2009-02-02

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:10-11)

1:10-оят
“Энди мен инсонлaрдaн мaқтов излaяпмaнми, ёки Xудодaнми? Нaҳотки инсонлaргa ёқмоқчи бўлсaм? Aгaр мен ҳaли ҳaм инсонлaргa ёқмоқчи бўлгaнимдa эди, Мaсиҳнинг қули бўлолмaс эдим!”

Павлус бу оятда одамларга ёқмоқчи ёки манзур бўлишни изламаяпман дейди, чунки акс ҳолда у Масиҳга қул бўла олмас эди.
Инсон, ўз табиатига асосан, бошқа одамларга манзур бўлишни ва уни бошқалар ёқтиришини истайди; кўпчилик буни табиий ёки оддий ҳол, деб баҳолашган бўлар эди. Бироқ Инжил Хушхабарига келганда бу ҳол ўзгариши керак, чунки Исо хушхабари, ўз номига биноан “хуш” ёки “яхши” хабар бўлса ҳам, гуноҳкор одамни маҳкум қилади, шунинг учун гуноҳкор учун нохуш хабар бўлиб туюлади. Бу инсоннинг гуноҳкор табитатига ёқмайди, шунинг учун одам ўзини ноқулай ҳис қилади ва шу хушхабарни рад этиб, ундан қочади, баъзилар унга қарши чиқадилар; ёки у хушхабарни қабул қилади ва нажот топади; ана шунда бундай одам учун Инжил чиндан ҳам хушхабар бўлади.
Табиий одам Худога манзур бўлишни истамайди (манзур бўлолмайди ҳам), балки бунинг ўрнига ўзи ёки бошқа одамлар тузган қонун-қоидалар орқали Худога яқинлашмоқчи бўлади. Аниқроғи, Худо инсонга Худога манзур бўлиш истагини беради, лекин бунга эришиш учун башарий табиатли одам Худо танлаган йўл эмас, балки инсоний йўл орқали юради. Бунга Ҳобил ва Қобил (ёки Каин ва Авел) мисол бўла олади. Худога яқинлашиш учун Худонинг йўли билан юриш керак; буни эса биз Худо берган Муқаддас Китобдан билиб оламиз. Кўпинча одамлар айнан Муқаддас Китобдаги айрим оятларни ўзлари учун қонун қилиб оладилар, бу ҳам Худо иноятидан узоқлашишга олиб келади.
Шундай қилиб, Худога манзур бўлиш учун инсон фақат Исо Масиҳга ишониши ва Унга эргашиши керак, яъни Масиҳнинг қули бўлиши керак. Албатта Худога манзур бўламан деган одамга шайтон ҳам, башарий одамлар ҳам қаршилик қиладилар, аммо Худонинг Ўзи унинг ёнини олади, уни қўриқлайди ва етаклайди ҳамда унга илоҳий қонунларни бажариш учун куч беради, шунинг ўзи етарли.
Демак, биз ҳам Павлусдан ўрнак олиб, одамларга хушхабарни айтганимизда уларга ёқишга ҳаракат қилмасдан; инжил хабарини бузмасдан, қандай ёзилган бўлса, шундай равишда айтишимиз керак. Фақат шунда хушхабар орқали Худо одамларга таъсир қилади ва ишонганларга нажот беради.



1:11-оят
“Эй биродaрлaр, сизлaргa эълон қилмоқдaмaн: мен тaрғиб этaётгaн Инжил инсон ижоди эмaс”.

Галатиялик масиҳийлар тўғри йўлдан оғишни бошлашган бўлсада, Павлус уларга “биродарлар” деб мурожаат қиляпти. Чунки нажот топган киши Худонинг фарзанди бўлади ва шу билан бирга бошқа Худо болалари учун “биродар” ёки “опа” бўлиб ҳисобланади. Масиҳий гуноҳ қилсада, нажотини йўқотмайди; фақат галатияликларга ўхшаб ёлғон таълимотга ишониш орқали у нажот йўлидан оғиб кетиши мумкин, яъни тўғри йўлдан орқага сирпаниб кетади. Бу эса жуда хавфли аҳвол бўлиб, инсон тўғри йўлга қайтиб келмаса, охири Исодан воз кечиб, илгаридек дўзаҳий бўлиб қолади.
Шу оятдан бошлаб Павлус ниманидир Галатияликларга билдирмоқчи эканлигини айтади. Биз руҳий ҳаётимизда аввал айрим нарсаларни билишимиз керак, кейин шу билим асосида биз ишонамиз ва Худо ҳаётимизда Ўз ишини бажаради. Демак қуйидагиларни билишимиз керак:
Павлус тарғиб қилган инжил одамлар томонидан яратилмаган, инсон фикри ижоди эмас. Яъни бу Худонинг инжил хабарига инсон ҳеч нарса қўшмаган эди. Балки дунё яратилишидан аввал Худо режа тузган бўлиб, унга асосан Исо гуноҳ учун хочда ўлиши шарт эди (1-Бутрус 1:19-20), кейинчалик Худо шу режасини аста-секин ошкора қилиб борди ва тахминан 2000 йил олдин нихоят Исо шу режани амалга оширди. Шу режа ва Исо қилган иш ҳақидаги хабар Инжил хушхабари дейлади.
Инжил сўзи юнонча “евангелион” сўзидан олинган бўлиб, оддий қилиб айтганда “хуш хабар” деган маънони англатади. Албатта ўзбекчадаги инжил сўзи евангелион сўзининг бузилиб айтилган шакли, лекин шундай бўлсада, кўп одамлар шу сўзга ўрганиб қолгани учун, биз ҳам шу сўзни ишлатамиз. Шу билан бирга бу сўзнинг тарихи ва маъносини билганимиз яхши. Бундан ташқари яна кўпгина бошқа сўзлар шундай равишда бузилиб таллафуз қилинади, бироқ юқорида айтганимиздек, кўп одамлар фақат шундай талафуз қилгани учун, биз ҳам шу сўзларни ишлатишга мажбурмиз.

No comments: