2008-08-31

Охирги замон аломатлари

2 Тимўтий 3:1-5

“Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади. У пайтда одамлар нафс бандаси, пулпараст, мақтанчоқ, кибрли, кофир, ота-онага итоатсиз, нонкўр, худобехабар, шафқатсиз, муросасиз, ғийбатчи, нафсини тия олмайдиган, инсонлик ва яхшилик душмани, хоин, бемулоҳаза, мағрур бўладилар. Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадилар. Ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни эса инкор этадилар. Бундай одамлардан узоқлаш.”

Муқаддас Китобга мурожаат қилсак, охирги замонларда нима содир бўлишини билиб оламиз. Исо осмонга кўтирилганидан кейин, Ўз шогирдларига Муқаддас Руҳни юборади. Улар Руҳни қабул қилган куни Бутрус охирги замон келганини айтади (Ҳаворийлар фаолияти 2:17). Ўша пайтдан ҳозиргача биз охирги замонларда яшаяпмиз. Лекин охирги кунларда янада кўп аломатлар ёки белгилар пайдо бўляпти ва вазият янада ёмонлашиб боряпти.

Албатта, иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроил давлати яна тузулиб, яхудийлар Исроил ерига қата бошлаши энг катта аломатлардан биридир. Яна бошқа аломатлардан бири билим ошишидир – масалан, ҳозирги кунда компютерлар мураккаб бўлиб боряпти ва катта тезлик билан одамга ахборот бериб, кўпгина операцияларни бажара олади, одамлар кўп ахборотга эга бўляпти. Бундан ташқари гуноҳ одамлар устидан кўпроқ ҳукмронлик қиляпти: бундай аҳволни нафақат дунёдаги Масиҳни қабул қилмаган одамларда, балки жамоатдаги имонлиларда ҳам кўрса бўлади. Мана шу ҳақида Павлус оғир, даҳшатли, қўрқинчли кунлар, деб ёзган эди. Илгари тарихда ҳеч қачон бундай аҳвол бўлмаган эди, айниқса гуноҳ табиати одам устидан кўрсатаётган қудрат.

Биз оғир кунларда яшаётганимиз ҳақида оятларни ўқидик, лекин шу билан бирга биз учун масаланинг ечими борлигини ҳам айтишим керак.

Бу оятларда одамлар, аниқроғи гуноҳ табиати ҳукмронлиги остида яшаётган одамлар ҳақида гап кетади. Иккинчи оятда одамлар ўзларини кўпроқ сева бошлайди ва нафс бандаси бўлиб қолади дейилган. Одам Ато гуноҳ қилиши орқали гуноҳ Одам ичига киради ва у гуноҳ табиатига эга бўлиб қолади. Ўша заҳоти у руҳан ўлади ва шу орқали Худо билан алоқаси узилади. Шундай қилиб, у илгари Худога интилган бўлса, энди у ўзига интилади, яъни худбин (эгоист) бўлиб қолади. Бизда бор бўлган кўпгина муаммолар гуноҳ табиатимиз ёки худбинликдан келиб чиқади. “Бу меники”, “менга шу керак”, “менга керак нарсани сен беришинг керак” каби гаплар ва фикрлар орқали худбинлик намоён бўлади. Охирги кунларда худбинлик кучайиб кетади. Исо гапларига қараганда одамлар ўзини сева олар эди, лекин ўз яқинини севишга қийналарди (Марк 12:31); охирга кунларда эса бу аҳвол янада ёмонлашади.

Одамлар мақтанчоқ бўлади – ўзлари қилмаган нарсалар ҳақида мақтанадилар, чунки улар ўзларини илгари сурмоқчи бўладилар; бу ҳам худбинликдан хабар беради.

