша кунларнинг мусибатидан сўнг, алҳол қуёш тутилиб, ой хираланади. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади. Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар уввос тортиб йиғлайдилар, Инсон Ўғли осмон булутлари узра буюк қудрат ва шон-шуҳрат ила келаётганини кўрадилар. У маҳобатли карнай тутган фаришталарини юборади. Улар эса Унинг танлаган кишиларини осмоннинг бир бурчидан бошқа бурчигача, тўрт томондан тўплаб келадилар».

Ҳушёр бўлиб туриш ҳақида
«Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. Худди шундай, сизлар ҳам буларнинг ҳаммасини кўргач, билингки, У яқиндир, эшик олдида турибди. Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас.

2010-03-04

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:13)

13-оят
“Шундa бошқa яҳудийлaр ҳaм Бутрусгa ўxшaб риёкорлик қилишди, ҳaтто Бaрнaбо ҳaм улaр риёкорлигининг қурбони бўлди.”

Антиохиядаги бошқа яҳудийлар Бутрусга бу ишда қўшилишади ва ҳатто Барнабо ҳам уларнинг риёкорлигига қўшилади, яъни улар иккиюзламачилик қилишади. Уларнинг иши нимага иккиюзламачилик эди? Авваламбор Эски Аҳдга асосан яҳудийлар билан мажусийлар ўртасида уларни ажратиб турадиган девор ёки парда бор эди. Яҳудийлар ўзларини Худо ҳалқи деб билиб, барча бошқа халқларни ўзларидан паст деб билар эди. Улар Худо халқи бўлганлигини тўғри эди, бироқ Худо уларни айнан бошқа халқларга Унинг улуғворлигини кўрсатиш ва бошқа одамларни нажотга етаклаш учун танлаган эди. Улар эса тўғри йўлдан секин оғиб кетган эдилар. Бундан ташқари яҳудийлар Эски Аҳддаги қонунларга қўшимча қилиб ўзлари учун яна кўп қонун-қоидалар тузишган эди ва шу қоидаларга кўра яҳудий мажусий билан умуман мулоқатда бўлиши мумкин эмас ва ҳатто у билан бирга овқат ейиши мумкин эмас эди. Бундай қонунлар орқали улар Худонинг амрларини бузишган эди, бу ҳақда Исо шундай дейди:
«Исо уларга жавоб бериб деди: – Нега сизлар ҳам ўз урф-одатингизни деб Худонинг амрини бузиб юрибсизлар?» (Матто 15:3).
Бироқ Исо Масиҳ хушхабарига кўра яҳудий билан мажусий ўртасидаги девор бузилган эди (Эфесликларга 2:14), энди улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ бўлиб (Римликларга 10:12, Галатияликларга 3:28), иккаласи ҳам ягона йўл, яъни Исо Масиҳ орқали Худога яқинлаша олади. Буни албатта Бутрус билган эди ва шунинг учун у илгари бемалол мажусийлар билан бирга овқатланиб юрган эди. Бироқ энди у бошқа яҳудийлардан қўрқиб ўзини мажусийлардан узоқлаштиради, бунда унга бошқа яҳудийлар ҳам қўшилиб кетади. Унинг ҳақиқат асосида доим яшамаганлиги орқали унинг қилган риёркорлигини кўрсак бўлади.
Бутрус қилган иш юзаки қараганда унчалик оғир жиноят бўлиб туюлмасада, аслида унинг қилган иши хушхабарнинг марказий таълимотига зарба беряпган эди. Бутрус қанчалар буюк ҳаворий бўлишига қарамасдан, ҳамда Худо унга ваҳий орқали мажусийларни нопок ёки ҳаром, деб ҳисоблама, деб айтган бўлишига қарамасдан (Ҳаворийлар фаолияти 10-боб), у Инжил хушхабарига таянмади ва Муқаддас Руҳда юрмади. Балки у бошқа одамлардан қўрқиб, шундай йўлни тутди. Шундай қилиб, биз ёки яна бошқа одам илгари қанчалик руҳий одам бўлган бўлсада, энди ишончини Исога қаратмаса, бундай киши осонлик билан тўғри йўлдан секин оғиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз доимо ишончимизни Исога қаратишимиз керак, ўшандагина Исо бизни тўғри йўлда сақлайди. Биз буни ҳар куни қилишимиз керак ва ўлимимизгача ёки Раббимиз Исо келишигача шундай йўсинда яшашимиз керак. Биз ўлсак, гуноҳ табиатдан озод бўламиз ва у бизга умуман таъсир қилмайди ва биз Исо билан доим бўламиз. Ёки Исо бугун бизни олиб кетиш учун келса, унда ҳам биз кўз очиб юмгунча ўзгарамиз ва Исонинг улуғвор танасига ўхшаган танага эга бўламиз ва доим Исо билан бирга бўламиз! Шу кун тезроқ келса эди!
Шундай қилиб Бутрус қилган иккиюзламачилик шундай иборат эдики, у бошида хушхабар эркинлигида юрганди ва мажусийларга ҳам эркинлик хабарини кўрсатяпган эди, бироқ энди эса у яҳудийларнинг ўзлари ҳам бажара олмаган қонунга риоя қила бошлади ва шу билан мажусийлар ҳам Эски Аҳд қонунларини бажариши керак деяпган эди. Бу эса мутлақо Инжил хушхабарига тескари таълимот эди.
Эски Аҳддаги қонунлар ва турли хил қурбонликлар ва маросимлар Янги Аҳднинг, аниқроғи Исонинг сояси эди (Колосаликларга 2:17, Ибронийларга 10:1). Биз сояга қараб, бу соя кимнинг сояси эканлигини айтсак бўлади, масалан бу соя ҳайвонники, буниси эса одамнинг сояси десак бўлади. Бироқ одам соясига қараб одамнинг ўзи қандайлигини айтиш қийин, фақатгина одамнинг ўзини кўриб, биз унинг қандайлигини биламиз. Худди шундай қилиб, Эски Аҳддаги ҳамма маросимлар ва қурбонликлар Исонинг сояси эди, яъни улар Исога ишора қилар эди. Шунинг учун Исо келганидан кейин, бизга соя керак эмас, чунки энди биз соя ишора қилган Зотга қараймиз.
Эски Аҳддаги нарсаларни ўқиш орқали биз улар Кимга ишора қилганини билиб оламиз, Янги Аҳдни ўқиш орқали эса шу ҳақиқий Кимса ва ҳақиқий нарса нима эканлигини билиб оламиз. Худонинг Ўзи бизга шу ҳақиқатни тушунишга ёрдам беради ва унга асосан яшашга истак ва куч беради, биз фақат ишончимизна Исо қилган ишига қаратиб ва шу асосида Худодан ёрдам кутишимиз керак. Бу таълимот оддий, осон сўзлар билан тушунтирса бўлади, бироқ уни тушуниш мушкул, бунда фақат Худо бизга ёрдам бера олади. Бироқ биз шу таълимотни тушуниб, уни қаттиқ ушлаб олганимизда ичимиздаги Муқаддас Руҳ қатта куч-қудрат билан ичимизда ишини қилади ва биз орқали қувватли ва ажойиб ишларини амалга оширади. Биз ҳак куни ишончимизни Исога қаратишимиз керак ва ҳар доим шу таълимотни эшитишимиз керак, чунки биз тезда бундай нарсаларни эсдан чиқаришимиз мумкин. Агар Бутрус бу таълимотни яхши тушунмасдан, қонунга оғиб кетган бўлса, биз ҳам худди шундай ожизмиз ва бизга доим кимдир Павлус каби хушхабар таълимотини айтиб туриши керак бўлади.

2010-01-18

Худовандга манзур бўлган қурбонлик

«Бир муддатдан кейин Қобил (ибронийча Қайин) ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди. Ҳобил ҳам қўйларининг каттасидан (ибронийчада: тўнғичини) қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Ҳобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрди. Аммо Қобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Қобил қаттиқ ранжиб, қовоғини солди». (Ибтидо 4:3-5)

