2008-12-30

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:6)

1:6-оят
“Ҳaйронмaн, сизлaр қaнчaлик тез Мaсиҳнинг иноятли дaъвaтидaн юз ўгириб, бошқa бир “Инжил”гa сaждa қилдингизлaр!”
Шу оятнинг аниқроқ таржимаси: “Ҳайронман, сизлар қанчалик тез Масиҳ иноятига даъват қилган Зотдан юз ўгириб, бошқа бир “Инжил”га эътибор беряпсиз ёки қараяпсиз.”
Исо Масиҳ инояти
Павлус мана шу масиҳийлар қилган ишини кўриб, жуда ҳайрон бўляпти. Чунки уларни Масиҳ иноятига Худо чақирган (даъват қилган) эди ва қутқарган эди. Энди эса улар Масиҳ иноятини ташлаб (кейинги оятлардан буни кўриб чиқамиз), бошқа хабарга эътибор қарата бошлашди.
Масиҳ иноятининг мағзи шундан иборатки, инсон ўзи ўзини қутқара олмагани учун, унинг ўрнига буни Худо амалга оширди ва энди инсон фақат шу хушхабарга ишониб, бошқа ҳеч нарса қилмай нажот топади. Лекин бу масиҳийлар шундай иноят орқали қутқарилганларидан кейин, Худога манзур бўлиш учун Эски Аҳддаги қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак деган нотўғри хулосага келишади. Бундай хулосага келишда уларга айрим яхудийлар “ёрдам” берган бўлади; уларнинг гапига қараганда мажусийлар (яъни яҳудий бўлмаган одамлар) Исо Масиҳни қабул қилиб нажот топганларидан кейин, энди Мусо қонунини бажаришлари керак экан (Ҳаворийлар 15:1). Лекин бу фикр Худо иноятининг мағзига ёки илдизига болта солар эди.
Мана бу оятларда Масиҳ инояти нима эканлиги тушунтирилган – Эфесликларга 2:8-9; Римликларга 3:20, 27; 4:4-5; 11:6. Ўша оятлардан хулоса чиқарсак, агар киши Худога манзур бўлиш учун қандайдир иш қилишим керак, деб ўйласа, демак у иноят эмас, балки ишлар асосида оқланмоқчи бўлади ва ўз ишлари учун тўлов олмоқчи бўлади. Аммо бунинг иложи йўқ, акс олда Исо бу ерга келиб, бизнинг гуноҳимиз учун ўлмаган бўлар эди. Шундай қилиб, ким қилган ишига ишона бошласа ва шу билан иноятдан юз ўгирса, шу билан у “Исо Масиҳ хочда бекорга ўлди”, деган бўлади, ёки “Исо хочда қилган иши етарли эмас”, деган бўлади. Бу жуда ҳам хавфли фикр ва бу йўналишда юрган киши охири нажотидан жудо бўлади ва дўзаҳий бўлиб қолади. Айнан мана шу сабабларга кўра Павлус шундай тарзда мактуб ёзган.
Галаталик имонлилар жуда тез иноят хабаридан юз ўгиришган эди, шу Павлусни ажаблантирар эди. Улар “бошқа” хушхабарга ишона бошлашди; агар хабарда Исо ва унинг хочда қилган иши йўқ бўлса, бу хабар “бошқа хушхабарга” айланади. Ҳақиқий хушхабар билан бошқа хушхабар ўртасида худди тирик асалари билан қоғозга чизилган асалари ўртасидагидек фарқ бор. Тирик асалари учади, гулдан асал теради ва ҳаказо; чизилган асалари эса ҳеч нарса қилмайди, фақат асаларига ташқаридан ўхшайди холос. Худди шундай равишда ҳақиқий хушхабар одамларга нажот беради, уларни ўзгартиради ва Худога олиб боради; соҳта, бошқа хушхабар эса одамга нажот бермайди, уни ўзгартирмайди ва аксинча одамни Худодан ўзоқлаштиради.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:5)

1:5-оят
Унгa aбaдулaбaд шон-шaрaфлaр бўлсин! Омин.
Биринчи оятларни ҳисобга олиб, Павлус Худога шон-шарафлар айтяпти. Фақат Худо улуғлашга муносибдир. Биз аввал Худо биз учун қилган нарсалар (нажот йўли, муқаддасланиш режаси ва келажакад қайта тирилишимиз) учун ҳамда ҳаётимиздаги мўъжизалар, ғаройиб ва оддий ҳодисалар учун доим Худога шон-шараф айтишимиз лойиқ.
Омин сўзи “шундай (бўлсин)” деган маънони билдиради.

