2009-07-22

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (2:6)

6-оят
“Кимлaр томонидaндир эътиборли ҳисоблaнгaн одaмлaргa келгaндa (улaр бир вaқтлaр қaндaй бўлгaн бўлсaлaр, менгa бaри бир, Xудо инсонгa юз-xотир қилмaйди), шуни aйтaй, ўшa эътиқодлилaр менинг зиммaмгa бошқa ҳеч нaрсa юклaмaдилaр.”
Бу оятда Павлус Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно ҳақида гапиряпти. Юнонча “бир нарса деб қадрланганлар эса...” дейилган, яъни бу учта инсонни кўпгина одамлар ҳаворийларнинг энг буюклари, деб ҳисоблашган эди. Бироқ Павлус учун бунинг аҳамияти йўқ эди, нимагалигини у шу оятда айтади: Худо инсонга юз-хотир қилмайди, яъни Худо бир инсонга яхши муносабатда бўлиб, бошқаларга эса унча яхши муносабатда бўлмайди; аксинча Худо ҳаммага бир хил муносабатда бўлади. Яна аниқроқ қилиб айтсак, Худо ҳаммага Исо орқали бир хил муносабатда бўлади: яъни агар инсон Исони қабул қилган бўлса, унда у Павлус ёки Бутрус қилган ишларни қилиши мумкин, бунда у фақат Павлус ва Бутрус ёки бошқа ҳаворий каби, ишончини доим Исога қаратиши ва хочда қилган ишига таяниш керак бўлади. Демак, киши шундай қилса, унда Худо шундай киши орқали кучли қудрати билан фаолият қилиши ва мўъжизалар қилиши мумкин – зеро Худо инсонга юз-хотирлик қилмайди.
Павлус бу оятда юқорида айтилган одамларга беҳурмат бўлмаяпти, балки Муқаддас Руҳда яшайдиган киши бошқа одамга ҳаддан ташқари юқори ҳурмат бермаслигини кўрсатяпти. Биз ҳам Худо каби ҳамма одамларга бир хи муносабатда бўлишимиз керак: керак бўлганда севги кўрсатиш ва керак бўлганда қаттиққўллик кўрсатиш керак – бунда энг асосийси доим Руҳ етаклигида бўлиш ва Худо иродаси бўйича ҳаракат қилишдир.
Бу ерда ўша эътиборли одамлар Павлуснинг хабарига ҳеч нарса қўшмаганлиги айтилган, яъни бошқа ҳаворийларнинг обрўлилари ҳам унинг хабарини нотўғри дейишмади, ҳатто ҳеч нарса қўшишмади. Аслида Худо айнан Павлусга хоч ҳақидаги ва иноят ҳақидаги хабарни берган эди, ва бошқа ҳаворийлар Павлус орқали кўпроқ нарсаларни билиб олган эди. Буни илгари ҳам айтиб ўтгандик, яъни Бутрус ўз мактубида Павлуснинг мактубларига ва хабарига катта эътибор бериш кераклигини айтган эди.
Демак, Павлуснинг хабари бўйича мажусийлар (яҳудий бўлмаганлар) Мусо қонуни бажаришлари шарт эмас, керак эмас эди ва Бутрус бошчилигида бошқа ҳаворийлар ҳам бу хабарга қарши чиқмадилар ва унга ҳеч нарса қўшмадилар. Агар эътибор берсангиз, соҳта таълимот воизхонлари иноят хабарига ниманидир қўшишни истайдилар, агар Худо хабарига инсон ниманидир қўшса, унда бу хабар ҳақиқий бўлмайди, балки соҳта таълимотга айланади. Бу мактубда Павлус асосан хатна қилиш ҳақида гапиради, бироқ бу ибора билан Павлус қонунни бажаришни назарда тутади. Бу ҳақда кейинги оятларда гаплашамиз.