Мана шу биринчи ака-ука, яъни Қобил (ибронийчасида Қайин) ва Ҳобил ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ эди, бироқ уларнинг қурбонликлари ўртасида ер билан осмон каби фарқ бор эди. Уларнинг иккаласи чириган дарахтнинг эгри шохлари эди, иккаласи ҳам Адан боғидан ташқарида туғилган, иккаласи ҳам айбдор, иккаласи ҳам гуноҳкор бўлиб, ораларида ҳеч қандай маънавий фарқ йўқ эди ва иккаласи ҳам ўлимга маҳкум эди.
Худо Ўзининг олдига одамлар қандай яқинлашишини бизга кўрсатади ва бу йўл “ишонч орқали” сўзлари билан ифодаланади (Ибронийларга 11:4). Ҳобил мана шу йўлни қабул қилган эди, Қобил эса ундан воз кечган эди.
Ҳобилнинг қурбонгоҳи бизга тавба қилиш, имон ва Худонинг беғубор Қўзиси бўлган Масиҳнинг қадрли қони ҳақида хитоб қилади. Қобилнинг қурбонгоҳи эса мағрурлик, ишончсизлик ва инсоний солиҳликни кўрсатади. Ҳобилнинг қурбонгоҳи Худо назарида чиройли бўлиб, одамлар назарига хунук бўлиб кўринади; Қобилнинг қурбонгоҳи эса инсон назарида чиройли бўлиб, Худо унга ҳатто қарагиси келмайди.
Бугунги кунда ҳам мана шу иккита қурбонгоҳлар мавжуд. Уларнинг бири атрофида, яъни Масиҳ ва Унинг нажоткорлик иши атрофида кам одам йиғилган; иккинчиси атрофида эса кўплар йиғилган. Худо қурбон бўлган қўзини қабул қилади ва ҳадя қилинган меваларни рад этади; ҳадя ёки қурбонлик рад этилгани учун, қурбонликни келтирган инсон ҳам рад этилиши лозим бўлади.
Биз шуни доим эсда сақлашимиз керакки, Худо ҳеч қачон гуноҳкорга қарамайди, чунки бундан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Худо аллақачон гуноҳкор киши нима эканлигини билади. Аксинча Худо қурбонликка қарайди, У қабул қиладиган ягона Қурбонлик эса Исо Масиҳнинг Қурбонлигидир! Ҳар қандай бошқа қурбонлик ва ҳадя ўша захотиёқ рад этилади!
Худога олиб борадиган ягона йўл Исо Масиҳдир (Юҳанно 14:6).
Исо Масиҳга олиб борадиган ягона йўл хочдир (Луқо 9:23).
Хочга олиб борадиган ягона йўл эса инсон ўзидан воз кечишидир (Луқо 9:23).

2010-01-10

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:11-12)

11-оят
“Бутрус Aнтиоxия шaҳригa келгaндa, унинг хaтолигини юзигa айтиб фош қилдим.”

Мана шу оятда Павлус хушхабарни ҳимоя қилганини кўрамиз. Бутрус Исо билан бирга юрган, биринчи бўлиб Исо Худонинг Ўғли эканлигини ваҳий орқали билиб айтган эди ва у Павлусдан каттароқ эди. Шу билан бирга Қуддус шахрида Бутрус жамоат устуни, деб ҳисобланар эди. Бу ерда эса Павлус унинг юзига қараб, у хато қилганини айтади. Павлус буни бошқа одамлар олдида қилади. Бу билан у Бутрусга қарши чиққан десак ҳам бўлади. Бунинг сабаби нима эди? Сабаби Бутрус айбли иш қилган эди, яъни у Худо иноятини тарк этиб, энди қонун бўйича яшай бошлаган эди. У айнан нима қилганини кейинги оятда кўрамиз.
Биринчи назардан у қилган иш бунчалик ёмон эмасдай кўриниши мумкин, бироқ Худо инояти нималигини билган масиҳий, аслида масала қанчалик жиддий эканлигини билади.
Бундан олдин Қуддусда Павлус Бутрус олдида у билан тенг ҳаворий сифатида турган эди, Бутрус уни ва унинг хабарини қабул қилади. Энди эса бу Антиохия шаҳрида Павлус Бутрусни тўғри йўлга соляпти, чунки у тўғри йўл бўлмиш Худо иноятидан оғиб кетяпган эди. Бундай дадиллик ва қудратни фақат Худонинг Ўзи беради, Муқаддас Руҳда яшаяпган масиҳий шундай ишларни қилиши мумкин. Башарий танада яшаяпган одам эса ҳеч бундай иш қилмаган бўларди. Башарий танада яшаяпган одам жим туриш керак бўлганда югуриб кетади, югуриш керак бўлганда жим туради, яъни турли вазиятларда нима қилиш кераклигини билмайди. Муқаддас Руҳда яшаяпган киши эса Руҳ беряпган истаклар ва турткилар асосида айни вазиятда айни нима қилиш керак бўлса, ўшани қилади ва доим Худога манзур бўлиб яшайди. Башарий танада одам эса ҳеч қачон Худога манзур бўла олмайди. Мана Павлус мисолида инсон обрўсига ва исмига қарамасдан Худо иродасини бажариш ва хушхабарни сақлашни кўрсак бўлади.


