2010-06-06

Гуноҳ табиати

Гуноҳ табиатини нималигини тушуниш масиҳийга иноят хабарини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Худо Исо Масиҳ орқали сизга тўлиқ озодлик беришини ва муқаддасланиш жараёнини ўргатишини сўраб қоламан. Биз аввал гуноҳ табиати ҳақида гаплашамиз, чунки гуноҳ ҳамма муаммоларнинг илдизидир, биз муаммони аниқлаб олгандан кейин, қандай қилиб шу муаммони ечиш ҳақида гаплашамиз.
Аввал келинг мен сизга бир ҳикояни айтиб бераман ва шундан кейин гуноҳ табиати ҳақида гаплашамиз. Бир неча йиллар илгари Европада эр-хотин бўлган экан ва улар бор пулларини йиғиб, кемага чипта олиб, Америкага бормоқчи бўлибдилар. Уларнинг пуллари унча кўп бўлмагани учун, энг арзон чипталарни олишибди; шунга ҳам хурсанд бўлиб, белгиланган куни кемага чиқиб йўлга тушибдилар. Улар анча кун юришибди ва Нью-Йоркка бир неча кун қолганида, улар турган хонага ўша ерда хизмат қилиб юрадиган бир йигит келиб қолибди; у қарасаки, эр-хотин ўтириб, қотиб қолган нонларни еб ўтиришган экан. Бу йигит ҳайрон қолиб, “Ие, нега қотган нонларни еб ўтирибсизлар?” деб сўрабди. Улар эса уялиб, “Биз фақат энг арзон чипталарни олган эдик, овқат олишга эса бошқа пулимиз йўқ эди, шунинг учун ҳали уйдалигимизда йўлга нон ва яна бошқа нарсалар олган эдик, ҳозирга келиб нонлар қотиб кетди”, дейишибди. У йигит, “Ўзингиз билан овқат олиб келганмидингиз?” деса, улар “Ҳа” деб, жавоб беришибди. Йигит янада ҳайрон бўлиб, “Наҳотки билмасангиз?! Чипта нархига шу кемада қилинган турли хил овқатлар ҳам кирадику! Ахир сиз ҳар куни истаганингизча овқат ейишингиз мумкин эдику!” дебди. Ўша пайт эр-хотин ўзларини қандай ҳисс қилганларини ўзингизга бир тасаввур қилиб кўринг-а! Улар қанчалар ачинган бўлсалар керак. Чунки шунча вақт ичида улар аллақачон тўланган нарсалардан фойдаланмаяпган эдилар эдида.
Мен сизга: “Сиз мана шу эр-хотин сингари иш тутган бўлармидингиз?” десам, нима деб жавоб қайтарган бўлардингиз? Биз масиҳийлар кўпинча худди шундай иш тутамиз, яъни Исо Масиҳ биз учун нималар қилганини ва У тўлаган нархга нималар киришини тўлиқ билмаймиз. Шунинг учун ўз кучимизни ишлатиб, қотган нон ушоқларини еб юрамиз; шу пайт ўзида эса биз энг мазали ва тўйимли овқатларни еб юрсак бўларди.
Албатта агар кимдир сиздан “нимани танлайсан: қотган нонними ёки тўй овқатими?” деб сўраса, сиз тезда овқатни танлаган бўлардингиз. Овқат турганда қотган нон кўзга кўринмайдида. Бироқ негадир руҳий ҳаётимизда биз овқатдан воз кечиб, ҳар куни қотган нонларни еб юрамиз. Биз ўзимиз учун қила олмаган нарсани Исо қилди, биз тўлай олмаган нархни Исо хочда тўлади. Биз урунишларимиз билан Исонинг хочда қилган қурбонлиги оёқ ости қилган бўламиз. Чунки биз қила олмаган ишни Исо қилган бўлса, қандай қилиб яна ўша ишни қилишга ҳаракат қилишга журъат этяпмиз? Бундай қилиш билан Исони ҳақорат қилган бўламиз, чунки бу билан Исо ишини охиригача бажармаган ёки Унга бизнинг ёрдамимиз керак, деган бўламиз. Бироқ билингки, қотган нонлар ейиш кунлари энди ортда қолиши керак, эндидан бошлаб сиз Исо иноятида яшашни ўрганасиз ва гуноҳ табиатидан озодликда яшашни бошлайсиз. Худодан шуни сўранг ва шуни қабул қилишга ишонинг.

Гуноҳ табиатини нималигини тушуниш имонли киши ҳаётида катта аҳамиятга эга, бироқ кўпчилик масиҳийлар гуноҳ табиати борлигини ҳам билмаса керак. Бу тушунчага эга бўлиш, муаммони тушуниш билан тенг бўлиб, муаммони билгандан кейин унинг ечими ҳақида гаплашамиз. Қисқача қилиб бу ерда, муаммо – гуноҳ табиати, десак бўлади; унинг ечими эса – Исога ва Унинг хочда биз учун қилган ишига бўлган ишонч деб айтсак бўлади. Келинг, шуларни тартиб билан кўрайлик.
