2008-01-26

Қурбонлик қони билан гуноҳлар ювилиши

Менга олдинги мақолалар бўйича шундай савол тушди:

"Худо назарида Исонинг қони жуда ҳам катта қадрга эга бўлгани учун, У унга қандайдир нарса қўшилиши ёки аралашишига йўл қўймайди” – деган фикрни қандай тушунса бўлади? Қандай қўшилиш ёки аралашиш ҳақида гап кетаяпти? Олдиндан рахмат.

Шу саволга берган жавобим:

Саволингизга қисқача жавоб: фақат Исо қони орқали биз нажот топамиз, шунинг учун Унинг қонига бошқа ҳеч нарса қўшиш ёки аралаштириш мумкин эмас. Галатияликларга ёзилган мактуб бунга яққол мисол бўла олади, у ерда хушхабарга хатна (суннат) қилиш қўшилганлиги ҳақида гап кетади, Павлус айнан шундай қўшилишга қарши чиқади. Хушхабар эса Исо Масиҳ ва Унинг хочда михланганлиги ҳақидадир.

Энди шу саволга тўлиқроқ жавоб:

Левийлар 7:11 “Тана жони қондадир, Мен уни (қонни) сизларга қурбонгоҳ устида бердим, токи қон орқали жонингиз оқлансин: зеро жонни қон оқлайди (поклайди, яраштиради)”.

Демак Исо Масиҳ хочда ўлиб, Ўз қонини тўкканда – У Ўз жонини берган эди; бу эса нажот топишнинг ягона йўлидир. Инсон гуноҳкор бўлгани учун, у ўлимга муносибдир, чунки гуноҳнинг эвази – ўлим (Рим. 6:23). Лекин Худо одамга шу вазиятдан қандай қутулиш йўлини кўрсатди – бу қурбонлик қилиш эди. Яъни гуноҳкор инсон учун айбсиз жон қони тўкилиб, унга кечирим берилади. Эски Аҳддаги қурбонликлар Исо Масиҳ қурбонлигига ишора қилади; улар соя эди, Исо Масиҳ эса ҳақиқий қурбонликдир. Шунинг учун (Ибтидо 4-боб) Худо Қобил ҳадясини қабул қилмасдан, Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилади. Чунки Ҳобил ўз гуноҳи учун қўй қонини тўкиб, қурбонлик келтирди, Қобил эса бундай қилмади, у бошқа йўл билан Худога яқинлашмоқчи бўлди. Лекин Худога яқинлашишнинг йўли битта – у ҳам бўлса Исо Масиҳ қони орқалидир.

Юқоридаги оятда Худо шундай деяпти “Мен сизларни оқлаш учун Ўз жонимни, Ўз қонимни бердим; оқланиш Менинг қонимдадир”. Демак хочда Исо қони тўкилгани учун биз оқланиб, покланишимиз мумкин.

Нажотимиз Исо қони ва яна бошқа нарсага боғлиқ эмас, фақат Исо қонига боғлиқ! Айримлар Исо қурбонлигини ва қонини рад этишади, яна бошқалар эса Исонинг қурбонлиги ва қонига ниманидир қўшмоқчи бўлишади. Бу иккала йўл ҳам нотўғри ва охири ёмон бўлади. Муқаддас Калом бўйича эса нажот (оқланиш, покланиш ва муқаддасланиш) фақат Исо қони орқали содир бўлади.

Мана шу фикрни сизга билдирмоқчи эдим; қуйидаги оятларни ўқиб кўринг:

  • Ибронийларга 9:22;
  • Эфесликларга 1:7;
  • Колосаликларга 1:14;
  • 1-Юҳанно 1:6-7;
  • Ваҳий 12:10-11.
==============================

Агар сизда қандайдир савол бўлса, "коммент" сўзига босиб ўз саволингиз ёки изоҳингизни ёзиб қолдирсангиз бўлади.

No comments: