2008-07-25

Аудио Инжил

Ажойиб янгилик:
яқинда Инжилнинг аудио ёзувларини интернетдан топдим, мана саҳифаси:
https://www.faithcomesbyhearing.com/store/languageconfig

Шу саҳифага кириб, уларнинг программасини кўчириб олишингиз керак, кейин шу программа орқали Инжилни ўзбек тилида кўчириб олсангиз бўлади.
Ҳамма аудио файллар катталиги 694 МВ, лекин сиз шу программа орқали файлларни секин-секин ва озгинадан кўчирсангиз бўлади, чунки унда "пауза" деган тугмаси ҳам бор.

Агар ниманидир тушунмасангиз ёки ёрдам керак бўлса, менга хат ёзинг, манзилим шу саҳифада ёзилган.

2008-07-21

Худодан тилаганимизни олиш

“Исо: – Болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас, – деган жавобни қайтарди. Аёл: – Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейдилар-ку! – деди. Исо буни эшитиб, аёлга: – Эй аёл, сенинг ишончинг буюк, сен тилагандек бўлсин, – деди. Аёлнинг қизи эса ўша заҳоти соғайиб кетди.” (Матто 15:26-28).

Юқоридаги оятларда берилган собоқ жуда ҳам ажойиб! Мажусий аёл Исонинг олдига келиб, ўз қизига шифо сўрайди.

Худо Исроил халқи оталарига (Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб) берган ваъдасини бажариш мақсадида Исо Масиҳ суннат аҳли (яҳудийлар) олдига хизмат қилиш учун келган эди, шунинг учун Унга “Довуд ўғли”, деб мурожаат қилган мана шу мажусий аёлнинг илтижосига У эътибор бермади. Итоаткорлик ачинишдан устун келиши керак. Инсон сифатида Исо “юборилган” эди, демак У хизматкор эди, яъни Худо Унга кўрсатмаган нарсасини У қилмасди. Шу билан 23-оятдаги сукутни тушунтирса бўлади: Лекин Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади.

Юқорида айтганимиздек, бунга сабаб бор эди, шундай қилиб Исо бошқа йўл билан сўзлайди. У ўша аёлга шундай дейди: “Болалардан нонни олиб итларга ташлаш яхши эмас.

Аёл кишининг Унга берган жавоби ибратомуз эди. У шундай деди: “Худди шундай, Ҳазрат, лекин итлар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейдилар-ку!”

Бундан олдин бу аёл Исони “Довуд ўғли” деб атаган эди, лекин Исо бундай мурожаатга жавоб бера олмас эди, чунки бу аёл мажусий эди. Энди эса бу аёл Исони “Ҳазрат” ёки аниқроғи “Раббий” деб айтди. Худо сифатида эса Исо бемалол ҳаракат қила олади; аёл ишонч билан Худо иноятига келтирган муҳтожлигига энди Исо иноят билан жавоб бера оларди. Акс ҳолди, У Худо сифатида Ўз феъл-атвори ва табиатидан воз кечган бўларди.

Шу аёл кишининг “Раббим, менга ёрдам бер” деган илтижоси, унинг биринчи марта айтган илтижосидан минг марта яхшироқ эди. Бироқ у ўзини итман, деб тан олганидан кейингина у сўраган нарсасига эришди. Яъни инсон ўзини ҳеч нарчага яроқсиз ва гуноҳкор, деб тан олмаса, у Худодан ёрдам ва нажот олмайди. Худди шундай тарзда солиқчи ҳам Худога “Ё Худо, мен гуноҳкорга раҳм қил!” деб мурожаат қилган эди (Луқо 18:13).

Гуноҳ ва шайтон қудратидан озод бўлиш “ушоқ” бўладиган бўлса, унда бутун нон қанчалар буюк бўлар экан-а!

2008-07-15

Ўсиш учун синиш

“Сўнг У халойиққа ўт устига ёнбошлашларини буюрди. Бешта нон билан иккита балиқни олиб, осмонга қараб дуо қилди. Нонларни синдириб шогирдларига берди, улар эса халойиққа тарқатишди. Ҳаммаларининг қорни тўйди. Ортиб қолган бурда нонларни териб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.” (Матто 14:19-20).


Юқоридаги оятларда масиҳий, яъни чиндан ҳам Раббимизга эргашмоқчи бўлган имонли ҳаётини белгиловчи тартиб кўрсатилган. Мана шу тартиб қуйидагича бўлади:

1. “У олди”: Исо бешта нон билан иккита балиқни олиши – биз қайта туғилган (нажот топган) пайтда У бизни олганига ўхшатса бўлади.

Мана бунга эътибор беринг: Исо минглаб одамларни боқиш учун ўша нон ва балиқни кўпайтиргани каби, У бизни ҳам кўпайтирмоқчи бўлади. Агар биз чиндан ҳам Унга эргашсак, яъни бошқача қилиб айтганда, агар биз юқоридаги оятларда келтирилган тартибга риоя қилсак, минглаб одамлар руҳан озиқланадилар ва руҳан шифо топадилар.

2. “У дуо қилди ёки баракатлади”: киши нажот топиши биланоқ Раббимиз уни баракатлашни бошлайди. Энди имонга келган одамга далда бериш учун турли йўналишлардан баракатлар кела бошлайди. Бу давр баракат давридир, бироқ биз бундай ҳолатда туриб қолмаймиз, чунки Раббимиз бизга бундан ҳам буюкроқ нарсаларни тайёрлаб қўйган.

Кўп масиҳийлар шундай ҳолатда бўлганларида бошқаларга “баракат” бермоқчи бўладилар, лекин бунинг натижасида Раббимиз эмас, балки одам улуғланади. Шунинг учун охир-оқибати ижобий бўлмайди.

3. “У синдирди”: баракатдан кейин синиш даври келади ва буни ҳеч ким ёқтирмайди. Лекин Худо истаган одамга айланмоқчи бўлсак, бундан қочиб кетолмаймиз. Яъни синиш жараёнини бошимиздан кечиришимиз шарт. Бу жараён бизга оғриқ ва қайғу келтирсада, усиз ўсиш ва ўзгариш бўлмайди!

Яҳё пайғамбар Исо ҳақида гапириб шу жараён ҳақида ҳам айтиб ўтган эди: “Унинг паншахаси қўлида тайёр турибди. У ўз хирмонини шопириб ташлайди; буғдойини омборга тўплаб, сомонни сўнмас ўтда ёндириб юборади.” (Матто 3:12).

4. “У берди”: биз етарли даражада синганимиздан кейингина бизни бошқаларга берса бўлади. Энди эса вазият умуман ўзгарган бўлади. Энди бизнинг шахсиятимиз (ўзлигимиз) улуғланмайди, балки Хўжайинимиз улуғланади. Энди биз кўпайишимиз мумкин, бунинг натижасида эса катта муҳтожликдаги минглаб одамлар руҳий озуқа оладилар.

Афсуски, кўпгина одамлар шу синиш жараёнидан ўта олмайдилар. Улар тўхтаб, имонни йўқотадилар, кўнгиллари тушади ва шунинг учун энг буюк баракатдан маҳрум бўладилар.

2008-07-12

Худога қарши айтилган куфр

“Фарзийлар буни эшитишгач: «У инс-жинсларнинг бошлиғи – иблиснинг кучи билангина жинларни қувиб чиқаряпти-ку», – дедилар.” (Матто 12:24).

Худо қудратини ёвуз руҳларга тегишли, деб айтиш – Худога қарши айтилган куфрдир. Муқаддас Руҳга қарши айтилган куфр ҳамма куфрлардан энг ёмонидир, зеро бунинг учун кечирим йўқдир.

Исо ерда бўлган пайтда фарзийлар Исроилда диний уламолар (бошлиқлар) бўлишган эди. Улар Исо амалга оширган шифолашлар ва мўъжизаларни инкор этишолмасди, ҳамда У сўзлаган хабарга қарши ҳеч нарса айтолмасдилар. Шунинг учун улар Исо кўрсатган куч-қудрат Муқаддас Руҳга эмас, балки шайтонга тегишли, деб таъкидлашарди. Шундай қилиб улар Муқаддас Руҳ қилган ишларни шайтон қилди, дейишарди. Мана шу Муқаддас Руҳга қарши қилинган гуноҳдир (куфрдир) (Матто 12:24-32).

Муқаддас Руҳга куфр қила оладиган иккита гуруҳ одамлар мавжуд: биринчиси, Исо Масиҳни бир пайтлари таниган ва кейинчалик Раббимиздан юз ўгирган одамлар, иккинчи гуруҳ эса мана шу фарзийларга ўхшаган диний пешволардир. Исони ҳеч қачон таниб-билмаган киши, ўзини диндорман, демаган киши Муқаддас Руҳни куфр қила олмайди, чунки бу кишида бунақа қилиш учун етарли билим йўқ.

Мана шу фарзийларга ўхшаб Муқаддас Руҳни куфрлайдиган одамлар эса Масиҳнинг олдига келишни умуман истамайдилар ва Муқаддас Китоб бўйича яшашни хоҳламайдилар. “Киши Исонинг олдига келишни истайди-ю, бироқ Муқаддас Руҳга қарши куфр қилганман, деб ўйлаб Унга яқинлаша олмайди”, деган фикр нотўғри ва Муқаддас Китобга қарши бўлган фикрдир. Чунки инсонда Раббимизга яқинлашиш истаги бор бўлса, бу истакни Муқаддас Руҳ унда ҳосил қилган бўлади. Агар инсондан умид умуман йўқ бўлганда эди, Муқаддас Руҳ унинг ичига бундай истакни солмаган бўларди.

Бу катта аҳамиятга эга бўлган мавзу бўйича сўзлашганда, айрим кишилардан ҳавотирдаман, зеро улар Муқаддас Руҳ чиндан ҳам содир қилган нарсаларни (масалан номаълум тилларда гапириш ва ҳаказо) шайтондан келган дейишади. Бундай эҳтиётсизлик билан айтлиган сўзлардан қўрқиш керак.

“Шунинг учун сизларга айтаман [Исо жуда қўрқинчли мавзу ҳақида сўз очяпти]: инсонларнинг ҳар қандай гуноҳи ва куфрлиги кечирилади [албатта агар имонли киши мос равишда Худога гуноҳларини эътироф этса (Юҳаннонинг биринчи мактуби 1:9)]. Лекин Муқаддас Руҳни куфр қилганлар кечирилмайди.” (Матто 12:31).

2008-07-05

Исо нимага ҳайрон қолди?

“Исо буни эшитгач ҳайрон қолди. Орқасидан эргашиб келаётганларга: – Сизларга чинини айтайин, – деди, – Мен бунчалик буюк ишончни Исроилнинг бирон жойида ҳам топмадим.” (Матто 8:10).


Юзбоши Раббимиз Масиҳнинг олдига келиб, Ундан ўз хизматкорига шифо беришни илтимос қилади; унинг хазматкоир эса “шол бўлиб ғоят қийналиб” ётганди. Масиҳнинг жавоби ўша заҳотиёқ янгради, “Мен бориб уни соғайтираман”. Юзбоши жавоби билан Исони ҳайрон қолдирди: “Кулбамга оёқ босишинг учун мен муносиб эмасман. Сен биргина сўз айтсанг бас, хизматкорим соғайиб кетади”.

Бу кишининг ақлу-заковатига беш кетса бўларди. Унинг айтишича, унга Рим императори қудрат бергани туфайли унинг аскарлари унга бўйсунишга мажбур эди; худди шундай тарзда Исода Худонинг қудрати бўлгани учун касаллик Унга бўйсунишга мажбур эди. Албатта бу киши тўғри сўзлаган эди!

Исо унинг гапини эшитиб “ҳайрон қолди”. Муқаддас Китобда фақат иккита оятда Исо ҳайрон қолганлиги ҳақида ёзилган: мана шу мажусий “ишончи” ва яҳудийларнинг “имонсизлиги”га Исо ҳайрон қолган эди (Марк 6:6).

Исо бундан кейин “Сизларга чинини айтайин, Мен бунчалик буюк ишончни Исроилнинг бирон жойида ҳам топмадим,” деди. Шу орқали Исони мажусийлар қабул қилиши, яҳудийлар эса Уни қабул қилмаслигини кўрсак бўлади. Шундан кейин Исо юзбошининг илтижосини бажо келтирди. Исо унга “Бор, сен ишонганингдек бўлсин” деди.

Бундан кейин Муқаддас Китобда ёзилган ажойиб сўзларни тингланг: “Юзбошининг хизматкори эса ўша заҳоти соғайиб кетди”.

Исо Масиҳ кўрсатган бу буюк мўъжиза бизга шуни кўрсатадики, Раббимиз биздан “ишонч”ни талаб қилар экан.

Бироқ қуйидагини тушуниб олиш керак:

Исонинг ўлими ва қайта тирилишидан аввал ишонч фақат Масиҳда бўлиши керак эди, бунинг сабаблари ҳаммага равшан бўлса керак. Эндиликда эса Исо хочда қилган иши тарахий факт (содир бўлган ҳодиса) экан, Масиҳ – манбаимиз, хочда қилинган иш эса шу манбага элтадиган восита эканлигини тушуниб олишимиз керак. Ана ўшанда бизнинг ишончимиз (имонимиз) Худо томонидан эътиборга олинади.