Павлус Римликларга мактубининг 6чи бобида юнон тилида 17 марта “гуноҳ” сўзини ишлатган, шулардан 15 мартасида “гуноҳ” сўзи олдида аниқ артикл бор; бу дегани Павлус 15 марта гуноҳ ишлари ҳақида эмас, балки гуноҳ табиати ҳақида гапирган. Афсуски буни ўзбекча ва бошқа тиллардаги таржимада кўриш қийин. Бунга мисол қилиб Римликларга 6:1-2 оятларни келтирайлик: «Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳ қилишни давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз. Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз?» Аслида бу оятларни қуйидагича тушиниш керак: “Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳда (яъни гуноҳ табиатида яшашни) давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) учун ўлдик, қандай қилиб энди унда яшайверамиз экан?” Шундай қилиб бу оятларда гуноҳ қилиш ҳақида гап кетмаяпти, балки гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшаш ҳақида кетяпти. Албатта гуноҳ табиатида яшаган одам, гуноҳ ишларини қилади, бироқ бу ишлар мева бўлиб, гуноҳ табиати эса дарахтнинг илдизидир. Оддий қилиб айтганда гуноҳ табиати Одам Ато гуноҳ қилиши натижасида пайдо бўлган, ҳозирги барча одамлар гуноҳ табиатга эга. Исога ишонган гуноҳкор Масиҳни қабул қилганда, у қайтадан (руҳан) туғилади ва унинг қалбига Илоҳий табиат кириб келади (2-Бутрус 1:4). Бу ҳолат Муқаддас Руҳ ичимизда яшаши орқали содир бўлади, шу орқали биз Худонинг маъбадига айланамиз (1-Коринфликларга 3:16); шу ҳодисадан кейин имонли кишининг янги табиати Исо Масиҳга ўхшаган бўлиб, энди у гуноҳ қилишни эмас, балки солиҳликда юришни истайди. Шундада, инсон имонга келганидан кейин, унинг ичидаги гуноҳ табиати ўлмайди ва бутунлай йўқ бўлиб қолмайди, балки у карахт (яъни мўрт ёки ишламайдиган) бўлиб қолади. Имонли киши хар куни ишончини Исога ва Унинг хочда қилган ишига қаратадиган бўлса, гуноҳ табиати унга таъсир қилмайди ва у бу муаммо ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Павлус айтганидек: «Шунга ўхшаб, сизлар ҳам ўзларингизни гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) қаршисида ўлик, лекин Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашган ҳолда Худо қаршисида тирик ҳисобланглар». (Римликларга 6:11).
Агар эътибор берган бўлсангиз, бу оятда гуноҳ табиати ўлик, дейилмаган, аксинча биз гуноҳ табиатига нисбатан ўликмиз, дейилган. Демак, гуноҳ табиати ҳали ҳам ичимизда, бироқ Муқаддас Руҳ таъсири ва бизнинг тўғри йўналишдаги ишончимиз туфайли у карахт ҳолда бўлади, яъни у бизга таъсир қилмайди. Мана шундай ҳолат “Муқаддас Руҳ амри билан яшаш” ёки “Худо иноятида яшаш” дейилади. Бироқ биз ишончимизни ўзимизга ёки қонунга қаратадиган бўлсак, унда гуноҳ табиати ўз таъсирини кўрсата бошлайди, чунки бундай ҳолатда Муқаддас Руҳ ичимизда Ўз фаолиятини кўрсатмайди. Чунки Худо Ўз шуҳратини инсонга бермайди, гуноҳ табиати устидан ғалаба эса фақат Худога боғлиқ бўлиб, Отамиз Худо бу ғалабани Исонинг хочдаги иши орқали бизга беради.

Демак, биз гуноҳ табиати ҳақида гаплашдик, у ҳамма одамларда бор ва унинг устидан ғалабани бизга Худо беради, бунинг учун биз фақат Исога ва Унинг хочда қилган ишига ишонишимиз керак. Инсон Исони қабул қилганида, унинг ичида айрим нарсалар содир бўлади ва шулар асосида у гуноҳ табиатига нисбатан ўлик бўлиб қолади. Мисол учун Римликларга 6:3-5 оятларни кўриб чиқайлик: «Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик. Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим. Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак, албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз». Аслида бу оятда сувда чўмдирилиш ҳақида гап кетмайди, юнон тилида “сувда” деган сўзнинг ўзи йўқ; балки биз Масиҳнинг ўлимига чўмдирилганимиз, У билан кўмилганимиз ҳақида гапирилган. Шундан кейин эса биз Исо билан қайта тирилиб, янги ҳаётга эга бўламиз. Шуларнинг ҳаммаси биз Исони қабул қилганимизоқ содир бўлган эди. Ўша пайтда биз гуноҳлардан кечирим оламиз ва гуноҳ табиати бизга таъсирини кўрсата олмайди. Шунинг учун ҳам янги имонли киши ҳаётида айб йўқолиб, гуноҳ устидан ғалаба пайдо бўлади ва натижада катта ўзгаришни нафақат унинг ўзи, балки атрофидаги бошқалар ҳам кўради. Бироқ агар имонли киши гуноҳ табиат нималигини ва Худо инояти қандай ишлашини билмаса, у албатта қонун остига қайтиб боради ва гуноҳ табиати яна шу кишининг ҳаётида ҳукм суриши мумкин. Афсуски бундай ҳолатни кўпгина масиҳийлар ҳаётида кўрса бўлади: улар гуноҳ қилмай яшашни истайдилар, бироқ қанчалик урунмасалар гуноҳ ҳаётларида ҳукмронлик қилганини кўрадилар. Муқаддас Калом бўйича бундай бўлиши керак эмаслигини улар биладилар, бироқ ўзларида бунинг аксини кўрадилар. Албатта улар Худони севадилар ва шунинг учун гуноҳга қарши курашни давом эттираверадилар, бироқ гуноҳ устидан ғалабага эриша олмайдилар. Каломда “энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин” (Римликларга 6:12) дейилганини биладилар, бироқ ўз ҳаётларида гуноҳ ҳокимлик қиляпганини кўрадилар. Шу билан улар нимага шундай бўляпганини билмайдилар ва илгаригидек кўпроқ ҳаракат қиладилар-у, бунинг натижаси эса янада ёмонлашиб кетаверади. Тўғри, Худо хали ҳам Ўз меҳри билан уларга баракат бериб туради, бироқ улар тўлиқ ғалабага, тинчликка ва эркинликка эриша олмайдилар. Шундай вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетиш мумкин, деган саволга жавоб берайлик.