Ёлғончи ва қуфр қиладиган бўлади. Куфр деганда Худога ишонмасдан, Унга қарши ёлғон гапиришни назарда тутамиз. Шу билан бирга бошқа одамларга нисбатан ҳам айтилган ёлғон гувоҳлик ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Ота-онага итоатсиз, ҳурмат қилмайдиган бўладилар. Бунга яна гуноҳ табиати кучайиши сабаб бўлади.

Раҳмат демайдиган, ношукур банда бўладилар.

Табиий меҳрибонлик ва муҳаббатсиз бўладилар. Охирги кунларда айрим оналар ўз чақалоғини ташлаб кетиш мисоллари кўп учраяпти. Яъни одамларда табиий меҳрибонлик йўқ бўляпти. Яна бунга мисол қилиб, эркаклар эркаклар билан яшаши ёки аёллар аёллар билан яшашини келтирсак бўлади. Бу ҳам табиий муҳаббат йўқолишидан содир бўляпти.

Ҳақиқатни бузадиган бўладилар.

Ёлғон гаплар айтиб, туҳмат қиладиган одамлар кўпаяди.

Одамлар ўзини тия олмайдиган, ўзини назорат қила олмайдиган бўлиб қоладилар.

Яхшиликка қарши чиқадиган бўладилар. Масалан, биз яхши нарсани ва хушхабар ҳақиқатини айтганимизда, Муқаддас Руҳ одамлар гуноҳини фош қилади, шунинг учун улар яхшиликни ёмон кўриб, унга қарши чиқадилар.

Мағрур одамлар кўпаяди; улардан бошқа одам йўқдек, улар туфайли ер айлангандек ўзларини тутадиганлар кўпаяди.

Худодан кўра айш-ишратни кўпроқ севадиган одамлар кўпаяди. Сизга ёқадиган нарса, завқ келтирадиган нарса бўлиши мумкин, лекин Худо билан муносабатингизга шу нарса қаршилик ёки тўсқинлик қилиши керак эмас. Чунки Худо бизга ҳамма нарсаларни завқ билан ишлатишимиз учун берган; бироқ ҳеч нарса устингиздан ҳукмронлик қилиши керак эмас.

Охирга замонда одамларда художўйлик (тақводорлик) шакли бор бўлади-ю, лекин ҳақиқий куч-қудратга эга бўлмайдилар. Айримлар мен Худога хизмат қиламан, ибодат қиламан, камбағалларга пул бераман, кимгадир ёрдам бераман, у ёки бу нарсани қиламан, мана шунинг ўзи етади, дейдилар – мана шу художўйлик шакли дейилади. Фақат шакл, лекин асл кучи ёки қудрати йўқ. Айрим кишилар жамоатга ҳам келиши мумкин, лекин уларнинг ҳаётида мана шу оятлардаги ёмон жиҳатлар бор бўлса, демак уларда фақат художўйлик шакли бор экан, лекин Муқаддас Руҳ қудрати уларда йўқ.

Киши Исо Масиҳни қабул қилганида гуноҳ табиатининг қуч-қудрати бузилади ва у кучсиз бўлиб қолади. Шундан кейин янги масиҳий гуноҳ табиати таъсирисиз яшай бошлайди ва шундан кейин у ҳар доим шу аҳволда яшашга эътибор бериши керак. Агар киши ишонч билан яшашни давом эттирмаса, Муқаддас Руҳ кучидаги ҳаёт белгилари секин-секин йўқола бошлайди, ва охири умуман йўқ бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун Худо иноятида яшашни масиҳий ўрганиши шарт. Бунинг учун у ҳар доим Исо Масиҳ унинг ўрнида хочда қилган ишига ишониб яшаши керак.

Мен сизга хушхабар айтмоқчиман: мен ўзим гуноҳдан озод бўла олмайман, бунга кучим йўқ, нимадир қилсам ҳам, яна бошқа нарса қилмасам ҳам мен ўзимни поклай олмайман; шунинг учун мен Исога ишонаман; мен Исони қабул қилганимда мен Исода пайдо бўлдим ва ҳозир ҳам Унга қаратилган ишончим орқали мен Исода мавжудман. Буни Худодан туғилган ва Муқаддас Китобни ўқиган ҳар қандай масиҳий тушунади. Мен ўшанда ўлдим ва энди Худо назарида Масиҳ ичидаман. Мен Исо билан бирга ўлдим, У билан бирга қабрга қўйилдим ва У билан бирга қайта тирилдим. Энди Исо Масиҳ қайта тирилиб, абадий тирик бўлгани каби, мен ҳам Исонинг ўша “қайта тирилиш ҳаётининг” куч-қудратида яшаяпман. Бу ҳар бир масиҳий учун ваъда қилинган фаровон ҳаётдир! Сиз ҳам бунга эришишингиз мумкин, бунинг учун юқорида айтилган шартларга риоя қилишингиз керак.

Забурда Худонинг яширин жойида яшайдиган одам бахтиёрдир, дейилган. Киши ўзига шундай савол бериши мумкин: “Қандай қилиб бунга эришсам бўлади?” Бунга жавоб битта – Исо Масиҳни Раббий деб қабул қилиш орқали ва Унинг хочда қилган ишига ишониш орқали мен озодликка эгаман ва Худонинг яширин, паноҳ жойидаман.

90 Забур саноси

Кимки Худойи Таолонинг паноҳида яшар,

Қодир Тангри соясида ором топар экан,

У Худовандга айтади:

Ўзингсан бошпанам, қасрим менинг,

Умидим фақат Сенда, эй Худойим!

Худо сени овчи қопқонидан ҳам,

Вабо-қазодан ҳам халос этар.

У Ўз парлари билан сени ёпар,

Қанотлари остида бехатар бўласан;

Ҳақиқати сенга қалқон ва тўсиқ бўлар.

На тунги ваҳимадан қўрқасан,

На кундузи учаётган ўқдан,

На зулматда кезувчи вабодан,

На қиём чоғи қирувчи ўлатдан.

Сенинг ёнингда мингтаси йиқилиб,

Туман қулаб кетса-да ўнг ёғингда,

Бало-қазо сенга яқин йўламас.

Сен фақат кўзларинг билан боқиб,

Фосиқларга берилган жазони кўрасан.

Худовандни паноҳим деб билганинг учун,

Ҳақ Таолони қўрғоним деганинг учун,

Тушмас бошингга бирон-бир фалокат,

Йўламас чодирингга ҳам қандайдир ўлат.

У Ўз фаришталарига сен ҳақда амр этгай,

Токи бутун йўлларингда сени асрасинлар.

Улар сени қўлларида кўтариб кетар,

Оёғинг ҳам тошга қоқилиб кетмас.

Шер ва бўғма илон устидан босиб ўтасан,

Арслон ва аждарни эзиб ташлайсан.

«У Менга меҳр боғлагани-чун қутқазаман,

Номимни тан олгани-чун омон сақлайман.

У Мени чақирган чоғида жавоб бераман,

Қайғули кунида у билан бирга бўламан,

Уни халос этиб ҳурматга сазовор қиламан.

Узоқ умр бериб кўнглини тўйғазаман,

Нажоткорлигимни унга намоён қиламан».

Сизга ҳам шуларни тилаб қоламан.

2008-08-21

Руҳий зеҳн

1 Юҳанно 4:1-3

“Эй маҳбубларим, ҳар қандай руҳга инонавермангиз. Худодан бўлган-бўлмаганлигини билиш учун руҳларни синовдан ўтказингиз. Чунки дунёда кўпгина сохта пайғамбарлар пайдо бўлган. Одам вужуди билан дунёга келган Исо Масиҳни тан олувчи ҳар бир руҳ Худодандир. Худонинг Руҳини шундан танийсизлар. [Одам вужуди билан дунёга келган] Исо Масиҳни тан олмовчи ҳар қандай руҳ Худодан эмас. Бу – дажжолнинг руҳи. Дажжол келишини сизлар эшитган эдингизлар. Мана, ҳозирдан у дунёдадир.”

Руҳий зеҳн – ёлғон руҳларни таниш ва фош қилиш қобилияти, Муқаддас Руҳ орқали берилади.

Агар ҳамма масиҳийлар Муқаддас Руҳда яшайдиган бўлса, Худо улар орқали бошқа одамларга ҳам таъсир қила бошлайди. Лекин кўпгина масиҳийлар ғайри-табиий мўъжизаларга берилган бўлсада, улар чиндан ҳам Худоданми йўқми билишмайди. Агар масиҳий Худодан келган нарсаларни аниқ билмаса, унинг аҳволига вой! Худодан келадиган нарсалар доим Муқаддас Китобга мос бўлади ва унга қарши бўлмайди.

Йиқилиш ёки имондан қайтиш – бир вақт ҳақиқатни билиш, лекин кейин шу ҳақиқатни тарк этиб, йиқилиб тушишдир. Ҳақиқатни билмаган одам имондан йиқилмайди, у аллақачон адашгандир. Масиҳий мақсади ҳақиқатни билиш ва унда доим туришдир, ундан кетиб қолмаслик.

1 Тимўтий 4:1-3

“Худо Руҳи яққол айтяптики, охирги замонларда баъзи одамлар имондан қайтадилар. Улар йўлдан оздирувчи руҳларга, жин таълимотига қулоқ соладилар. Ўз виждонларини гўё қизиган темир билан доғлаган ёлғончиларнинг риёкорлигига қойил қоладилар. Улар уйланишни ман этадилар ва Худо яратган ҳар хил овқатлардан тийилишни буюрадилар. Ҳолбуки, ҳақиқатни билиб олган имонлилар шукрона қилиб овқат ейиши керак.”

Муқаддас Руҳ аниқ айтади; У сизга ҳам мурожаат қилиб гапиради. Охирги кунларда айрим масиҳийлар имонни тарк этадилар ва алдовчи руҳларга ва шайтоннинг ёлғон таълимотларга қулоқ сола бошлайдилар.

Агар сиз ёлғон таълимотни эшитсангиз, уни таниб олиб, унга қулоқ солишингиз керак эмас.

Одам чўнтагига чўғларни солиб, кийимим ёнмайди ва мен куймайман, дея олмайди. Юзта яхши олма битта чириган олмани яхши қила олмайди, аксинча битта чириган олма юзта яхши олмани чиритади.

Шунинг учун биз нимага қулоқ соляпганимизга эътибор беришимиз керак, жамоатдами, ишхонадами, кўчадами ёки биродарлар орасидами – нимага қулоқ солишимизга эҳтиёт бўлишимиз керак.

Алдовчи руҳлар ширин сўзлар билан одамни ҳақ имон йўлидан оздиради, улар одамни туртади, итаради ва ром қилади. Бунда сиз “о, мен тезда шуни қилишим керак” деб ўйлайсиз, лекин шуни қилганингиздан кейин “бекорга шундай қилдим” деб афсус қиласиз.

Муқаддас Руҳ эса сизни етаклайди, куч ишлатмайди.

Матто 24:4-5

“Исо жавоб бериб уларга деди: “Ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. Чунки талай кишилар Менинг номим билан келиб: “Мен Масиҳ бўламан”, – деб кўпларни йўлдан оздиради.”

Исо бизга эҳтиёт бўлинглар деяпти, чунки айрим одамлар “мен Масиҳман” деб алдайди. Бунда бизга Муқаддас Китоб ва Муқаддас Руҳ ёрдам беради, бироқ биз доим уларга таяниб яшашимиз керак.

