2010-03-09

Матто баён этган Хушхабардан парча

24-боб
Исо охирзамон ҳақида

Исо маъбаддан чиқиб кетаётганида, шогирдлари Унинг ёнига келиб, диққатини маъбаднинг биноларига қаратмоқчи бўлишди. Исо уларга: «Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: бу ерда бирор ғишт бутун қолмайди, ҳаммаси вайрон бўлади», – деди.
Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирган вақтда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: «Бизларга айт-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?»
Исо жавоб бериб уларга деди: «Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: „Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради. Шунингдек, йироқ-яқиндан уруш хабарларини эшитасизлар. Аммо чўчиб ваҳимага тушмангиз! Ҳамма нарса Худо тақдир этганидек содир бўлиши лозим. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмасдир. Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчиликлар, ўлатлар, зилзилалар бўлади. Буларнинг бари эса бамисли тўлғоқнинг бошидир.
Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли барча халқлар сизлардан нафратланади. Ўшанда кўплар васвасага тушиб, бир-бирини тутиб беради, бир-биридан нафратланади. Кўпдан-кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, кўпларни йўлдан уради. Ёвузлик авжга чиқиши туфайли кўпчиликнинг севгиси совийди. Лекин охиригача чидаган қутулади. Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади».

Буюк мусибат ва Исонинг қайта келиши
«Шундай қилиб, Дониэл пайғамбар каромат қилиб айтган „даҳшатли разолат” муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин! ) Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин. Томнинг устида турганлар уйидан анжомларини олиш учун пастга тушмасин. Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин. У кунларда ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ҳолига вой! Қочишингиз қишга ёки дам олиш кунига тўғри келмаслиги учун ибодат қилинглар. Чунки ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганида эди, ҳеч бир жонзод омон қолмасди. Лекин танланган кишилар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўшанда кимдир сизга: „Масиҳ мана бу ерда”, ёки „У ерда”, – деб айтса, ишонманглар. Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложини топсалар, ҳатто танланган кишиларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройибот ва мўъжизалар кўрсатадилар. Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.
Шундай қилиб, агар сизларга: „Мана, У саҳрода”, – деб айтсалар, чиқманглар. „Мана, У берк хоналарда”, – деб айтишса ҳам, ишонманглар. Чунки Инсон Ўғлининг келиши худди шарқда чақнаб, ҳатто ғарбда ҳам барчага кўринувчи чақмоқдай бўлади.
Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланади.
Ўша кунларнинг мусибатидан сўнг, алҳол қуёш тутилиб, ой хираланади. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади. Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар уввос тортиб йиғлайдилар, Инсон Ўғли осмон булутлари узра буюк қудрат ва шон-шуҳрат ила келаётганини кўрадилар. У маҳобатли карнай тутган фаришталарини юборади. Улар эса Унинг танлаган кишиларини осмоннинг бир бурчидан бошқа бурчигача, тўрт томондан тўплаб келадилар».

Ҳушёр бўлиб туриш ҳақида
«Анжир дарахтидан ибрат олинглар. Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. Худди шундай, сизлар ҳам буларнинг ҳаммасини кўргач, билингки, У яқиндир, эшик олдида турибди. Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади. Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас.

2010-03-04

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:13)

13-оят
“Шундa бошқa яҳудийлaр ҳaм Бутрусгa ўxшaб риёкорлик қилишди, ҳaтто Бaрнaбо ҳaм улaр риёкорлигининг қурбони бўлди.”