Бу мураккаб савол ва қийин вазиятга жавоб жуда оддий: инсон қандай қилиб Исони қабул қилган бўлса, шу йўсинда ҳар куни яшайвериши керак (Колосаликларга 2:6). Биз Исони Раббий деб қабул қилдик ва Унинг хочдаги ишига ишончимизни қаратдик, шу асосида биз нажот топдик. Энди эса ҳар куни ишончимизни шу йўналишда қаратишимиз керак: ҳамма нарсада ишончимиз ўзимизга эмас, балки Исога қаратилса, ҳамда ҳамма нарсани Худо бизга хоч орқали беришига ишонсак, ғалаба бизники бўлади. Айрим одамларга бу ҳаддан ташқари оддий ва осон бўлиб кўриниши мумкин, чиндан ҳам биз қила олмаган нарсани Худо биз учун бажарди, энди эса биз фақат шунга ишониш орқали Худо қилган ишидан баҳраманд бўламиз. Мана шуни иноят хабари деймиз.

Худо иноятини нотўғри тушунганлар ҳақида гаплайлик. Кўпгина масиҳийлар имонли кишида хали ҳам гуноҳ табиати бор бўлишини тан оладилар, бироқ гуноҳ устидан ғалабага эриша олмаганлари учун, “биз гуноҳ қилишимиз мумкин”, деб нотўғри хулоса қиладилар. Бошқача қилиб айтганда улар ўзларида гуноҳ қилиш учун “рухсатнома” бор, деб ҳис қиладилар. Шунинг учун улар масиҳий гуноҳ қилса ҳеч нарса бўлмайди, бу оддий ҳол деб биладилар. Уларда гуноҳ табиати бўлгани учун гуноҳ ишларини қиладилар, шунинг учун улар ўзларини жавобгар эмас, деб ҳисоблайдилар. Албатта улар бундай фикрлаб, нотўғри иш қиладилар. Павлус бундай одамларга шундай жавоб беради: “Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳда (яъни гуноҳ табиатида яшашни) давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ (яъни гуноҳ табиати) учун ўлдик, қандай қилиб энди унда яшайверамиз экан?” (Римликларга 6:1-2).
Худо бизни гуноҳдан озод қилади ва бизни гуноҳда қолдирмайди. Ғалаба қилиш учун Худонинг режаси бор, биз шу режани билиб, унга риоя қилиш орқали ғолибона яшашимиз мумкин, шунинг учун юқорида келтирилган сабаб бекордир. Чиндан ҳам Муқаддас Руҳда яшайдиган масиҳий гуноҳдан нафратланади ва Худо ёрдами билан гуноҳ устидан ғалаба қилади.
Яна бошқа имонлилар эса имонга келишдан олдин инсонда гуноҳ табиати бўлади, кейин эса гуноҳ табиати йўқ бўлиб кетади, дейдилар. Бироқ, бор нарсани инкор қилиш билан, ўша нарса йўқ бўлиб қолмайди. Муаммо борлигини инкор қилганлари учун, бундай имонлилар Худонинг режаси асосида ғалабага эга бўлмайдилар, чунки уларда муаммо йўқ бўлса, улар унинг ечимини ҳам изламайдилар ва қабул қилмайдилар ҳам. Гуноҳ табиати билан яшаш эса жуда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Бундай фикрга жавоб қуйидагича: агар имонлида гуноҳ табиати йўқ бўладиган бўлса, Муқаддас Руҳ Павлус орқали қандай қилиб гуноҳдан ғалаба қилиш ҳақида бекорга ёзган эканда! Бундан ташқари айнан шу одамлар ҳаётига қарасангиз, гуноҳ табиати улар устидан ҳукмронлик қиляпганини кўрамиз.
Яна Павлус шундай дейди: “Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар” (Римликларга 6:12). Яъни имонли ичида гуноҳ табиати бор бўлсада, шу гуноҳ табиати унинг устидан ҳокимлик қилиши керак эмас, яъни биз Худо инояти орқали бунга йўл қўйишимиз керак эмас. Бунинг учун эса, илгари ҳам айтганимиздек, масиҳий киши ўз иродаси ёки кучини ишлатмасдан, балки Исога ва Унинг хочдаги ишига ишониши керак.
Юқорида келтирилган иккита нотўғри фикрни тушуниб, бундай фикрлардан воз кечишимиз керак. Чунки бундай фикрлаш орқали биз Худога манзур бўлмаймиз. Худога фақат Исо Масиҳ манзур бўла олади, биз эса Исони қабул қилиб, ҳар куни Исода бўлсак, ўшанда биз Исо орқали Худога манзур бўламиз.

Энди иноятда яшашни билмаган имонлилар ҳаёти ҳақида гаплайлик. Қисқача қилиб айтганда гуноҳ табиати ҳокимлиги остида яшаяпган имонлилар гуноҳга қарши кураш билан банд бўлиб, улар тинчлик нималигини билмайдилар. Биринчи имонга келган одам Худо иноятида яшашни бошлайди ва Худо учун ҳамма нарса қилишга тайёр бўлади. Бироқ ундан имонда ёши катталар унга: “А, бир-икки ой ўтсин, сен ҳам бизга ўхшаб қоласан”, деб айтадилар. Уларнинг фикрича улар яшаяпган имон ҳаёти нормал ҳолат, деб ўйлайдилар. Албатта улар адашадилар. Лекин Худо инояти нималигини билмаган ва бу таълимотга ўргатилмаган имонли киши осонликча гуноҳ табиати ҳукмронлиги остига тушиб қолади ва тез орада башарий тана амри билан яшай бошлайди. Шундай аҳволда бўлганлар ўзларини яхши ва намунали масиҳиймиз, деб ҳисоблайдилар. Албатта уларнинг кўпчилиги Исони севадилар, бироқ қандай қилиб ғалабага эришишни билмайдилар. Мана шу саҳифа орқали сизга Исонинг иноятида яшашни ўргатамиз. Бунинг учун биз муаммони, яъни гуноҳ табиатни ўрганяпмиз, кейин эса қандай қилиб гуноҳ табиати учун ўлик бўлишни ва иноятда яшаш ҳақида гаплашамиз.
Гуноҳ табиати ҳукмронлигида яшаяпган масиҳийлар, Павлус каби бундай сўзларни айтишади: “Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?” (Римликларга 7:24). Бундай аҳволдаги имонлилар гуноҳга қарши курашишда турли ҳил услубларни ишлатиб кўрадилар. Айримлари ибодат қилиб гуноҳдан қутулмоқчи бўладилар, бироқ муаммо ундан баттар бўлиб кетади, яна бошқалари рўза тутиб қутулмоқчи бўладилар, бироқ яна муваффақиятга эришмайдилар. Албатта ибодат ва рўза тутиш орқали улар барака олишади, лекин бу гуноҳ табиатидан озодликни бермайди. Улар чиндан ҳам Худога хизмат қилмоқчи бўлганлари учун, доим гуноҳга қарши кураш қиладилар, доим гуноҳ қиладилар, тавба қилиб, қайта турадилар, бироқ яна гуноҳ ва тавба қилишда давом этадилар. Муқаддас Каломда “Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин” деган сўзларни ўқишади, Худо каломи тўғри ва ҳақиқат эканлигини улар билсаларда, ўз ҳаётларида гуноҳ уларга ҳукмрон эканлигини биладилар. Улар Исонинг мана бу сўзларини ўқийдилар: “Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимга ўзингизни қўшинг ва Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар. Чунки Мен солган бўйинтуруқ юмшоқ, Мен берган юк енгилдир”. Масиҳийларнинг кўпчилиги бу сўзларни кўз ёшлар билан ўқиб, “Худо каломи ҳақ, бироқ нега ҳаётимда шу нарсалар йўқ, нега мен таскин тополмаяпман, нега бу бўйинтуруқ оғир бўлиб туюляпти” дейдилар. Қадрли биродар ва опа, агар сиз шундай аҳволда бўлсангиз, мен сизга далда сифатида Исонинг гаплари чиндан ҳам ҳақлигини айтмоқчиман. Гуноҳ табиатидан озод бўлиш йўли бор, бу йўл Исо Масиҳдир! Исога ишончингизни қаратинг, фақат У сизга мадад беради.

Масиҳ инояти ҳақида гаплайлик. Павлус шундай дейди: “сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар” (Римликларга 6:14). Иноят нималигини кўпчилик имонлилар тўлиқ билмайдилар; улар энди Худо инояти даврида яшаяпганимиз учун, автоматик равишда иноят остида бўламиз, деб ўйлайдилар. Бу фикр қисман тўғри ва қисман нотўғри. Исо Масиҳнинг инояти деганда, нолойиқ одамларга кўрсатилган Худонинг эзгулигини тушунамиз. Энди эса масиҳий бўлиб қандай қилиб шу иноят ҳокимлиги остида бўлоламан, деган саволга жавоб берамиз. Исо Масиҳнинг хочда қилган иши натижасида Худо инояти бизга кўрсатилади. Худо доим иноятли Худо эди, ҳозирги кунда ҳам, Эски Аҳд даврида ҳам у иноятли Худо эди, зеро Худо ўзгармайди. Бироқ Эски Аҳдда буқа ва қўзилар қони гуноҳни олиб ташлай олмагани учун гуноҳнинг қарзи тўланмаган эди. Шунинг учун ҳам Муқаддас Руҳ инсонлар юрагида маскан тополмасди ва иноят тўлиқлигича берилмасди (Юҳанно 14:16-17). Бироқ Исо хочда қилган иши асосида гуноҳ қарзи тўланди ва шундан кейин Худо инояти чексиз меъйорда имонлиларга берилиши мумкин бўлди. Ҳар бир масиҳий киши шуни тушуниб олиши шартки, Худодан келадиган ҳамма нарсани биз фақат Исонинг хочи орқали қабул қиламиз. Бу ерда хоч деганда, Исо михланган айнан ўша тахтадан ясалган хоч ҳақида гапирмаяпмиз. Йўқ, балки биз Исонинг хочда қилган ишини назарда тутамиз; Павлуснинг мактубларида шу таълимот айтилганда “хоч” сўзи худди шундай маънода ишлатилган. Шундай қилиб, ҳар қандай муаммонинг ечими Исонинг хочда қилган ишида топилади, чунки айнан хочда Исо инсониятнинг муаммоси бўлган гуноҳ ва унинг оқибатларининг қарзини тўлаган эди. Энди шунга таалуқли айрим оятларни келтирайлик:
«Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз». (Римликларга 5:1-2).
ЃgЗотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин. Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир».
«Модомики дунё ўз ақл-заковати билан Худонинг муродию ҳикматини англаб етмаган экан, Худо тентакликдай туюлган пайғомга ишонувчиларни қутқаришни лозим кўрди».
«Биз эса фақат хочга михланган Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз. Бу яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун телбаликдир». (1чи Коринфликларга 1:17-18, 21, 23).
«Мен эса, асло биргина Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Унинг хочи туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман». (Галатияликларга 6:14).
«Лекин илгари Худодан узоқ экансизлар, энди Исо Масиҳ воситаси билан, Унинг тўккан қони орқали яқин бўлдингизлар. Масиҳнинг Ўзи бизнинг тинчлигимиздир. У яҳудийлар билан мажусийларни яраштириб, бир уммат қилди. Ўз танасини фидо қилиб, уларнинг орасидаги тўсиқ деворни қулатди, адоватни бартараф қилди. Яҳудийлар билан мажусийларни Ўз вужудида бирлаштириб, янги инсонни яратди, ана шу мақсадда Тавротнинг қонун-қоидаларини ҳам бекор қилди. Масиҳ хочда ўлиб, адоватни бартараф, тинчликни эса барқарор қилди. Хоч орқали икки умматни бир бадандай қилди ҳамда Худо билан яраштирди. Масиҳ келиб, илгари Худодан узоқ бўлган сизларга ва шунингдек, Унга яқин бўлган яҳудийларга тинчлик Хушхабарини эълон қилди. Масиҳ орқали биз ҳаммамиз бир руҳ билан Отамиз Худонинг ҳузурига кира оламиз». (Эфесликларга 2:13-18).
«Бизга қарши ёзилган, маҳкумлигимизни билдирувчи айбномани Худо ўчирди, яъни уни Масиҳ билан бирга хочга михлаб, кучдан қолдирди. Ўша хоч орқали руҳий ҳоким ва ҳукмронликлар устидан ҳам ғалаба қозонди. Уларнинг қурол-яроғини олиб қўйди-да, уларни Ўзининг тантанали юришида юргизиб, расвои олам қилди». (Колосаликларга 2:14-15).

Шундай қилиб Худонинг инояти бизга Исонинг хочи орқали келишини тушуниб олганимиздан кейин, ишончимиз Исонинг хочига қаратилиши керак, албатта шуни билиб олишимиз керак. Ишончимиз бошқа нарсалар ёки кимсаларга йўналиб кетиши мумкин эмас. Павлус имон ёки ишонч ҳақида гапирганда, у доим Исога ва У хочда қилган ишга бўлган ишонч ҳақида гапиряпган бўлади. Шу билан бирга у “Масиҳда”, “Масиҳ орқали” ва шу каби сўзларини ишлатганда, Исонинг биз учун Ўз жонини фидо қилгани назарда тутади. Албатта, дунёдаги ҳар бир кишида ишонч бор, бироқ бундай ишончни Худо қабул қилмайди. Худо қабул қиладиган яккаю ягона ишонч – Исо Масиҳга ва Унинг якунланган ишига бўлган ишончдир. Шунга доир оятларни келтирайлик:
«Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16).
«Имон учун бўлган улуғ курашда жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил, абадий ҳаётни қаттиқ ушлаб тур. Худо сени шунинг учун даъват этган, сен улуғ имонни кўп гувоҳлар олдида очиқ тан олгансан». (1чи Тимўтийга 6:12).
«Ўз-ўзингизни текширинглар: имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар: Исо Масиҳ ичингизда эканини билмаяпсизларми? Билмасангизлар, мақбул эмассизлар». (2чи Коринфликларга 13:5).
Шундай қилиб, агар биз Худодан фақат хоч орқали ҳамма нарсани қабул қилишимизни тушунсак ва ишончимизни хочга қаратсак, ўшанда Муқаддас Руҳ Худога мақбул бўлиб яшаш учун бизга ёрдам бера бошлайди. Зеро Муқаддас Руҳ Исонинг хочда қилган ишига асосланган холда бизга нажот беради ва кейинчалик муқаддасланиш учун кўмак беради. Муқаддас Руҳ биздан кўп нарсани талаб қилмайди, фақатгина лойиқ ишончни талаб қилади. Шунга доир оятларни келтирайлик:
«Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир. Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди... Чунки Исо Масиҳни тирилтирган Худонинг Руҳи сизнинг вужудингизда яшаяпти. Агар Худо Ўз Руҳи қудратида Масиҳни тирилтирган бўлса, У ичингиздаги ўша Руҳ орқали сизнинг фоний баданларингизни ҳам тирилтиражак». (Римликларга 8:1-2, 11)
Мана шундай яшасангиз, қадрли биродар ва опа, сиз гуноҳ табиатидан озод бўласиз ва иноят остида яшайсиз. Муқаддас Каломда гуноҳсиз камол ҳаёт ҳақида гапирилмайди, яъни гуноҳ ҳукмронлиги остида бўлмасак ҳам, хали ҳам шу танада яшаяпганимиз учун биз гуноҳ қиламиз. Бундай ҳолатда Юҳанно айтганидек, биз гуноҳимизни Худо олдида тан олиб, Ундан кечирим сўраймиз. Шуни айтиш керакки, иноятда яшаяпган одамда ёмон нарсаларни Худо олиб ташлайди ва уларнинг ўрнига яхши нарсаларни беради. Масалан, бундай кишида гуноҳга қарши нафрат пайдо бўлади ва солиҳлик ишларига, ҳамда Худога манзур бўладиган ишларга севги пайдо бўлади. Буларнинг ҳаммасини бизнинг тўғри йўналишдаги ишончимиз натижасида Худо ичимизда барпо қилади, шунинг учун Унга доим шарафлар бўлсин!

Каломдан бир оятни ўқиймиз: “Сизлар: Қонунга амал қилиб ўзимизни оқлаймиз, деб Масиҳдан ажралгансизлар ва Худо иноятидан маҳрум бўлгансизлар. ” (Галатияликларга 5:4). Бу оятда Павлус нима демоқчи? Кимки ўзини қонун орқали Худо олдида оқламоқчи бўлса, Исо Масиҳ бундай кишига фойда бермайди, яъни Исо унга ёрдам бермайди, чунки қонунга ишониш орқали у иноятдан йиқилган, яъни маҳрум бўлган бўлади. Шу оятда айтилган нарсаларни учта қисмга бўлиб айтсак бўлади: биринчидан, қонун ва қоидалар орқали оқланмоқчи бўлган одам ҳеч қачон ғалабага эришмайди; иккинчидан, қонунга амал қилган кишига Масиҳ ёрдам бермайди, яъни Исонинг хочда қилган иши унга беҳуда бўлган бўлади, чунки унинг ишончи бошқа йўналишда кетяпти; учинчидан, шуларнинг натижасида бундай киши Исо Масиҳ иноятидан йиқилади, ёки иноятдан маҳрум бўлади. “Иноятдан маҳрум бўлгансизлар” дейилган жойида юнон тилида “сизлар иноятдан йиқилгансизлар ёки қулаб тушгансизлар” дейилган. Яъни Исога ва хочга ишончни қаратиш орқали инсон “иноят йўлига” туради ва Худо унга шу йўлда юришга қувват беради, бироқ имонли киши ишончини Исонинг хочидан бошқа жойга қаратса, ана ўшанда у “иноят йўлидан” қулаб тушади ёки йиқилиб тушади. Яна бошқа қилиб айтсак, агар сиз ишончингизни Исонинг хочидан бошқа нарса ёки кимсага қаратсангиз, ўшанда Худонинг инояти оқими тўҳтаб қолади ва сиз Муқаддас Руҳ кўмагисиз қолиб кетасиз. Бундай вазиятга тушган одамлар башарий тана амри билан яшайди ва гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида бўладилар. Улар Римликларга 7чи бобда ёзилганидек, ўзлари истамаган нарсаларни қилишни бошлайдилар ва ўз кучлари билан бундан озод бўла олмайдилар. Бундай вазиятдан яна иноят йўлига қайтиб бориш жуда осон: сиз яна ишончингизни Исога ва У хочда қилган ишига қаратсангиз бас, Муқаддас Руҳ яна ҳаётингизда ишлашни бошлайди ва сиз қила олмаган нарсаларни сизга ҳадя қилиб беради.