Ҳаворийлар 16:16-18

“Бир куни ибодатгоҳга кетаётганимизда, ичида фолчилик руҳи бўлган бир чўри бизга дуч келди. У фолчилик маҳорати билан хўжайинларига кўп даромад келтирарди. Павлуснинг ва ҳаммамизнинг орқамиздан юриб: – Бу одамлар Худойи Таолонинг қулларидир, бизга нажот йўлини эълон қилмоқдалар, – деб бақирарди. Анча кун буни такрорлади. Ахир, Павлуснинг жонига тегиб, у чўрига бурилди-да, ичидаги руҳга: – Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: чўридан чиқиб кет! – деди. Руҳ эса ўша заҳоти чўрининг танидан чиқиб кетди.”

Шу оятлардаги чўри қизнинг сўзлари тўғри эди, лекин бу сўзларнинг орқасидаги руҳ ёлғон руҳ эди; Павлус Муқаддас Руҳ орқали шу қиз орқали ёлғон руҳ гапиряпганлигини таниди ва “шу қиздан чиқ” деб шу руҳни ҳайдаб чиқаради. Демак, одамлар гапирган гапига эътибор беришимиз керак, лекин шу билан бирга улар қандай руҳ билан гапиряпганлигига кўпроқ эътибор беришимиз керак. Бундай қилиш учун бизга фақат Худо Муқаддас Руҳ ёрдам бера олади. Охирги кунларда масиҳийлар руҳий зеҳнга эга бўлишлари керак, бундай бўлмаса улар йўлдан озиб кетадилар.

Исо ҳақида ҳам бир киши “Мен Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Муқаддас Зотисан”, дейди. Лекин шу киши орқали ёлғон руҳ гапиряпган эди, шунинг учун Исо шу кишидан ёлғон руҳни ҳайдаб чиқаради.

Марк 1:24-27

“– Эй носиралик Исо! Бизда нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Азизисан!

Бироқ Исо ёмон руҳга дўқ уриб:

– Жим бўл ва ундан чиқиб кет! – деди.

Ёмон руҳ у одамни ларзага солди-да, овози борича бақириб, унинг вужудидан чиқиб кетди. Ҳаммани ваҳима босди. Ўзаро фикр юритиб:

– Бу нима гап? Бу қанақа янги таълимот экан? У ёмон руҳларга ҳам қудрат билан буюради, руҳлар эса Унга бўйсунади! – дейишди.”

1 Юҳанно 4:4

“Эй фарзандларим, сизлар Худодансизлар ва сохта пайғамбарларни енгдингизлар. Чунки ичингиздаги Руҳ дунёда ҳукм сураётган руҳдан устундир.”

Сиз Исо Масиҳни Раббий, деб қабул қилган бўлсангиз Худога тегишлисиз, Худо шохлигидасиз, қайта туғилгансиз, нажот топгансиз, оқлангансиз ва поклангансиз. Шунинг учун сиз улар устидан ғалаба қозондингиз, яъни аллақачон ғалабага эгасиз. Нега? Сизнинг ичингиздаги Руҳ бу дунёдаги руҳлардан устундир ва юксакроқдир.

Сиз бунинг учун ҳеч нарса қилишингиз керак эмас, ёки буни кутишингиз керак эмас. Ғолиб бўлиш учун фақат битта нарса керак – бу ҳам бўлса Исо Масиҳ хочда биз учун қилган ишига ишониш керак. Шу ишончни доим сақлаш керак ва доим фақат Исога қаратиш керак, шунда Исо сиз учун қилган нарсалар ҳаётингизда намоён бўла бошлайди. Оқланган киши ишонч билан яшайди.

Римликларга 8:13

“Агар ўз табиатингизга маҳлиё бўлиб яшасангиз, руҳан ўлишингиз муқаррар. Лекин агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз, руҳан яшайсизлар.”

Башарий тана амри билан яшасангиз ўласиз, агар Муқаддас Руҳ билан башарий тана ишларини ўлдирсангиз – яшайсиз. Демак Муқаддас Руҳ шу ишни қилар экан, яъни сизни поклайди, тозалайди ва муқаддаслайди; лекин мен нима қилишим керак, деган саволни ўзимизга берамиз. Бунга жавоб шундай: Исо хочда қилган ишга ишониш орқали биз нажот топамиз ҳамда муқаддасланамиз.