Антиохиядаги бошқа яҳудийлар Бутрусга бу ишда қўшилишади ва ҳатто Барнабо ҳам уларнинг риёкорлигига қўшилади, яъни улар иккиюзламачилик қилишади. Уларнинг иши нимага иккиюзламачилик эди? Авваламбор Эски Аҳдга асосан яҳудийлар билан мажусийлар ўртасида уларни ажратиб турадиган девор ёки парда бор эди. Яҳудийлар ўзларини Худо ҳалқи деб билиб, барча бошқа халқларни ўзларидан паст деб билар эди. Улар Худо халқи бўлганлигини тўғри эди, бироқ Худо уларни айнан бошқа халқларга Унинг улуғворлигини кўрсатиш ва бошқа одамларни нажотга етаклаш учун танлаган эди. Улар эса тўғри йўлдан секин оғиб кетган эдилар. Бундан ташқари яҳудийлар Эски Аҳддаги қонунларга қўшимча қилиб ўзлари учун яна кўп қонун-қоидалар тузишган эди ва шу қоидаларга кўра яҳудий мажусий билан умуман мулоқатда бўлиши мумкин эмас ва ҳатто у билан бирга овқат ейиши мумкин эмас эди. Бундай қонунлар орқали улар Худонинг амрларини бузишган эди, бу ҳақда Исо шундай дейди:
«Исо уларга жавоб бериб деди: – Нега сизлар ҳам ўз урф-одатингизни деб Худонинг амрини бузиб юрибсизлар?» (Матто 15:3).
Бироқ Исо Масиҳ хушхабарига кўра яҳудий билан мажусий ўртасидаги девор бузилган эди (Эфесликларга 2:14), энди улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ бўлиб (Римликларга 10:12, Галатияликларга 3:28), иккаласи ҳам ягона йўл, яъни Исо Масиҳ орқали Худога яқинлаша олади. Буни албатта Бутрус билган эди ва шунинг учун у илгари бемалол мажусийлар билан бирга овқатланиб юрган эди. Бироқ энди у бошқа яҳудийлардан қўрқиб ўзини мажусийлардан узоқлаштиради, бунда унга бошқа яҳудийлар ҳам қўшилиб кетади. Унинг ҳақиқат асосида доим яшамаганлиги орқали унинг қилган риёркорлигини кўрсак бўлади.
Бутрус қилган иш юзаки қараганда унчалик оғир жиноят бўлиб туюлмасада, аслида унинг қилган иши хушхабарнинг марказий таълимотига зарба беряпган эди. Бутрус қанчалар буюк ҳаворий бўлишига қарамасдан, ҳамда Худо унга ваҳий орқали мажусийларни нопок ёки ҳаром, деб ҳисоблама, деб айтган бўлишига қарамасдан (Ҳаворийлар фаолияти 10-боб), у Инжил хушхабарига таянмади ва Муқаддас Руҳда юрмади. Балки у бошқа одамлардан қўрқиб, шундай йўлни тутди. Шундай қилиб, биз ёки яна бошқа одам илгари қанчалик руҳий одам бўлган бўлсада, энди ишончини Исога қаратмаса, бундай киши осонлик билан тўғри йўлдан секин оғиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз доимо ишончимизни Исога қаратишимиз керак, ўшандагина Исо бизни тўғри йўлда сақлайди. Биз буни ҳар куни қилишимиз керак ва ўлимимизгача ёки Раббимиз Исо келишигача шундай йўсинда яшашимиз керак. Биз ўлсак, гуноҳ табиатдан озод бўламиз ва у бизга умуман таъсир қилмайди ва биз Исо билан доим бўламиз. Ёки Исо бугун бизни олиб кетиш учун келса, унда ҳам биз кўз очиб юмгунча ўзгарамиз ва Исонинг улуғвор танасига ўхшаган танага эга бўламиз ва доим Исо билан бирга бўламиз! Шу кун тезроқ келса эди!
Шундай қилиб Бутрус қилган иккиюзламачилик шундай иборат эдики, у бошида хушхабар эркинлигида юрганди ва мажусийларга ҳам эркинлик хабарини кўрсатяпган эди, бироқ энди эса у яҳудийларнинг ўзлари ҳам бажара олмаган қонунга риоя қила бошлади ва шу билан мажусийлар ҳам Эски Аҳд қонунларини бажариши керак деяпган эди. Бу эса мутлақо Инжил хушхабарига тескари таълимот эди.
Эски Аҳддаги қонунлар ва турли хил қурбонликлар ва маросимлар Янги Аҳднинг, аниқроғи Исонинг сояси эди (Колосаликларга 2:17, Ибронийларга 10:1). Биз сояга қараб, бу соя кимнинг сояси эканлигини айтсак бўлади, масалан бу соя ҳайвонники, буниси эса одамнинг сояси десак бўлади. Бироқ одам соясига қараб одамнинг ўзи қандайлигини айтиш қийин, фақатгина одамнинг ўзини кўриб, биз унинг қандайлигини биламиз. Худди шундай қилиб, Эски Аҳддаги ҳамма маросимлар ва қурбонликлар Исонинг сояси эди, яъни улар Исога ишора қилар эди. Шунинг учун Исо келганидан кейин, бизга соя керак эмас, чунки энди биз соя ишора қилган Зотга қараймиз.
Эски Аҳддаги нарсаларни ўқиш орқали биз улар Кимга ишора қилганини билиб оламиз, Янги Аҳдни ўқиш орқали эса шу ҳақиқий Кимса ва ҳақиқий нарса нима эканлигини билиб оламиз. Худонинг Ўзи бизга шу ҳақиқатни тушунишга ёрдам беради ва унга асосан яшашга истак ва куч беради, биз фақат ишончимизна Исо қилган ишига қаратиб ва шу асосида Худодан ёрдам кутишимиз керак. Бу таълимот оддий, осон сўзлар билан тушунтирса бўлади, бироқ уни тушуниш мушкул, бунда фақат Худо бизга ёрдам бера олади. Бироқ биз шу таълимотни тушуниб, уни қаттиқ ушлаб олганимизда ичимиздаги Муқаддас Руҳ қатта куч-қудрат билан ичимизда ишини қилади ва биз орқали қувватли ва ажойиб ишларини амалга оширади. Биз ҳак куни ишончимизни Исога қаратишимиз керак ва ҳар доим шу таълимотни эшитишимиз керак, чунки биз тезда бундай нарсаларни эсдан чиқаришимиз мумкин. Агар Бутрус бу таълимотни яхши тушунмасдан, қонунга оғиб кетган бўлса, биз ҳам худди шундай ожизмиз ва бизга доим кимдир Павлус каби хушхабар таълимотини айтиб туриши керак бўлади.