Айрим одамлар иноятдан йиқилишни қандайдир гуноҳларни қилиш, деб тушунадилар. Лекин бундай тушунча Муқаддас Каломдан чиқиб келмайди. Зеро юқорида кўрганимиздек, иноятдан йиқилиш деганда, имонли киши Исога эмас, балки қонунга ёки яна бошқа нарсага ишончини йўналтиришини тушуниш керак. Шунинг учун биз аввал Каломга асосланиб муаммо нималигини билиб олишимиз керак, ундан кейин эса Каломга асосан шу муаммонинг ечими нималигини билиб олишимиз керак, шундай қилсак биз доим Худога манзур ҳаётни кечирган бўламиз ва Римликларга 8чи бобдаги муқаддас ва солиҳ ҳаёт бизники бўлади. Имонли сифатида бизнинг энг катта жангимиз шу ишонч жангидир, яъни ишончимизни доим фақат якка-ягона Исога қаратишимиздир. Буни тушунтириш осон, қисқа вақт ичида уни айтса бўлади, бироқ уни ҳаётда ҳар куни татбиқ этиш жуда мураккаб. Чунки биз ўз табиатимиз билан бу дунёнинг қонунлари билан яшашга ўрганиб қолганмиз, энди эса биз бутунлай бошқа қонун остида, яъни Исо Масиҳ қонуни остида яшашни ўрганишимиз керак. Биз гуноҳга қарши курашишимиз керак эмас, балки ишончи жангида курашишимиз керак. Гуноҳга қарши курашяпган имонлини кўрсангиз, у башарий тана амри билан яшаяпганини билиб оласиз, чунки башарий тана ишлари бундай киши ҳаётида мавжуд бўлади. Эҳтимол сиз шу одамдирсиз, агар ундай бўлса, иноят йўлига қайтинг, бу ҳақда юқорида гапирдик.

Павлус яна шундай дейди: “Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар Илоҳий Қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, у ҳолда Масиҳ беҳуда ўлган бўларди” (Галатияликларга 2:21). Бу оятда ҳам юқорида кўриб чиққан оятдаги каби фикр айтилган. Бу ердаги “Худонинг иноятини инкор қилиш” деган сўзлар “иноятдан йиқилиш” тушунчаси билан бир хилдир. Яъни кимки қонунга амал қилиб оқланмоқчи бўлса, бундай киши Худонинг иноятини инкор қилган бўлади, бунинг натижасида у иноятдан йиқилади. Бундай киши учун Исо худди беҳуда ўлган бўлиб қолади, чунки Исонинг хочдаги ўлими орқали келадиган ҳамма яхши нарсалардан у юзини ўгирган бўлади. Шуниси ачинарлики, кўпгина масҳийлар иноят хабарини тўлиқ тушунмасдан, гуноҳ табиати нималиги ва у қандай ишлаши, қандай қилиб ундан озод бўлиб яшашни билмасдан, Худо инояти инкор қилиб юришибди. Албатта сиз улар билан гаплашсангиз, улар “мен Худо иноятини инкор қилмайман, мен Худосиз ҳеч нарса қила олмайман” деган сўзларни айтишади. Бироқ ўзлари билмаган ҳолда, ҳар куни улар гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшайдилар, улар эрталаб туриб “мен бугун гуноҳдан озод яшайман” деб ўзларига ва Худога ваъда берадилар, бироқ кечаси, улар яна мағлубиятга учраган холда ухлашга ётадилар. Шундай тарзда улар ойлаб, йиллаб яшайдилар; улар нима қилишни билмайдилар ва нега шундай бўляпганини ҳам билмайдилар. Мен ҳам илгари худди шундай вазиятда бўлган эдим, шунинг учун бундай ҳаёт қанчалик оғир эканлигини биламан, бироқ бир бахтли куни кимдир келиб менга иноят хабарини тўлиқ қилиб тушунтириб берди. Худди шундай тарзда мен сизларга шу иноят хабарини тушунтиряпман, Худо сизларга шуни ваҳий орқали тушунтириб берсин, деб ибодат қиламан. Сизлар эса шу хабарни ўрганиб, бошқаларга уни ўргатинг, бошқалар ҳам ғалабада яшасин ва Муқаддас Руҳ амри билан юришсин! Мен айтган кўпгина нарсалар сиз учун хозир тушунарсиз бўлиши мумкин, яна айрим нарсаларни мен худди мақтаниб ёзяпгандек туюлиши мумкин, бу ундай эмас, мен ҳам сиз сингари оддий одамман. Бироқ Худо қилган ишларни айтганда доим шундай бўлади: масалан Павлус “мен бошқа ҳаворийлардан энг кичигиман” дейди, шунда ҳам у “мен улардан кўпроқ меҳнат қилдим” дейди. Кейин эса у “мен эмас, балки Худонинг инояти мен орқали шу ишларни қилди” дейди (1-Коринфликларга 15:9-10). Худди шундай холда, мен ғалабада юрган бўлсам, мен ўзим бунга эришмадим ёки ўз кучим билан буни қўлга киритмадим, балки менда нимаики яхши инъом бўлса, шуларнинг ҳаммасини менга Худо Масиҳ орқали берди. Юқорида айтгинимдек, Исо Масиҳга ва Унинг хочига ишончни қаратиш орқали мен нажот топдим, оқландим, солиҳ бўлим ва муқаддас бўлдим ва бўляпман. Яъни бу жараёнлар тўхтаб қолмайди, мен хар куни муқаддасланиш жараёнида бўламан, шунинг учун мен хар куни ишончимни Исога ва Унинг хочига қаратишим керак, шунда Муқаддас Руҳ ичимда ишлашни бошлайди ва кераксиз нарсаларни олиб ташлаб, улар ўрнига керакли, яхши нарсаларни барпо қилдиради. Шулар асосида яшаш орқали мен Муқаддас Руҳи амри билан яшайман, мен доим Худога манзур бўламан, доим У истаган ишларни қиламан, Унга ёқмайдиган нарсалар менга ҳам ёқмайди, Худо нафратланган нарсалардан энди мен ҳам нафратланаман. Бунга фақат Худонинг Ўзи қодир, шунинг учун абадул абад Исо Масиҳ орқали Отамиз Худога шон шарафлар бўлсин! Омин!

Энди қонун остида яшаш ҳақида гаплашамиз. Қонун билан оқланиш ва қонун остида яшаш бир хил маънодаги тушунчалардир. Қонун деганда биз нафақат Илоҳий қонунни, балки инсонлар ўзлари учун ўйлаб топган руҳий қонунларни ҳам назарда тутамиз. Шунинг учун қонун остида деганимизда қандай қонун ҳақида гап кетяпти экан, деб бош қотирманг, чунки уларнинг ўртасида фарқ йўқ. Одатда инсон ўз олдига қўйган қонунлар ҳам жуда яхши бўлади ва яхши ният билан айтилган бўлади. Бироқ агар биз Худо олдида оқланиш учун мана бу ёки ана у қонунни бажараман, ўшанда Худо мени қабул қилади, деб ўйласак, биз жуда катта хато қилган бўламиз. Чунки бундай қилиш орқали биз Худо иноятини инкор қилиб, иноятдан йиқилган бўламиз ва қонун остида яшаяпган бўламиз. Бироқ шуни айтиш керакки, ҳеч ким ҳар доим ҳамма қонунларга риоя қилиб яшай олмайди, шунинг учун ҳам Исо келиб, биз қила олмайдиган нарсаларни қилиб, уларнинг натижасини ишонганларга совға қилиб берди. Агар имонли киши Исонинг хочи орқали Худо иноятига эришиши мумкинлигини ва шундай қилиб муқаддасланишини билмаса, демак у Худо иноятида эмас, балки қонун остида бўлади. Чунки имонли киши фақат иккита доирада бўлиши мумкин: у ёки иноят доирасида, ё қонун доирасида бўлиши мумкин. Бундан ташқари бошқа жой йўқ, шунинг учун агар киши иноят хабарини тўлиқ билмаса, демак у қонун остида бўлиши табиий холдир. Исо Масиҳ ўлиб, қайта тирилгани натижасида биз иноят даврида яшашни бошладик, бироқ шу билан биз автоматик равишда иноят остида бўлмаймиз. Кўпгина имонлилар шундай фикр билан алданиб, биз ҳам иноят остидамиз, дейдилар. Бироқ агар имонли киши ҳаётида башарий тана ишлари бор бўлса, демак у иноят эмас, балки қонун остида бўлади. Агар биз автоматик равишда Худо инояти остида бўладиган бўлсак, унда Павлус Худонинг иноятини инкор этиш ва иноятдан маҳрум бўлиш ҳақида ёзмаган бўлар эди.
Одамлар ўзлари ёки жамоатлар ўйлаб топган қонунларга мисол келтирайлик: айримлар гуноҳ устидан ғалаба қилиш учун Каломни кўп ўқиш керак дейдилар, айримлар ибодат қилиш керак, дейди, яна бошқалар гуноҳга “йўқ” деб, ўгирилиб кетиб қол, дейдилар, яна бошқалар кўпроқ ҳаракат қилиш керак, дейдилар ва ҳаказо. Мана шулар қонунга мисол бўлади. Албатта улар ёмон нарсаларни ўргатишмаяпти, бироқ бундай қилиш орқали сиз гуноҳдан озод бўлмайсиз, балки шунинг тескариси бўлади, сиз гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида қолиб кетасиз. Мен бу билан Каломни ўқиш керак эмас, ибодат қилиш керак эмас демаяпман, балки булар оқланишнинг оқибати, демоқчиман. Яъни шу ишларни қилиб, биз оқланмаймиз, балки Худо олдида оқланганимиз учун уларни қиламиз ва шундай қилишни истаймиз ҳам. Ўз ишлари билан оқланмоқчи бўлган киши ўз назарида солиҳ бўлиб қолади, у ўзини бошқа одамлар билан таққослайди. Бундай қилиш одамга ғалаба бермайди ва Худо билан муносабатга олиб келмайди.
Юқорида айтганимиздек, гуноҳ табиатидан озод бўлишнинг ягона йўли Исо Масиҳга ишониш ва Унинг хочда қилган ишига ишончимизни қаратишдир! Шундай қилиш орқали сиз Муқаддас Руҳ ёрдамига эга бўласиз, Худога яқинлашасиз, Масиҳдек бўласиз ва муқаддасликда яшайсиз. Шу орқали фақат Худо шон-шарафга эга бўлади, зеро қонун остида яшайдиган одам орқали Худо шарафланмайди. Шунинг учун сиздан илтимос қиламан, шу хабарни Худодан сизга очиб беришини сўранг ва сўнг иноятда яшанг! Худо инояти сизга ёр бўлсин!