12-оят
“Чунки Қуддусдaн, Ёқубнинг ёнидaн бaъзи одaмлaр келишидaн aввaл Бутрус мaжусийлaр билaн биргa еб-ичиб юргaн эди. Aммо у одaмлaр келгaч, суннaтчилaрдaн xaвотирлaниб, ўзини четгa олди вa мaжусийлaр билaн aлоқaни узди.”

Мана бу оятда нима бўлганини кўрамиз. Демак Бутрус Антиохия шаҳрида яшаб юрган ва у ердаги жамоатда мажусийлар кўп бўлган. У Худо инояти нимадан иборатлигини биларди, чунки Худо унга мажусийлар ҳам Исо орқали нажот олиши мумкинлигини ваҳий орқали кўрсатган эди (Ҳаворийлар 10чи боб ва 11:1-18). Шунинг учун Бутрус бемалол мажусийлар билан овқатланиб юрар эди. Бироқ кейинчалик Қуддус шаҳридан, Ёқуб жамоатидан айрим яҳудийлар келади, улар Исони қабул қилган, фақат хали ҳам қонунни бажариш шарт, деб юрадиганлардан эди. Улар албатта Бутрус билан бирга юришади ва улардан қўрқиб Бутрус мажусийлар билан бирга ўтирмайдиган бўлиб, улар билан алоқани узади. Бутрус бундай қилишидан асосий сабаб инсондан қўрқиш эди.
Шу билан Бутрус Исо хочини тарк этяпган эди ва қонун асосида яшамоқчи бўляпган эди (чунки яҳудийлар қонунига асосан яҳудийлар мажусийлар билан яқин муносабатларда бўлмайди, улар бирга овқатланмайди, дўст тутинмайди ва ҳакозо). Мана шунинг ўзи Худога қарши қилинган энг катта гуноҳ ва жиноятдир. Чунки иноятдан юз ўгириб, қонунга қараяпган имонли киши, Исонинг хочда қилган иши етарли эмас, мен ўз кучим ва қилган ишларим билан Худо олдида оқланаман, деган бўлади. Бу албатта нотўғри фикр, ҳеч ким қилган ишлари билан Худо олдида оқлана олмайди. Биз фақат Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониш орқали Худо олдида оқланамиз, нажот оламиз ва муқаддасланамиз.
Бу оятдаги “суннатчилар” деган сўз аслида хатналик деб ёзилган, илгари айтганимиздек бу сўз билан Павлус яҳудийлар, яъни қонунга ёпишиб олганларини назарда тутади.
Шундай қилиб, биз ҳам бошқа одам қилган иши ва гапирган гапига қарамасдан, фақатгина Худо Каломи асосида яшашимиз керак. Бу ерда Бутрус яҳудийлардан қўрди, кейинга оят бўйича эса яна бошқа яҳудий имонлилар Бутрусга қараб унинг иккиюзламачилигига қўшиладилар. Кимдир келиб, мен ҳаворийман, ёки яна нимадир айтиб, Каломга тескари нарсаларин айтса ва қилса, биз унинг гапига эмас, балки Худо Каломига эътибор бершимиз керак. Албатта агар биз Худо иноятини билсак ва Руҳда яшаяпган бўлсак, биз дарров кимдир соҳта нарсаларни гапирганини сезамиз. Бунда бизган Худо Каломини билишимиз ва Муқаддас Руҳга сезгир бўлишимиз ёрдам беради. Яъни Муқаддас Калом ва Муқаддас Руҳ бизни ҳар қандай ёлғондан ва нотўғри йўлдан сақлайди. Биз фақат шу иноят хабарини яхшилаб билишимиз ва ҳаётимизда татбиқ этишимиз керак. Шу хабарни ўзимиз билиб олгандан кейин, албатта бошқаларга ҳам уни айтишимиз керак. Агар бошқаларга тушунтиришга қийналсангиз, уларга шу саҳифа манзилини беринг ва улар ўзлари ўқиб ўрганиб олишлари мумкин бўлади.