Худо бизга нажот бериш жараёнини жуда осон қилиб берган ва шунинг учун ҳар қандай инсон нажот топиши мумкин. Одамга бунинг иложи йўқ, Худога эса ҳамма нарсалар иложи бор. Одам ўзига нажот бера олмайди, фақат Худо одамга нажот бера олади; худди шундай равишда одам ўзини муқаддаслай олмайди, фақат Худо одамни муқаддаслай олади. Инсон фақат бир марта нажот топиши мумкин, яъни нажот топгандан кейин одам гуноҳ қилса, тавба қилиш орқали яна Худо билан муносабатга қайтиб кела олади. Худди шундай равишда масиҳий муқаддасланади, агар у гуноҳ қилса ёки башарий танада яшаса, яна тавба қилиб ҳақ йўлга қайтиб келиши мумкин.

Нажот топиш жараёни ва муқаддасланиш жараёни бир-бирига ўхшайди, шу иккаласига эришиш учун фақат битта калит керак – Исога ишониш. Яна аниқроқ қилиб айтсак, киши Исо Масиҳни ўлимдан қайта тирилганига ва У хочда қилган ишига ишониши ва Уни Раббий, деб тан олиши керак.

2008-08-10

Исо Масиҳ қиёфасининг ўзгариши

“У гапини тугатмасданоқ, нур ёғилиб турган бир булут уларни қоплаб олди. Булут ичидан эса бир овоз келди:

– Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!” (Матто 17:5).

Исо Масиҳ қиёфасининг ўзгариши Масиҳнинг шуҳрати ва шарафини бизга намоён қилади. Бу шуҳрат Исонинг устига порламади, балки Унинг ичидан порлаб, кийимлари орасидан ҳам кўринарди. Шу тоғда Исонинг олдида Мусо ва Илёс пайғамбарлар пайдо бўлганида, Мусо Қонун вакили сифатида ҳамда Илёс Иноят вакили сифатида пайдо бўлишган эди.

Ўша вақтга келиб Мусо тахминан бир минг беш юз йил олдин ўлган эди, Илёс эса ўлимни кўрмасдан осмонга кўтарилиб кетган эди; албатта булар иккаласининг Исо билан бўлган суҳбати жуда ҳам қизиқ бўлган бўлса керак! Улар Исо билан Унинг нажотбахш ўлими ҳақида гаплашишади (Луқо 9:31). Шундай қилиб мана шу доктрина ёки таълимот (нажотбахш ўлим) осмондаги энг буюк мавзудир (Ваҳий 1:5; 5:6, 9; 7:14).

Бутрус “шу ерда учта чайла қурайлик: бириси Сенга, бириси Мусога, бириси Илёсга,” деб аҳмоқона гап айтади. Бироқ тезда осмондан уни жойига қўйиб қўйган овоз келди. Сажда қилиш ва таълим беришда ҳатто энг улуғ пайғамбарлар ҳам Худонинг севикли Ўғли Исо Масиҳ билан тенг қўйилишига Худо рухсат бермайди. Ўша заҳотиёқ Мусо ҳам, Илёс ҳам ўша ердан ғойиб бўлишади ва Худонинг овози “Унга, фақат Унга қулоқ солинг!” дейди.

Бунинг маъноси шуки, айрим одамларнинг пайғамбарлар ёки авлиёларга қаратиб қилган ибодатлари, ҳатто бокира Марямга айтилган ибодатлар ҳам ҳеч нарсага ярамайди. Бундай қилишнинг ҳеч ҳам фойдаси йўқ. Худо Ота айтган буйруғи аниқ ва ойдин, қисқа ва лўнда эди: “Унга қулоқ солинглар!”