2009-12-25

Ерда тинчлик ва одамларга марҳамат

Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Халоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир. Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, охурда ётган чақалоқни топасизлар. Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: «Самодаги Худога ҳурмату иззат, Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!» (Луқо 2:11-14).

Исо туғилганида бир нечта ажойиб нарсалар бўлган эди. Шуларнинг айримларини кўриб чиқайлик:

1. Исо туғилган вақтидан бошлаб тахминан 33 йил ичида Римдаги Йанус дейилган уруш дарвозаси ёпиқ бўлган эди, яъни ўша вақт ичида Рим империясида ҳеч қандай урушлар бўлмаганди. Бундай тинчлик даври фақат шу пайтда бўлганди.

Римликлар бундай ҳодисани турли хил сабаблар билан тушутирган бўлсалар керак, бироқ бунинг чин сабаби бу дунёга чақалоқ шаклида Тинчлик Шаҳзодаси келгани эди. У ердалигида уруш тўхтаб қолган эди. Чиндан ҳам фаришта “Ерда тинчлик ва одамларга марҳамат” деган эдику ва шундай ҳам бўлди.

Исо зайтун тепалигида шогирдларига воизлик қилганида Исроил халқи Тинчлик Шаҳзодаси бўлган Исони рад этганлари учун, ер юзида доим урушлар бўлади, бир халқ бошқа халққа қарши уруш қилаверади, деган эди (Матто 24:6-8). ҳозирги кунларгача шундай вазият бўлиб келяпти.

Замонавий технологияларнинг ривожланишига қарамасдан, дунё тинчликда яшашни ўргангани йўқ. Аксинча йигирманчи асрда олдинги асрларга қараганда кўпроқ одамлар урушларда ўлди. Исо бу ерга яна қайтиб келганида бу вазият ўзгаради, Исо эса албатта бу ерга яқинда қайтиб келади.

2. Исо кичкина меҳмонхона (мусофирхона) ичида туғилган эди, у ер шунчалик одамларга тўла эди, ҳамма Унинг туғилганига гувоҳ бўлиши мумкин эди, яъни Исонинг туғилиши яширинча бўлмади. Бундай ажойиб туғилиш хали ҳеч қачон бўлмаган эди, зеро Худо инсон танасида намоён бўлган эди (Ишаъё 9:1-7).

3. Август исмли Қайсар (Цезар) аҳолини рўйхатдан ўтказишни буюрганди (бу билан у одамлардан солиқ олмоқчи эди), шу билан у Муқаддас Каломдаги пайғамбарлар башоратини амалга оширяпганлигини умуман тушунмаган эди. Ўша пайтда ҳеч ким (ҳатто Юсуф билан Марям ҳам) бу рўйхатдан ўтишни Худонинг Ўзи буюрганлигини тушунишмаган эди. Шу орқали Ибтидонинг 49 бобида ёзилган башорат, ҳамда Михей 5:2 оятдаги пайғамбарчилик рўйёбга чиққан эди. Айнан шу рўйхатдан ўтиш сабабли Муқаддас Чақалоқ Байтлаҳм шахрида туғилган эди. Шу билан Худо Ўз донолигини намоён қилди.

Ахир Юсуф билан Марям Байтлаҳмда яшашмас эди, рўйхатдан ўтиш учун улар у ерга боришлари шарт эди, чунки солиқ йиғиш шуни талаб қилар эди ва чунки улар Яҳудо қабиласидан эдилар. Шу орқали Миҳей айтган башорат, яъни Исо Байтлаҳм шахрида туғилади, деган сўзлар амалга ошади.

4. Гуноҳсиз фаришталар ва гуноҳкор одамлар Исонинг ерга келганига мадҳиялар айтдилар, фаришталар эса кечиримга муҳтож эмаслар.

5. Худо инсон танасида бу ерга келганида У учун бу ерда жой топилмади. Шу билан Худонинг севгиси қанчалик улуғ эканлигини кўрсак бўлади, шу муҳаббат Исони ерга олиб келди. Исонинг ердаги ҳаёти охурда бошланди, хочда тугади ва хизмат қилган йўлида Унга бошини қўядиган жой ҳам йўқ эди!

6. Унинг туғилиши ҳақидаги хабар карнай-сурнайлар билан руҳонийлар ва шаҳзодаларга шоҳона усулда етказилмади, балки биринчи бўлиб оддий чўпонларга хабар берилди, чўпонлар эса ўша даврда жамиятнинг энг пастки табақасида жойлашган эди.

7. Исо Шоҳ ва Нажоткор бўлиб қолиши керак эмас эди, чунки У аллақачон ҳам Шоҳ, ҳам Нажоткор эди. У Нажоткор эди, У Масиҳ эди, У Йехова Худо эди.

8. Худо ҳамма нарсаларни яратди ва шу билан улуғланди, Ўзини одамларга намоён қилиб У яна шуҳратли бўлди, одамларга нажот йўлини очиш орқали Унинг шуҳрати янада улуғ бўлди. Худонинг қудрати Яратилишда кўринди, Унинг солиҳлиги Қонун орқали кўринди, бироқ Унинг энг юксак сифати – севгиси Нажотда намоён бўлди (Луқо 2:14).

9. Унинг исми “Исо” (ибронийча Йешуа), деб аталди. Бу исм Нажоткор деган маънони англатади. У Ўзига яна бошқа улуғроқ исм танлаши мумкин эди, зеро ҳамма улуғ исмлар ва унвонлар Уникидир; бироқ У шуларнинг ҳаммасини четда қўйиб, адашган дунёни қутқаришини билдирадиган исмни Ўзи учун танлади.

10. Исо Қонун остида хотиндан туғилди (Галатияликларга 4:4). Унинг қонун остида яшагани Унинг хатна бўлишидан ҳам кўриниб турибди. Луқонинг 2чи бобида қонун сўзи беш марта қайтарилган, шу китобнинг бошқа бобларига қараганда бу ерда шу сўз энг кўп марта ёзилган; бу ҳам Галатияликларга ёзилган оятни тасдиқлайди. Қонун остида адолат билан ўлимга ҳукм қилинган одамларни қутқариш учун Масиҳ ҳам қонун остида туғилиши шарт эди.

11. Марям исмли бокира қиз гуноҳсиз эмас эди. Буни биз Левийлар 12:1-6 оятларга боғлиқ ҳолда Луқо 2:21-23 оятлардан кўрсак бўлади.

12. Юсуф билан Марям камбағал эди, бу уларнинг чақалоқ Исони маъбадда тақдим этганларида қурбонлик учун иккита каптар келтирганликларидан кўрсак бўлади. Қонун бўйича бундай ҳолларда исроилликлар қўзини қурбонлик қилишлари керак эди, бироқ агар уларда бундай қилиш учун пул етарли бўлмаса, улар иккита каптар келтиришлари ҳам мумкин эди (Левийлар 12:8).

13. Исо туғилганида шарқдан доно одамлар келиб, ўша пайт У чақалоқ бўлсада Унга сажда қилишган эди. Шу билан бирга улар Исога совғалар олиб келишган эди. Бу доно кишилар келган жой ҳозирги кундаги Ироқ мамлакати бўлса керак.

14. Исо 25 декабрда туғилмаганлиги аниқ. Ўша пайтдаги Исроилда апрел ойидан бошлаб октябр ойигача чўпонлар қўйларни далаларда боқишар эди. Айрим олимлар гапига қараганда Исо тахминан октябр ойида туғилган бўлса керак. Шунда ҳам Исонинг қайси куни туғилганининг аҳамияти йўқ, энг муҳими Исо чиндан ҳам туғилган эди. Агар Худованд Исонинг қайчи кунида туғилганини биз билишимизни истаганда эди, У бу ҳақда Муқаддас Каломда ёзиб қолдирган бўлар эди.

Яна бир бор фаришталар сўзларини қатарайлик:

«Самодаги Худога ҳурмату иззат, Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!» (Луқо 2:14).