Галатияликларга 1:1-5 оятлар ушбу мактубнинг сўзбоши эди; Павлус шу ерда яна айрим нарсаларни айтиши мумкин эди; масалан Римликларга, Коринфликларга ва Филимонга ёзган мактубларида у одамларни ёки жамоатларни маъқуллайди, бошқаларга ўрнак қилиб қўяди. Лекин бу мактубда Павлус сўзбоши қисмини қисқа қилиб, дарров асосий масалага ўтди; кейинги оятларда у уларни уришиб, ўзининг қанчалар ҳайрон бўлганини билдиради. Нега у шунчалик қаттиқ, дағал ва қўполга ўхшаб кўринади? Чунки бу масиҳийлар Инжил хушхабарининг асосидан секин оғиб кетишни бошлаган эди;бунинг натижаси жуда хавфли бўлиб, улар ҳатто қутқарилган ҳолатдан яна эски дўзаҳий ҳолатга ўтиб кетиш имконияти бор эди. Шундай қилиб, бу масиҳийларнинг абадиятда қаерда бўлишлари шубҳа остида бўлиб қолган эди, шунинг учун Павлус шунчалик қаттиқ сўзларни шу мактубида ёзади.
Шу билан кейинги оятларга ўтамиз.

2008-12-21

Исо Масиҳ туғилиши ҳақида оятлар

Луқо баён этгна хушхабар
2-боб, 1-20 оятлар

Ўша кунларда Қайсар Август бутун Рим дунёсидаги аҳоли рўйxатга олинсин дeган фармон чиқарди.
Шундай қилиб, Сурияда Квириний ҳокимлик қилганда илк бор рўйxатга олиш содир бўлди.
Ҳар ким рўйxатдан ўтиш учун ўз шаҳрига борди.
Шунингдeк, Юсуф ҳам Жалиланинг Носира шаҳридан Яҳудияга, Довудлар шаҳри Байтлаҳмга борди. Чунки у Довуд насаби ва xонадонидан эди.
У ўзига унаштирилган қиз, ҳомиладор Марям билан бирга рўйxатдан ўтмоқчи бўлди.
Улар ўша ерда бўлганларида эса Марямнинг ой-куни тўлди.
У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, оxурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирxонада уларга жой йўқ эди.
Ўша юртда чўпонлар бор эди. Улар тунда сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар.
Тўсатдан Xудонинг фариштаси уларнинг олдида пайдо бўлди ва илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирди. Бу даҳшат чўпонларни ваҳимага солди.
Қўрқманглар! – деди уларга фаришта. – Мeн сизларга эл-xалқни чeксиз қувонтиражак Xушxабарни келтирдим.
Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Xалоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир.
Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, оxурда ётган чақалоқни топасизлар.
Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Xудога ҳамд-сано айтишарди:
“Самодаги Xудога ҳурмату иззат, ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!”
Фаришталар улар олдидан осмонга кўтарилган замон, чўпонлар ўзаро сўз қотдилар: Қани келинглар, Байтлаҳмга бориб, Xудованд бизга билдирган бу воқeани кўрайлик!
Улар югура боришиб, Марям, Юсуф ва оxурда ётган чақалоқни топдилар.
Кўришибоқ, чақалоқ ҳақида ўзларига айтилган башоратдан сўзладилар.
Ҳамма эшитганлар чўпонларнинг гапига жуда ҳайрон бўлишди.
Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Оxири чўпонлар:
Биз ҳамма нарсани айни айтилганидeк топдик, - дeб, эшитиб кўрганлари учун Xудога ҳамду сано ўқиб, қайтдилар.

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:4)

1:4-оят
Исо Мaсиҳ бизни ҳозирги ёвуз aсрдaн қутқaрмоқчи бўлиб, гуноҳлaримиз учун Ўзини фидо қилди, шу йўсин Отaмиз Xудонинг иродaсини aдо этди.

Бу оятда Исонинг хочда қилган қурбонлиги ва унинг мақсади ҳақида гапирилади. Исо хочда бизнинг гуноҳларимиз жазосини тортди; Эски Аҳдда киши ўзи қилган гуноҳи учун бегуноҳ қўзини қурбонлик қилганидек, Исо ҳам бизнинг ўрнимизни эгаллаб, ҳақиқий Қурбонлик Қўзиси сифатида гуноҳимиз оқибатини (жазосини), яъни ўлимни Ўз устига олди. Бундан мақсад бизни мана шу ёвуз дунё тизимидан (ёвуз асрдан) қутқариш эди. Бу дунё шайтон ҳукмронлиги остида ётибди; Исони Раббий деб қабул қилмаган ҳар бир киши шайтон ҳукмронлиги остида бўлади ва шунинг учун шайтон қули ҳисобланади; яъни улар шайтонга қарам бўлади. Фақатгина Исо қилган ишга ишонган киши шу ёвуз дунёдан қутқарилади, нафақат дунёдан, балки шайтон ва башарий тана ҳукмронлигидан ҳам озод бўлади (башарий тана ҳақида кейинги мақолларда хабар берамиз).
Исонинг хочда бизнинг гуноҳларимиз учун ўлиши Худонинг иродаси эди. Бу режа ер яратилишидан илгари Худо томонидан тузилган эди (Ваҳий 13:8), охиратда ҳам Исо қурбон бўлган қўзи сифатида бизга кўринади; шулардан ҳам Исонинг хочдаги ўлими ва қайта тирилиши қанчалик буюк аҳамиятга эга эканлигини кўрса бўлади.
Одамлар (яхудийлар ва римликлар) Исони жонини олиб, ўз иродалари билан ўлдирмадилар, балки Исонинг Ўзи шунга рози бўлди ва шу орқали Худо Ота иродасини амалга оширган эди. Албатта яҳудийлар ва римликларга Уни ўлдирганлари учун жавобгардир, лекин Исо айтганидек, У жонини биз учун Ўз хоҳиши билан фидо қилди (Юҳанно 10:17-18).
Эски Аҳддаги қурбонликлар ва турли хил маросимлар айнан Исонинг хочда ўлишига ишора қилувчи белгилар эди; шунинг учун Қонун фақатгина соя эди ва келажакдаги борлиқ ҳақида (яъни Исо қилган ишга) гувоҳлик берарди.
Исо қилган ишнинг самараси ёки фойдасига эга бўлиш инсон Исонинг хочда ўлганига ишониши ва Исони Раббий, деб қабул қилиши керак. Демак, инсон нажот топиш учун ҳам ишончини Исога қаратиши керак, нажот топгандан кейин муқаддасланиш учун ҳам ишончини Исога ҳар куни қаратиши керак. Ишончимиз кимга қаратилгани жуда катта аҳамиятга эга, шуни доим эсда тутишимиз керак.

2008-12-14

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:3)

1:3-оят
Отaмиз Xудодaн вa Рaббимиз Исо Мaсиҳдaн сизлaргa иноят илa тинчлик бўлсин.
Худонинг инояти ва тинчлиги Раббимиз Исо Масиҳ орқали келади. Яъни агар сиз Исо Масиҳни Раббий, деб тан олган бўлсангиз, фақат ўшанда Худо сизга иноятини ва тинчлигини беради.
Қисқа қилиб айтганда иноят бу Худонинг бизни эзгулик билан қабул қилиши ва бизга керак бўлган нарсаларни беришидир; яъни Худо бизга Ўз солиҳлигини, муқаддаслигини, умуман олганда Ўзининг табиатини бизга ато қилади. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Руҳ орқали бизга берилади ва ичимизда сақланади.
Эътибор берсангиз биз биринчи навбатда иноятни қабул қилишимиз керак ва ундан кейин тинчликка эга бўламиз.
Тинчлик деганда бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги ёки уруш-жанжал бўлмаслиги дегани эмас, балки қалбимизда тинчлик бўлишидир, агар илгари биз Худога манзур бўлиш учун безовталаниб ҳаракат қилган бўлсак, энди эса юқорида айтилган иноят асосида ва Исонинг хочдаги қурбонлиги асосида биз Худога манзур бўламиз; агар илгари “энди нима ейман, нима ичаман, нима кияман?”, деб ховотир олган бўлсак, энди биз безовталанмасдан, ҳамма ишларимизни Худога топширамиз, чунки У биз учун ғамхўрлик қилади, Худо бу ҳақда ваъда берган (Матто 6:25-34).
Тинчлик деганда бу аввало Худо билан душманлигимиз тугади деганидир; чунки биз Исони қабул қилмасимиздан аввал Худога душман эдик ва шайтон ҳукмронлиги остида эдик. Лекин Исони қабул қилиб, биз Худога дўст бўламиз ва ўртамизда тинчлик ҳукм суради.
Эътибор берган бўлсангиз иноят ва тинчлик Исо орқали бизга берилади. Умуман олганда, Худодан келадиган ҳамма нарса бизга Исо хочда қилган иши асосида берилади. Исо “Мен эшикман” деган, яъни У орқали биз Худога яқинлашишимиз мумкин, шу билан бирга айнан Исо орқали Худо бизга керакли нарсаларни беради.

2008-12-11

Галатияликларга ёзилган мактуб талқини (1:2)

1:2-оят
“шунингдек, мен билaн биргa бўлгaн ҳaммa биродaрлaр Гaлaтия ўлкaсидaги Мaсиҳ жaмоaтлaригa сaлом йўллaймиз.”
Галатияликларга 1:1-5 оятлари шу мактубнинг сўзбошидир; бу қисмда одатда хат кимдан кимга ёзилганлиги, саломлар ва айрим маҳал мактубнинг асосий мавзуси айтиб ўтилади.
2-оятда Павлус билан бирга яна бошқа биродарлар борлигини кўрамиз. Айрим пайтлари Павлус мактуб сўзларини ўзи эмас, балки бошқа биродар ёзган бўлади, албатта ҳамма сўзларни ва фикрларни Павлуснинг ўзи айтиб турган бўлади. Яна бошқа пайтлари эса унинг олдидаги бородарлар айрим воқеаларга аниқлик киритган бўлиши мумкин.
Демак, бу мактуб Галатия ўлкасидаги жамоатларга ёзилган экан. Галатия ҳозирги замондаги Туркия давлати ўрнида бўлган, ва Анкара шаҳри ўша даврда Галатиянинг ҳам пайтахи бўлган. Харита:
http://www.ccel.org/bible/phillips/CNM24-Gal.gif
Эътибор берсангиз бу мактуб (айрим бошқа мактублар сингари) битта жамоатга эмас, балки бир нечта жамоатларга ёзилган эди. Яъни биринчи жамоат шу мактубни олиб, ўзлари ўқиб олишар, кейин эса одатда ўзлари учун бир нусха қилиб кўчириб олишар ва кейинги жамоатга шу мактубни жўнатишарди. Бундай нарсаларни Павлус ўз мактубларини жўнатган кишилар орқали айтар, баъзи пайтлари эса мактубнинг ўзида шу ҳақда ёзар эди (Эфесликларга 6:20-21; Колосаликларга 4:16).
Павлуснинг кўпгина мактублари қандайдир жамоатдаги ёлғон таълимотга қарши ёзилган эди. Шунинг учун ўша вақтдаги ва жамоатдаги аҳволни ўрганиб, унга Павлус қандай жавоб берганини ўрганишимиз керак; зеро шу орқали Худо Павлусга берган иноят хабарини билиб оламиз. Бу мактублар одатда бир ёки бир-нечта муаммога жавоб тариқасида ёзилган бўлиб, улар қандайдир мавзу бўйича қўлланма сифатида ёзилмаган эди. Шунинг учун бир мактубдан бир нечта фикр, бошқасидан яна бир-нечта фикр олиб, Худонинг иноят хабари нимадан иборатлигини билиб олишимиз мумкин. Шу вақтнинг ўзида оятларни контекстдан юлиб олиш мумкин эмаслигини айтиш керак. Масалан Муқаддас Китобда шундай оятбор: “Аҳмоқ ўз қалбида “Худо йўқ” деб айтди”. Агар биз шу оятга асосланиб, Муқаддас Китобда “Худо йўқ” деган фикр айтилган десак, биз бу оятни контекстдан юлиб олган бўламиз. Чунки бу ерда бундай фикр Худодан эмас, балки аҳмоқ киши юрагидан чиққанлигини кўрамиз. Демак Каломни ўқиганимизда контекстга эътибор беришимиз керак.