2010-01-02

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:9-10)

9-оят

"Шундaй қилиб, имонлилaр жaмоaтининг устунлaри ҳисоблaнгaн Ёқуб, Кифa вa Юҳaнно Xудо менгa бу иш учун aлоҳидa иноят бергaнигa ишонч ҳосил қилдилaр. Улaр биз мaжусийлaрнинг олдигa кетaйлик, қолгaнлaр эсa aҳли суннaтнинг олдигa кетсин, деб келишдилaр вa мен билaн Бaрнaбогa бирдaмлик қўлини бердилaр".


Бу оятдаги Ёқуб – Исо Масиҳнинг укаси, яъни Марям ва Юсуфнинг ўғли бўлиб, у илгари Исога ишонмас эди, лекин Исонинг қайта тирилишидан кейин ишониб, эндиликда у Қуддусдаги жамоат чўпони эди. Демак шу Ёқуб билан Кифа (яъни Бутрус) ва Юҳанно Қуддус жамоатининг устунлари, яъни кўчма манода устун – жамоатни кўтариб турадиган одамлар, деган маънони билдирарди. Яна аниқроқ қилиб айтсак, ўша пайтдаги масиҳийлар шу учта одамни жамоат устуни, деб билишар ва айтишар эди.

Шу уччаласи жамоат устини деб ҳисобланар эди. Улар Павлусга берилган иноятни (яъни иноят хабарини) кўришди ва Павлус билан Барнабога бирдамлик ўнг қўлларини бердилар. Яъни шу билан улар иноят хабарини қабул қилиб, уни тўғри деб тан олдилар ва энди Павлус ва Барнабо билан муносабатда бўлишга рози бўлдилар.

Юнон тилидаги матнда “бу иш учун алоҳида” деган сўзлар йўқ, у ерда “менга берилган иноятни кўрганларида” дейилган. Яъни Худо айнан Павлусга иноят хабарини берганди, шунга эътибор беришимиз керак. Чунки Павлусга қадар Худо хали ҳеч кимга иноят хабарини (Янги Аҳд мағзини) очмаган эди. Павлус бу хабарни барча мактубларида ёзган, буларни ўқиб, Руҳдан донолик сўраган масиҳийлар уни тушуниб оладилар ва ўз ҳаётларида татбиқ этадилар.

Энди Павлус ва Барнабо мажусийларга (яҳудий бўлмаган одамларга) шу хабарни айтишсин; Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно эса яҳудийларга хушхабарни айтишади, деб сўзлашиб олишади. Матнда ўзбекчага “aҳли суннaт” деб таржима қилинган сўзлар юнончада кўчма маънода “хатналикларга” деб ёзилган. Аслида бу ерда яҳудийларнинг қонун буйича хатна қилишлари ҳақида гап кетади, Павлус шу “хатналик” сўзи билан яҳудийларни назарда тутяпти. Суннат қилиш ёки суннат бўлиш деган фикр эса ислом динида бор, унинг маъноси киши Муҳаммад қилган ишлар ва одатларга эргашиши дегандир, бироқ биз масиҳийлар бундай маънода хатна қилиш ва хатналикни тушунмаслигимиз керак. Биз кўп ҳолларда бир хил сўзлар ва ибораларни ишлатсакда, бошқа одамлар тушунгандай ёки тушунтиргандай эмас, балки ўша сўзлар Муқаддас Калом бўйича қандай маънодга эга эканлигини аниқ билиб олишимиз керак ва ўшанда Каломдаги оятлар қандай маънода ёзилганлигини аниқроқ бўлади. Албатта бунда бизга Муқаддас Руҳ кўмаги керак бўлади.

Бирдамлик ўнг қўлини бердилар: яъни улар Павлус билан Барнабони ҳам ўзлари каби Худо ҳаворийлари, деб тан олишади, ҳамда улар Павлус воизлик қилган иноят хабарини Худодан деб тан олишди. Шу билан Павлусга ва унинг хабарига қарши чиққанлар овози ёпилди. Чунки ўша пайтда айрим одамлар Мусо қонунини бажариш шарт, деб айтишар эди, яна айримлари эса Павлус воиз қилган иноят хабарига қарши чиқиб, уни чин ҳаворий эмас, дердилар. Бироқ Қуддусда шундай воқеа бўлганидан кейин, бошқа ҳаворийлар Павлусни ҳаворий деб қабул қилишди, ҳамда унинг иноят хабарини ҳам тан олишди, шу билан бошқаларни алдамоқчи бўлган одамлар фош бўлди.


10-оят

"Улaр фaқaт биз кaмбaғaллaрни эсдaн чиқaрмaслигимизни илтимос қилдилaр, буни шaxсaн мен бaжо келтиришгa жон куйдирдим".

Камбағалларни эсдан чиқармаслик – бу ерда асосан Қуддусдаги камбағал масиҳийлар назарда тутилган бўлиши керак, чунки Павлуснинг мактубларидан шуни кўрамизки у ҳамма одамларга яхшилик қилинг, бироқ биринчи бўлиб имонлиларга ёки масиҳийларга ёрдам беринг, дейди (Галатияликларга 6:10). Яна Павлус айнан Қуддусдаги масиҳийлар учун ёрдам сўраб, бошқа шаҳарлардаги жамоатлардан маблағ йиғади (Римликларга 15:25-33; 2 Коринфликларга 9:1-15).

Шу билан Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно Павлуснинг хабарини тан олишди, чунки улар иноят хабарига ҳеч нарса қўшмадилар, ҳеч нарса ундан олиб ташламадилар ва уни ўзгартирмадилар. Камбағаллар ҳақида айтилган масала эса, таълимотга тегишли эмас, балки ёрдам сўраш сифатида тушунилиши керак.

Павлус эса аллақачон шундай ҳам қилиб келаётган эди, яъни у Худо эзгулигини таътиган ва иноятда яшаётган одам сифатида Худо иродасини билиб, ён-атрофидаги одамларга ҳам руҳий, ҳам моддий тарафдан ёрдам бериб келяпган эди. Шу сўзлардан кейин ҳам Павлус юқорида кўрсатганимиздек Қуддусдаги камбағал масиҳийларга ёрдам бера бошлайди.

Биз ҳам Худо инояти ҳақидаги хабарни ҳеч қачон ва ҳеч қандай тарзда ўзгартирмаслигимиз керак. Биз доим Исо Масиҳга ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратиб яшашимиз лозим. Бу ягона йўл, Исодан ва Унинг хочидан назарни олиб қочиш натижасида инсон иноятдан йиқилади ва имони чўка бошлайди.

Фақат яна ишончни Исога ва Унинг хочига қаратиш орқали, бундай инсон иноята қайтиб келиши мумкин ва яна Муқаддас Руҳда яшай бошлаши мумкин.

Шундай қилиб, Галатияликларга 1:17-2:10 оятларда Павлус қандай қилиб Худо унга иноят хабарини берганлигини, бу хабарга айримлар қаршилик қилгани, бироқ Қуддусдаги ҳаворийлар бу хабарни тўлиқлигича қабул қилганлари ҳақида гапиради. Шу билан Худо чиндан ҳам унга шу хабарни берганлиги ва Худога эргашган одам бу хабар Худодан эканлигини билишини кўрсатади.

Худо айнан Павлусга Янги Аҳд мағзини (иноят хабари, хоч хабарини) берганлигини ва у шу хабарни ҳимоя қилиши кераклигини мана бу оятлардан кўрамиз: Галатияликларга 1:11-12, 15-16; Филиппиликларга 1:7, 17. Кейинги оятларда эса Павлус шу хабарни ҳимоя қилганлигини кўрамиз.